Айтиш жоизки, Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида бир қатор долзарб ташаббуслар илгари сурилган, юртдошларимиз фикрлари эшитилиб, уларни ўйлантириб келаётган масалалар эътиборга олинган эди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидан ана шу ташаббуслар, халқимиз билдирган таклифлар инобатга олинган ҳолда етти йилга мўлжалланган чора-тадбирлар ўрин олган.
Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Конституциямиз асосида ҳам қонунчиликка кўплаб концептуал ўзгаришлар киритилди. Табиийки, буларнинг барчаси Тараққиёт стратегиясидаги мақсадларга ҳам аниқликлар, тузатишлар киритишни тақозо этди. Яна бир жиҳат шундаки, аслида 2026 йилга қадар белгиланган асосий мақсадлар ўзгармайди, фақат унга қўшимча равишда қатор муҳим вазифалар белгиланмоқда.
Энди бевосита “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида таклиф этилаётган вазифаларга тўхталсак. Стратегия 5 йўналишни кўзда тутган. Биринчи йўналиш “ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш”га қаратилган бўлиб, бу борадаги муҳим масалалар назарда тутилмоқда. Мисол учун, умумий ўрта таълим тизимида жорий йилдан бошлаб ҳар йили 500 минг янги қувват ташкил этиш кўзланмоқда. Бунинг натижасида келгуси етти йилда 3,5 миллион ўқувчи ўрни яратилади. Мактабгача таълим қамровини 100 фоизга, олий таълим қамровини камида 50 фоизга етказиш каби муҳим мақсадлар белгиланган. Энг асосийси, ушбу стратегия доирасида таълим соҳасига эътибор энг бирламчи масала сифатида кўрилмоқда.
Инсон капиталини ривожлантиришга доир ислоҳотлар жараёнида тиббиётни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу соҳада 700 та поликлиника барпо этиш, 28 минг шифо ўрни яратиш, 16 минг шифокор штати ташкил этиш таклиф этилмоқда. Туғруқ ўринлари сонини 35 фоиз ошириш назарда тутилмоқда.
Биринчи йўналишда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс вазифалар ҳам қайд этилган. Мисол учун, ногиронлиги бўлган муҳтож шахсларни сифатли ва замонавий протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш даражасини 100 фоизга етказиш белгиланган. Ёшларнинг замонавий касблар билан машғул бўлишини таъминлаш учун ҳар бир вилоятда 1 тадан “Креатив парк” очиш, уларга йилига камида 40 минг ёшни жалб қилинади. Умуман олганда, биринчи йўналишда халқимиз учун ўз имкониятларидан самарали фойдаланишга кўмаклашувчи яхлит тизим шакллантириш мақсад қилинган.
Иккинчи йўналишда барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш масалаларида қатор таклифлар илгари сурилган. Хуусан, келгуси етти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш режалаштирилган. Ўтган йили илк бор мамлакатимиз ЯИМ ҳажми 80 миллиард долларлик маррага етган эди. 2030 йилгача ушбу кўрсаткични 2 баробар ошириш белгиланмоқда. Қолаверса, инфляция даражаси 5-6 фоиздан ошмаслигини таъминлаш, кредит фоизларини 10-12 фоизгача тушириш, камида 3 та тижорат банкида ислом молияси мезон ва тартибларини жорий этиш, жамоат транспортини тўлиқ экологик тоза ёқилғига ўтказиш, 56 минг километр йўл қуриш ва таъмирлаш, 17 турдаги давлат монополиясини бекор қилиш каби муҳим иқтисодий масалалар юқоридаги маррага етиш учун муҳим ҳисобланади.
Келтирилган мисоллар стратегияда белгиланган иқтисодий мақсадларнинг бир қисми, холос. Бундан ташқари, саноат, туризм, қурилиш, энергетикани ривожлантириш масалаларида ҳам қатор чоралар назарда тутилмоқда. Ҳеч бир иқтисодий кўрсаткични бошқасидан устун ёки аҳамияти пастроқ, деб бўлмайди. Ҳар бир мақсад чуқур ўйланган ва бир-бирини тўлдиради.
Шу ўринда аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига алоҳида тўхталмоқчиман. Чунки ўтган йилларда юртимизда рекорд даражада янги уй-жойлар қурилди. Буларнинг барчаси иқтисодий ўсишда муҳим аҳамият касб этди. Бу ислоҳотлар жадаллигини таъминлаш мақсадида стратегия доирасида жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган янги уй-жойлар учун тўланган қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизини тўлаб бериш таклиф этилди. Ўйлайманки, бу омил ҳам халқимиз ватан ичра кичик ватанига эга бўлишида муҳим роль ўйнайди.
Учинчи – сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида ҳам долзарб мақсадлар режалаштирилган. Экология ва сув танқислиги муаммолари бугун ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, бу муаммолар стратегияда алоҳида йўналишда акс эттирилмоқда. Жумладан, сув ишлатиш самарадорлигини 25 фоиз ошириш, барча экин майдонларини тўлиқ сув тежайдиган технологияларга, ички суғориш тармоқларининг 50 фоизини ёпиқ қувурли суғориш тизимларига ўтказиш, йирик насос станцияларини давлат-хусусий шериклигига бериш мақсади белгиланган. Шунингдек, ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиб бориш ва республикада яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, бюджет маблағлари ҳисобидан экиладиган ҳар бир дарахтни парвариш қилиш ва суғориш тизимини яратиш каби чора-тадбирлар назарда тутилган.
Яна бир муҳим масала. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари билан қамраб олиш даражасини 100 фоизга, чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 65 фоизга ошириш ҳам алоҳида мақсадлар қаторидан ўрин олган. Умуман, мазкур йўналиш кенг жамоатчилик фикри асосида шакллантирилди, десак муболаға бўлмайди. Чунки экологик муаммолар йил сайин чуқурлашиб бормоқда.
Тўртинчи йўналиш қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишни назарда тутади. Мазкур йўналишда ҳам фундаментал ислоҳотлар таклиф этилмоқда. Уларнинг муҳимлиги шундаки, халқимизга тўғридан-тўғри бошқарув қарорларини қабул қилиш имконини бериш, бошқарувни номарказлаштириш каби масалалар назарда тутилган. Масалан, энг муваффақиятли лойиҳалар қаторида бўлган ташаббусли бюджетлаштириш учун ажратиладиган маблағ ҳажмини 24 триллион сўмга етказиш белгиланган.
Маҳалла маблағларини аҳоли овозига кўра инфратузилма лойиҳаларига йўналтириш амалиётини жорий қилиб, муаммоларни ҳал этиш учун ажратиладиган маблағ миқдорини камида 3 баробар кўпайтириш таклиф этилмоқда. Маҳаллий ижро ҳокимияти органларини демократик тамойиллар асосида шакллантириш, шу жумладан, ҳокимларни сайлаш тизимини жорий этиш ва уларни муддатидан олдин лавозимидан озод этишнинг ҳуқуқий асослари яратилади. Лицензиялаш ва рухсат бериш ҳужжатлари камида 20 фоиз қисқартирилиб, 50 фоизи соддалаштирилади.
Бешинчи йўналиш, яъни халқимизнинг хавфсизлиги ва тинчликсевар сиёсат юритишга оид масалаларда ватандошлар томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмалари фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш ва улар сонини 300 тага етказиш, миллий маданий марказларни қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган маблағ миқдорини 2 баробар ошириш, соҳада илмий тадқиқот ва инновацион лойиҳалар сонини 4 баробар кўпайтириш каби мақсадларни алоҳида қайд этиш жоиз.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини батафсил ўрганиб чиқиш ва бу муҳокамада фаол иштирок этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Зеро, мазкур ҳужжат эртанги тараққиётимизнинг муҳим пойдевори бўлиб, эзгу мақсадларимизга эришиш йўлида дастуруламал ҳужжатдир.
Бобур БЕКМУРОДОВ,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси