Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, назарий ва амалий имтиҳонлардан ўта олмаган фуқароларга автомактаблар яқинида фаолият юритувчи турли шахслар томонидан пул эвазига, имтиҳон топширмасдан, сохта ҳужжатлар асосида ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб берилган.

Тергов маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини икки хил усулда расмийлаштирган.

Биринчи ҳолатда жиноий гуруҳнинг мижоз топиш билан шуғулланувчи вакиллари фуқаролардан 500–1000 АҚШ доллари миқдорида пул олиб, эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини қўлбола усулда тайёрлашган. Кейинчалик туман Давлат хизматлари маркази ходимига пора бериш орқали ушбу қалбаки ҳужжатлар асосида янги турдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштирилган.

Иккинчи ҳолатда эса фуқаролардан 10 минг АҚШ долларигача маблағ олиб, уларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд эканлиги ҳақида ҳудудий ЙҲҲБлар номидан сохта маълумотномалар тайёрланган ҳамда қалбаки QR-кодлар билан тасдиқланган. Ушбу ҳужжатлар асосида Давлат хизматлари марказлари орқали янги турдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари олинган.

Иккала ҳолатда ҳам фуқаролар ўзларида муқаддам ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаганини била туриб, уни гўёки йўқотиб қўйгани ҳақида Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилган.

Натижада, 72 нафар фуқаро ҳам ҳужжатларни қалбакилаштириш ва давлат ташкилоти ходимига пора бериш жиноятларига шерик сифатида баҳоланган.

Бундан ташқари, Бош прокуратура томонидан ҳудудларда ўтказилган текширувлар давомида яна 1200 дан ортиқ қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари аниқланган. Жумладан:

  • Тошкент шаҳрида — 440 та,
  • Навоий вилоятида — 265 та,
  • Сурхондарё вилоятида — 205 та,
  • Самарқанд вилоятида — 146 та,
  • Қашқадарё вилоятида — 33 та,
  • Сирдарё вилоятида — 20 та,
  • бошқа вилоятларда — 100 дан ортиқ ҳолат қайд этилди.

Аниқланган барча ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда қалбаки ҳужжатлар асосида олинган ҳайдовчилик гувоҳномалари бекор қилинган. Шунингдек, ҳужжатларни қалбакилаштирган шахслар ҳамда ушбу сохта ҳужжатларни сотиб олган фуқароларга нисбатан жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилмоқда.

Бош прокуратура фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномасини фақат тегишли автомактабларда ўқиб, назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган ҳолдагина қонуний равишда расмийлаштириш мумкинлигини эслатиб, қинғир йўллар орқали ҳужжат олиш жиноий ва моддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.