Манзилимиз боши берк кўча адоғидаги уй эди. Олдинда атиги минг метрча йўл қолди. Атрофга қарайман, кўча анча кенг, файзли, ҳавасинг келади. Лекин бу таассурот узоққа чўзилмади. Ўн қадам юрмасимиздан машина йўлдаги сунъий дўнгликка дуч келди. Машинани тўхтатиб, секингина ундан ўтдим ва энди тезлик дастагини иккинчи босқичга олмоқчи эдим, навбатдагиси қаршимдан чиқди. У ҳам аввалгисидай баланд, Хитой девори каби мустаҳкам. Шу тарзда ўттиз-қирқ ҳовлидан иборат берк кўчанинг бошдан-охиригача йигирмадан зиёд йўлдаги сунъий дўнгликни санадим.
Кузатишимча, кўчада уйлар намунали тарзда бир хил қилиб қурилган. Аксарият дарвозахоналарда қиммат уловлар саф тортган эди. Бу ерда моддий жиҳатдан ўзига тўқ қатлам вакиллари яшаши кўриниб турибди.
Бир қарашда маҳаллада барчаси рисоладагидек. Аммо нега ҳар қадамда сунъий тўсиқ? Болаларни ҳимоя қилиш, машиналар секин юриши учун қилинган дейишга шошилманг. Нима мақсадда шундай йўл тутилганини яхши биламан. Лекин мазкур ҳолат одамни ўйлантиради. Чунки адоғи берк кўчага ҳар замонда биз каби меҳмон келмаса, бошқа машина ораламайди. Боз устига, битта йўл белги билан исталган ҳайдовчини огоҳлантириш мумкин.
Шу гапни ўқиб юзингизга истеҳзоли кулги келдими?! Демак, бундай овлоқ кўчада аксарият ҳайдовчилар йўл белгисини писанд этмаслигини яхши биласиз. Негаки, биз фақат камерага, ЙПХ ходимига дуч келсаккина қоидалар эсимизга тушади. Шу боис, йўлларимизни сунъий тўсиқлар билан тўлдириб чиқамиз. Шунинг ўзиёқ қонунларга амал қилишда сусткаш эканимизни кўрсатади. Буни кимдир қизил чироқда ўтишдек хатарли эмас, дейиши мумкин. Аммо халқимизнинг «томчи тошни тешади», деган нақлини унутмаслик керак. Ана шундай кичик қоидаларни бузавериш жиддий қонунбузарликларга замин ҳозирлайди. Оқибатда жамиятда имкони топилса қонунларни четлаб ўтиш мумкин, деган нотўғри қараш шаклланади. Аксинча, жамиятда ҳуқуқий тафаккур юқори бўлса, ўзаро ҳурмат, тенглик ва дўстлик муносабатлари мустаҳкамланиб бораверади.
Қонунни билмаслик жазодан озод қилмайди
Қайси жамиятда ҳуқуқий саводхонлик даражаси паст бўлса, қоидабузарлик кўп учрайди. Қонунни билмаслик эса жазодан озод қилмайди. Оқибат давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларда ишончсизлик пайдо бўлади. Негаки, ўзининг бурчини билмаган шахс жазога тортилганда ноҳақликка учрадим, деб ўйлайди.
Бир мисол, жамоат жойида тамаки чекканлик учун жарима бор. Айниқса, ўтган 2023 йилда шу ҳақдаги қонун янги таҳрирда қабул қилингач, кенг миқёсда тарғиб этилди. Аммо бундан ҳамон бехабарман, дейдиган юртдошларимиз бор. Метронинг Буюк ипак йўли бекати орқали ишга қатнайман. Ҳар куни пиёдалар йўлагининг серқатнов жойида ИИБ ходимлари жамоат тартибини сақлаб туради. Кунда-кунора улар айнан белгиланмаган жойда тамаки чекканларни жаримага тортаётганига гувоҳ бўламан. Қизиғи, уларнинг аксарияти узоқдан ходимларни кўрсада, қонун бузаётган ҳайдовчилардай ҳушёрликни оширмайди, тамакини бемалол тутатиб келаверади. Чунки улар жаримага тотилиши мумкин эканини билмайди.
Бир сафар ишдан қайтишда йўл четидаги сотувчи қаршисида тўхтадим. Биздан уч қадам нарида жамоат тартибини сақлашга масъул ходимлар ўрта ёшлардаги кишини тўхтатди. Хатосини айтганди, у киши ажабланди. Аввалига қонун посбонларини ёлғончиликда айблади, бўлмади. Сўнг инсоф-диёнат ҳақида ваъз ўқиб, қонундан бехабарлигини, аввал огоҳлантириш кераклигини айтди. Тасаввур қилинг, у қонундан бехабар экани учун жазоланмади. Кейинги сафар бошқа ходимга дуч келганида яна шу важ билан жазодан қутилиб қолмаслигига ким кафолат беради?
Агар жамиятда шундай тенденция авж олса, ким ўрнатилган тартиблардан хабардор эканини аниқлаш абсурд ҳодисага айланади. Энди фақат тамаки чекиш эмас, ундан ҳам хатарлироқ қонун бузилишлар авж олади. Бинобарин, жамиятда ҳуқуқий саводхонлик даражаси юқори бўлиши керак. Агар инсонлар ўз ҳуқуқ ва бурчларини яхши билса, унга амал қилиш кўникмаси шаклланса, жамиятдаги иллатлар кескин камаяди, мамлакат тараққий этади. Хўш, мазкур ҳолатни соҳа мутахассислари қандай изоҳлайди?
— Жорий йил учун қабул қилинган давлат дастурида қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш вазифалари яна бир бор белгилаб берилган. Бунга фақат ҳуқуқий саводхонлик орқали эришиш мумкин, — дейди юридик фанлар номзоди, доцент Ҳайдарали Юнусов. — Негаки, инсон ҳуқуқлари ҳар қандай тартиботнинг марказий нуқтаси ҳисобланади. Қолаверса, инсон ҳуқуқларини фақат бир кишининг тақдирига дахлдор масала сифатида тушунмаслик керак. Унинг замирида бутун жамиятга хос ижтимоий воқелик ётади. Биргина инсоннинг мурожаат қилиш ҳуқуқини олиб қарасак, у асосида давлат идоралари ва фуқаролик жамияти тузилмаларининг эътибори муайян бир ижтимоий аҳамиятга молик масалага қаратилади. Ёки шу йўсинда инсон ҳуқуқларининг ҳимояси талаб қилинади.
Шу билан бирга, у давлат ва шахс ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди. Шахснинг ижтимоий фаоллиги жамият ва давлат органларига ҳам жиддий таъсир ўтказади. Жараён узлуксизлигини таъминлайди. Кейинги йилларда давлат идораларига мурожаатлар кескин ошди. Бу яхши. Чунки шу орқали жамиятда ташаббускорлик руҳи тарбияланади. Инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг фаоллиги ошади. Зарурий ислоҳотларни амалга оширишга ундайди. Шу тариқа кўпқиррали ва таркибли ислоҳотлар натижаси ўлароқ муайян ижтимоий тараққиётга эришилади. Буларнинг замирида эса бизнинг ўз ҳуқуқ ва бурчларимизни билишимиз ётибди.
Дарҳақиқат, ҳуқуқий тафаккур, қонунларга бўйсуниш жамият тараққиётининг муҳим омили. Бу кишилик жамиятининг дастлабки босқичларидаёқ ўз исботини топган ҳақиқат. Жамоа бўлиб яшаш учун маълум қоидаларга амал қилиш талаб этиларди. Шу тариқа, қонун чиқарувчи орган, жамоа сардорлари, оқсоқоллар кенгаши пайдо бўлди. Улар ўрнатган қонунга амал қилмаслик учун қатъий жазо тайинланди. Яъни қонунларга табиий эҳтиёж туғилгани учун инсонлар унга амал қилиш кўникмасини ўзлаштирди.
Тарғибот олиб борилмоқда, аммо...
Жамиятимизда ҳуқуқий билимларни эгаллашга бўлган қизиқиш талаб даражасида эмас. Қизиқ зиддият, ҳаммамиз фаровон яшашни, бахтли умр кечиришни истаймиз. Лекин унинг ўқ илдизи бўлган ҳуқуқий саводхонликка унчалик эътибор бермаймиз.
Ёдингизда бўлса, ижтимоий тармоқларда журналистнинг референдум ҳақидаги саволига ёши ўттиздан ошган кишининг: «Нима у, ёмон нарса эмасми?!», деган жавоби оммалашиб кетган эди. Ўша шахснинг ҳолати бир қарашда кулгили кўринсада, ниҳоятда аянчли. Тўғри, жамиятимизда бу каби шахслар кам. Аммо ўз ҳуқуқ ва бурчларини етарлича биладиганлар сафини кенгайтириш зарурати долзарблигини йўқотмаган. Чунки тафаккуримизда давлат буюрувчи, бажартирувчи ва фойда кўрадиган ягона тузилма, деган хато қараш шаклланиб қолган.
Ҳозир уни келтириб чиқарган омиллар, демак, узоқ ўтмишни муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Чунки давлат дастурида кўрсатилган қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш учун жамиятда ҳуқуқий онгни қандай қилиб ривожлантириш мумкин, деган саволга жавоб топиш керак.
Аввало, юртимизда ҳуқуқий тарғибот борасида кўрсаткичлар ёмон эмаслигини айтиш керак. Масалан, 2023 йилда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида адлия органлари томонидан жойларда 375 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилган.
Бундан ташқари, ўрганишлар натижасида аҳолининг катта қисми ҳуқуқий билимларни ижтимоий тармоқлардан олаётгани сабаб мазкур йўналишга кўпроқ урғу берилмоқда. Расмий сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали қонунчиликдаги янгиликлар, саволларга жавоблар мунтазам бериб борилади. Яъни халқаро стандартдаги тарғибот усулларидан фойдаланилмоқда.
Эътиборли жиҳати, бунинг самараси ҳам кўринмоқда. Масалан, 2023 йил якуни бўйича юртимиздаги қарийб 9,5 минг маҳалладан 3 мингга яқинида, аниқроқ айтганда, 31,5 фоизида жиноят содир этилмаган. Афсуски, жиноятлар кўпайгани боис «қизил» тоифага киритилган маҳаллалар ҳам бор.
Ҳа, ҳуқуқий билимларни бойитиш учун тарғибот олиб борилишига қарамай жиноятчилик кескин камайиб кетгани йўқ. Қолаверса, ҳамон ўз мажбуриятини билмайдиган, ҳуқуқларини талаб қила олмайдиган одамлар бор. Улар ҳам шу жамиятда, сизу бизнинг орамизда юрибди. Демак, ҳар бир жамиятнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳуқуқий тарғиботда маълум янгиликлар қилиш талаб этилади. Хўш, бу борада соҳа мутахассислари нима дейди?
Фикрлар турфа, мақсад битта бўлиши керак
— Фуқароларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш учун таълим сифатини кучайтириш, таълимни реал ҳаётга боғлаш зарур. Яъни бола ўрганаётган маълумоти амалда борлиги, ўзи шу муносабатлар иштирокчиси эканининг гувоҳи бўлсин, — дейди Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Дилмурод Ражабоев. — Миллионлаб фуқароларга ўз ҳуқуқларини талаб қилишни ўргатиш билан бирга, давлат хизматчилари, мансабдорларнинг ҳам ҳуқуқий тафаккурини ислоҳ қилиш зарур. Бу орқали энг қуйи бўғинларгача қонунийликни таъминлашда яхши натижаларга эришамиз, тизимда муаммолар камроқ бўлади, иш самарадорлиги ўсади. Бугунги кунда аҳоли ҳаётида қандай ҳуқуқий муносабатларда муаммолар бўлаётганини таҳлил қилиб бориш, шунга монанд аниқ ва манзилли ишлаш лозим.
Ижтимоий ҳуқуқий онг ўлчовларидан бири, бу — инсонларнинг бир бирига бўлган чекловлари ва зўравонликнинг олдини олиш. Айниқса, бизнинг жамиятда «самосуд» ҳолатлари ҳуқуқнинг онгга тескари ишлайдиган ҳолатидир. Ижтимоий тармоқларда маълум шахсларни оммавий сазойи қилиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учраб турибди. Булар узоқ истиқболда эркин жамият қуришга тўсиқ бўлади. Одамларнинг адолатли ва хавфсиз шароитда яшашга ишончини сўндиради. Шунинг учун бу борадаги тарғибот ва ташвиқотни кучайтириб, бундай ҳолатларга қарши қатъий кураш керак.
Жамиятда сўз эркинлиги ва демократлаштириш тобора ривожланиб борар экан, фикрлар турли туман, ғоялар ҳар хил, яъни плюрализм принциплари табиий равишда чуқурроқ сингиб боради. Шу боис, янги қабул қилинаётган ҳужжатлару ислоҳотларга ҳам очиқ фикрлар билдирилмоқда. Соғлом жамиятда ўзгаришларни ҳамма ҳам бир хил қабул қилмаслиги табиийдир. Буни тўғри қабул қилишниям ўрганишимиз керак. Яъни бундай шароитда абсолютизмни таъминлаб бўлмайди.
Конституциямизда ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас, деб бекорга ёзилмаган. Ана шу жараёнда одамларни бирлаштирувчи ягона восита, механизм, бу — қонун устуворлигидир. Яъни миллий ғоя сифатида, биз ҳуқуқшунослар аҳолини қонун устуворлиги ғояси атрофида бирлаштириш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаймиз. Чунки қонун одамларнинг ахлоқий, сиёсий қарашларидан қатъи назар, ягона талабларни белгилайди. Барча учун мажбурий меъёрларни ўрнатади.
Қонун устуворлиги эса шундай меъЙорки, фикрлар хилма-хил бўлса ҳам муносабат, ёндашув бир хил бўлади. Шу билан бирга, қонун устуворлиги турли фикрларни ҳам ҳурмат қилади. Муаммо бир ёқламалик билан эмас, ҳуқуқий воситалар орқали ҳал этилади.
Ўзбекчилик – ўзбилармонликка йўл очмасин
Қонун бошқаларнинг ҳуқуқини қандай ҳурмат қилишни ўргатиш билан бирга, ҳақимизни талаб этишга ҳам замин яратади. Ишонасизми, шуни билса ҳам ҳақини қонуний йўл билан талаб этолмайдиган юртдошларимиз бор. Шундай вазиятларда ўзбекчилик, деган ниқоб ортига яширинамиз. Ана шу хато тушунча сабаб қонуний чораларни четлаб ўтишга уринамиз.
Масалан, қоидабузарлигимиз сабаб тартиб посбонлари тўхтатса, ўзбекмисиз, деймиз. Кимдир ҳақимизни еб кетса, ўзига инсоф берсин, шуни деб юзим шувит бўлмасин, дея қўл силтаймиз. Яқинда қизиқ ҳолатга дуч келдим. Қўшним ҳамкасби учун кредит олади. Қарз олувчи кредитни ўз вақтида тўламайди. Оддий қоровул бўлиб ишлайдиган қўшнимнинг маоши ҳам ўзига яраша. У бор пулини шу кредитни тўлашга сарфлайди. Икки йил давомида маошининг ярми бировнинг қарзи учун сарф этилади. Ҳамкасби эса орадан шунча вақт ўтса ҳам пулни қайтариш ҳақида ўйламайди. Қўшним танг вазиятда қолгач, яқинларининг қистови билан судга ариза беради. Дастлабки ўрганишдаёқ айбдорлик аниқ бўлгач, низо томонлар келишуви асосида ёпиладиган бўлади. Аммо бир муддат ўтиши билан қарз олувчи дийдиёни бошлайди: «Ҳозир моддий аҳволим яхши эмас, аризани қайтариб олинг, пулни албатта тўлайман, фақат озгина кутинг».
Ўзини чоҳга ташлаб бўлсада, бошқага ёмонлик истамайдиган оқкўнгил қўшним бу шартга рози бўлишига бир баҳя қолади. Қўшниларнинг маслаҳати, қонун посбонлари тўғри йўл кўрсатгани боис аризани қайтариб олмади. Бу каби ҳодисаларга дуч келганимда доим битта савол қийнайди: нега шундаймиз?!
Ижтимоий тармоқларда, ўзаро суҳбатлар чоғида масъулларнинг бепарволиги, вазифасини бажармаслигидан нолиймиз. Аммо вақти келганида ҳуқуқимизни талаб қилишни билмаймиз. Бундай вазиятда қўшним каби йўл тутишни маъқул кўрамиз. Гоҳида ҳақимизни талаб этишда ҳам ошириб юборамиз, фақат ўзимизнинг ҳақиқатимизни илгари сурамиз. Бу ҳам аслида ҳуқуқий билим, онг етишмаслигидан далолат. Бундай вазиятларга барҳам бериш учун нима қилиш керак?
— Аввало, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада кучайтириш зарур, — дейди Ҳ.Юнусов. — Маълумки, бу борада мамлакатимизда ва жаҳон миқёсида бир қатор нуфузли ҳужжатлар қабул қилинган. Масалан, Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастури шулар жумласидандир. Уларда инсон ҳуқуқлари соҳасида узлуксиз таълим орқали ҳуқуқий саводхонликни юксалтириш кўзда тутилган. Пировард мақсад – ҳар кимнинг ўз ҳуқуқларини билиши ва улардан фойдалана олишига эришишдир.
Яъни кишилар, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқларига оид билимга эга бўлиш керак. Бироқ шу билан чекланиб қолмасдан, мазкур билимлардан фойдалана олиш малакасига ҳам эга бўлиши лозим. Жамиятимизда масаланинг айни мана шу жиҳатида «депсиниш» бор. Оддий одамлар қонунлардан хабардор бўлган ҳолатларда ҳам ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ёки уларни тиклаш мавриди келганда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишда сусткашликка йўл қўяди. Демак, фуқаролар онги ва хулқ-атворида ҳуқуқлардан фойдаланишнинг амалий кўникмасини ривожлантириш керак.
Бу борада балки амалий тренинг курсларини ташкил этиш керакдир. Энг муҳими, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги илғор амалий тажрибаларни оммалаштириш лозим. Кимнинг ҳуқуқлари муваффақиятли ҳимоя қилингани ёки уларнинг тиклангани кенг жамоатчиликка бонг уриб етказилиши керак. Шундай амалий натижалар фуқароларда ишонч руҳини мустаҳкамлайди. Уларни бефарқлик ёки ҳафсаласизлик кайфиятидан халос қилади, кейинги қадамлар сари илҳомлантиради.
Йўлдаги сунъий тўсиқлар ва қонунчилик
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш борасида бир қанча вазифалар белгилаб берилган. Улар орасида қонун ижодкорлигида халқнинг иштирокини кучайтиришдан тортиб, судлар мустақиллиги, адвокатура соҳасидаги ўзгаришларгача қамраб олинган. Чунки мамлакат тараққий этиши учун қонунлар барчага баробар керак.
Қонунларга таянган жамият табиий равишда пайдо бўлган, дедик. Шу боис, қонун устуворлиги доим табиат қонунларига амал қилиб ишлайди. Яъни ҳуқуқ ва бурчлармиз худди дарахтга ўхшайди. Дарахтлар ҳавони тозалаб бергани сингари, қонунлар жамиятни иллатлардан тозалайди. Ниҳол униши учун тепадан нур, илдиздан сув ичиши керак.
Қонунлар ҳам худди шундай. Қонун устуворлигига давлат миқёсида имконият берилади. Уларга эҳтиёж эса дастлаб жамиятнинг энг қуйи бўғинида шаклланади. Агар жамиятда, оддий одамлар орасида қонунларни ҳурмат қилиш ҳисси туғилмас экан, масъуллардан масъулиятли бўлишни талаб этиб бўлмайди. Негаки, бундай жамиятда инсонлар ўртасида соғлом муносабат кам бўлади. Ўзаро ҳурмат камаяди. Қуйи бўғиндаги мазкур олтин ҳалқа бузилса, худди мен меҳмонга борган маҳалладаги каби боши берк кўчаларни ҳам сунъий тўсиқ билан тартибга солишга мажбур бўламиз.
Қизиқ, бир ҳовуч одам яшайдиган, бегоналар деярли келмайдиган кўчадаги ҳар бир уй рўпарасида сунъий тўсиқ бор. Бу худди ҳар бир шахс ўзи учун мустақил қонун яратиб олишига ўхшайди. Уйининг ёнидан бошқалар секин ўтишини истаган киши бошқаларнинг дарвозаси олдида тезликни камайтирмайди. Бундай вазиятда фақат қонун устиворлиги қўл келади.
Ҳа, инсонийлик нисбатан камайган, ахлоқий қоидаларга амал қилиш сусайган вақтда ҳам қонунга итоаткорлик кўникмаси орқали жамиятни барқарор ушлаб туриш мумкин. Шундай экан, ҳар биримиз ҳуқуқий саводхонликни пухта ўзлаштиришимиз, қанчалик малол келмасин, бир марталик фойдамиз учун уларни айланиб ўтмасликни ўрганишимиз шарт. Шундагина ўзимиз истаган тараққий этган жамиятни қура оламиз. Зеро, дарахт илдиздан қувват олиб, осмонга қараб бўй чўзади.
Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири