Гулшода ёшлигидан ушбу ҳунарга қизиққанлиги боис, унга меҳр қўйди. Тўрт йилдирки, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритиб келади. Халқимизнинг бой маданий-маънавий меросини, кўп қиррали ўзбек миллий ҳунармандчилигини кенг намойиш қилиш, унинг ноёб намуналарини тарғиб қилишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ёш ҳунарманд тиришқоқлиги, изланувчанлиги сабабли бир неча бор муваффақиятга эришди. Аслида бу юмуш жуда мураккаб ҳамда кўп меҳнат талаб қилади. Лекин касбини пухта ўзлаштириб олганлиги сабабли турли танлов ва тадбирларда ютуқларга эришяпти.

Гулшода тайёрлаган буюмлар маҳаллий аҳоли билан бирга, хорижлик харидорларни ҳам қизиқтиради. Бежиримлиги, миллий анъаналарни ўзида акс эттирганлиги боис, кўпчиликка маъқул бўлмоқда. Унинг бир неча бор туман, вилоят ва республика кўрик-танловларида иштирок этиб, нуфузли ўринларни эгаллаб келаётганлигининг сири ҳам шунда бўлса, керак.

Хусусан, 2017 йилда Президентимиз ташаббуси билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш мақсадида ўтказилган тадбирда сертификат билан тақдирланди. Икки йил муқаддам «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан унга имтиёзли кредит олиш сертификати берилди. Ўтган йили эса «Ташаббус» кўрик-танловининг туман босқичида «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» номинацияси бўйича II даражали диплом билан тақдирланди. Шунингдек, Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилиши олдидан Тошкент вилоятида «Биз Қўқонга борамиз» шиори остида ўтган кўргазмада диплом олишга сазовор бўлди.

Ўтган йили 12-14 ноябрь кунлари «Ёшлар келажагимиз» жамғармаси томонидан уюштирилган «Ёш тадбиркорлар» II форумида сертификат олишга муваффақ бўлди ва қирғизистонлик тадбиркор аёл билан буюмларини сотиш юзасидан шартнома имзолади.

— Пандемия сабабли ишимиз бироз сустлашиб қолганди, – дейди Гулшода Йўлдошева. – Энди аста-секин жонлана бошлади. Ҳозиргача тайёрлаётган буюмларимни Россия, Хитой ва Қирғизистонга экспорт қилмоқдаман. Энди Тожикистон ва бошқа давлатларга ҳам жўнатиш юзасидан келишувларга эришяпман. Тақинчоқлар асосан мис ва мельхиор каби металлар билан бирга, табиий шифобахш тошлар, хусусан, феруза, ҳақиқ, яшна, каҳалан, гранат ва бошқа инсон саломатлиги учун фойдали бўлган тошлардан ясалаётганлиги боис, уларга бўлган талаб катта.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, бугун ҳунарманд банкдан 30 миллион сўм кредит олиш тараддудида юрибди. Олинган маблағга яна тўртта иш ўрни яратиш, жами иш ўринларини сонини 8 тага етказишни режалаштирган. Айни пайтда Гулшода маҳалласидаги хотин-қизларга ҳам миллий тақинчоқлар ясаш сирларни ўргатяпти.