Давлатни кўкдаги қуш деб тасаввур қилсак, иқтисодиёт унинг қуввати. Қушнинг осмонда узоқ вақт, баланд учиши манбаи мана шу куч-қудрат, экспорт ва импорт эса қушнинг икки қанотидир. Бу икки қанотнинг қанчалик соғлом экани, нақадар фаол ҳаракатда бўлиши қушнинг кучига куч қўшади, парвози янада юксак ва барқарор бўлишини таъминлайди. Шу боис, мамлакатлар тинимсиз иқтисодиётни кўтариш, экспорт ва импортни фаоллаштириш учун турли ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишларни амалга ошириб келади.
Кейинги йилларда турли минтақалардаги трансчегаравий низоларнинг кўпайиши, дунё сиёсатидаги беқарорлик, мувозанат бузилиши, ривожланган давлатлар ўртасидаги келишмовчиликлар ҳамда замон шиддат билан ўзгариб бораётгани иқтисодий беқарорликни юзага келтирмоқда.
Президентимиз 18 апрель куни дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг соҳа ва тармоқларга таъсирини камайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масалага алоҳида урғу бериб, Ўзбекистон ўзи танлаган тараққиёт йўлидан оғишмай кетиши учун кўрилиши зарур бўлган чора-тадбирларни белгилаб берди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари ҳозир дунё аввалгидек эмаслиги ўзгарувчан муносабатлар, турли тариф ва чекловлар бошқа давлатларга ҳам занжирли таъсир кўрсатиб, жаҳон иқтисодиётининг секинлашиши ва халқаро савдо камайишига олиб келаётганини таъкидлади. Жумладан, энг катта хавф пандемия давридагидек дунё бўйлаб таъминот ва қиймат яратиш занжирларида узилишлар пайдо бўлишида эканини қайд этди.
Яқин ўтмишда, аниқроғи, пандемия даврида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун давлатлар чегарасини ёпиб, одамлар яшаётган ҳудуди, ҳатто уйидан чиқмасликка мажбур бўлганди. Бу эса дунё миқёсида озиқ-овқат, молиявий тақчилликнинг кучайиши, экспорт ва импортнинг чекланишига, пировардида дунё иқтисодиёти инқирозига сабаб бўлди.
Бу инқироз пандемия даври якунланиши билан ўз ниҳоясига етишини ҳамма биларди ва шундай ҳам бўлди. Айрим ўринларда ҳали-ҳануз бу давр асоратлари билан курашишга тўғри келяпти. Лекин бугунга келиб ҳамма соҳада анча тикланиш кузатилган.
Ҳозир дунё иқтисодиётидаги вазиятни иқтисодчи экспертлар ўша даврдагига ўхшатяпти. Пандемия даврида иқтисодий инқирознинг асосий сабаби ва тез орада якунланишини прогноз қилиш мумкин эди. Аммо бугунги инқироз қачон ниҳоясига етиши, айни иқтисодий беқарорлик иқтисодий инқирозга айланиши мумкинлиги ҳақида мутахассислар аниқ фикр айтолмаяпти.
Лекин иқтисодчилар фикрича, уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорларида 10 триллион доллар йўқотилгани, юқори тарифлар оқибатида халқаро савдо қиймати 3,5 триллион долларга қисқаргани, бу йил дунёдаги инфляция даражаси 7,5-8 фоиз кўтарилиши прогноз қилинмоқда. Аслида, бугунги иқтисодий беқарорликнинг иқтисодий инқироз сифатида баҳоланиши бир неча кун ёки ойдаги воқеалар таҳлили туфайли юзага келган қараш эмас.
Бунга йиллар давомида дунё савдо ҳажми қисқариб бораётгани асос қилиб кўрсатилмоқда. Жорий йил апрелида АҚШнинг импорт товарлар учун янги бож тарифларини белгилаши иқтисодий турғунликни дунё миқёсидаги кун мавзусига айлантирди.
Янги тарифга кўра, АҚШ импорт маҳсулотларига бож тўловини 10 фоиз оширди. Ушбу тариф 90 кундан сўнг амалиётга татбиқ этилиши белгиланган. Янги тарифлар давлатнинг 57 та савдо ҳамкори иқтисодиётига тўғридан тўғри таъсир этади. Улар орасида ривожланаётган 28 та давлат иқтисодиёти учун хавф катта. Бироқ бу давлатлар орасида Ўзбекистон мавжуд эмас. Умуман олганда, мамлакатимиз АҚШга кўп маҳсулот экспорт қилмайди. Аммо бу янги тарифлар бизга мутлақо таъсир қилмайди дегани эмас. Мазкур ҳолат Ўзбекистон иқтисодиётига билвосита таъсир этади. Масалан, яқин қўшнимиз Хитой маҳсулотларига АҚШ 125 фоизлик бож белгиламоқда. Бу эса катта иқтисодиёт ва экспорт салоҳиятига эга давлатнинг қўшимча бозорларга кириб боришга интилишини кучайтиради. Нафақат Хитой, балки АҚШга салмоқли маҳсулот экспорт қилувчи кўпгина давлатлар қўшимча бозорларга кириб боришга мажбур бўлади.
Бу эса биз катта миқдорда маҳсулот экспорт қиладиган давлатларда рақобатни кучайтиради. Ўзбекистонлик ишбилармонлар экспорт салоҳиятини сақлаб қолиш ва янада кўтариш учун каррасига сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариши зарур.
Яқинда БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD) “2025 — савдо ва ривожланиш прогнозлари: Босим остида — ноаниқлик глобал иқтисодий тахминларни қайта шакллантиради” номли ҳисоботини эълон қилди. Унда шу йил дунё иқтисодиётида 2,3 фоиз пасайиш кузатилиши тахмин қилинаётгани қайд этилган. Шунингдек, бугунги иқтисодий беқарорлик ривожланаётган давлатларга катта иқтисодий босим юклаши айтилади. Иқтисодий прогнозларнинг ноаниқлик кўрсаткичи индекси бўйича 2025 йил бошида асрнинг энг юқори даражаси кузатилаётгани маълум қилинган. Савдо ҳажмининг кейинги бир неча ҳафтада тушиш суръати 2008 йилдаги жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳамда 2020 йилдаги пандемиядан кейин учинчи чўққисига етгани таъкидланган.
Шу ўринда бир савол туғилади: пандемия давридаги иқтисодий инқироз мамлакатларга бир хил зарар етказган. Аммо ундан аввалроқ нефть нархининг кескин ошиши каби қатор сабаблар билан юзага келган 2008 йилдаги иқтисодий инқироз Ўзбекистонга қай даражада катта таъсир ўтказган? Ўша даврда ҳам худди бугунгидек хавотир ўта кучли бўлганми?
Ўзбекистон 2008 йилда дунё бозорида бугунгидек ўрнига эга эмас эди. Экспорт ҳамкорлари ҳам ҳозиргидек кўп бўлмаган. Қисқаси, экспортдаги салоҳияти доимий турғунлик даражасини сақлаб қолаверган. Сабаби экспорт салоҳиятига эга тадбиркорлар кам бўлиб, Ўзбекистон маҳсулотларини импорт қилувчи давлатлар икки-учта эди, холос.
Бугун эса Ўзбекистон қўшни мамлакатлар, Франция, Хитой сингари ривожланган, Туркия, Покистон, Ҳиндистондек юқори салоҳиятли давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларга эга. Бугун тадбиркорларимиз тўрт девор орасида ўзи билан ўзи овора эмас, дунёнинг йирик бозорларига маҳсулот ва брендлари билан кириб боряпти. Бу эса жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар бизга ҳам таъсир ўтказиши муқаррарлигини билдиради. Чунки давлатимиз раҳбари қайд этганидек, Ўзбекистон иқтисодиёти жаҳон иқтисодиётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти кўплаб халқаро ташкилотлар, давлатлар ва тузилмалар томонидан эътироф этилаётир. Хусусан, Гарвард университети таҳлилига кўра, охирги беш йилда “иқтисодий мураккаблик индекси”да Ўзбекистоннинг ўрни 25 поғона яхшиланган. Яъни 105-поғонадан 80-ўринга кўтарилган. 162 турдаги миллий маҳсулотимиз “дунё бозорида рақобат устунлигига эга” деб баҳоланган. Шунингдек, Гарвард экспертлари фикрича, 2033 йилгача Ўзбекистоннинг ўртача йиллик ўсиши 5,6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бу ўсиш суръати бўйича дунёда иккинчи ўриндир.
Албатта, дунё иқтисодиётидаги муҳит ёмонлашаётганига қарамай, Ўзбекистон бу борада янги марраларни забт этаётгани ва келгусида бундан-да юксак натижаларга эришишига ишонч билдирилаётгани давлатимизда оқилона сиёсат юритилаётгани, мамлакат тўғри иқтисодий ўсиш йўлидан бораётганини кўрсатади. Аммо бу ютуқлардан хотиржамликка берилмай, ислоҳотлар ўтказиш, ташаббус ва янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишимиз зарур. Айниқса, мамлакатнинг импорт ва экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги ҳали қилиниши зарур бўлган ишлар талайгина. Бу видеоселектор йиғилишида соҳа ходимларига белгилаб берилган устувор вазифалардан ҳам маълум.
Экспорт ва импорт соҳаси қайиқнинг икки эшкагига ўхшайди. Бир эшкакни ҳаракатлантираверсангиз, қайиқ жойида айланаверади, аммо олдинга қараб сузмайди. Иқтисодиёт кўтарилиши учун бу икки тармоқ бирдек ҳаракатланиши, ҳамоҳангликда ривожлантирилиши зарур. АҚШ сингари давлатларнинг импорт маҳсулотлар учун бож тўловини ошираётганидан хулоса чиқариб, экспортнинг мамлакат бюджетига кўпроқ валюта олиб киришига қараб импортни фаоллаштиришни эътиборсиз қолдирмаслик зарур. Чунки Ўзбекистон каби ривожланаётган мамлакат учун иккиси ҳам бирдек манфаатли. Аввалги даврларда импортга қўйилган сунъий тўсиқлар сабаб кўп йиллар экспортда ҳам сезиларли юксалишга эришилмади. Чунки экспортбоп, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун энг сўнгги моделдаги, замонавий ускуналарни ривожланган давлатлардан импорт қилиш зарур. Шунингдек, ишлаб чиқарувчиларимиз, аввало, бошқа мамлакатларнинг ички бозордаги маҳсулоти билан рақобатлаша олмас экан, дунё бозорида ҳам ўз ўрнини топиши амри маҳол. Импортга қўйилган чекловлар сабаб 25-30 йилда автомобилсозлик, тўқимачилик, электротехника каби турли йўналишларда ўсиш эмас, турғунлик ҳукм сурди. Дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлиш учун, аввало, ички бозорда соғлом рақобат, шаффоф тизим, очиқ бозорни шакллантириб, мана шу рақобатдан омон чиқишимиз талаб этилади.
Шу боис, йиғилишда давлатимиз раҳбари импортни осонлаштириш, экспортни кучайтириш, бунинг учун эскирган коррупция, қоғозбозлик каби иллатлар билан тўлиб-тошган айрим нормаларни модернизациялаш, буткул ислоҳ қилиш ташаббусларини илгари сурди.
Жумладан, импорт ва экспорт жараёнида энг кўп масала стандарт ва сертификация тизимига оид экани айтилиб, соҳадаги ортиқча бюрократия ва оворагарчиликларни кескин камайтириш зарурлиги қайд этилди. Шакарга акциз тўлови бекор қилиниши, қуруқ сут импортига қўйилган чекловлар олиб ташланиши таъкидланди. Жорий йил 1 июлдан бошлаб бирорта товар экспортига чеклов бўлмаслиги эълон қилинди.
Қисқаси, тизим буткул ислоҳ қилиниб, халқаро амалиётда қўлланадиган маҳсулотларнинг бозорга киришини енгиллаштириш ҳамда реализациясидаги назоратни кучайтириш белгиланди. Шу мақсадда “Бозор назорати тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилиши қайд этилди. Экспортдаги муаммоларни бартараф этиш бўйича Президентимизнинг “Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилингани таъкидланди.
Ушбу ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар халқимизни, тадбиркорларимизни ўйлантириб келаётган, тармоқда йиллар давомида ўз ечимини кутиб турган муаммоларни ҳал этиши билан аҳамиятга молик. Уларни тайёрлашда 3000 дан ортиқ тажрибали тадбиркор билан учрашиб, уларнинг муаммолари тинглангани ва чуқур таҳлил қилингани яққол сезилиб турибди.
Президентимиз соҳадаги муаммоларга оид ҳаётий мисоллар келтиргани халқ вакиллари ва ишбилармонлар билан мулоқотга алоҳида эътибор қаратишини билдиради. Масалан, импортдаги муаммолар ҳақида сўз кетганда ўзи 300 доллар турадиган мопедни стандартдан ўтказиб, сертификат олишга яна шунча маблағ кетаётгани, оддий термометрни рўйхатдан ўтказишга 3-4 ой вақт сарфланиши айтилди. Шунингдек, экспортга чиқариладиган мева-сабзавот сифатини текшириш учун 3 та ташкилот лабораториясига бориш кераклиги, энг ачинарлиси, уларнинг хулосаси ривожланган давлатларда тан олинмаслиги, экспортчилар эса бу давлатлар бозорига чиқишдан олдин хорижга намуна жўнатиб, сертификат олиши зарурлиги қайд этилди.
Жорий этилаётган янги тизим бўйича бундай муаммоларга, оворагарчиликларга йўл қўйилмайди. Мақсад эса аниқ: экспорт маҳсулотлари ҳажми ва турини каррасига орттириш ҳамда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш орқали ривожланган мамлакатлар, яъни қиммат бозорлардан муносиб ва барқарор ўрин топишдан иборат. Ишбилармонларни спортчиларга қиёслайдиган бўлсак, янги нормалар ҳаётга татбиқ этилиши натижасида тадбиркорларимиз жаҳон ареналарига тўлиқ тайёргарлик билан чиқади. Уларнинг бошқа давлат вакиллари билан баҳсларда ғалаба қозониши фақат ўзининг шижоатига боғлиқ бўлиб қолади.
Мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш учун бугун юртимизда биргина маъмурий ислоҳотлар амалга оширилмаяпти. Ё бўлмаса, аввалдан мавжуд бўлган озиқ-овқат, тўқимачилик, ер ости бойликлари, қимматбаҳо маъданлар экспорти янги босқичга олиб чиқилмаяпти, балки янги, замонавий ортиқча харажат ва хомашё талаб этилмайдиган маҳсулотлар экспортини ҳам йўлга қўйиш бўйича ишланмоқда. Масалан, 2025 йилда АT маҳсулотлари экспортини 1 миллиард долларга етказиш, кейинги йилларда эса сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган маҳсулотлар ҳамда АT маҳсулотлари экспортини каррасига ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Яна бир катта йўналиш эса муқобил энергия маҳсулотларини кўпайтириб, “яшил” энергия экспортини йўлга қўйишдир. Бу бўйича Каспий ва Қора денгиз остидан кабель тортиш орқали “яшил стратегик йўлак” барпо этилиб, Марказий Осиёдан Европага “яшил” энергия экспорт қилиниши бўйича ишлар давом эттирилаётганини алоҳида қайд этиш зарур. Келгусида Ўзбекистон яшил тараққиёт йўлидан бориб, “яшил” энергия экспорти коридорларини янада кенгайтиришни мақсад қилиб қўйган.
Мамлакатимизда импорт ва экспорт соҳасидаги ислоҳотлар тармоқнинг янада фаоллашувига хизмат қилади. Турли тўфон, довулларга қарамай, давлат иқтисодиёти кучайиб, Ўзбекистон парвози келгусида янада баланд бўлишига замин яратади.
Санжар ЭШМУРОДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири