Шу мақсадда, лойиҳа ташаббускори ҳамда у томонидан жалб этилган халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 75 миллион евро бўлган «Амирсой» тоғ-чанғи курорт мажмуаси барпо этишнинг 2-босқичи тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 сентябрдаги 414-Ф сонли фармойиши қарори қабул қилинди.
Лойиҳа доирасида қуйидагилар амалга оширилиши белгилаб олинди:
• 2400 ўринга мўлжалланган 4 ресторан;
• 105 ўринли хоналар фондига эга бўлган «4 юлдузли» меҳмонхона;
• 101 ўринли хоналар фондига эга бўлган «5 юлдузли» меҳмонхона;
• офислар ва савдо майдонаридан иборат 500 ўринга мўлжалланган кўп қаватли автотураргоҳ;
• осма йўллар, тоғ-чанғи кўтаргичлар, шунингдек, 16.8 км узунликдаги тоғ-чанғи трассалари;
• тоғ спорти, чанғи ва бошқа жиҳозларни ижарага бериш шохобчаларига эга бўлган кўп тармоқли марказ;
• бассейнлар ва ҳордиқ чиқариш ҳамда дам олишнинг мавсумий турларини ташкил қилиш учун махсус майдонлар.
Мамлакатимиз туристик жозибадорлигини оширишга қаратилган мазкур лойиҳани ўз муддатларида амалга оширилишини таъминлаш учун Давлат томонидан зарур инфратузилма ва тармоқларни барпо этишда кўмак берилади. Шунингдек, лойиҳа ташаббускорига қурилиш-монтаж ишлари ва келгусида лойиҳани эксплуатация қилиш жараёнида ноёб табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг генетик фондини сақлаш, шунингдек, фаолиятнинг атроф муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш ва табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш бўйича масъулият юклатилди.