Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 150 дан ошиқ ёғ-мой корхоналари фаолият юритмоқда. Уларнинг асосий қисми хусусий сектор вакиллари томонидан ташкил этилгани ҳам қувонарли ҳол, албатта.

Бироқ масаланинг яна бир томони борки, ўсимлик ёғи доимий истеъмол қилинадиган маҳсулот бўлгани боис, унинг экологик тозалиги, белгиланган сифат кўрсаткичларига мувофиқлиги аҳоли саломатлигида муҳим ўрин тутади.

Хўш, ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган 150 дан ортиқ корхонанинг ҳаммаси маҳсулот сифати белгиланган талабларга мувофиқ бўлишига эътибор қаратаяптими? Барчасида маҳсулот сифати бирдек кафолатланганми?

Бу борада Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қашқадарё вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида кўплаб қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилмоқда.

Хусусан, айни пайтга қадар мавжуд 150 дан ортиқ та ёғ-мой корхонасининг 65 тасида инспекция ваколати доирасида назорат тадбирлари олиб борилди.

Натижада бир қатор корхоналарда турли кўринишдаги қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Мисол учун, Шаҳрисабз туманидаги “Боқий қуёш”, “Шомухамад Содиқ”, Китоб туманидаги “Халилов Расул” ва Қарши шаҳридаги “Амин соф барака бизнес” оилавий корхоналари мониторинг қилинганида, корхоналарнинг пахта техник чигитини тўлиқ технологик цикл (мағизни янчиш, гидротермик ишлов бериш, экстракциялаш, рафинациялаш, дезодорациялаш ва қадоқлаш цехлари) мавжуд эмаслиги аён бўлди. Бундан кўриндики, ишлаб чиқариш жараёни белгиланган талаблар асосида эмас экан, демак маҳсулотнинг сифатига ҳам кафолат бўлмайди. Шунга қарамай, ушбу корхоналар фаолият кўрсатиб келмоқда ва ишлаб чиқарилган маҳсулотни ички бозорга йўналтираяпти.

Қолаверса, “Боқий қуёш” ҳамда “Халилов Расул” оилавий корхоналарининг омборида ноқонуний тарзда техник чигит сақланаётганлиги аниқланиб, ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қашқадарё вилоят бошқармасига бу ҳақда маълумот киритилди.

Шунингдек, Шаҳрисабз туманидаги “Шомухаммад Содиқ” оилавий корхонаси ҳам тўлиқ технологик цикл билан таъминланганига қарамай, жорий йилнинг январь - февраль ойларида Сурхондарё вилоятидаги “Музробод” пахта тозалаш корхонасидан 55 тонна, Тошкент вилоятидаги “Алимкент” пахта тозалаш корхонасидан 226 тонна пахта чигитини харид қилган.

Текшириш жараёнида мазкур корхона омборида 25 тонна техник чигит, 3,5 тонна қайта ишлашдан олинган пахта ёғи ва 15 тонна кунжара маҳсулоти мавжуд эканлиги аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар ваколат доирасида ҳуқуқий баҳо беришлик учун вилоят прокуратурасига юборилди.

Умумий ҳисобда, аниқланган камчиликлари юзасидан прокуратура органларига 5 та, маъмурий судларга 2 та материал киритилди. Бундан ташқари, ушбу корхоналарга фаолиятини қонун асосида йўлга қўйиш бўйича тегишли огоҳлантиришлар берилди.

Ойбек ҲАКИМОВ,

Ўзагроинспекциянинг Қашқадарё вилоят бошқармаси

катта инспектори