Савдо маркази очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда мазкур комплекс аҳолига қулай ва мақбул савдо хизматларини йўлга қўйиши, қолаверса, ҳудуднинг тадбиркорлик салоҳиятини юксалтириш йўлидаги хайрли қадамлардан бири эканлигини таъкидланди.
Очилиш маросими иштирокчилари савдо марказида яратилган шарт-шароит ва қулайликлар, маҳсулотлар турлари, нархи ва сифати билан яқиндан танишдилар.
Тўрт қаватдан иборат мажмуада айни пайтда маҳаллий аҳоли вакилларидан 500 нафарининг бандлиги таъминланган. Уларнинг аксарияти ёшларни ташкил этади. Яна бир эътиборли томони, мажмуадаги гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари расталари айнан маҳаллий етиштирувчилар ихтиёрига берилган.
Биринчи қаватда йирик ассортиментга эга 1 500 квадрат/метрда «MAKRO» озиқ-овқат гипермаркети, ўзининг қулайлиги, сифати билан танилган «ISHONCH» маиший техника ва электроника савдосига ихтисослашган интернет дўконлар тармоғи жойлашган.
Иккинчи қаватда аёллар, эркаклар ва болалар кийим-кечак дўконлари, сарпо буюмлари, «INDENIM» бренди, «Redtag» ва «Flo» каби нуфузли брендларнинг маҳсулотлари ҳам харидорлар учун мунтазир. Ушбу қаватда Ателье мод, парфюмерия ва аксессуар дўконлари ҳам жой олган.
Шунингдек, учинчи қаватда болалар майдончалари, «BOWLING» маркази, овқатланиш майдони фудкорт ва бошқа кўнгилочар объектлар жой олиши режалаштирилган. Озиқ-овқат майдонида «EVO», «Bellissimo», «STREET 77», «Les Ailes» ва шу каби маҳаллий озиқ-овқат тармоқлари жойлашади.
Марказнинг энг юқори тўртинчи қаватида панорамали ўзгача манзарага эга қаҳвахоналар, очиқ айвонлар мавжуд, деб хабар беради Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.