Юртимизда яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, рўзғорини бутлаётган, оиласига кўмакдош бўлаётган ишбилармон йигит-қизлар кун сайин кўпаймоқда. жумладан, жиззах вилоятида шу йилнинг ўтган 9 ойида 3 минг 305 нафар ёш тадбиркорликка ўқитиш курсларини тамомлаб, махсус сертификатга эга бўлди.

— Ёшларни тадбиркорликка ўқитиш курсларини ташкил этиш давом этмоқда, — дейди “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармасининг вилоят филиали раҳбари Отабек Шавкатов. — Ўтган давр мобайнида 447 нафар йигит-қизнинг 15 миллиард 381 миллион сўмлик бизнес лойиҳаси тижорат банклари томонидан молиялаштирилди. Яна 370 га яқин ёшларнинг лойиҳаси ўрганилмоқда.

Ҳунармандлик ҳудуддаги ёшлар бандлигини таъминлашнинг ўзига хос йўналишларидан бири ҳисобланади. “Ҳунарманд” уюшмаси Жиззах вилояти бошқармаси мутахассиси Марғуба Нурманованинг айтишича, ҳудудда 1 минг 118 нафар ҳунарманд фаолият юритади. Улардан 448 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир.

Аждодлардан мерос ҳунарларни ўргатиш орқали ҳам йигит-қизларнинг иш билан бандлиги таъминланяпти. Жумладан, айни пайтда вилоятдаги 172 нафар ҳунарманд “Устоз-шогирд” мактабларини ташкил этиб, 527 нафар шогирдни камолга етказмоқда.

Бошқарма томонидан “Маҳалламизнинг фахрий ҳунарманд аёли” лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тузилиб, ҳар бир маҳаллада ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз аёлларга фаол уста ҳунармандлар маҳорат дарси ўтиб бермокда. Режага мувофиқ, Жиззах шаҳри ва Фориш туманидан икки ёш ҳунарманд — Сурайё Сояқулова ва Дилноза Ўктамова “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 25 нафар хотин-қизга зардўзлик ва миллий ҳунармандлик йўналиши бўйича маҳорат дарслари ўтди.

— Жиззах шаҳридаги мономарказда банд бўлмаган хотин-қизларга ҳунармандлик сирларини ўргатяпмиз, — дейди миллий либослар тикиш йўналиши бўйича ҳунарманд Гавҳар Остонақулова. — Сафимизда ёш ҳунарманд қизлар ҳам бўлиб, ўз ҳунари сиридан аёлларни хабардор қилмоқда.

“Ёшлар дафтари”дан даромадгача бўлган йўл

Дилрабо Равшанбекова Янгиобод туманидаги Баландчақир қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Оилада тўнғич фарзанд.  20 ёшли қиз икки укасига ўрнак бўлиб, ўзи мустақил тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Мана, уч ойдирки, маҳалласида янги тикув цехи очиб, тенгдошларини иш билан таъминлаяпти.

Тикувчи фаолиятини 2010 йилдан бошлади. Аввал тажрибали ҳунармандга шогирд тушди. Сўнг ўрганганларини амалиётда мустаҳкамлади. Уч йилда тикиш-бичишга қўли келишиб, буюртма асосида либослар, пардалар тикди. Ёшларга қаратилаётган эътибор Дилрабони ҳам руҳлантирди. Тенгдошлари ҳаётидаги ўзгаришлар унинг Ёшлар ишлари агентлигига мурожаат қилишига туртки берди. “Ёшлар дафтари”га киритилгач, бундан унумли фойдаланишга ҳаракат қилди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун агентликка, туман ҳокимлигига кредит сўраб мурожаат қилди.

Мурожаати ижобий ҳал бўлди, унга 28 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.  У шу пулга тикув машиналари сотиб олиб, ўз фаолиятини йўлга қўйди. Бугунга келиб, шогирдлари билан буюртма асосида чопон, нимча, кўйлак, замонавий услубда пардалар тикяпти. Ўзи билан бирга, яна уч нафар қизни иш билан таъминлаб, уларга тикувчилик касбини ўргатиб келаётир.

— Инсоннинг ўзида қизиқиш, хоҳиш бўлса, бир ойда 3 миллион сўмгача даромад қилса бўлади, — дейди Дилрабо Равшанбекова. — Уйда ўтириб пул топиш мумкин, кўчага чиқиш ҳам шарт эмас. Ниятим — келгусида шу кичик цехни катта корхонага айлантириш. Маҳалламиздаги кўпроқ аёл-қизни иш билан таъминлашни режа қилганман. “Ёшлар дафтари”га киришимдан аввал битта оддий тикув машинасида иш бошлаган бўлсам, бугунги кунда кредит ёрдамида ишлаётган тикув машиналаримиз сони тўрттага етди. Табиийки, иш унумдорлиги, самарадорлиги ортди.  Топаётган даромадимиздан кўнглимиз тўқ. “Ёшлар дафтари”га киритилиб, ундан то даромад олишгача бўлган кичик йўлни босиб ўтдим. Ўзим учун катта тажриба орттирдим. Келгусида Тошкент вилоятида ҳам худди шундай цех очишни режалаштирганман.

Имкониятлардан руҳланиб...

Мадинабону Алибоева Фориш туманидаги илғор ёшлардан. 21 ёшли қиз аллақачон ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб улгурган. У болалигидан онасининг ёнида юриб, тикувчиликка меҳр қўйди. Дастлаб, бичилган тайёр андозаларни тикиб юрган қиз энди ўзи мустақил замонавий ва турли бичимдаги либосларни тика бошлади.

Она-бола тадбиркорликни уйда — бундан 8-9 йил илгари бошлаган. Кейинчалик либос тиктиришга талаб ошгач, фаолиятни кенгайтириш мақсадида тикувчилик цехи ташкил қилди.

— 11 ёшимда онам тикишни ўргатаман деганида,  йўқ, қизиқмайман, қўлимдан келмайди, деб кўнмагандим, — дейди Мадинабону. — Баъзи кунлари буюртмалари битмай қолганда онам тунги соат ўн бир-ўн иккида ҳам уxламасдан кийим тикар эди. Бундай пайтларда қараб туролмасдим, қўлимдан келганча ёрдамлашардим. Ёнида туриб, кўмаклашиб тикишни ўрганиб кетдим. Тўғриси, бу ишни бошлашдан олдин роса ўйладик, қаердан маблағ оламиз, қандай бошлаймиз, яxши бўладими-йўқми, деб. Уйимизда фақат акам ишларди. Рўзғорга оз бўлсаям фойдамиз тегсин, деган мақсадда шу ишни бошлаган эдик, шукр, кам бўлмадик.

Мадинабону ҳозир “Осмонсой” маҳалла фуқаролар йиғини марказидаги “Умида ая” тикув цеxида онаси раҳбарлигида ишлаётир. Бугунга қадар бу ердан 20 га яқин аёл-қиз ҳунар ўрганиб чиқди. Даромади ҳам ёмон эмас. Ҳунарманд қиз тикувчиликдан ташқари, ўз тадбиркорлигини ҳам бошлади. Бир йилдирки, цех қошида маҳалла хотин-қизлари учун гўзаллик салонини юритяпти.

— Юртимизда биз ёшларга жуда катта имкониятлар бериляпти. Фақат бундан тўғри фойдалана олсак, бас. Тадбиркорликка қизиқиши юқори, аммо бирор сабаб билан ишини бошлай олмай турган ёшларга ҳам кўмак бериляпти. 16 ёшимда сартарошликка қизиқа бошладим. Вилоятимиздаги ўқув марказида аёллар сартарошлиги бўйича ўқидим. Ўша пайти ҳам қўлимдан анча-мунча иш келар, лекин зарур ускуналарим йўқлиги учун қийналардим. Туманимизда ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида мен каби қўлидан иш келадиган, лекин тадбиркорликни бошлашга қийналаётган ёшларга, хотин-қизларга ёрдам қўли чўзилди. Бизга гўзаллик салони учун керакли ҳамма ускуналар, жиҳозлар олиб берилди. Ўшанда наҳотки, энди мен ҳам ўз ишимни бошлай оламан, деб xурсанд бўлганман! Энди маҳалламиздаги аёл-қизларнинг ораста, гўзал бўлиб юришида кўмагим тегаётганидан ниҳоятда мамнунман. Шу ўринда эришаётган бу ютуқларимизнинг ҳаммаси мамлакатимизда ёшлар ва хотин-қизларга қаратилган эътиборнинг самараси деб ўйлайман. Туманимизда уйда ишсиз ўтирган ёшлар, тенгдошларимиз иш билан таъминланяпти. Бизнинг маҳалламизда ҳам тўқимачилик цеxи очилди. Ёшлар ана шу ерда ишлаб, оила бюджетига ўз ҳиссаларини қўшаётганидан мамнун.