Маълумот ўрнида, янги йилдан республикамиз бўйича 9 минг 309 нафар ҳоким ёрдамчилари иш бошлади ва уларга кўмак бериш учун вазирликлардан 300 нафар раҳбар-ходимлар хизмат сафарига юборилди. Тизимга масъул бўлган Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолияти ташкил этилди.
Шавкат Мирзиёев “Ҳоким ёрдамчилари – Президентнинг маҳалладаги вакиллари ҳисобланади. Уларнинг асосий вазифаси – ўз маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини кўпайтиришдан иборат. Бунинг учун, ҳоким ёрдамчилари ҳар қандай бюрократиядан холи бўлиши, ҳеч қайси ҳоким ёки раҳбар уларни мажлисларга чақирмаслиги, турли ҳисоботлар билан “кўмиб ташламаслиги” лозим. Ҳокимлар улар учун фақат шароит яратиб бериши керак”, дея алоҳида таъкидлаганди.
Таҳлилий руҳда кечган ўша мажлисдан сўнг Наманган вилоятида мазкур жараёнлар билан боғлиқ ташкилий-амалий ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Толибжон Юсупов билан суҳбат уюштирдик.
- Ҳурматли Толибжон Маҳмуджонович, дунёда ўхшаши йўқ маҳалла институтимиз жамиятда долзарб бўғинга айланмоқда. Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда ўрни ва роли кун сайин ошаётган маҳаллалар ичига чуқур кириб боришни эса даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Табиийки, янги тизим махсус тайёргарликни, масъулиятни талаб қилади. Президент томонидан ушбу йўналишга оид зарур масалалар ҳал қилиб ҳам берилди. Энди уни ҳаётга кенг қўллаш, натижадорликка эришиш даркор. Келинг, дастлаб қисқа вақт мобайнида бажарилган ташкилий ишларга тўхталсангиз.
- Аввало, таъкидлаш жоиз, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартириш, республика, вилоят, туман ва шаҳарларда кўрсатиладиган давлат хизматлари ва молиявий қўллаб-қувватлаш инструментлари бевосита маҳалла даражасига туширилди. Ўйлаймизки, бундан аҳоли жуда хурсанд бўлмоқда.
Янги тизимнинг ташкилий ижросига тезкор равишда киришдик. Наманган вилоятида мавжуд 780 та маҳалланинг барчасига малакали иқтисодчи ходимлар республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан суҳбатдан ўтказилди ва ҳоким фармойиши билан ишга қабул қилинди. Жумладан, 1 та республикадан, 115 та вилоятдан, 664 та туман ташкилотларидан иқтисодий билимга, ташкилотчилик қобилиятига эга номзодлар танлаб олинди ва тайинланди. Улар таркибида 37 нафар раҳбар, 77 нафар раҳбар ўринбосари, 413 нафар бўлим бошлиғи, 160 нафар тадбиркор, 64 нафар иқтисодчи МФЙ раиси ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганлар ҳамда 29 нафар раҳбар бўлиб ишлаган собиқ ходимлар бор.
Ҳоким ёрдамчиларини мувофиқлаштириб туриш учун республикадан “Асака” банк раиси Нодирбек Сайдуллаев етакчилигидаги 23 нафар масъул вакил шаҳар ва туманларга бириктирилди. “Маҳаллабай” ишлашнинг вертикал тизимини йўлга қўйиш мақсадида 85 штатдан иборат Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармаси ташкил қилиниб, унга намунали фаолият юритаётган Уйчи тумани ҳокимининг 1-ўринбосари Шокиржон Имомовни раҳбар этиб тайинладик.
Ҳоким ёрдамчиларини лавозимга қўйилгунга қадар ўз фаолиятида зарурий билим ва кўникмаларини ошириш учун ўн беш кун давомида Давлат бошқарув академияси бошчилигида Адлия, Бандлик, Марказий банк, Солиқ ва бошқа вазирликлар вакиллари томонидан семинар-тренинглар ўтказилди. Якуни бўйича тест имтиҳонлари олиниб, муносиб номзодларга сертификатлар топширилди. Қисқа муддатли ўқув курсларида ишни қандай ташкил этиш, хонадонларни ўрганишда, таснифлашда, маҳалланинг ўсиш нуқтасини белгилашда нималарга эътибор қаратиш юзасидан асосий кўникмаларни эгаллашди.
- Мана, 2022 йилнинг биринчи ойи ҳам якунланмоқда. Маҳаллабай ишлаш тизимини самарали йўлга қўйишда ҳоким ёрдамчиси лавозимига тайинланганлар фаолиятларини қандай ишлардан бошлашди? Умуман олганда, жорий йилда мазкур йўналишдаги улуғвор режалар нималардан иборат?
- Янги йилнинг илк кунлариданоқ барча ҳоким ёрдамчилари ҳокимлар, секторлар раҳбарлари ва маҳалла фаолларига тўлиқ таништирилиб, иш-режага мувофиқ намунавий сўровнома асосида хатловлар бошлаб юборилди. Ҳозирда 117,4 мингта (22,1 фоиз) хонадон хатлов қилиниб, ўрганилган хонадонлар иқтисодий-ижтимоий аҳволи бўйича уч тоифага ажратиб чиқилди. 59,7 мингта намунали, 40,1 мингта ўрта, 18,6 мингта эҳтиёжманд хонадон шулар жумласидан.
Хатлов жараёнида жами 27 минг 873 та муаммо аниқланди. Хусусан, ишлаш истагидаги меҳнатга лаёқатли ишсизлар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиш хоҳиши бор хонадонлар; тадбиркорлик билан шуғулланиш ниятидаги оилалар; кредит олиш учун талабгорлар, кооперация ҳамда субсидия асосида ишлаш мақсадида юрганлар, бўш ётган томорқа ер майдонидан бошқа йўналишлар асосида унумли фойдаланмоқчи бўлганлар, чет элда меҳнат қилиш учун кетадиган фуқаролар ва ҳоказо. Қайд этилган кунлик муаммо ва таклифлар 1-чорак “Йўл харитаси”га киритиб борилмоқда. Бунда ҳоким ёрдамчилари бириктирилган маҳаллада 1-чоракнинг ўзида ўттиз фоиз хонадоннинг даромад манбаи аниқланиб, уларга ҳамма имкониятлар (субсидия, кредит, ер ва бошқа манбалар)дан фойдаланилган ҳолда вилоят бўйича 160 минг хонадон қўллаб-қувватланади.
2022 йилда ҳоким ёрдамчилари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 865 млрд. сўмлик кредитлар ажратилиши 1 021 млрд. сўмлик кредитларнинг қайтариши ҳисобига амалга оширилади. Шунингдек, 204 млрд. сўмлик субсидия маблағлари аҳолига тақдим этилади. Мева-сабзавотчиликни ривожлантиришга халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 108 млн. доллар ва 285 млрд. сўм бюджет маблағлари йўналтирилади. 4 минг 439 гектар ер майдони 137 минг ишсиз фуқарога ўн йил муддатга ўртача 10-15 сотихдан ижарага берилади. Ҳисоб-китобларга кўра, шу ер майдонлари вилоят бўйича 631 та МФЙлар ҳудудида бўлган 797 та фермер хўжаликларининг 1 минг 86 та дала контурларидан ажратилади. Ушбу майдонлардан юқори даромад олиш мақсадида 1 минг 323 гектар сабзавот, 669 гектар полиз, 643 гектар картошка, 2 минг 428 гектар дуккакли, 1 минг 266 гектар мойли, 109 гектар шоли экинлари экилади ва ўртача битта хонадон 30-50 млн. сўм даромад топади.
Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун 300 млрд. сўм, етакчи тадбиркорлар учун 110 млрд. сўм, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан 4 млрд. сўм, маҳалла инфратузилмасини яхшилашга 20,8 млрд. сўм, уч турдаги дафтар жамғармаларига 69 млрд. сўм (“Саховат ва кўмак” – 21,2 млрд. сўм, “Аёллар дафтари” – 23,9 млрд. сўм, “Ёшлар дафтари” – 23,9 млрд. сўм) тақсимот қилиб берилди. Вилоятнинг барча маҳаллаларида паррандачилик инкубаторлари ташкил этилади. Айни пайтда 408 та маҳаллада инкубаторлар йилига 1 миллион дона жўжани аҳолига етказиб, тадбиркорлар томонидан яна 332 та маҳаллада янги инкубаторлар очиш режалаштирилди.
Биргина мисол, Косонсой туманида ҳоким ёрдамчилари тавсиясига биноан еттита маҳалла паррандачиликка ихтисослаштирилмоқда. Хонадонларга “Golden Еgg Of Namangan” МЧЖ томонидан юз кунлик парранда бир йиллик ветеринария хизмати билан имтиёзли кредит асосида етказилади ва аҳоли кунлик маҳсулотини тадбиркорнинг ўзига сотади. Қолаверса, 350 та ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланади. Қарабсизки, йилига қўшимча 10,7 млн. дона тухум ишлаб чиқарилиши орқали бир оиланинг йилига ўртача 11,2 млн. сўмгача дорамад олиш манбаси пайдо бўлади. Бундан ташқари, мазкур ҳудудда 420 та иш ўрни яратиш имконияти мавжуд 17 гектар ер майдонида паррандачиликка мўлжалланган кичик саноат зонаси тузилиб, бешта корхона ишга тушди. Ҳоким ёрдамчилари қўшимча 30 та лойиҳа ташаббускорлари билан ҳамкорлиги натижасида жами 35 та корхонада 502 мингта паррандадан 400 минг дона тухум ва 110 тонна гўшт маҳсулотлари олинади.
- Доно халқимизда “Якка отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам, донғи чиқмас”, деган пурмаъно мақол бор. Агар биз ҳамма юмушни фақат ҳоким ёрдамчиларининг ўзига ташлаб қўйсак ёки безовта қилаверсак, айрим жиҳатларда улар қийналишади. Шунинг учун ҳар бир маҳалланинг нуроний отахон-онахонлари, фаоллар, зиёлилар, депутатлар олға сурилаётган қизғин саъй-ҳаракатларга яқиндан кўмаклашишлари керак. Демоқчимизки, янги тизим самараси одамлар турмушида тезроқ акс этиши учун маънавий-маърифий, тарғибот лойиҳалари ҳам назарда тутилганми?
- Албатта, ҳазрат Алишер Навоийнинг “Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами” ҳикматли сўзини доимо эслайман. Сизга ўзини оқлаган бир амалий ташаббусимиз хусусида гапирмоқчиман. Буюк бобокалонимиз Амир Темур ҳар қандай иш бошлашдан илгари олиму фозиллар, устозларнинг фикри, “машварати”га, яъни ўгиту тавсиясига муҳтож бўлган, интилган. Шу маънода, ҳар қайси маҳаллада 15 нафарли “Нуронийлар кенгаши” аъзолари фаолият юритмоқда. Вилоят бўйича жами 11 минг 700 нафар нуронийдан иборат “Фаол кексалар” гуруҳлари қимматли маслаҳатлари билан шахсий ибрат кўрсатмоқдалар.
Сўнгги йилларда имтиёзли кредитлар ажратилиб, уларни қайтаришда аҳолининг тўлаш кайфияти боқимандаликка учрамоқда. “Очга нон берма, дон бер”, нақли бежиз эмас. Бу ўз-ўзидан равшанки, нон берсанг еб қўяди, дон берсанг, аксинча, уни сепиб, бироз маҳсулотли бўлади, рўзғорига барака киради, дегани. Демак, биз ҳам кредит бериб, ҳам уни маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари воситасида қатъий назоратини, “Нуронийлар кенгаши” аъзолари, маҳалла раислари, миллий урф-одат, анъаналаримизни асраб келаётган комиссиялар ва уларнинг аъзолари, ҳудудда жойлашган масжидлар имом-хатиблари, отинойилар, фидойи маънавиятчиларимиз, ҳаёт тажрибасига эга фаоллар, устозларни бириктириш орқали аҳоли ўртасида тарғибот ишларини таъсирчан усулларда жадал амалга оширмоқчимиз. Ахир азалий қадриятларимизда ҳам мурувват кўрсатишда дангаса, ялқов, такасалтанг, боқимандаларга эмас, балки тақдири туфайли тортинчоқлиги, жисмоний заифлиги билан эҳтиёжманд бўлиб қолганлар, ҳақиқий муҳтожларга жиддий эътибор қаратилиши шарт.
Дарвоқе, куни кеча Республика “Асака” банк раиси Нодирбек Сайдуллаев, Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Отабек Усмонов ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шокиржон Имомовлар иштирокидаги ишчи гуруҳ вакиллари ҳоким ёрдамчилари фаолиятини тизимли равишда йўлга қўйиш ҳамда “хонадонбай” ўрганишларнинг суръати юзасидан Янгиқўрғон ва Тўрақўрғон туманларида бўлдилар.
Янгиқўрғоннинг “Қораполвон”, “Янги боғистон” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳоким ёрдамчилари фаолияти кўздан кечирилди. Ҳудудда яшовчи фуқаролар билан мулоқот ўтказилди. Масалан, “Сементал” зотли моллар ва улардан олинаётган даромад, иссиқхонадан унумли фойдаланиш, ҳоким ёрдамчиси чинакамига фуқароларга кўмакчи эканлиги тушунтирилди. Туманда ташкил этилаётган узумчилик кластери билан ҳам танишилди. Мавжуд имкониятлардан фойдаланмаётган, қаровсиз қолган хонадон эгалари ва ҳоким ёрдамчиларига тавсиялар берилди. Тўрақўрғоннинг “Хўжанд” маҳалласида эса 590 та хонадон бўлиб, 410 тасида узумчилик билан шуғулланилади. Иссиқхона, чорвачилик, паррандачилик ҳам ривожланган. Давом этаётган хатловларда аниқланган саноқли ишсизнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилган. Ишчи гуруҳ аъзолари хонадонларга кириб, аҳоли билан суҳбатлашиб, маҳаллани ҳар томонлама ибратга лойиқ эканлигини эътироф этишди.
- Ҳоким ёрдамчиларига муҳим топшириқлар билан бирга қатор ваколатлару имтиёзлар ҳам бериляптики, бу рағбатлар уларни ғайрат-шижоатга ундайди, вазифасини сифатли бажаришига хизмат қилиши аниқ. Юқорида таъкидланганидек, Президентнинг маҳаллалардаги вакиллари мақомига эга ҳоким ёрдамчилари янги иш ўринлари яратиш ва меҳнат балансини мувофиқлаштириш, Давлат дастурлари ижросидаги иштироки нечоғли аҳамиятли?
- Юртбошимиз юксак ишонч билдираётган ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ишчи гуруҳ хулосалари, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда ёритилаётган чиқишлари орқали мунтазам кузатиб турибмиз. Инсонларнинг мурожаатларини дилдан тинглаб, дарду ташвишларини бемалол зиммасига ортиб, мушкулларини осонлаштираётганларнинг амалий ишлари, ташкилотчилиги инобатга олиниши, шубҳасиз. Ҳоким ёрдамчиларининг ҳар қандай ўринли ташаббуси, таклифини сўзсиз қўллаб-қувватлаймиз, барча шароитларни ҳозирлашга тайёрмиз. Халқ розилиги йўлида куну тун камарбаста бўлаётган ҳоким ёрдамчилари вилоятимиз раҳбари Шавкатжон Абдураззоқовнинг шахсан доимий эътиборида ва назоратида.
Ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифасидан яна бири 2022 йилда 159 минг нафар (9,5 фоиз) ишсизликка бўлган талабни тўлиқ таъминлаш бўйича чоралар кўришдир. Маълумот ўрнида, амалда 117 минг ишсизлар, жумладан, доимий ҳамда хориждан қайтган ишсизлар, ҳарбий хизматдан ва жазони ўташ жойларидан муддатини бажариб келганлар, меҳнат қилишга рухсат берилган 2-3-гуруҳ ногиронлари ва бошқалар (МФЙлардаги ишсизлар, корхона-ташкилотлардан ишдан бўшатилган вақтинча ишсизлар) мавжуд. Янги меҳнат бозорига эса 42 минг нафар ишсиз кириб келмоқда. Жумладан, 5 минг 556 нафари олий таълим муассасаларини, 12 минг 210 нафари академик лицей, касб-ҳунар коллежларини ҳамда 29 минг 986 нафари умумтаълим мактабларини битиради. Меҳнат балансига мувофиқ, 2022 йилда вилоятда жами 571 минг нафар доимий ва мавсумий иш ўринлари ҳоким ўринбосарлари ва ташкилот раҳбарлари кесимида тақсимлаб олинди.
Қолаверса, ижтимоий инфратузилма дастурига асосан 1 минг 325 млрд. сўмлик ишлар бажарилиб, шундан 28 та маҳаллада 318 млрд. сўмлик ишлар “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Дастурлари орқали амалга оширилади. Халқ қабулхоналари томонидан 54 та оғир маҳалла аниқланган бўлса, шундан 28 та маҳаллага “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Дастурларидан ташқари қолган 26 та маҳаллани маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмалари учун маблағ йўналтирамиз. Ҳоким ёрдамчилари билан “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этишда елкама-елка туриб ишлаймиз. Хусусан, Поп ва Чуст туманларида 640 та хонадонга эга 32 та кўп қаватли уйлар, 2 та боғча, 2 та тиббиёт муассасалари, хизмат ва савдо шохобчалари ташкил этилади. Олдимиздаги истиқболли режаларимиз, эзгу вазифаларимиз рўёбга чиқишида маҳалланинг суянчию таянчига айланувчи ҳоким ёрдамчиларига куч-қувват тилаймиз. Улар билан биргаликда инсон қадри учун якдил хизмат қилишни янги босқичга кўтаришга бор куч ва салоҳиятимизни сарфлаймиз.
- Мазмунли суҳбатингиз ҳамда таҳлилий маълумотлар билан ўртоқлашганингиз учун Сизга миннатдорлик билдирамиз.

“Янги Ўзбекистон” мухбири
Орифжон ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.