Бу ташаббус, аввало, ёшларнинг келажакка ишончини мустаҳкамлаш, мамлакат иқтисодиётига янги куч-қувват бериш демакдир.
Шаҳрисабз давлат педагогика институтида ҳар йили юзлаб ёшлар турли йўналишда таълим олиб, орттирган билим ва кўникмасини амалиётга татбиқ этиб келмоқда. Хусусан, 2024/2025 ўқув йилида институтимизни 2021 талаба тамомлади. Битирувчиларнинг 1613 нафари хотин-қизлар бўлиб, 159 нафари ҳозир бола парвариши ва туғуруқ таътилида.
2024/2025 ўқув йилида битирувчиларимиз орасида иш билан таъминланганлар сони сезиларли даражада ортди. Жумладан, 1170 йигит-қиз ўз йўналиши бўйича иш бошлади. Уларнинг кўпи мутахассислиги доирасида таълим-тарбия, илм-фан ва бошқа соҳаларда меҳнат қилмоқда.
Ёш мутахассисларнинг аксарияти мактаблар, лицей ва коллежлар, таълим марказлари, маданият муассасалари каби муҳим масканларда фаолиятини бошлаган бўлса, бир қисми хусусий сектор ва олий таълим тизимида ўрнини топган. 82 битирувчимиз билимини ошириш мақсадида магистратура босқичида таълимни давом эттирмоқчи ёки иккинчи мутахассислик бўйича ўқимоқчи.
Бу кўрсаткич мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, таълим-тарбия тизимидаги изчил ислоҳотларнинг амалий самарасидан далолат беради. Айниқса, олий таълим муассасалари билан иш берувчи ташкилотлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик, меҳнат ярмаркалари мунтазам ташкил этилиши, амалиёт базалари кенгайтирилиши битирувчилар бандлигини таъминлашда ғоят муҳим.
Таълим тизимидаги ислоҳотлар, жумладан, олий таълим муассасалари билан меҳнат бозори ўртасидаги ҳамкорлик, битирувчиларни касбий фаолиятга тайёрлаш, бандлигини таъминлашда катта ўрин тутмоқда. Институтимизда ушбу йўналишда ҳам салмоқли ишлар қилинмоқда. Иш берувчилар билан учрашувлар, семинарлар ташкил этилиши, амалиёт базаларини кенгайтириш, маҳаллий ҳамда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани, меҳнат ярмаркаларини ўтказиш каби ташаббуслар туфайли битирувчилар ўз йўналиши бўйича иш топиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса ёшларнинг нафақат касбий тайёргарлигини ошириш, балки иш билан таъминланиш даражасини сезиларли даражада яхшилашга хизмат қиляпти.
Институтда ўтказилган “карьера кунлари” меҳнат ярмаркаларида Қашқадарё вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, хусусий ўқув марказлари ҳамда турли ташкилотлар бўш иш ўринлари тақдимотини ўтказди. Меҳнат ярмаркаларида 92 битирувчи билан ишга жойлаштириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Президентимизнинг 2025 йил 14 февралдаги “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёшларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлашда дастуруламал бўляпти. Ушбу қарор ёшларга нафақат иш ўринлари очиш, балки уларни меҳнатга йўналтириш, касбий жиҳатдан шаклланишини қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашмоқда.
Қарорнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, у битирувчилар учун меҳнат бозорига кириш жараёнини соддалаштириб, янги имконият ва истиқболларни юзага чиқармоқда. Шу асосда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳамкорлигида “Келажакка қадам” дастури амалга оширилмоқда. Мазкур дастур ёшларнинг билим ва салоҳиятини юзага чиқариш, орзуларини амалга оширишга хизмат қилмоқда.
“Келажакка қадам” дастури доирасида ёшлар малакали мутахассислардан маслаҳат олиб, турли соҳа бўйича амалий кўникмасини ошириш имконига эга бўлади. Дастур битирувчиларнинг иш билан таъминланишини рағбатлантириш баробарида тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, стартап лойиҳаларини амалга ошириш ва инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишда қўллаб-қувватлайди.
Шу билан бирга, лойиҳа ёшлар орасида ижтимоий фаолликни ошириш, ўзини англаш ва шахсий ривожланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Битирувчилар нафақат меҳнат бозорида рақобатбардош кадр сифатида шаклланади, балки уларнинг мустақил фикрлаш ва инновацион қарорлар қабул қилиш қобилияти ҳам ривожланади. Амалга оширилаётган ушбу дастур ёшлар учун амалий тажриба орттириш имкониятларини яратиб, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда.
Жорий йил 24 март куни Шаҳрисабз давлат педагогика институти ва “Келажакка қадам” маркази ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамловчи меморандум имзоланди. Лойиҳа доирасида олий таълим муассасасининг битирувчи курс талабалари билан учрашувлар ўтказилиб, турли йўналишларда қисқа муддатли курслар тақдим этилди. Курслар назарий билим билан амалий кўникмаларни уйғунлаштирган ҳолда ташкил этилди. Бу эса талабаларнинг келажакдаги касбий фаолиятида мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтамоқда.
“Келажакка қадам” маркази ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаш ва амалиётда қўллаш имкониятини кенгайтириб, меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар сифатида шаклланишига ҳисса қўшмоқда. Бу ташаббус битирувчиларни нафақат малака ошириш, балки тадбиркорлик ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишга ҳам ундайди, мустақил ҳаётга қадам қўйишини рағбатлантиради.
Ҳозирга қадар институтимизнинг 32 битирувчиси инновацион бизнес ғоялари билан марказга мурожаат қилган. Улардан 20 нафарининг лойиҳаси молиялаштирилишга лойиқ, деб топилди ҳамда 4 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилди.
Ушбу ташаббус битирувчиларни иш билан таъминлаш имконини яратиш баробарида, ҳудуд иқтисодиёти ва меҳнат бозорига ҳам сезиларли ҳисса қўшди. Молиялаштирилган лойиҳалар орқали 47 та янги иш ўрни очилди. Бу эса ёшлар тадбиркорлиги ривожланиши ҳамда маҳаллий ижтимоий-иқтисодий фаоллик ошишига хизмат қилмоқда.
Мазкур ташаббус натижасида битирувчилар мустақил иш бошлаш, ўз ҳудудида иш ўринлари яратиш ва иқтисодий фаолликни оширишга ҳам ҳисса қўшмоқда. Шу тариқа “Келажакка қадам” дастури амалий кўникма, тадбиркорлик тажрибаси ва молиявий имкониятни бирлаштирган ҳолда ёшларнинг келажакдаги муваффақиятли фаолиятини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, марказ ҳузурида фаолият юритаётган бизнес инкубаторлар йигит-қизларнинг инновацион ғояларини рағбатлантиради ва уларни бозор шароитида самарали иш юритишга тайёрлайди. Мутахассислар иқтисодий таҳлил, солиқ ва ҳуқуққа оид масалалар ҳамда бизнес бошқаруви бўйича фойдали маслаҳатлар бериб, ёшларнинг лойиҳалари самарали амалга оширилишини таъминламоқда.
Натижада марказ фақат фаолиятга йўналтириб қолмай, ёшларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш учун қулай имконият яратади. Айниқса, маҳаллий шароитга мос бизнес моделларини ишлаб чиқиш ва иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган лойиҳалар марказнинг устувор йўналишларидир.
Бугун шундай марказларнинг имкониятидан фойдаланган ҳолда ёшлар ўз бизнесини бошлаш, янги иш ўринлари очиш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиш имкониятига эга. Бу эса уларнинг келажакдаги муваффақиятли фаолияти ва тадбиркорлик салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ёш авлод таълим-тарбия, илм-фан ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳасида жамият тараққиёти учун ҳал қилувчи кучдир. Йигит-қизларнинг билимли, маънавиятли ва ташаббускор бўлиб вояга етиши келажагимизнинг муҳим кафолати. Шаҳрисабз давлат педагогика институти битирувчилари бугун ҳаётнинг турли жабҳасида фаолият юритиб, билим ва салоҳиятини амалиётда намоён этмоқда. “Келажакка қадам” каби дастурлар эса ёшларнинг нафақат иш билан таъминланишига, балки касбий ва шахсий ривожланишига кенг йўл очмоқда.
Жамшид ШОНАЗАРОВ,
фалсафа фанлари номзоди, доцент