Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳрида «Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази» ҳамкорлигида турли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
“Step to Success in English - Language Teaching Workshop” мавзусида ташкил этилган бир қатор семинар-тренинглар бунга яққол мисолдир.
Тадбирларга халқаро даражадаги ТESOL, CELTA сертификатларини қўлга киритган, Англия, Германия, АҚШ каби давлатларда тажриба орттирган ва нодавлат таълим муассасаларда фаолият юритаётган тажрибали тренерлар жалб этилди.
100дан ортиқ инглиз тили ўқитувчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда қуйидаги мавзулар бўйича амалий машғулотларда иштирок этди:
— “Active learning and effective writing in EFL classrooms”
— “Effective listening” - “Implementing integrated skills in EFL lessons”
— Ушбу лойиҳанинг эътиборли жиҳати ўқитувчилар маърузалар тингламайди, аксинча, ўқувчи сифатида интерфаол тарзда ташкил этилган машғулотларда дарсларни қизиқарли ва фойдали ўтишга қаратилган кўплаб усулларни ўзлаштиришади» — дейди лойиҳа тренери Турсунгул Утиниязова.
Шунингдек, марафон доирасида олис ҳудудларда жойлашган мактабларнинг 50 нафар чет тили ўқитувчилари учун БEПУЛ халқаро IELTS тест синовлари ташкил этилди.
Барча имтиҳон материаллари Сambridge Assessment ташкилоти томонидан тайёрланди ва эндиликда натижалар Prestesting дастури доирасида халқаро экспертлар томонидан баҳоланади.
— Бу лойиҳа биз учун жуда фойдали бўлди, авваллари бундай тестларни пулга сотиб олардик ва маҳаллий устозлар томонидан текшириларди. Биз ҳақиқий имтиҳон муҳитини ҳис этдик» — дейди тадбир иштирокчиларидан бири.
Лойиҳа давомида “Better you” мавзусида мотивацион ва амалий маслаҳатлар бериш бўйича махсус семинар ҳам ташкил этилди.
Ушбу тадбирда халқаро тажрибага эга, Тошкент шаҳридаги энг нуфузли ва сифатли таълим берувчи муассасалардан бири “RIKS Education” ўқув марказининг катта ўқитувчиси Аҳмад Қодиров ўзининг муаллифлик дастури билан иштирок этди.
Тил ўрганиш жараёнида қийинчиликларни енгиб ўтиш, тестга мустақил тайёрланиш, сифатли ресурслардан фойдаланиш каби кўплаб маслаҳатлар берилди. Фаол иштирокчиларга совғалар тақдим этилди.
Тадбирда «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мазмун ва моҳияти, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган 17 та чет тилига ихтисослаштирилган мактабларнинг директорлари учун Агентликнинг LLL (Language learning lab) лойиҳаси ҳақида тўлиқ маълумот берилди.
Тадбирда 200 дан ортиқ ўқитувчилар, 100га яқин ўқувчилар иштирок этди.
Азимжон ҲУСАНОВ,
Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг
директор ўринбосари