Бахтга интилиб яшаш инсониятга хос умумий туйғу. Бобом айтарди: эркак кишининг бахти – уйига тўртта нон кўтариб келишида! Хаста бувим дерди: тўрт мучанг соғми, демак, энг бахтли одамсан! Отамнинг гапи: сизларни (фарзандларимни) ўқитиб, зиёли қилдим, мендан ортиқ бахтлиси йўқ! Онам: сен ва сингилларингнинг оиласи тинчлиги – энг катта бахтим! Турмуш ўртоғим дейди: болаларимиз яхши инсон бўлиб етишса, ёмонлардан узоқ бўлса, қандай бахт-а! Кенжа фарзандим: энг охирги телефон моделини олсам эди! Тўрт ёшли набирамга бахт ҳақида тушунча бериб, “бахт нима экан” деб сўрасам, моҳиятини англаб-англамай жавоб беради: менга кўп-кўп ширинлик олиб келишингиз...
Кўриниб турибдики, ҳар ким учун бахт ҳақидаги тушунча ёши, соғлиғи, мавқеи ва, ниҳоят, замон ҳамда даврга қараб турлича ифода этилади. Бизнинг авлод кўрган ХХ асрнинг сўнгги чорагида одам қора қозони қайнаб турса, янги уст-бош кийса, қиш учун кўмир ғамлаб қўйса, чакка ўтаётган уй томини таъмирлаб олса, бахтиёр эди. Яқин ўтмишда ҳатто пластик картадаги пулини минг машаққатда нақдлаштирган ёки расмий курс бўйича банкдан ур-тўпалонда хориж валютасини сотиб олишни уддалаган борки, ўзини бахтли санарди.
Яна узоққа бормайлик. Спорт, хусусан, бокс мухлисларига қаранг. Кетма-кет йирик халқаро мусобақаларнинг энг юқори поғоналарини эгаллаб, халқимизга қувонч улашиб келаётган боксчиларимиз бир сафар олтин эмас, кумуш ё бронза медалга эга чиққудек бўлса, айрим юртдошларимиз норози кайфиятга тушиб қолаётгани ҳам бор гап-ку.
Ёки футбол ишқибозларини олинг. Йигитларимиз саралаш турнирининг навбатдаги босқичига чиқса, маҳаллага ош беришга тайёр мухлислар бор эди. Ниҳоят миллий терма жамоа футбол бўйича жаҳон чемпионатига чиқди. Миллионлаб спортсеварлар бахт нималигини яна бир бор ўз танасида ҳис қилди. АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида ўтажак жаҳон биринчилиги гуруҳлари қуръа орқали аниқлангач, аввал битта ўйинда ғалаба қозонсак ҳам майли, деган мухлислар энди қўрқмасдан гуруҳдан чиқиш ҳақида башоратларга берилиб кетишди.
Бахт шундай тушунча, унинг чек-чегараси белгилаб қўйилмаган – иштаҳа тановвул пайтида келади. Тўғри, халқимизда азалдан бахтлилик даражасига таъсир кўрсатувчи асосий омиллар сифатида, биринчи навбатда, фарзандлар борлиги, ўзбек халқининг оилавий қадриятларга содиқлиги, оиладаги самимий муносабатлар ва ғамхўрлик, соғлом ҳаёт кечириш имконияти ҳамда иқтисодий фаровонлик англанган ва эътироф этилган.
Илло, бугун замон тезлашди, тараққиёт жадаллашди, ислоҳотлар кўлами қулоч ёзди. Шунга яраша инсонлар қаричи, мақсад ва муроди, кўзлаган марралари даражаси юксалди. Бунга сўнгги йилларда давлатимизда юритилаётган одамларни рози қилиш, турмуш фаровонлигини ошириш, тараққий эттириш учун ҳар томонлама кенг имкониятлар яратиш сиёсати асосий омил бўлди. Ҳозир ҳеч ким юқорида саналган эришувларга қаноат қилмайди. Негаки, такрор бўлса ҳам айтамиз: марра юқорилаб, мақсад катталашиб борадиган даврларга келдик ва бу табиий!
Бахт ёки бахтиёрлик балки илмий доираларда қандайдир формулалар, аниқ илмий таърифлар билан ифодаланар. Лекин кундалик содда ва мураккаб муҳитимизда унинг ўлчови, вазни, бўйи, эни, ранги каби сифатлари мавжуд эмас. Битта ягона шакли ҳам йўқ. Аммо бахтнинг залвори бор. Ана шу залвор уни бахт сифатида умумий нуқтада бирлаштириб туради.
Шахс, жамият ва башарият учун ифодаси турлича, аммо мақсад-муддаоси битта бахт тушунчаси мавжуд. Мутафаккир Жалолиддин Румий “Одамнинг энг бахтли лаҳзаси бошқаларга яхшилик қилган дамларидир”, дейди. Абу Наср Форобий эса “Инсон юксак камолотга эришув йўлида ҳаракат қилгандек, ақлий билимга ҳам ҳаракат қилса, ҳеч шубҳасиз, ўзи интилаётган сўнгги даражадаги бахт-саодатга эришади” ҳикматини илгари суради. Аҳамият берсангиз, бу ўринда залвор бошқа ракурсда намоён бўляпти.
Бахт ҳар бир инсон излайдиган орзу. Уни файласуф ўткир фикри, олим илми, содда киши оддий соддалиги, давлатманд ҳашаматли уйи, камбағал эса пастқам кулбасидан излайди. Бахтиёрлик - маънавий ҳодиса. Уни инсон қалби билан, ички ҳузурланиши билан ҳис қилади.
Бугун замон шиддати ўзгарди, бу олдимизга қўйган мақсад ва талабларимизга ҳам таъсир қилди, дедик. Бу ерда халқимизнинг ўзига ички ишончи ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Янги оила қурган фарзандим учун янги уй соламан, квартира сотиб оламан, отам учун автомобиль харид қиламан, IELTSдан энг юқори балл олиб, нуфузли таълим даргоҳида ўқийман, зўр мутахассис бўлиб, дунёнинг етакчи компанияларида ишлайман, деб ҳаракат қилаётган ва бу мақсадларига эришаётган ҳамюртларимизнинг бугун сон-саноғи йўқ.
Янги Ўзбекистонда етишиб келаётган “олтин авлод” тийнатида “мен кучлиман” деган кайфият ҳукмрон. Маънавий тўқлик билан озиқланган шижоатли авлод ўзида уйғонаётган ватанпарварлик хислатларини дунёга намойиш қиляпти.
Халқаро миқёсда бахтни, бахтиёрликни ўлчашнинг қатор шакллари қўлланилади. Масалан, ўтган йили март ойида БМТнинг жаҳон мамлакатлари фаровонлиги даражасини ўрганувчи маркази World Happiness Report Ўзбекистоннинг бахтли мамлакатлар рейтингидаги ўрни ҳақида маълумот берди. Мамлакатимиз аҳолиси бахтли мамлакатлар рейтингида 53-ўринни эгаллади. Ҳисоботда Қирғизистон 75-ўрин, Россия 72-ўрин, Молдова 80-ўрин, Арманистон 87-ўрин, Тожикистон 90-ўрин, Грузия 91-ўрин, Озарбайжон 106-ўрин ва Украина 111-ўринда қайд этилган.
World Happiness Report халқаро тадқиқот лойиҳаси бўлиб, у бутун дунё мамлакатларидаги одамларнинг бахтлилик даражасини ўлчайди. Рейтингни тузишда мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти (аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот), соғлиқни сақлаш сифати (ўртача умр кўриш давомийлиги), эркинлик ва хавфсизлик даражаси каби мезонлар, шунингдек, аҳолининг давлат ва унинг сиёсатига ишончи даражаси каби ижтимоий жиҳатлар ҳисобга олинади.
“Ҳаммамизга аёнки, Мирзо Улуғбек бобомиз бундан олти аср муқаддам инсоният учун юлдузлар харитасини яратган эди. Бугун эса биз ҳозирги ва келажак авлодларимиз учун бахтли ҳаётга олиб борадиган йўл харитасини яратишимиз лозим.
Мана шу ҳақиқатни чуқур ҳис этиб, барчамиз бирлашиб ҳаракат қилсак, ҳар қандай юксак маррани забт этишга қодирмиз, бирон-бир куч бизни ўз йўлимиздан қайтара олмайди. Бир бўлсак, ягона халқ, ягона миллат бўлиб олға интилсак, кўзлаган улкан мақсадларимизга албатта етамиз!
Мен бу йўлда мард ва олижаноб халқимизга ишонаман! Ўзбекистоннинг беқиёс кучи ва имкониятларига, азиз ёшларимизнинг азму шижоатига ишонаман!”
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил декабрь ойи сўнггида Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси айнан шу даъват билан якунланади. Унинг маъносини англаган ҳар бир юртдошимиз эса бахтли ҳаётга олиб борадиган “йўл харитаси”нинг ҳаммуаллифлари қаторидан жой олиши мумкин.
Хулоса ўзингиздан.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири