Ҳар бир инсон туғилиши, унинг онги, фикрлаш уҳдаси, ҳис-туйғулари билан қудратли мўъжизадир. Агар бу ҳақда теран таҳлил билан ўйлаб кўрадиган бўлсак, ҳаётнинг ҳар сонияси нақадар қадрли, ўтаётган фурсатлар улуғ неъмат экани англашилади. Бундай етуклик ҳар бир инсонда шаклланиб, моҳиятан бирлашган жамиятда миллий тараққиёт ҳодисаси юзага чиқа бошлайди. Аксинча эса инқирозий ҳолат пайдо бўлади.
Шу ўринда табиий савол туғилади: бугун биз қайси тоифага мансубмиз? Некбинмизми?
Аслини олганда, ҳар нарсани яхши томондан кўрувчи, келажакка ишонувчи, оптимист жамиятдагина ислоҳотлар амалга оширилади ва энг муҳими, улар самарали кечади.
Парижда бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII ёзги Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз эришган тарихий ғалабалар чўққисида туриб, хаёлимиздан беихтиёр ана шу ўйлар ўта бошлади. Зеро, бу икки воқелик ўзаро уйғунлашув моҳиятига эгаки, бунга мулоҳазаларимиз давомида ҳали тўхталамиз.
Учинчи ренессанснинг ёрқин муждалари
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғолиб атлетларимиз билан учрашувдаги нутқида бу тарихий ғалаба янги Ўзбекистон ёшлари қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир марта амалда намойиш этгани, бундай йирик халқаро мусобақада дунёдаги ҳар бир мамлакатнинг спорт соҳасига бераётган эътибори, миллат ва халқнинг жисмоний ва маънавий салоҳияти яққол намойиш бўлишини алоҳида эътироф этди.
Ўзбекистонлик атлетларнинг Олимпия ўйинларидаги натижалари ҳақида ёзган “Financial Times” нашри Олимпия медаллари, мамлакатнинг спорт оламида эришаётган ютуқлари давлатнинг умумий ривожланиш ва инсоний тараққиёт даражасини билдиради, дея таъкидлади.
Бу ўринда алоҳида таҳлил қилиб, фикрий вужудимизга сингдириб олиш керак бўлган икки муҳим таъкид бор.
Биринчи таъкид — миллат ва халқнинг жисмоний ва маънавий салоҳияти яққол намойиш бўлиши.
Иккинчи таъкид — давлатнинг умумий ривожланиш ва инсоний тараққиёт даражаси.
Яқинда бир даврада Учинчи Ренессанс ҳодисаси ва унинг илк муждалари нималарда намоён бўлаётгани ҳақида мусоҳаба юриб қолди. Фикрлар турфа эди. Аммо шу кунларда ўйимизга бир жиддий тўхтам келиб турибди. Гап шундаки, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз эришган ва умуман, кейинги йилларда турли соҳаларда янги Ўзбекистонимиз ёшлари қўлга киритаётган оламшумул ютуқлар олдимизга қўйган улуғ мақсад — Учинчи Ренессанс йўлидаги ёрқин муждалардан бири эмасми ахир?!
Бошқа нуқтаи назар билан қараганда, ғалабага эришиш амалиёти ҳамиша мамлакатдаги тинчлик-тотувлик, барқарор тараққиёт ва маънавий-иқтисодий етукликка боғлиқ экани ҳам аён ҳақиқат. Боиси, спортчининг, мураббийнинг онгости англамлари атрофдаги муҳитдан таъсир олади. Яъни жамиятдаги умуммиллий интилишдан кучланади. Умуммиллий интилиш эса, ўз навбатида, мамлакатдаги тараққиёт мезонлари билан бевосита боғлиқлик касб этади.
Халқимизнинг жисмоний ва маънавий салоҳиятига тўхталадиган бўлсак, бу ўринда кўз олдимизда жамиятимизнинг етти-саккиз йил бурунги манзарасидан тубдан фарқли ўлароқ, бугунги очиқ, тараққийга тўла бардам қиёфаси жонланади.
Осмон Ер юзининг ҳамма жойида назарга тушиб туради. Унинг маҳобати ғоят сирли. Юлдузлар, Қуёш ва Ой, булутлар, чақмоқ, момақалдироқ каби ажойиботлар инсониятни тафаккур қилишга чорлайверади. Курраи заминда ҳам улардан кам бўлмаган ҳайратлар объекти кўп. Масалан, тоғлар, уммонларни олайлик. Улардан таралаётган руҳий ахборотлар баъзан инсон ақлини шошириб қўяди. Аммо одам авлодлари ҳайбатли тоғлар ва уммонлардан ҳам ўз манфаати учун фойдаланади. Демак, улар истифода қилиш учун мавжуд.
Худди шундай неъматлар қаторида фаровон, бахтли яшаш, муносиб турмуш кечиришга барча халқлар ҳақлидир, бу уларнинг табиий ҳуқуқи. Бунга эса мамлакатдаги одилона бошқарув сиёсати билан эришилишини яхши биламиз. Спортчиларимизнинг кечаги тарихий ғалабалари замирида миллатимиз ва халқимизнинг жисмоний ва маънавий салоҳияти яққол намоён бўлаётгани ҳам бугун биз нақадар тўғри йўлда эканимизни англатади.
Дунё қалбида уйғонаётган “янги Ўзбекистон руҳи”
Биз авваллари ҳам — ҳамиша тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси — Олимпия, Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз ғолиб бўлишини чин дилдан ният қилиб келганмиз, футболчиларимизни Олимпия майдонларида, мундиалларда кўришни орзу қилишдан тўхтаганимиз йўқ.
Бу орзу-ниятларимиз фақат кейинги йиллардагина бирма-бир рўёбга чиқаётгани қувонарли, албатта. Аммо бу каби ютуқларимиз замиридаги муҳим асосларни ўйлашимиз, таҳлил қилиб, хулоса чиқаришимиз ҳам адолатдан бўлади.
Шундай экан, келинг, энди гап ўзанини ўша асосларга бурамиз.
Биринчи асос: Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида, у кишининг қатъий сиёсий иродаси билан Ўзбекистон дунёга кенг очилди. Ўз навбатида, дунё ҳам биз томон хайрихоҳ нигоҳ билан қарай бошлади.
Бу хусусда фахр билан гапирар эканмиз, дунё қалбида уйғонаётган “Янги Ўзбекистон руҳи” фалсафасининг ғалабали юришларимизга моҳиятан таъсири ҳақида айтиш жоиздир. Зеро, очиқлик сиёсати, яқин-йироқ давлатлар билан ўзаро боғлиқликда ривожланиш концепциясининг ҳаётдаги ифодаси, айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамжиҳатлик, қардошлик, дўстлик сиёсати халқимиз қаддини тиклади. Бугунги ҳаёти ва келажакка ишончини оширди.
Бу жиҳатлар спортчиларимизга ҳам қувват бағишлади. Энди улар ортида инсон қадри улуғланадиган, дунёга самимий боқадиган Ватани, меҳрибон Президенти борлигини дилдан ҳис қила бошлади. Ва бу, ўз навбатида, танага куч-ғайрат, дилга янги орзулар бўлиб сингиб бормоқда.
Иккинчи асос: миллатимиз қон-қонида мудраб ётган ютуқли кодлар уйғоняпти, генофонддаги қувватлар тикланяпти.
Бу ҳақда филология фанлари доктори, фольклоршунос олим Шомирза Турдимов “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган мақоласида, жумладан, шундай ёзади: “Тасаввур қилинг, кичик дарага катта сел келса нима бўлади? Бундай ўзан катта оқимни удда қила олмайди. Оққан дарё оқаверади, дегани шу. Миллатнинг генофондидаги қувват катта ўзанга ўхшайди. У муайян вақтларда қуриб қолгандай, ўзлигини йўқотгандай кўринади. Лекин чархпалак айланиб, чўмичи яна сувга тўлиб чиққани каби миллат ҳам юксалиш палласини такрорлайди. Ўша чархпалак текис айланиши учун ташқи таъсирлар унга халал бермаслиги керак. Яъни миллат ўзлигига қайтиши учун қулай шароит ҳам муҳим”.
Ҳа, тасаввур қиляпмиз: кейинги йилларда мамлакатимизда миллатимиз ўзлигига қайтиши, ўзини топиши ва англаши учун жуда муҳим саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бу ҳар бир соҳадаги янгиланишларда, халқ билан мулоқот сиёсати йўлга қўйилганида ўз сўзини айтмоқда.
Учинчи асос: ҳар бир юртдошимиз қалбида миллий фахрланиш ва Ватанга дахлдорлик ҳисси улғая бошлади.
Бир мақоламизда миллий ўзлик ва миллий ғурур иқтидори ҳақида сўз бошлаб, бундай иқтидор қачон пайдо бўлиши ва такомилига етиши бобида мулоҳаза юритган эдик. Аслида, бу ҳис-туйғу қон суради. Яъни шажаравий хусусиятга эга. Сўнг тарбиявий аҳамият касб этади. Шажаравий хусусияти аждодлар феълидаги хусусиятлар, ҳиссиётлар кўчиб юради. Фақатгина у сустлашиши ёки аксинча, фаоллашиши мумкин.
Ноёб амалиёт қуввати
Спортчиларимизга тарихий зафарлар йўлида руҳий, маънавий ва жисмоний қувват бағишлаб турган яна бир муҳим асос борки, унга бугун алоҳида фахр билан тўхталиш ўринли бўлади.
Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларимизни ўз эътибори билан алоҳида қўллаб-қувватлаб тургани, телефон орқали суҳбатлашиб, ҳар бир ютуғини эътироф этгани, қалбида ватанпарварлик руҳини чўғлантирганидир.
Давлатимиз раҳбарининг ҳар сафар ғолиб спортчиларимиз билан телефон орқали мулоқотидан кейин қалбимизда алоҳида ғурур, фахр-ифтихор ҳиссини туйганимиз алоҳида мавзу, аслида. Чунки бугунгидай ғоят таҳликали замонда, халқаро майдонларда сиёсий, ғоявий қарама-қаршиликлар авж олган бир шароитда ўта муҳим давлат ишларидан ортиб, Париж спорт майдонларида ўзини намоён этаётган спортчиларимизнинг чиқишларини кузатиб бориш, сўнг уларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида телефон орқали суҳбатлашиш, аслида — КАТТА ҲОДИСА. Ўз навбатида, мамлакатимизнинг сиёсий қуввати юксалаётганидан ҳам дарак беради.
Катта ҳодисалиги моҳияти шундаки, аввало, давлат раҳбарининг спортчилар билан бевосита мулоқот қилиши дунё тажрибасида ноёб амалиёт саналади. Энди бир ўйлаб кўрайлик, Президентимиз музаффар спортчиларимизнинг ҳар бири билан гаплашганда, “болам”, “фарзандим”, “ўғлим”, “қизим”, дея уларга жуда улкан мотивация берди, ҳар биридан ҳол-аҳвол сўраб, ота-оналарига ўз раҳматларини айтди.
Бундай вазиятда қалбда шижоат, Ватанга бўлган меҳр, ғалабага интилиш ҳисси беихтиёр киши вужудини эгаллаб олади ва унда кучланиш кодлари уйғонади. Париждаги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз эришган ғалабаларга давлатимиз раҳбарининг спортчилар билан суҳбатлари ҳам муҳим асос бўлганига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Сиёсий қувватимиз юксалаётганидан дарак эса мамлакатимизда халқ билан ана шундай олий даражадаги бевосита мулоқотлар йўлга қўйилганидадир. Чунки одамлар узоқ йиллар ўз муаммолари билан ёлғиз яшаб келди. Уларнинг дардини эшитар раҳбар бўлмади, масалаларга ечим топиш ҳақида қайғурилмади. Янги Ўзбекистонда ўзгармасдек туюлган бу нохуш анъанага барҳам берилди. Мамлакатда эркинлик муҳити яратилди. Одамлар муаммоларни айта бошлади, бугун уларнинг фикри билан ҳисоблашилмоқда. Буларнинг барчаси жамулжам бўлиб, мамлакатнинг том маънодаги сиёсий карьерасини белгилаб бермоқда.
Бугун Ўзбекистон халқида ўз азиз юрти, миллати, барча жабҳадаги юксалишлардан ғурурланиш ҳоли пайдо бўлган. Шундандир, икки ойдирки Париж майдонларида байроғимиз ҳилпираб, ўзбек дўпписи миллатимиз вакилларига ярашиб турди.
Шу ўринда Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) Бош директори Салим бин Муҳаммад ал-Маликнинг ўзбек заминида билимга чанқоқ, тинчликка интилувчи халқ яшаши, улар маърифатпарвар халқлар орасида муносиб ўрин эгаллашини азалдан исботлаб келгани ҳақидаги фикрларини яна бир бор эсласак. “Ўзбекистон раҳбари, муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг жамиятда таълим ва илм-фаннинг ролини ошириш, маданиятни асраб-авайлаш ва юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ва ташаббусларини Аллоҳ таоло барокатли қилсин”, деган эди у жорий йил июнь ойида Зоминда бўлиб ўтган Халқаро мақом санъати анжуманида.
Бу эътирофни қайта эслаганимиз боиси шундаки, мамлакатимиздаги ислоҳотлар тизимли кўриниш олиб, маънавий- маърифий, иқтисодий, умуман, барча соҳадаги янгиланишлар уйғунлашиб, бир-бирини тўлдириб, пировардида яхлит ютуқларимиз самарадорлигини таъминлаб бормоқда.
Дунёнинг очиқ кўзларидаги ҳавас
Энди яна бевосита XVII ёзги Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз эришган тарихий ғалабалар қувончига қайтсак.
Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз дунё мамлакатлари ўртасида 13-ўринни эгаллади. Улар бир қатор рекордларни янгилади, тўрт йилда бир марта бўлиб ўтадиган, бутун дунё нигоҳи қаратилган, инсоният катта ҳаяжон, зўр қизиқиш билан кузатиб борадиган мусобақадаги рақамларни ўзгартириб юборди.
Шу кунларда шоирларимиз олтин авлод — музаффар спортчиларимиз эришган натижалардан руҳланиб, илҳомланиб шеърлар, қасидалар битмоқда. Бу ижод намуналарининг ҳар бири мамлакатимиз ёшлари, азиз ўғил-қизларимизни ҳам янги ютуқли марралар сари ҳаприқтириб турган бўлса, не ажаб.
Қолаверса, паралимпиячиларимизни қизғин қўллаб-қувватлаш учун Парижга борган кўп сонли мухлислар, мутасадди раҳбарларимизнинг ўрнини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Боиси, ҳар бир олқиш, ғалаба сари руҳлантириш спортда жуда муҳим. Шунингдек, давлатимиз томонидан делегациямиз учун барча зарур шароитлар яратиб берилгани тарихий ғалабаларимизга замин бўлгани ҳам кундек равшан.
Дарвоқе, мухлислар ҳақида айтганда, Паралимпия ўйинлари давом этаётган кунларда ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик жонкуяр бир юртдошимиз чет эллик томошабинлар бошига ўйнаб-ўйнаб ўзбек дўпписини кийдириб юргани акс этган контент кенг тарқалди. Уни кўриб хаёлга яна бир фикр келди. Мана бир неча йилдирки, юртдошларимиз хоҳ велосипедда, хоҳ автомобилда, самолёт ёки поездда, хоҳ пиёда бўлсин, бошга дўппи қўндириб, байроғимизни елкасига ёпиб, Ўзбекистонни, ўзбек элини барчага танитиш учун дунё бўйлаб йўлга чиқаётгани гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу манзарага бир сўз билан таъриф берадиган бўлсак: ЎЗБЕК КЕЛАЁТИР!
Нафас олиб кириб келган тонгда буюк ҳикматлар бўлади. Фақат бу ҳикматларни англаш фурсатини қўлдан бой бермаслик муҳим. Шу боис, мақоламиз аввалини инсон туғилиши, онги, фикрлаш уҳдаси, ҳис-туйғулари билан қудратли мўъжиза экани ҳақидаги мулоҳаза билан бошлаган эдик. Яна биз англамлар ҳақиқати ва некбинлик ҳақида ҳам савол қўйгандик.
Бунга жавобан айтишимиз мумкинки, дунёга яхшилик соғинаётган ва спортчиларимиздек ўзининг ажойиб натижалари билан ҳаммага бирдек қувонч улашаётган, ғалабалар сурурини ўз Ватани шарафига бағишлаётган катта элимиз ютуқлари сири, аввало, умрнинг ҳар лаҳзасини қадрлашимиз, фурсатлар ғанимат эканини англаб етганимиз эмасми?!
Мана шу ҳолатнинг натижаси ҳам тотли бўлади. Демоқчимизки, Париждаги ғалабаларимизнинг миллий давлатчилигимиз ривожига янада шижоат бағишлайдиган жиҳатлари бор.
Биринчидан, ғалабалар халқни руҳлантиради.
Иккинчидан, жамиятда аҳиллик ҳиссини мустаҳкамлаб, юртдошларимизни бирлаштиради.
Учинчидан, мамлакатда ёшлик шижоати ва куч-ғайрат муҳитини юксалтиради.
Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтмасак бўлмас. Тўғри, паралимпиячи спортчиларимизнинг жисмоний имкониятлари чекланган ёки кўриш қобилияти ожиздир, аммо улар бутун дунёнинг очиқ кўзларини ўзига қарата олди. Уларни дунё аҳли томоша қилди, кўрди, ҳавасланди.
Бир сўз билан айтганда, “Париж — 2024” мусобақаларида бизнинг спортчиларимиз дунё каҳкашонига ўзбек миллати, темурийлар, бобурийлар авлодлари келаётгани, улар кўп ишларга қодирлигини, Президентимиз саъй-ҳаракатлари билан Марказий Осиё минтақасида бирдамлик, ҳамжиҳатлик, азалий қардошлик муҳити қарор топганини баралла кўрсатди. Спорт ана шу жиҳатлари билан ҳам завқли ва аҳамиятлидир.
Ишонамизки, Париж натижалари биз учун марра эмас. Вақт мусоада этса, ҳали бундан-да муҳим ғалабаларга эришамиз. Энг муҳими, машаққатли довондан ўтиб олдик. Биз кўзлаган Учинчи Ренессанс ҳодисасининг мана шундай ёрқин муждалари барчамизга муборак бўлсин!
Салим ДОНИЁРОВ