“...Бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ”. Унинг ҳар бир сатри мана шундай ёниқ эди, дардли эди, юкли эди. Унинг ёзган ҳар бир сўзи юзта сўзнинг ўрнини босади. У оддий сўзларни айтмади. У шеърларида “Ватан”, “Халқ”, “Жасорат”, “Кураш”, “Озодлик” сингари олов сўзларни куйлади. Куйлаганда ҳам ёниб куйлади, куйиб куйлади.

“Ҳар бир сўз етажак юзта умримга”. Шоир таваллудининг 70 йиллигига бағишланган кеча шундай номланди. Бугун шеърлари орқали миллатни уйғотмоқчи бўлган шоир – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шавкат Раҳмон хотирланди. Фойеда шоирнинг юраги уриб турган китоблари токчаларга терилди, бургутники мисол нигоҳлари акс этган суратлари деворларга осилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг катта тадбирлар зали, пандемияга қарамай, тингловчиларга тўлди.

Кечада Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим шоир билан боғлиқ хотираларини ёдга олди. Унинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги жўяли, ўринли таклифларини билдирди:

“Шавкатдан бир жилдгина китоб қолди. Аммо унинг шеърларини бошқачаям қилиб нашр қилиш керак. Таржималарини ҳам жилдликларга қўшса бўлади. Шоирларнинг таржимаси муаллифлик ишиям саналади. Чунки унда шеър қайта яратилади. Таржимон ёзувчини таржима қилганда унинг қулига айланса, шоир шоирни таржима қилганда унинг рақиби бўлади. Мана шу рақибликда Шавкатнинг ютиб чиққан жойлари жуда кўп. Гарсиа Лоркани, испан шеъриятини ўзбек ўқувчиларига у таништирди”.

Педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдош сўзга чиқар экан, шоирнинг шеъриятини чуқур ва нозик таҳлил қилиб берди. Йиғилганлар бу нутқни тинглар экан, адабиётшуносни бир неча бор қарсаклар билан олқишлади. У қисқа яшаб ўтган Шавкат Раҳмон умрини очунни ёритган шамга қиёслади:

“Шавкат Раҳмон шеъриятидаги ҳолатни, поэтик руҳни, юкни кўриб, ўйлайманки, шоирнинг ўзи ҳам шеърдан бошқа тил билан уни тушунтириб беролмасди. Ўшандай дард билан туғилган эди унинг шеърлари. Шеъриятимиз минглаб йиллик тажрибага эга ва ниҳоятда силлиқ, оҳангдор. Шавкат Раҳмон оҳангдор ёзмас эди. Унинг шеърларида одам тез-тез тўхтаб, қоқилиб туради. У тўқ қофиядан деярли фойдаланмаган. У ҳамиша оч қофия билан ёзарди. Буни у атай қилган бўлса керак деб ўйлайман. Чунки тўқ қофия одамни оҳанг билан аллалаб қўяди. Натижада шоир шеърга юклаган залворни ўқирман мусиқа оҳангида пайқамай, алданиб қолади. Шавкат эса у ерга дардни юклар эди. У сўз изламасди, дард изларди. Ўша дардни ёмби қилиб, дарднинг даражасини бера оладиган сўзларни қўярди. Оҳангдош сўзларни эмас, оҳангдош тўйғуларни излаб юрарди. Оҳангдош мантиқни изларди. Шунинг учун Шавкат Раҳмон шеърларини ўқиб, роҳат қилиб бўлмайди. Шавкат Раҳмондай дард билан ёзган одамнинг узоқ яшаши мумкин эмас эди. У ёниб турган шам эди. Шам қачондир ёниб тугаши керак эди. Унинг шами тугади. У ўзини ёқиб тугатди... Бундан унга нима манфаат бор эди? У бизни уйғотмоқчи бўлди. У миллатни излади, туркни излади, ўзбекни излади... Шавкатдай шоирни эслаш унга эмас, бизга керак. Биз учун, бизни ўйлаб, бизни деб ўтган одамни танимоқ, сирли дафтарининг варақларини очиб ўқимоқ бизга керакдир”.

Кечада сўзга чиққан ҳар бир инсон Шавкат Раҳмоннинг гоҳ ижоди, гоҳ ҳаёти ҳақидаги ҳайратланарли ҳолатларни сўзлади. Табиийки, йиғилганлар руҳиятига айтилган сўзларнинг юки кўчиб ўтди.

– “Зулфиқор руҳ” билан 46 йил яшаган мардона шоир Шавкат Раҳмон 25 асрлик шеърият хирмонига ўзининг мўъжаз, аммо залворли улушини қўша олди, – дейди   Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шодмонқул Салом. – Унинг шеъри нурли нуқталарда бино бўлиб, ақлни шоширувчи сир ва ижодий очиқ юзлилик билан юраклар мулкига айланди, юқумли бўлди. Унинг ёвқур руҳияти бизга шу шеърлар орқали таниш ва қадрдондир.

Шавкат Раҳмон шеъри – ички тартибот, қатъий интизом, аниқ симметрия асосида пишиқ қурилган, илдизи миллат илдизига туташган сўзларни, мийиғида жилва этган аччиқ изтеҳзоларни, муросасиз, бешафқат айтимларни ўзига сиғдирган тирик сўзлар шеъридир.

Шавкат Раҳмон шеъри – ранглар тўқнашувидан илҳом олиб камалак бичаётган хаёл париларининг сўзонлари, азим тоғлар хўрсиниқлари, шовурига Сулаймон девлари-да сано айтаётган улуғ ва мукаррам дарёларнинг ўзанлари, жасур нигоҳлар-у ўткир тиғларда орияти ярқираган вужуд ва руҳ курашидан барпо бўлган нидолар, гурролар шеъри.

Шавкат Раҳмон шеъри – тириклик ва тирикчилик тарҳу фарқи оша тийрак боқаётган нигоҳларга аталган, ҳақиқат ҳақида ёниб, мижмардаги чўғдай яллиғланиб турган эзгу, курашчан, юртпарвар, одамий қалблар шеъри.
“Шеър ўзича туғилишни истайди, сен эса унга кўмак бермоқчи бўласан”, дейди испан шоири Хуан Рамон Хименес. Шавкат Раҳмон шеъри – одатий, кўникилган назмий қолиплардан холи ва тилга андак малол ҳолатлари биланда табиий туғилган, кенгликлардан келган эркинлик шеъри.

Руҳимни дунёга қўшиб ўстирдим,
Энди табиатнинг доно тошиман.
Қаландар шамол ҳам суйган дўстимдир,
Ҳар бир чумолининг қариндошиман...Конец формы

Инсон умри қанча яшагани билан эмас, қандай яшагани билан ўлчанади. Гарчи қирқ олти йил умр кўрган бўлса-да, Шавкат Раҳмоннинг ёзганлари ҳали асрларга татийди, ўзбек, туркий адабиётда олтин бўлиб ёниб туради. Унинг ёруғлиги узоқ-узоқ манзилларни ёритади. У бўйи баравар китоб ёзмади, аммо миллат дардларини қоғозга кўчира олди, миллат қалбининг таржимонига айланди. Назаримда, ҳар бир шоир Шавкат Раҳмондай яшаши керак. Шавкат Раҳмондай дунёни ёритиши керак. Шавкат Раҳмондай халқини яхши кўриши керак. Ўшанда улар Ватан ва Миллат олдидаги вазифасини ҳалол уддалай олади.

Фозил Фарҳод,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг матбуот котиби