Ҳамкорлик меморандуми асосида Хоразм Маъмун академиясининг бир гуруҳ олимлари музей-қўриқхона фондидаги ноёб қўлёзма манбаларни рақамлаштириш ишларини бошлади. 

Музей-қўриқхона фонди Араб Муҳаммадхон мадрасасида жойлашган. Фондда 400 дан ортиқ ноёб манбалар мавжуд бўлиб, олимлар заҳмати ва саъй-ҳаракати туфайли улар халқимиз фойдаланиши учун қулай тарзда электрон платформага жойлаштирилади.

Илмий тадқиқотлар давомида аниқланган энг ноёб қўлёзмаларни Хоразм Маъмун академияси таркибидаги доимий музей-экспозициясига қўйиш режалаштирилмоқда. Пировардида, миллатимизнинг кўп асрлик тарихи, адабиёти, маданият ва маърифатига оид ноёб қўлёзмалар келажак авлодга зарар етмаган ҳолда етказилиши таъминланади.