Менинг тасаввуримда ўтган асрнинг 60-йилларида димиққан ўзбек шеъриятига савқитабиий туйғулар тажассумидан иборат дардчил, ҳиссиётга бой, ботиний эҳтирос алангасию қалбни тебратувчи мусиқийликка уйғун шеърларга ташналик баланд нуқтага чиққанди. Қуллик исканжасида қуруқ баёнчилик кўринишидаги назмга солинган тизмалар халқнинг бадиий савияси ва дидини қуроқлаштирган даврда Абдулла Ориповнинг ўзбек шеърияти осмонида пайдо бўлиши ўзбек халқининг руҳоний ва раббоний оламини эрк эпкинларию ирфон ёғдулари ила ойдинликка йўғрилтирди. Абдураҳим Эркаевнинг таъкидлашича, шоир “адабиётда янги ғоявийбадиий йўналиш очади, унга бадиий мезон беради. Ҳақиқатни ва миллий ўзликни англашни сифат жиҳатдан бир поғона юқорига кўтаради”.

Абдураҳим Эркаев шоирнинг қайси бир шеъри ёки достонларига ёндашишда умумий шарҳлардан чекинади ва асарлар таг заминида яширин полифонияга диққатни қаратади, яъни кўзга кўринмас сўз дуру инжуларидан иборат маънолар махзанини фалсафий-бадиий қарашлари билан янгича талқин этади. Шоирнинг “Ўзбекистонда куз” шеърига муносабатда шундай ёрқин мулоҳазаларга нигоҳимиз тушади.

                                  Шабнам шовуллайди боғлар қўйнида,

                                  Салқин туман ичра бўзарар тонглар.

                                  Қуёшнинг эринчоқ ёғдуларида,

                                  Нафис ялтирайди барги хазонлар.

Шабнамнинг шовуллаши инсон ақлу тасаввурига келмайди. Аммо шоир нозик туйғулар орқали чиройли ифодалашни, боғ узра эсган шамол дарахтларни елпиб, баргларга инган шабнамларни тўкиб юбориш жараёнида “шабнам шовуллаши”га тўғри ташхис қўяди ёхуд иккинчи қатордаги тонгнинг “бўзариши”, учинчи мисрадаги “эринчоқ ёғдулар”, тўртинчидаги “хазонларнинг нафис ялтираши” орқали куз фаслини ҳайратомуз поэтик топилмалар билан инкишоф этганки, бу манзаралар кейинги безовта ҳис-туйғуларга ўтишию контрастлик юзага келиши ечимини топган. Қарангки, табиат манзараси ижтимоий воқелик билан уйғунлашиб, шўро даври қиёфасини ойдинлаштиради. Миллион эгатларга эгилган халқнинг оғир меҳнат остида куз гўзаллигидан бебаҳра яшаётганидан қайғуради.   

Ўзбекистоннинг ҳар бир фасли ўз гўзаллиги ва нафосати билан дунёдаги бошқа кўпгина мамлакатлар фаслидан фарқланишини, ўзининг айрича манзарасига эга эканини шоир рассомона синчилик билан сўз бўёғида ёрқин ва жозибали чиза олган.  А.Эркаев бу ҳолатни “Шеър ватанпарварлик мавзусида ёзилмаган. Аммо табиат фасли ҳақида ҳақиқий асар ёзганда, агар у фақат пейзаждан иборат бўлмаса, қандай қилиб ватан ва халқни четлаб ўтиш мумкин? Ахир ватан — бу табиатнинг она халқинг яшайдиган бир қисми-ку!.. Абдулла Орипов қайси мавзуда ёзмасин, ўй-фикр, матн тагида она Ватани, халқининг ғам-ғуссаси яширин”, дея шарҳлайди.

Одилона баҳо. Шоирнинг “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси” деб бошланувчи шеърида ҳам халқининг эрксизлигидан ўкинч ўтида ёнган, атрофдаги мавжуд нарсадан малол туйган, ҳаттоки найнинг навоси ғамгинлигидан қалби безовталанган шоир орзу-армонларини ўқиймиз. “Барглар орасида беҳол ўйнаётган уйқудаги қизнинг бедор тушлари”дан фалажланган “Эрк қизи”нинг забунлигидан мағлуб баҳодирнинг найзаси мисол маъюс эгилаётган терак учлари манзараси юракни сергаклантиради. Нега баҳор кунларида кузнинг ҳавосини туя ётган шоир ҳолатини англаймиз? Демоқчиманки, 60-йилларданоқ шоир табиат манзаралари орқали ватан, халқи дардини, шўро зулмини, теша тегмаган поэтик топилмалар орқали даврнинг аянчли қисматини санъаткорона таърифлайди.

А.Эркаев атоқли шоир Абдулла Ориповнинг қайси йилда, қайси бир мавзуда ёзилган шеъру достонларини тадқиқ этмасин, бадиий-фалсафий теран мушоҳадалар билан асл ўзаги, мазмун-моҳиятини чуқур маънода ёритиб бера олган.

Тўғриси, “Абдулла Орипов даҳоси” китоби мундарижасидан ўрин олган ҳар бир бўлимга мурожаат қилганингизда шоир ижоди ва ҳаёт йўли тўлақонли очилган. Даҳо шоир истеъдоди ғанимларининг тубан ҳаракатлари, инсонийлик туйғуларидан мосуво қилмишлари ошкора ёритилганки, бу ҳар қандай бўлғуси авлод учун ибрат мактаби бўлиб қолажак.

Қарши давлат университетида профессор Абдураим Эркаевнинг “Абдулла Орипов даҳоси” асари тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда профессорлар Нафас Шодмонов, Бойназар Йўлдошев, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова, вилоят ҳокимининг тил масалалари бўйича маслаҳатчиси Зиёда Аминова, филология фанлари доктори Гулноза Эрназарова ва бошқалар сўзга чиқиб, буюк шоир ҳаёти ва ижодига бўлган эҳтиромини, ҳаяжонли таассуротларини баён этди. 

Ўроз Ҳайдар,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 

Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари.