Эркинлик ва фаровонлик ғояси халқни бирлаштиради, эзгу мақсадларга даъват этади. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори билан эркинлик ва фаровон яшаш ғояси шиор сифатида танланганида ҳам чуқур маъно-мазмун мужассам.
Айтиш керакки, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Одамлар келажакда эмас, бугун бахтли яшаши керак” деган ғоя ва қарийб беш йил давомида ушбу эзгу ташаббусни амалда рўёбга чиқариш борасида кечаётган улкан ислоҳотлар жамиятимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда муҳим асос бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси билан мамлакатимиз демократик тараққиёт йўлидан дадил илдамлаб бораётир. Президентимиз ташаббуси асосида халқ билан бамаслаҳат ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсади ҳам халқимизни том маънода бахтли қилишдан иборат эканини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида давлат ва жамиятда кечаётган кучли модернизация жараёни барча соҳада юксалиш тўлқинини юзага келтирди. Бу дунё ҳамжамиятининг ҳам кенг эътирофига сазовор бўлаётгани халқимизни янада руҳлантириб, барчамизни янги марралар, улкан мақсадлар сари ундамоқда.
Муҳими шундаки, бугунги ҳаётимиздаги тарихий ўзгаришлардан, энг аввало, халқимиз баҳраманд бўлмоқда. Одамларнинг ҳаёти ва кундалик турмуш шароити яхшиланиб, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланиб бормоқда. Ўз вақтида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг тегишли сўровномасида иштирокчиларнинг 83,5 фоизи, яъни аксарияти Ҳаракатлар стратегиясини ўз вақтида қабул қилинган ҳужжат, деб ҳисоблашини билдирган эди.
Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши давлат ва жамият ривожланишида, том маънода янги Ўзбекистон бунёд этилишида бешта таянч устун вазифасини ўтамоқда. Охирги йилларда ана шу муҳим таянчларни мустаҳкамлаш бўйича улкан, стратегик ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Биринчидан, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, “электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш йўналишидаги туб ўзгаришларни халқимиз ўз ҳаётида сезмоқда.
Иккинчидан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш юзасидан катта ютуқларга эришилди.
Учинчидан, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, фуқароларнинг иқтисодий фаол бўлишга интилишини изчил қўллаб-қувватлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги вазифалар ижроси амалий натижаларда кўринмоқда.
Тўртинчидан, ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши бўйича аҳоли бандлиги ва реал даромадларини узлуксиз ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, таълим, маданият, илм-фан, санъат ва спорт соҳаларини замон талаби даражасида юксалтириш учун катта ресурслар йўналтирилмоқда.
Бешинчидан, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик таъминланмоқда, ўзаро манфаатли ташқи сиёсат юритилмоқда, аҳил қўшничилик муҳити юзага келиб, шахс эркинлигига интилиш бўйича Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи мустаҳкамланмоқда.
Шу ўринда стратегияга мувофиқ биргина ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлардан айрим мисолларни келтириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Парламентда узоқ муҳокамалардан сўнг қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун ижтимоий соҳанинг алоҳида муҳим йўналишини янги даражага кўтариб, тизимлаштиришда катта аҳамият касб этади. Бу қонун ижтимоий ҳимояга муҳтож 700 минг нафардан ортиқ юртдошимизнинг ҳуқуқи ва манфаатлари ҳимояланишига хизмат қилади.
2020 йилда қабул қилинган яна бир муҳим ҳужжат “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонундир. Мазкур қонунда бугунги меҳнат бозори талаблари ҳисобга олинган, янги тушунча ва меъёрлар киритилган, фуқаро ҳамда ходимларга кўплаб имкониятлар, иш берувчига эса имтиёзлар яратилган, тўғридан-тўғри амал қилувчи меъёрлар акс этган.
Бундан ташқари, жорий йилда “Таълим тўғрисида”ги, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Оила ва Меҳнат кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга аҳолининг алоҳида заиф қатламларининг ижтимоий ҳимояси даражасини ошириш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, партиямиз электорати манфаатларини таъминлаш бўйича амалий жиҳатдан ҳам тизимли ишлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Айниқса, коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазият мазкур йўналишдаги ишлар аҳамиятини янада оширди. Бу йил ижтимоий нафақа билан таъминланадиган аҳоли сони қарийб 1,5 баробар кўпайди. Йил якунига қадар уларнинг сони 774 мингдан 1 миллион 200 минг нафарга етказилиши белгиланди. Ижтимоий ҳимоя бўйича ягона реестр тизими босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.
Муҳофазага муҳтож қатлам билан манзилли ишлаш мақсадида “темир дафтар”, аёллар ва ёшлар учун алоҳида-алоҳида дафтарлар юритилиб, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш долзарб вазифа сифатида белгиланди.
Юртимизда демократик ислоҳотлар мазмун ва аҳамиятига кўра бутунлай янги босқичга кўтарилмоқда. Кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, сўз эркинлиги тамойиллари таъминланмоқда. Парламентнинг, сиёсий партияларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун сайловолди дастурида белгиланган ғояларни илгари суриш, электорат манфаатлари нуқтаи назаридан қонунчиликни такомиллаштириш, дастурий устувор йўналишлари бўйича ҳукумат, мутасадди ташкилотлар олдига масалалар қўйиш борасидаги ҳуқуқлари амалга ошмоқда.
“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида 2019 йилда парламентнинг қуйи палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтган сайловдан кейин вакиллик ҳокимияти имкониятлари, ваколатлари кенгайди. Қонунчиликка жуда муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу йил илк марта бутун ҳукумат таркиби, барча вазирлик ва республика идоралари раҳбарлигига номзодлар парламент тасдиғидан ўтиши бўйича амалиёт жорий этилди. Депутатлар, сиёсий партиялар фракциялари стратегик йўналиш ва вазифалар бўйича номзодларнинг позицияси, фикр-мулоҳазаларини билиш имкониятига эга бўлди, ўз саволларига жавоб олиб, таклифларини ҳам билдирди. Ўйлаймизки, бу амалиёт ҳали ривожланишда давом этади.
Президентимиз депутатлар, халқ вакиллари билан бамаслаҳат иш тутиш, уларнинг таклифларини тинглаб, қўллаб-қувватлаш бўйича республика ва маҳаллий даражадаги раҳбарларга алоҳида ибрат кўрсатмоқда. Бу маҳаллий кенгашлар фаолиятига илғор демократик тамойиллар жорий этилиши, депутатлар орқали маҳаллий ҳокимликлар ва ўша ҳудудлардаги аҳоли ўртасида амалий мулоқот, қайта алоқа муҳити юзага келишида долзарб аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Буларнинг барчаси “давлат халқ учун хизмат қилиши шарт” деган стратегик вазифа рўёбга чиқишига асос бўлади.
Қайд этиш лозимки, 2020 йил мураккаб синовларни енгиб ўтиш билан бирга Ўзбекистон давлатчилигига илғор демократик тажриба, тартиб-таомилларни жорий этиш йили ҳам бўлиб тарихда қолмоқда.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллик тантаналари олдидан илгари сурилган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси жамиятнинг барча қатламлари ўртасида ҳамжиҳатлик, хайрихоҳлик муҳитини кучайтирмоқда. Шуларга таяниб, кириб келаётган 2021 йил халқимизнинг қўллаб-қувватлаши, эзгу ниятлари билан янада унумли ва баракали йил бўлишига ишонамиз.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари