Замонавий ҳаётни илм-маърифат ва таълим тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Боиси, бу борадаги изланишу тадқиқотлар, алалоқибат, инсоният турмуши фаровонлигига хизмат қилади. Юртимиз олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, сифат кўрсаткичларини яхшилаш борасидаги бугунги ислоҳотлар замирида ҳам малакали кадрлар тайёрлаш орқали жамият тараққиётига эришиш мақсад қилинган.

Ўзгаришлар шиддати ва самараси эса халқаро жамоатчиликнинг ҳам эътиборига тушган. Бозор муносабатлари шароитида олий таълим хизматлари, албатта, меҳнат бозори талабларига мос бўлиши, дунё стандартларига жавоб бериши керак. Йўқса, унда тайёрланган кадрлар бандлигини таъминлаш ечилиши лозим бўлган яна бир янги масалани юзага келтиради.

Бўшлиқ қандай тўлдирилади?

Очиғини айтиш керак, олий таълимдаги ўзгаришларни рўёбга чиқариш осон кечаётгани йўқ. Ахир, бутун бошли механизмни қайтадан ислоҳ қилиш, кун сайин тараққий этаётган дунё тамаддунига қадам-бақадам ҳаракатланиш катта куч ва меҳнат талаб қилади. Шунга қарамай, тизимлилик, масъулият ва қатъий интизом билан ислоҳотларнинг амалдаги натижаларига эришилмоқда.

Хорижий давлатлардан талабалар ўқишини кўчиришда синовнинг Давлат тест маркази томонидан ўтказилиши туфайли адолатли ва шаффоф тизим яратилгани эришилган ижобий натижалардандир. Ички ўқишни кўчириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ўзгартириш — ҳал этилиши зарур бўлган навбатдаги долзарб масалалардан. Назаримизда, ички академик мобилликни кучайтириш орқалигина муаммога ижобий ечим топиш мумкин. Боиси, бутун дунёда мазкур тажриба ривожланиб, амалиётда унинг халқаро ва ички академик мобиллик шаклларидан кенг фойдаланилмоқда.

Нима ўзгаради?

Ички академик мобиллик, бу — муайян мамлакат ичидаги олийгоҳларнинг шартнома, меморандум ва бошқа келишувлар асосида талабаларини келишилган муддат давомида ўқитиб бериш тизимидир. Дейлик, билим соҳаси ўзаро мос келадиган 2 та олий таълим муассасаси муайян муддатда талабаларини алмашган ҳолда ўқув жараёнини ташкил қилади.

Масалан, пойтахтлик талаба ўқишга топшириш вақтида бешта таълим йўналишини белгилаб, Самарқанддаги олийгоҳга ўқишга кирди. Аммо у ерда ўқиш учун унинг шароити йўқ. Мазкур вазиятда Тошкентда жойлашган олий таълим муассасаси билан Самарқанддаги олий таълим муассасаси ўртасида академик мобиллик бўйича келишув амалга оширилади. Яъни талабанинг шароити инобатга олиниб, ота-онаси бағрида ўқишни давом эттириши учун унга шароит яратилади. Ҳақли савол туғилади: бу таълим сифатига таъсир кўрсатмайдими?

Муаммоларга ечим бор

Очиғини айтиш керак, тизимда олий таълим муассасалариаро ўқишни кўчириш ва магистратурага қабул жараёнида коррупцион ҳолатларни батамом йўқ қилиш ва таълим жараёнини сифатли ташкил этишга тўсқинлик қилаётган муаммолар ҳам йўқ эмас.

Чунончи, олий таълим муассасалариаро ўқишни кўчириш бўйича “режалаштирилган” мурожаатлар сони ортиб бораётгани ўқув жараёнини сифатли ва ўз вақтида ташкил этишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Биргина 2020 йилда 28 минг, 2021 йилда эса 56 минг нафар талаба давлат олий таълим муассасалариаро ўқишни кўчириш истагини билдирган.

Жумладан, Урганч давлат университетига 2,8 минг, Фарғона давлат университетига 2 минг нафар талаба ўқишини кўчирган бўлса, Жиззах давлат педагогика институтидан 1,4 минг, Гулистон давлат университетидан 1,3 минг нафар талаба бошқа олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш истагини билдирган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 100 мингдан ошиши кутилаётгани ҳар бир масъулни сергак торттириши керак.

Сиртдан қараганда, бунинг бирор салбий томони йўқдек кўринади. Аммо ўқишга кириш, уни бошқасига кўчириш, умуман, олий таълимда бирор йўналиш бўйича илм олиш ўйин эмаски, талаба ўқишни бошлагандан сўнг бирдан бошқа университетда ўқигиси келиб қолса. Ахир, биргина талабанинг ўқишни кўчириши билан таълим жараёнидаги вазият ўзгариши мумкин.

Яъни талабанинг бир университетдан иккинчисига ўтиш фоизининг ортиши олий таълим муассасасидаги ўқув жараёни, ўқитувчи-профессор зиммасидаги юкламаларнинг белгиланган режага мутаносиб бўлмаслигига таъсир қилади. Пировардида таълим сифати мезонларининг бузилишига олиб келади.

Академик мобиллик бизга нима беради?

Академик мобиллик олий таълим тизимида юқори кўрсаткичларга эришишнинг муҳим омилларидандир. Бу таълим муассасаларини бир-бири билан солиштириш имконияти, муҳим жиҳатларини ўзлаштириш, жорий этиш орқали олий таълим сифатини оширишга хизмат қилади. Мобиллик олий таълим муассасалари тузилмаларини, давлат таълим стандартлари, ўқув режаларини такомиллаштиришга замин яратади.

Унинг иштирокчилари талабалар, олий таълим муассасаларининг академик ва маъмурий персоналлари бўлиши мумкин. Аслида халқаро мобиллик глобал меҳнат бозори шароитида касбий мослашиш ҳамда таълимни давом эттириш имкониятини беради. Ички академик мобиллик талаба ва уларнинг ота-оналарига қулайлик яратади.

Масалан, бир талаба ўзи яшайдиган жойдан бошқа, узоқроқ ҳудуддаги олийгоҳга ўқишга кирса-да, бориб ўқишга, ётоқхонада яшашга имкони бўлмаса, ўз ҳудудидаги ОТМда яратилган академик мобиллик асосида муайян муддат давомида ўқиши мумкин. Бунда муҳим талаб, билим соҳалари, таълим йўналишлари ва фанлар ўзаро мутаносиб бўлиши керак.

Бунда муайян муддат ўқиганлиги ҳақида маълумотни асосий ўқишига тақдим этади, тегишли фанларни ўзлаштирган, кредитларни тўплаган ҳолда асосий олийгоҳда таҳсилни давом эттириши мумкин.

Коррупцияга асос бўлмайдими?

Коррупция дунё миқёсида батамом йўқотилиши шарт бўлган глобал муаммолардандир. Айниқса, таълим тизимида коррупциявий ҳолатларнинг учраши бевосита миллат ва жамият келажаги билан боғлиқ бўлган стратегик масала ҳисобланади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан айни жиҳат эътиборга олиниб, хорижий давлатлардан талабалар ўқишини кўчириш ва ижодий имтиҳон ўтказиш жараёни билан боғлиқ коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар бажарилмоқда.

Натижада фуқароларнинг ўқишни кўчириш бўйича норози бўлиб йўллаган мурожаатлари сони 5 мингтага, ижодий имтиҳонлар бўйича эса 14 баробар камайди. Ички ўқишни кўчириш ўрнига академик мобиллик дастурларини кенг жорий этилиши турли коррупцион хавфларнинг олди олинишига, талабалар ва кенг жамоатчиликнинг эътирозлари камайишига хизмат қилади. Ва бу, ўз навбатида, таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

Хориж тажрибаси қандай?

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ривожланган давлатларнинг олий таълим муассасаларида ҳам ўқишни кўчириш, ички академик мобиллик олий таълимнинг бир қисми ҳисобланади. Айрим давлатларда барча ваколат олий таълим муассасалари ихтиёрида бўлса, баъзиларида қатъий чекловлар, муайян талаблар жорий этилган.

Ҳатто ички академик мобиллик дастурлари университетлар аро ўзаро келишув шартномалари асосида ташкил қилинадиган мамлакатлар ҳам бор. Мазкур тизимнинг амалиётга жорий этилиши талабаларнинг муайян олий таълим муассасасидан ўқишни бошқа номдорроқ олий таълим муассасасига кўчириши учун эмас, балки танлаган мутахассислиги бўйича малакали кадр бўлиб етишишига хизмат қилади.

Жумладан, АҚШда бакалавриат босқичидаги ўқишини кўчирмоқчи бўлган талаба ушбу мамлакатда аккредитациядан ўтган олий таълим муассасаси бакалавриатида камида бир йиллик ўқишни тамомлаган бўлиши шарт. Университетлар ўқишни кўчириш истагини билдирган талабалар учун ўртача ўтиш балини турлича белгилаган.

Аксарият университетлар ўқишни кўчириш учун минимал ўтиш балини 2,5 GPA (фанлардан ўтиш учун минимал балл) этиб белгилаган. Хусусан, нуфузли университетларда ўтиш бали анча юқори. Масалан, Гарвард университети ҳар йили ўқишни кўчириш истагини билдирган талабаларнинг бор-йўғи 0,97 фоизини қабул қилади.

Бундан ташқари, талаба қатъий белгиланган талаблар бўйича тест ва бошқа синовлардан ўтиши керак. Ўқишни кўчириш жараёнида талаба тарк этаётган ОТМга тўлов-шартноманинг умумий суммасидан келиб чиқиб, яна қўшимча 20-30, қабул қилаётган ОТМга тўлов-шартнома суммасининг 35 фоизи миқдорида қўшимча пул тўлайди.

Массачусетс технология институтига 2021 йилда ўқишни кўчириш истагида 419 нафар талаба ариза топширган бўлса, шулардан 19 нафаригина ўқишга қабул қилинган. Браун университетида ўқишни кўчириш истагидаги 2746 нафар талабанинг 81 нафаригина белгиланган талабларни бажарган.

Канадада эса ўқишни кўчириш фақат трансфер шартномалари бўлган олий таълим муассасалари ўртасида амалга оширилади. Ушбу университетлар рўйхати махсус сайтларда эълон қилинади ҳамда Канаданинг ички ва ташқи академик мобиллиги қабул комиссиясининг ихтиёрига кўра қарор қабул қилинади. Ўқишни кўчириш таълим босқичлари мазмунининг мувофиқлигига асосланади.

Дастурларнинг бир-бирига мос келишига қараб, кўчиришда ҳам бир нечта кредитдан бутун икки йиллик ўқиш давригача инобатга олинади. Босқич муддати қисқа ёки фанларни ўзлаштириш баҳолари паст бўлса, ўқишни кўчириш рад этилиши мумкин. Фанлардан ўтиш учун минимал балл 60 фоиздан паст бўлмаслиги керак.

Буюк Британия олийгоҳлари нуфузи жиҳатидан дунёда юқори ўринда тургани учун талабаларнинг ўқишни кўчириши ҳам қатъий тартибга солинган. Талаба ўқишни кўчиришдан аввал ўтмоқчи бўлган университети билан маслаҳатлашиши шарт. Яъни у ўқишни кўчириш учун ўзидан-ўзи ариза ёза олмайди.

Чунки айрим университетлар, айниқса, нуфузли олийгоҳлар ўқишини кўчирган талабаларни осонликча қабул қилмайди. Бундан ташқари, ўқув йилининг ўртасида ўқишни кўчириш тақиқланади. Талаба ариза топшириш вақтида бошқа университетга ўтиш сабаблари ва бу янги университет нима учун унга кўпроқ мос келишини тушунтириб берувчи шахсий ариза (баён) ёзиши керак.

Ҳар бир курснинг ўз талаблари мавжуд, ушбу талабларга жавоб бермаган талабаларнинг аризаси эса рад этилади. Германияда биринчи семестрдан кейинги босқичлар “юқори семестрлар” деб аталади. Мамлакатда “юқори семестрлар” учун ўқишни кўчиришда чеклов мавжуд бўлиб, талабаларнинг ўқишни кўчириш бўйича аризаларига ОТМ маъмурияти аксарият ҳолларда рад жавобини беради.

Япониядаги ҳамма олийгоҳларда ҳам талабалар ўқишини кўчириш дастури йўлга қўйилмаган. Шунингдек, мавжудларида ҳам бу жараён осон кечмайди, яъни дастурлар ҳар йили амалга оширилмайди. Баъзи йўналиш ва факультетларга рухсат берилади. Талабанинг олдинги ўқиган жойида олган кредити ва натижаси ҳар доим ҳам ўринли деб топилмайди. Ритсумекен университети ва Акита халқаро университети ўртасида талабалар алмашинув дастури йўлга қўйилган.

Бу дастур орқали талабалар Акита халқаро университети тизимида мавжуд 16 та коллеждан бирида ўзи қизиққан йўналиш бўйича қисқа курслар орқали олти ойдан бир йилга қадар таълим олиши мумкин. Қўшнимиз Қозоғистонда эса талабаларнинг бир ОТМдан бошқасига ўқишини кўчириш тартиби мулкчилик шаклидан қатъи назар, ҳар бир олийгоҳнинг академик сиёсатидан келиб чиқиб мустақил белгиланади.

Талаба ўқишини кўчириш учун дастлаб ўзи таълим олаётган университет раҳбариятига ариза билан мурожаат қилади. Агар раҳбарият ижобий хулоса берса, талаба бошқа университетга ўқишни кўчириш учун ариза топшира олади. Бу жараёнда ОТМлар ҳар бир йўналиш бўйича ўртача ўтиш бали (GPA) ни мустақил белгилайди.

Масалан, Алмати менежмент университети ўртача ўтиш балини 2.18 GPA этиб белгилаган. Ўқишни кўчириш қоидалари барча учун бирдек амал қилади. Бирор тоифа учун алоҳида имтиёзлар қўлланмайди. Ўқишга қабул қилиш ёки рад этиш қарори ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, ОТМ раҳбарияти томонидан қабул қилинади.

Ўзгаришлар таълим сифатини оширишга хизмат қилади

Мамлакатимиз таълим тизими ҳам халқаро стандартларга интеграциялашмоқда. Самарали тажрибалар амалиётга татбиқ этиляпти. Мақсад таълим сифатини яхшилаш, ўқув ишларини бозор эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил этишга қаратилган. Аммо барча саъй-ҳаракатлар кутилганидек натижа бермаётгани ҳам бор гап.

Мазкур камчиликларни бартараф этишда баъзи омилларга эътибор қаратиш лозим. Хусусан, таълим жараёни тўлиқ кредитмодуль тизимига ўтказилгани сабабли талабаларни академик мобиллик асосида бошқа олий таълим муассасасида камида бир ва кўпи билан икки семестр ўқиш имкониятини яратиш керак. Академик мобиллик амалиётини олий таълим муассасалари томонидан ўзаро шартномалар тузиш орқали жорий қилиш пайти ҳам келди.

Талабаларнинг ички академик мобиллик орқали ўқишини ташкил этиш ваколатини олий таълим муассасаларига ўтказиш эса улар мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.