Жорий йилнинг май ойида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг бир гуруҳ ходимлари Наманган шаҳрининг зиёрат ва туристик масканларига саёҳатга уюштиришди.
Қўмита ходимларининг саёҳати Наманганнинг қадимий масканлари бўлмиш Мавлоно Лутфиллоҳ номли маданият ва истироҳат боғидан бошланди. Сўнгги йилларда бу ерда кенг ободонлаштириш ишлари олиб борилган, хусусан Мавлоно Лутфиллоҳ мақбараси таъмирланган. Қўмита ходимлари шунингдек, Бибиона зиёратгоҳи, у ердаги бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Сўнгра 3 минг йиллик тарихга эга Ахсикент археологик ёдгорлиги навбатдаги сайёҳлик манзили бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бу ерга қайта ҳаёт баҳш этилди, яъни очиқ осмон остидаги музейга айлантирилиб, сайёҳлар учун қулайликлар яратилди.
Қўмита ходимлари музейдаги ёдгорликлар, аждодларимизнинг заковати маҳсули бўлмиш буюмлар билан танишди. Ахсикент эрамиздан аввалги III асрда ташкил топган бўлиб, қадимги Фарғона давлатининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган. Тарихий манбаларда, хусусан, “Бобурнома”да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан бу ерда ер ости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган.
Шаҳар Арк, ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлган. Бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандлик турлари ривожланган. 1620 йилларга келиб зилзила оқибатида улкан шаҳар вайрон бўлган.
Бугунги кунда харобаларнинг 60 гектарга яқин қисми сақланиб қолган бўлиб, Фарғона водийсидаги энг катта археологик ёдгорликдир. Археологлар томонидан темирчилар устахонаси, X-XIII асрларга оид ҳаммом қолдиқлари, аскарлар хоналари, жомеъ масжиди, мудофаа деворлари, ер ости ирригация тармоқлари, ҳунармандлар маҳалласи, ҳукмдор қароргоҳи – Арк қазиб ўрганилган.
Мазкур ёдгорлик Наманган вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Юртимиз ва хориждаги сайёҳлик кўргазмаларида қадимий Ахсикент ҳақида ҳам тақдимотлар ўтказилмоқда. Бунинг самарасида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ўртасида тарихий ёдгорликка қизиқиш ортмоқда. Ҳозирга қадар Бельгия, Австрия, Япония, Жанубий Корея, Россия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрган.
Яқинда Наманган шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиладиган Халқаро “Гуллар фестивали” бўлиб ўтди. Гуллар шаҳри Наманган анвойи гулларга бурканди. Ушбу ажойиб манзарани томоша қилиш, ундан завқ олиш учун мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ва хориждан меҳмонлар ташриф буюрди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ходимлари ҳам “Гуллар фестивали” тадбирларида иштирок этишди.
Гўзал Қодирова,
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг маслаҳатчиси