«Тақдирлар» номли туркум телекўрсатувни томоша қилиб тураман. Ҳаммаси бир хил савияда эмас, аммо кўпларга ҳаётий сабоқ бўладиган, ота-оналар, ёшлар ўзлари учун тегишли хулоса чиқариб олиши зарур бўлган сермазмун жиҳатлар бор. Ижодкорларнинг мақсади ҳам шу.

Яқинда “Тақдирлар”нинг навбатдаги серияси тўйлар, тўй маросимлари, сарф­ха­ражатлар, тўйдан кейин юзага келаётган можаролар, тўй ўчоғининг чўғи ўчмай туриб ўртага тушаётган совуқчилик каби муаммоларга бағишланди. Бугунги асаб­бузар сериал лар ёдга тушди. Тўйда қиз томон юборган нарсалардан кўнгли тўлмаган муҳтарама қайнона бир кунлик келинига: “Орқангга бир тепаман, онангнинг уйига бориб тушасан” деб турибди.

Ўйлаб қоламан. Тўй ўзи нима? Бойлигини кўз­кўз қилиш, қизини бермаганларни тавбасига таянтириш, бунинг учун борини сочиш, йўғини қарзга олиш, қуда томондан кўпроқ нарса ундиришми? Йўқ, асло бундай эмас. Тўйдан мақсад — эл олдига шукрона­лик дастурхони ёзиш, элдан дуо олиш. Шун­дай экан, тўйхона, кийимлар, тақинчоқлар, қайнонанинг келин қўлига тақиб қўйган тилла узуги, куёвнинг ялтиллаган машинаси... икки­уч кунга шунча нарса ижарага олинга­нини қандай тушуниш мумкин? Тўйнинг эр­тасигаёқ куёвболанинг вазирликда ишлаши ҳам ғирт ёлғонлиги билиниб турса­я? Биров ногаҳон ҳуштак чалворса қулайдиган пуфак пойдевор устига қурилган бундай оилалар “илдиз отиб, палак ёзади” деб ўйлайсизми? Асло. Оила сифатида узоққа бормайди, борди­ю яшаб қолса ҳам ёлғончилик кейинги авлодларга ўтади. “Зўр билан бўлган иморат охири вайронадир”, деган гап бор. Ёлғон ара­лашган ҳамма нарса синади, тўкилади. Шун­га қарамай, ёлғончилик иллати кўпларнинг одатий турмуш тарзига айланиб бормоқда. Ёлғон баъзилар учун мўмай даромад манбаи бўлиб қолди. Яқинда ўқидим — сунъий роботлар ҳозирнинг ўзидаёқ ёлғон гапиришни, қувлик қилишни ўрганиб олибди. “Ҳой, битта сен қолувдинг алдамайдиган, бу нимаси?” десангиз, мулла робот пинагини бузмай: “Аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ” деса, мулзам бўласиз.

Наҳотки, бу аянчли ҳолатлар ҳаётда бор бўлса, маҳалла, эл­юртнинг кўз ўнгида содир бўлаётган бўлса, дея ёқа ушлагинг келади. Ўта оғир, машаққатли синовлардан ўтган ориятли, ғурурли халқмиз, “Ҳай, маҳалла эшитмасин, гап кўчага чиқмасин”, дея ово­зимизни пастлатамиз, унча­мунча камчилигимизни овоза қилмаймиз, уйга меҳмон келса, аразлашиб юрган эр­хотин ўз­ўзидан ярашиб кетади. Бугун бизга нима бўлди ўзи?

Шу сатрларни қоғозга тушираётганимда ўтган асрнинг эллигинчи йиллари, қаҳра­тон қиш кўз олдимга келди. Қаҳатчиликка яқин ҳолат. Кўпчиликнинг қозони қайнамай қўйган, болажон оилаларга қийин, оталар иложсиз. Аммо нолиш йўқ. Болалари қўш­ниларнинг уйига чиқиб, тенгдошлари билан ўйнамоқчи бўлса, ота­она уларга: “Овқат ей­санми деб сўрашса, йўқ, қорним тўқ”, дегин, деб қаттиқ тайинлайди. Наҳотки, бугунги тинч, тўкин­сочин замонда шундай шар­мандали кўзбўямачилик ҳаётимизга кириб келаётган, илдиз отаётган, жамоатчилик эса бунга эътибор бермаётган бўлса?!

Ишониш қийин. Нотўғри хулоса чиқар­майин, ўринсиз ваҳима кўтармайин деб касбдошларимнинг фикрини билишга қизиқдим, ижодий сафарларимда суҳбатдош­ларимдан сўрадим. Таҳририятга келган маҳалла оқсоқоли билан шу мавзуда узоқ суҳбатлашдик. Саҳнада эмас, “келин салом” маросимини ўтказишда фавқулодда юксак натижаларга эришаётган айрим санъаткор­ларни ҳам саволга тутдим. Ҳайратланарли­си шуки, худди аввалдан келишиб олган­дай, ҳаммасининг жавоби бир хил бўлди:

“Ҳа, шунақа ёлғонлар ҳам бор, обрў олиш керак­да”. Кейин ҳаммаси бир­иккитадан мисол келтирди. Куёвнинг шаҳар четидаги данғиллама уйи ўзиники эмас, ижара уйли­ги билингач, аёл қудалар ёқалашишгача бо­рибди. Бошқа бир ҳолатда келиннинг отаси қизига куёв томоннинг вакили бўлиб келган, мақтовни қойиллатган “келинтопар”нинг бўйнига тўй харажатини илибди. Боиси, куёв бола гиёҳвандликка берилганлардан экан. Бир ижарачи уч кунлик ижара пулини тўла­маган мижозни қудаларнинг олдида ҳақорат­лабди. Янада таъсирлиси — “келин салом” пайти ижарага олинган узуклардан бири ос­монга учгандай йўқолибди. Қидирилмаган жой қолмабди, кимлардандир гумон қили­нибди, жанжал чиқиб, саломчи “санъаткор”­нинг чирмандаси ёрилибди...

Булардан ҳам аянчли мисоллар эшитдим. Кўп жойда никоҳ базмлари, қуда чақириқ, куёв чақириқ каби кимошди маросимла­ри ўтказиладиган махсус ижара ҳовлилар, коттежлар пайдо бўлибди. Мўмай даромад. Қудаларни дарвоза олдида кутиб оладиган мансабдор “қариндош”лар, ҳайбатидан дев ҳуркадиган машиналар — булар ҳам ижара.

Бугунги келин­куёвлар кечаги келин­ куёвлар эмас. Ўзгариш катта. Қайси томонга дейсизми? Оила мактабининг ҳали биринчи синфида сабоқ олмаган қизлар тўйдан кейин алоҳида яшашадими ёки қайнона­қайнота хизматида бўладиларми — шунга қизиқади. Куёвлар бўлса, тўй куни қайнота қандай ма­шина совға қилиши ҳақида ўйлайди. Чойхо­нада керилиб ўтириши керак­да.

Мисол келтиришни шу жойда тўхтата­ман. Чунки ҳар қандай мисол тарғиботга айланиши мумкин. Болага: “Мана бу нарса­лар сенга, мана бунисига тегма, ёмон нарса”, десангиз, бола­да, ўша “ёмон” нарсанинг нималигини билишга қизиқади, билмагун­ча қўймайди. Анча йил аввал телевидение­да “Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси” деган сериал намойиш қилиниб, унда қуданикига юбориладиган тоғоралар жиддий танқид остига олинганди. Кўпчилик уни тўғри қабул қилди. Аммо туманларимиздан би­рида яшайдиган ижодкор дўстимиз таҳри­риятга бундай кинояли хат ёзгани ёдимда:

“Телевизорда нима балони бошлашди, биз­да ҳеч ким қуданикидан келадиган тоғорага эътибор бермасди. Мана энди: “Э, шаҳарда қирқтагача тоғора юборилар экан­да, нима, биз улардан каммизми?” деб тоғора санашга ўтилди...”.

Ўзимизга келайлик. Дунё тамаддунига ҳисса қўшган халқмиз. Бундай аянчли аҳвол­га тушиб қолаётганимизни наҳотки сезмаёт­ган бўлсак? Битта бели бақувват, бу дунёда яшашдан мақсад нималигини англамаган бойвачча бошлайди, иккинчиси давом этти­ради, учинчиси ҳавас қилади, тўртинчиси шулардан қоламанми, дейди­да, қарз кўтара­ди. Жамоатчилик жим. Гоҳ­гоҳида юқоридан бир ишора бўлса, “Ҳай, сал пасайтиринглар”, дейилса, пасайтирамиз. Аммо орадан кўп ўтмай, яна аввалги ҳолга қайтамиз, ундан ошириб ҳам юборамиз. Мен эмас, бошқалар пасайтирсин, деймиз. Тўйимиз маҳаллада дув­дув гап бўлишини, ҳамманинг оғзи очи­либ қолишини хоҳлаймиз. Оғир пандемия кунлари ўтган ихчам тўйлар ҳар жиҳатдан намунали эди. Шунга кўника бошлагандик. Афсуски, эски “касалимиз” қўзиди, беш юз кишилик базмлар бугун оддий воқеа, ўттиз кишилик тўйлар эса кулгига қолиб, Аваз Охуннинг репертуаридан жой олди.

Тўй — тўқчилик, маъмурчилик белгиси. Тўй­томошасига қараб, у ёки бу мамлакатда элнинг турмуши, харид қуввати қандайлиги­ни тасаввур қилиш мумкин. Одамлар оила қуриб яшашга ўрганганидан бери тўйлар такомил топиб келади. Мамлакат ривожлан­гани сари инсоннинг иқтисодий эҳтиёжи билан бирга маънавий орзу­ҳаваси ҳам ошиб боради. Бир даврнинг тўйи бошқа даврнинг тўйига ўхшамайди. Ўтган асрнинг элли­гинчи йиллари қишлоғимизда яшаган Ой­мон кампирнинг ўғли, колхоз ҳўкизларини боқадиган Бузрукхўжа уйланганида маҳал­ла бу ночор оилага ёрдам қилиб, кичикроқ дастурхон тузаган, икки кишилик куёвнав­карни пиш лоқ, туршак, майиз, ёнғоқ билан сийлаган экан. Жўралар Бузрукхўжани чи­милдиққа киритиб, уй­уйига тарқалаётгани­да кутилмаган воқеа юз берибди: куёв бола дўриллаган овозда чимилдиқнинг ичидан туриб, энасини чақира бошлабди. Оймон кампир қазноқда қўни­қўшнилари билан гаплашиб ўтирган экан, ўтакаси ёрилиб, чи­милдиқнинг олдига келса, Бузрукхўжа: “Эна, ҳўкизларга кунжара бериб қўйинг, ўлиб­не­тиб қолмасин тағин...”, дермиш. Қиш қаҳр­ли келиб, ем­хашак анқонинг уруғи бўлиб турганида ҳўкизбоқарнинг хаёли чимилдиқ ичидаги келинда эмас, жамоанинг очликдан сулайиб қолган ҳўкизларида бўлган экан. Бу воқеани бугун кимга ҳам айтасиз?

Тўйнинг қандай ўтиши, харажат қанча бўлишини топшириқ билан чегаралаб бўл­майди. Ҳар битта тўйхона эшиги олдига биттадан назоратчи қўйишнинг имкони йўқ. Бундан ўн йиллар аввал Маданият вазирлиги ва бир неча маданий­маърифий ташкилотлар ташаббуси билан тўйларда қандай қўшиқлар куйланиши, базм қандай бошланиб, қандай тугаши, кимлар табрик сўзи айтиши хусуси­да махсус низом ишлаб чиқилгани ёдимизда. Ҳеч нима ўзгаргани йўқ. Бундай кўрсатма­ни ҳеч ким қабул қилмади, қилмайди ҳам. Фик римизча, тўйнинг даражаси тўйчивой тоғамизнинг имконияти, маҳаллада шакл­ланган одоб­ахлоқ меъёрларидан келиб чиқиб белгиланиши мақсадга мувофиқ. Ор­ номусли, зиёли, ибодатли оилалар фарзанд­ларининг тўйига беҳаё, ярим яланғоч кўча “раққоса”ларини таклиф қилмайди. Шира­кайф йигитчалар (шўхлиги қолмаган баъзи мўйсафидлар ҳам) базмда уларни ёшлар, болаларнинг кўз ўнгида қучоқлаб кўтариш­майди. Дунё дунё бўлганидан бери ҳеч жой­да бундай шармандалик бўлган эмас. Ўзини ҳурмат қиладиган кишилар қўли узунлиги­ни кўз­кўз қилиб, мантиқсиз маросимларни ўйлаб топмайди. Тўйдан аввал хонадонни, ҳовлини бир сидра тозалаб чиқади. Чунки меҳмонлар фақат дастурхонга қарамайди. Бундан анча йил аввал хориждан келган икки ҳамкасбимизга ҳамроҳлик қилиб воҳа­га борганман. Меҳмонлар тарихий жойлар­ни кўрди, кўзига ишонмай томоша қилди. Кейин уларни бир дўстимизнинг хонадонида ўтказилаётган тўйга таклиф қилдик. Ҳамма­си жойида. Иззат­икром, совға­салом, таом устига таом. Қўшиқ авжида, рақслар офа­тижон. Тўёнанинг кети узилмайди. Қани энди, бизда ҳам одамлар бир­бирига шундай меҳрибон бўлса деб ҳавас қилишди. Кейин... бир “детал” бу ҳавасларнинг ҳаммасини йўққа чиқарди. Қандай айтсам экан: базм якунида меҳмонлардан бири... ҳамма пиёда борадиган жойни сўраб қолди. Олиб бориб, кўрсатишди. Меҳмон пахта териладиган этак матосидан қилинган қўлбола пардани кўтариб, ичкарига қадам қўйди­ю, худди заҳарли илоннинг думини босиб олгандай сапчиб, орқага қайтди. Вақтни ўтказмай, меҳмонхонага улгуриб келдик. Афсуски, у ерда ҳам “пиёда бориладиган жой” аҳволи аввалгисидан дуруст эмас...

Миллий анъана, халқ ижоди, деган иборалар бор. Халқ бир жойда йиғилиб, “Қани, биродарлар, янги бир урф­одат ўй­лаб топайлик, тўйларда ижро этиладиган куй­қўшиқ яратайлик”, демайди. Мил­лий урф­одатлар йиллар, асрлар давомида шакл ланади, не­не синовлар элагидан ўта­ди. Шундай экан, миллий урф­одат яра­тувчи халқнинг бир вакили сифатида ҳар биримиз зиммамиздаги бу улуғ ваколатга жиддий масъулият билан ёндашишимиз ке­рак. Шундай қилмасак, тўйларимиз тобора қалбакилашиб бораверади. Умримизнинг катта қисми тўй ташвиши билан ўтади. Бир бойвачча ўйлаб топган кўнгилхушлик эртага “миллий анъана”га айланади, ил­диз отади. “Ўчоқ кўмди”, “Калла солди”, “Сочиқ ювди”, “Куёв оши”, қиз узатилган бўлса, “Ота юпатди” деган маросимлар пайдо бўлади. Водийда шундай маросим­лардан бирига мени ҳам таклиф қилишган. Афсуски, “Ота юпатди” маросими “Ота қулатди”га айланиб кетди...

Ортиқча маросимлар ҳақида қаерда гап бошланмасин, кўпчилик: “Топарман­тутар­манлар ошириб юборяпти, исроф гарчиликни бас қилайлик, бировда бор, бировда йўқ — ихчамлаштирмаса бўлмайди”, дейди. Ҳамма оёқни кўрпага, маҳаллага, эл­юртга қараб узатиш тарафдори. Бироқ амалий ишга кел­ганда, бутунлай бошқача манзара. “Қани, бу ишни кимдан бошлаймиз?” дейилса, бас, кўпчилик ўзини четга олади.

Тўйларга номдор санъаткорларни таклиф қилиш бели бақувватлар учун оддий юмуш бўлиб қолди. Эл хизматида бўлиш айб эмас. Истеъдоди бор, ижро маҳорати юксак, му­сиқий диди баланд кишиларгина санъаткор деган шарафли номга, мухлислар ҳурма­тига сазовор бўлади. Бунинг учун неча ўн йиллаб изланиш, устозлардан сабоқ олиш, унча­мунча сарф­харажатни зиммага олиш­га тўғри келади. Битта сюжетли клипнинг харажати бугун фалон пул. Шундай экан, чин санъаткорга ҳеч ким тўйга борма, де­майди, борганлари аввалги йиллардагидек қора рўйхатга тушмайди. Аммо бу “тирикчи­лик”да ҳам рақобат кучайиб бормоқда: тўй талашиш, қўшиқ талашиш бошланди. Озроқ фаромуш бўлсангиз, сафдан чиқасиз­қола­сиз. Тўй базмларида гўзал қўшиқлар ижро этилса, санъаткорлар бир­бирини ҳурмат қилса, шогирдлар устозларга йўл берса, бунга нима етсин?! Навбат талашиб, эл­юрт олдида обрўсини тўкса, бундан ёмони йўқ. Камолиддин Раҳимов, Отажон Худойшуку­ров, Ортиқ Отажонов, Нуриддин Ҳамроқу­лов, Ўлмас Саиджонов каби санъаткорлар ҳам тўйларда хизмат қилган, аммо шу чоққа­ча уларнинг бирортаси ҳақида нордон гап эшитмаганман.

Тўй ҳақида жуда кўп ёзилади, мен ҳам анча­мунча қоғоз қоралаганман. Мақола­ларимдан бирини аввалига “ЗАГС мудира­си ЗАГСдан ўтганми?” деб номладим. Кўп тўйларда келин­куёвнинг никоҳи висол оқ­шомида рўйхатга олинади. Ўз вақтида бу янги одатни қўллаб­қувватлаганмиз. Аммо бир тўйда Адлия вазирлиги номидан никоҳ­ни расман қайд этган, уларга оила ва никоҳ масалаларида зарур маслаҳатлар берган ёш мудиранинг сўзларини тинглаб, кўнглимда “Бу нозик ниҳол сингилчамиз турмуш қур­ганми ўзи?” деган иштибоҳ пайдо бўлди. Жўн, умумий, ёдлаб олинган, тўйларда бир хил такрорланадиган ҳиссиз, қуруқ гаплар. Никоҳни қайд этиш маросимини маҳал­лаларимизда умргузаронлик қилаётган, оила қурганларига эллик, олтмиш йил бўл­ган, ували­жували, фарзандлари тарбияли, имон­эътиқодли отахон­онахонлар иштиро­кида ўтказиш, уларнинг вафо­садоқатини, турмуш синовларига бардошини ёшларга намуна қилиб кўрсатиш керак эмасми?!

Бугун мамлакатимиз улкан тўйхонага ўхшайди. Янги­янги замонавий бинолар, санъат, маданият ва спорт саройлари, олий ўқув юртларининг муҳташам бинолари би­лан бирга дабдабали, бири иккинчисига ўх­шамайдиган тўйхоналар ҳам шитоб билан қурилмоқда. Тўй тадоригини кўраётган, тўйхона қураётган халққа дунё ҳавас қилади. Айниқса, бугун. Мен эса яна ният қиламан: саховатпеша тадбиркорларимиз тўйхоналар билан бирга маҳаллаларда, мавзеларда ку­тубхона, қироатхоналар ҳам қурса, уларни адабий­бадиий, маънавий­ахлоқий адабиёт­лар, кундалик нашрлар билан тўлдирса, зўр иш бўларди­да. Депутатларимиз бундай са­ховатли ишларни қўллаб­қувватлаши аниқ. Чунки маърифий бинолардан тараладиган зиё халқимизнинг буюк келажак сари йўли­ни янада нурафшон қилади.

Аҳмаджон Мелибоев,

журналист