Таъкидлаш жоиз, бу йилги сайлов биринчи марта янги таҳрирдаги Конституциямиз асосида, шунингдек, Сайлов кодекси ва халқаро талабларга мос равишда, очиқ, шаффоф ва демократик руҳда ўтди.
Овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларимиз сайловда фаол иштирок этиб, ўзлари танлаган номзодга овоз берди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз бериш учун хорижда бўлиб турган фуқароларимизга ҳам зарур шароитлар яратилди. Шу тариқа халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим сиёсий жараён – Президент сайлови нафақат юртимизда, шунингдек, хорижий мамлакатларда ташкил қилинган сайлов участкаларида ҳам қизғин кечди. Бу – ҳамюртларимизнинг ислоҳотларга, эртанги фаровон кунига бўлган мустаҳкам ишончидан далолат беради.
Қуйида Президент сайловида иштирок этиб, ўз танловини эркин амалга оширган юртдошларимиз фикрлари билан танишасиз.
БЕФАРҚ КУЗАТУВЧИ БЎЛИБ ТУРИШГА ҲАҚҚИМ ЙЎҚ
Абдурашид МИРЗАЕВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози
(Қашқадарё вилояти):
– Йилдан йилга юртимиз чирой очиб бораётганини кўриб кўз қувнайди. Ёшим саксон тўртдан ошди. Бугунгидек ҳар соҳада ислоҳотлар, янгиликлар, ўзгаришлар бўлганини кўрганим йўқ. Айниқса, инсон қадри ва қадди тикланиб, яшашга бўлган иштиёқ ортди. Одамлар дунёқараши, фикри ўзгарди.
Бизнинг болалигимиз ҳавас қиларли даражада ўтмаган. Бир кун тўқ, бир кун оч юрганмиз. Оғир кунларни кўп кўрдик. Эсласам, кўзимга ёш келади. Шу боис, бугунги замоннинг ҳар бир кунига шукрона айтамиз. Озод, обод мамлакатда фаровон яшашдан ортиқ бахт йўқ. Кўчаларни тўлдириб, шодон юрган болаларга қаранг, улар илмда, спортда дунёни лол қолдираяпти. Ҳар куни бир фарзандимиз эришган ютуқлар ҳақида янгилик эшитамиз. Бундан қувонмай бўладими!
Бир пайтлар биз ислоҳотлар фақат шаҳарларда бўлади, деб юрар эдик. Бугун унинг аксини кўраяпмиз. Қишлоқ ва овуллар обод бўляпти. Йўллар обод, электр, газ, сув таъминоти – барча-барчаси эътибордан четда қолаётгани йўқ. Бир ой олдин борган манзилингизга яна қайта борсангиз, адашиб қоласиз. Замонавий спорт иншоотларига қараб, бугуннинг ёшлари қанчалик бахтли эканига ҳавасингиз келади.
Сайлов жараёни бошланганидан буён номзодлар дастурини, илгари сураётган ғояларини диққат билан кузатиб, танишиб бордим. Деярли ҳар куни эътиборимда бўлди. Спорт фахрийси сифатида юрт равнақи, фаровонлиги, мамлакат тараққиёти бардавомлиги учун хизмат қиладиган номзодга овоз бердим.
58 ЁШИМДА БИРИНЧИ МАРТА САЙЛОВДА ИШТИРОК ЭТДИМ
Феруз ШОМУРОДОВ, Фориш туманидаги “Ўзбекистон” МФЙ ҳоким ёрдамчиси
(Жиззах вилояти):
– Бугун мен 40 ёшга ёшардим. Нега десангиз, Президентлик сайловидек шарафли, юрт тақдирига нисбатан масъулиятли жараёнда иштирок этиш учун 18 ёш бўлишингиз талаб этилади. Мен эса 58 ёшимда ана шундай муҳим танловда илк бор иштирок этдим ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиб, ўзим муносиб, деб билган номзодга овоз бердим.
Ҳа, бу мен учун унутилмас воқеа бўлди. Зеро, қарийб 60 ёшга кириб биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этяпман. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Фориш туманининг Ухум қишлоғида туғилганман ва ўрта мактабни ҳам шу ерда битирганман. Сўнг Тожикистон давлат университетига ўқишга кирдим. Олий маълумотли бўлиб, бир неча йил Душанбе шаҳрида ишладим.
Тўқсонинчи йиллар бошида ўз ватаним – Ўзбекистонга қайтиб келдим, аммо фуқаролик беришмади. Ушбу масалада барча тегишли ташкилотларга мурожаат қилдим, масъул шахслар қабулида бўлдим. Бари натижасиз эди.
Тўғри, турли ташкилотларда ишладим, эмин-эркин юрдим. Аммо Ўзбекистон фуқароси эмаслигим учун ўзимни худди бегонадек ҳис қилардим. Тасаввуримда одамлар ҳам менга шундай қараётгандек туюлаверарди.
Фуқаролигим йўқлиги учун мана шундай сайловларда иштирок этиш ҳуқуқим ҳам йўқ эди. Энг алам қиладигани, шу ерда туғилиб, вояга етиб, маълум вақт бошқа давлатда ўқиб, ишлаганим сабабли чорак асрдан зиёд Ўзбекистон фуқаролигини қайта ололмадим. Йигирма олти йил фуқаролиги йўқ шахс сифатида яшадим. Ҳаётимнинг чорак асрида Ўзбекистон фуқароси бўлиш илинжида ҳаракат қилдим. Охири, энди фуқаролик бермас экан, деган хулосага ҳам келгандим.
Минг шукрки, мамлакатимизда янги давр бошланди. Менга ўхшаган минглаб умидсиз одамлар қалбида яна умид ғунчалари ниш урди. Юртимизда инсон қадрини улуғлаш олий мақсадга айланди. Ушбу фикрлар исботи сифатида 2021 йили Ўзбекистон Республикаси фуқароси, деган шарафли мақомга сазовор бўлдим. Паспорт олиш асносида кўзларимга қувонч кўз ёшлари қалқиб чиқди. Ўша вақтда туғилган юртим фуқароси сифатида бор билим, иқтидорим ва салоҳиятимни ишга солиб, халқимизга садоқат билан хизмат қиламан, деб ўзимга ваъда бергандим.
Мақсадимга эришдим. Айни пайтда Фориш туманидаги Ўзбекистон маҳалласида ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият олиб боряпман. Маҳаллада аҳоли фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимизни камбағалликдан чиқариш, муаммоли масалаларни ҳал этиш орқали мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда оз бўлса-да, хизматим борлигидан фахрланаман.
ЭРТАНГИ КЕЛАЖАГИМИЗ – БУГУНГИ САЙЛОВДА МУНОСИБ НОМЗОДНИ ТАНЛАШГА БОҒЛИҚ
Бийбираба БЕКЖАНОВА, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ўқитувчиси (Қорақалпоғистон Республикаси):
– Президент сайлови Ўзбекистон халқи, шу жумладан, қорақалпоғистонликлар учун ҳам катта байрам бўлди. Кекса-ю ёш – барча овоз бериш учун сайлов участкасига ташриф буюрди. Бу ҳар бир фуқаро эртанги кунига бефарқ эмаслигидан далолат беради.
Сиёсий жараёнга ҳар биримиз масъулият билан ёндашдик. Чунки эртанги келажагимиз бугунги сайловда муносиб номзодни танлашга боғлиқ эканини яхши биламиз-да. Шунинг учун ҳам сайловда ўзим муносиб, деб билган номзодга овоз бердим.
Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳонда ўз ўрнига эга давлат. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг ҳаётдан розилигига эришиш, уларга муносиб иш ва турмуш шароити яратиш, камбағалликни қисқартириш, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш йўлида юритилаётган адолатли сиёсат туфайли дунёдаги мавқеимиз янада ошмоқда. Ўзбекистон яшаш учун дунёдаги энг қулай давлатлардан бирига айланяпти.
Шу жойда бир нарсани алоҳида айтиб ўтмасам бўлмайди. Сўнгги йилларда юрт тараққиёти, фаровон келажак учун энг асосий дастак бўлган таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Буни биргина олий таълим йўналишида амалга оширилаётган ишлар, амалга татбиқ этилаётган ҳаётий янгиланишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, хотин-қизларнинг билим олиши учун қулай шароит яратиш мақсадида магистратура босқичида ўқиётган юзлаб талаба қизнинг шартнома тўлови тўлаб берилган бўлса, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган хотин-қизларга шартнома тўлови учун фоизсиз кредитлар ажратилмоқда. Бу ҳам ёшларимиз, айниқса, хотин-қизлар кўпроқ олий таълим олиши, демакки, “Илмли она – билимли фарзанд” тамойили асосида зиёли жамият яратиш йўлидаги имкониятлар, деб биламан.
МАҚСАДИМ – ИҚТИСОДИЁТИМИЗНИНГ БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШИГА МУНОСИБ ҲИССА ҚЎШИШ
Суҳроб РАҲМОНОВ, “BUR KOMPRESSOR NAVOIY” МЧЖ таъсисчиси
(Навоий вилояти):
– Президенти сайловида оилам билан иштирок этиб, ўзимиз муносиб, деб билган номзодга овоз бердик. Албатта, кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун яратилаётган имконият, имтиёз ва қулай шароитлардан мамнунмиз. Мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол қатнашиб, юртимизда импорт ўрнини босувчи 300 дан зиёд маҳсулотни ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз. Мақсадим – юртдошларимиз фаровонлигини ошириш ва иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшиш.
Навоий вилояти саноатлашган ҳудудлардан бири ўлароқ, йирик саноат корхоналари бўйича республикамизда энг олд қаторларда туради. “BUR KOMPRESSOR NAVOIY” МЧЖ эса ана шундай корхоналар учун импорт ўрнини босувчи эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхонамиз Россия, Хитой, Сингапур, Ўзбекистон ва Германия давлатларида ишлаб чиқарилган энг замановий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган, ҳозирги кунда 50 дан ортиқ ишчи-мутахассис фаолият олиб боради.
Корхонамиз келгусида хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам иш олиб боришни мақсад қилган ва бу борада керакли ишларни олиб бормоқда. Ушбу ишлар якуни билан жами 150 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Шунингдек, бугунги кунда 49 та ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш ускунаси ишга туширилган.
Корхонамизда бир қатор импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилиб, маҳаллий бозорларимиз учун янги бўлган 300 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жумладан, ҳозирда бурғулаш, компрессор ва махсус техникалар учун бир қатор янги турдаги эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган.
Ишчи-ходимларга 3 маҳал иссиқ овқат берилиб, ишга бориб-келиши учун хизмат машинаси ажратилган. Албатта, бу қулайликлар уларнинг меҳнат фаолиятини яхши олиб бориши, пировардида, самарадорликка эришишда ёрдам беради.
Бу жараёнларнинг барчаси юртимизда тадбиркорлар фаолияти ривожи учун кенг шароитлар яратиб берилаётгани, тадбиркорликни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасидир.
Ўйлайманки, юртдошларимиз сайлайдиган Президент билан биргаликда, бу каби ислоҳотлар янада шиддат билан давом этади. Биз эса, бу имкониятлардан самарали фойдаланиб, юртимиз иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшаверамиз.
САЙЛОВДА АҲОЛИ ФАОЛЛИГИ ОРТГАНИНИ КУЗАТДИМ
Жумаали ШАБАНОВ, Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 111-сайлов участкаси раиси:
– Бизнинг сайлов участкамизга Мингўрик ва Мовароуннаҳр маҳаллалари бириктирилган, 2211 сайловчи рўйхатга олинган. Шундан 172 киши сайлов куни яшаш жойида бўлмаслиги сабабли муддатидан илгари овоз бериш имкониятидан фойдаланди.
Сайлов куни эрта тонгдан аҳоли гавжум бўлди. Эрталаб соат 8.00 дан бошлаб сайлов участкаси ёпилгунча сайловчилар келиб ўзи танлаган номзодга овоз берди. Барчанинг юз-кўзида хурсандлик, хотиржамлик ҳисси намоён бўлди. Албатта, буларнинг барчаси юртимиздаги бугунги тинчлик-тотувлик муҳити самарасидир.
Мен илгари ҳам кўп сайловларда иштирок этганман. Бу гал аҳолининг сайловолди тадбирларида ва сайлов жараёнида фаоллиги ортганини кузатдим. Бу эса халқимизнинг дунёқараши тубдан ўзгаргани ва юрт тақдирига нисбатан дахлдорлик туйғуси кучайганини ифода этади.
Жорий йил мамлакатимизда янги таҳрирдаги Конституциямиз умумхалқ иштироки билан қабул қилингани халқимизнинг юрт равнақи йўлида интилишлари ва ҳамжиҳатлигини янада кучайтирди. Зеро, янги таҳрирдаги Бош қонунимизда бугунги ҳаётимиз ва келажак тараққиётга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий асослар ўз аксини топди.
Президент сайлови айнан ушбу Конституцияда белгиланган тамойиллар асосида ўтгани бу жараёнга халқаро ҳамжамиятнинг ҳам қизиқишини кучайтирди. Сайлов куни бизнинг участкамизга ҳам маҳалий кузатувчилар ва ОАВ вакиллари қаторида кўплаб хорижлик экспертлар ташриф буюргани, жараённи бошдан охиригача кузатиб боргани бунинг яққол далили бўлди.
МАҲАЛЛА ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР БАРДАВОМ БЎЛАЖАК
Қаюм СОҲИБОВ, Янги ҳаёт тумани “Янги ҳаёт” МФЙ раиси (Тошкент шаҳри):
– Маҳалламиздан 2380 фуқаро сайловчилар рўйхатига киритилди. Шундан 132 нафари муддатидан илгари овоз беришда иштирок этди. Сайловчиларнинг 12 нафари биринчи марта овоз берди. Ушбу йигит-қизларимизга Президент сайловидаги илк иштирокидан эсдалик бўлиб қолсин, деб китоблар совға қилдик.
Айтиш керакки, кейинги йилларда юртимизда барча соҳалар қаторида маҳалла тизимида ҳам муҳим ислоҳотлар амалга ошириляпти. Бунинг натижасида ҳаётда учрайдиган кўплаб муаммоларни ҳал этиш, аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топишда маҳалла етакчи бўғинга айланиб боряпти. Ҳозирги кунда маҳаллада оқсоқол, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва бошқа тизимлар ҳамкорлигида иш олиб борилаётгани ҳам ўз самарасини бермоқда. Келгусида маҳалла институти фаолиятини янада ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.
Ишончимиз комилки, Президент сайлови мамлакатимизда бу йўналишда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни давом эттириш ва янги босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлади.
ЎЗ КЕЛАЖАГИМ УЧУН ОВОЗ БЕРДИМ
Фарзона ЙЎЛДОШЕВА, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори (Фарғона вилояти):
– Мен ҳам мамлакатимиздаги бошқа тенгдошларим қатори Президент сайловида иштирок этиб, ўзим муносиб, деб билган номзодга овоз бердим.
Бу жараёндаги илк иштироким ҳаётимдаги энг қувончли дам ҳисобланиб, менда эл-юрт келажагига бўлган дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлади.
Ўзбекистон ёшлар мамлакати сифатида эътироф этиб келинади. Бу бежиз эмас. Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Давлатимиз тарихида илк бор “Ёшлар куни” нишонлана бошлагани ҳам тенгдошларимиз учун ўзига хос қувончли байрам бўлиш билан бирга, уларни янги марраларга чорловчи, жонажон ватанимизга садоқатини янада кучайтирувчи беқиёс рағбат ҳамдир.
Юрт келажагини бунёд этишга бел боғлаган, амалга оширилаётган ишларга дахлдорлик ҳиссини туйган, фидойи ва ижодкор ёшларимизни рағбатлантириш мақсадида “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди. Йигитларимиз қалбида ватанпарварлик туйғусини янада юксалтириш, уларда мардлик, жасорат, садоқат каби фазилатларни шакллантириш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти таъсис этилгани ҳам ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг амалий кўриниши, десам муболаға бўлмайди.
Юксак интеллектуал салоҳиятли, китобга ошно, билимли авлодни вояга етказиш мақсадида “Ёш китобхон” кўрик-танлови ташкил этилди ва республикамиз бўйлаб энг оммалашган танловга айланди. Шунингдек, ёшлар бизнес ташаббуслари, ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотлар бизга ҳар жиҳатдан фаол ва ташаббус кўрсатиб ишлаш имконини бермоқда.
Тўққиз ёшимдан буён скрипкага қизиқаман. Бир неча бор Марказий Осиё ва Европа давлатларида ўтган халқаро кўрик-танловлар ғолиби бўлдим. 2021 йилда санъат йўналишида Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланиб, Ўзбекистон давлат консерваториясига имтиёзли асосда ўқишга қабул қилиндим.
Мақсадим, ўзбек мусиқа санъати анъаналарига содиқ қолган ҳолда, янги куй-қўшиқлар яратиш асносида миллий мусиқа дурдоналаримизни дунёга кўз-кўз қилиш. Бугунги сайловдаги танловим бу борада ўзига хос имкониятлар яратишига ишонаман.
ШИФОХОНАДА БЎЛСАК ҲАМ ОВОЗ БЕРДИК
Гулбаҳор ЖЎРАЕВА, Наманган тумани “Хонобод” МФЙ фуқароси:
– Икки ўғлим бор. Ўзим туман тиббиёт бирлашмасининг хирургия бўлимида фаррош бўлиб ишлайман. Шу боис, тиббиёт соҳасидаги катта ижобий ўзгаришларга шахсан гувоҳман.
Ўтган йили шифокорга соғлигимдан шикоят билан келганимда сурункали буйрак етишмовчилиги ва камқонлик деб ташхис қўйишди ва дарҳол муолажани бошлашди. Вақти-вақти билан мутахассислар кўригига учраб турибман. Худо хоҳласа, шифокорлар тавсияларига қатъий риоя қилиб тузалиб кетишимга умидим, ишончим баланд. Ҳукуматимиз ғамхўрлиги учун раҳмат, бепул дори-дармон билан таъминлаб турибди.
Режали даволанишим сайлов кунига тўғри келди. Шифохона яқинида 41-сайлов участкаси жойлашган экан. Шу сайлов участкаси масъуллари бизга ҳам сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиш учун имконият яратиб берди. Сайлов куни 225 бемор сайлаш ҳуқуқидан фойдаландик.
Сайловда ўз танловим билан қатнашганимдан хурсандман. Шифокорлар қадрини кўтарадиган, биздек беморлар тезроқ соғайиши учун ҳар тарафлама ғамхўрлик кўрсатадиган муносиб номзодга овоз бердим.
Илоҳим, юртимизда доимо байрамлар, тўйлар бўлсин. Ҳеч кимнинг ширин жони оғримасин, асло дардга чалинмасин, хонадонига қайғу йўламасин!
Ўз мухбирларимиз