Меҳмонларга дастлаб Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, пахтачиликда кластер тизими жорий этилгани ва бу усулнинг самаралари ҳақида маълумот берилди.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ғояси билан ташкил этилган кластерлар амалиётга инновация, илғор агротехнологияларни татбиқ қилиш ҳисобига пахта-тўқимачилик соҳасида сифат ўзгаришларига эришилмоқда, — деди Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, сенатор Муртазо Раҳматов. — Қисқа давр ичида экин ерларининг ҳолатини яхшилаш баробарида, йирик саноат корхоналарини ишга туширди. Натижада тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 1 миллиард доллардан 3 миллиард долларга етказилди. Бизда ушбу кўрсаткични каррасига ошириш имконияти мавжуд.
Жаноб Алан МакКлэй Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолар экан, пахтачиликда тармоғидаги ўзгаришларни “мақтовга лойиқ”, дея эътироф этди.
— Ўзбекистон пахтасига бутун дунёда талаб катта, ҳозир BCI – “Яхшиланган пахта” стандарт тизими асосида етиштирилган пахта етказиб беришнинг айни вақти, — деди Алан МакКлэй. — Жаҳон тўқимачилик саноати вакиллари ўзбек пахтасининг юқори сифатга эгалигини яхши билашади. Уларни бундан ташқари яна иккита жиҳат қизиқтирар эди. Бу пахтачиликда шаффофлик ва муносиб меҳнат шароити яратилганидир. Буларнинг бари кейинги йилларда тўлиқ таъминланмоқда. Айниқса, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бартараф этилгани халқаро ҳамжамият томонидан олқишланяпти.
Делегация аъзоларнинг айтишича, “пахта даласидан сотувгача” тамойили асосида бутун ишлаб чиқариш жараёнини сертификатлаш билан шуғулланадиган “Better Cotton Initiative” ташкилоти Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси билан мусткам ҳамкорлик ўрнатиши ўта муҳим. Чунки уюшма тизимидаги 134 та пахта-тўқимачилик кластери фаолияти билан яқиндан танишиб, “Яхшиланган пахта” етиштириш борасида тезроқ юқори натижага эришиш мумкин.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон 2019 йилдан бери «BCI» билан ҳамкорлик қилиб, “Better Cotton” дастури жорий қилинмоқда. Хусусан, «Indorama Agro», «Navbahor Textile», «BСТ Cluster» пахта-тўқимачилик кластерларида ушбу йўналишдаги пилот лойиҳа муваффақиятли амалга ошириляпти.
Учрашув якунидаги айтилганидек, кластерларнинг яхшиланган пахта ва органик маҳсулот етиштиришга бўлган кучли иштиёқи, рақобатбарлош маҳсулот ишлаб чиқаришга мақсадида яратилаётган “саноат занжири” Ўзбекистон пахтачилигида яқин 3-5 йил ичида юқори натижалар қўлга киритилишидан яққол далолат бермоқда.