Мамлакатимизда имконияти чекланган талабаларнинг ижтимоий фаоллигини ривожлантириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, маданий ва коммуникатив фаолиятини самарали ташкил этиш, малакасини оширишга доир кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида олий ва профессионал таълим муассасаларида ўқиётган ҳамда ўқиш истагидаги ногиронлиги бор ёшларга муайян имтиёзлар бериш тартиби белгиланди.
БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида ногиронлиги бор шахслар учун зарур қулайликларни яратмаслик ҳам шахсни камситишнинг бир шакли экани қайд этилган. Шу маънода, таълим муассасаларида ўқиётган ёшларга қулайлик яратиш алоҳида аҳамиятга молик. Чунки бу тоифадаги фуқаролар ҳам сифатли таълим хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ногиронлиги бор юртдошларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай яшаши, таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар ўрганиб, малакали мутахассис бўлиб етишиши давлатимизнинг инклюзив жамият барпо этиш борасидаги интилишларига мос келади.
Давлатимиз раҳбари ўтган йили Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Ўзбекистон халқига мурожаатида бу ҳақида сўз юритиб, жумладан, шундай деди: “... Биз барча фуқаролар, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун бир хил имкониятлар амал қиладиган инклюзив жамиятни барпо этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширамиз. Шу асосда ногиронликни белгилашнинг аллақачон эскирган тиббий моделидан умумэътироф этилган ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтишни ўз олдимизга муҳим вазифа қилиб қўйганмиз”.
Инклюзив таълим ҳам мазкур саъй-ҳаракатларнинг ажралмас қисмидир. Шу боис, кўплаб давлатларда инклюзив таълим тизимини жорий қилиш борасида амалий тажрибалар олиб борилаётир. Мисол учун, Буюк Британияда махсус мактаб ўқувчиларининг муайян қисми умумий ўрта мактабда таълим олади. Интеграцияни амалга ошириш учун ўйин, жисмоний тарбия, амалий фаолият турлари алоҳида танланган. Швейцарияда ҳам ривожланишида нуқсони мавжуд болалар таълимнинг асосий қисмини умумий ўрта мактабда олади. Бунинг учун ўқув муассасасининг уч ўқитувчиси ва имконияти чекланган болалар билан ишлаш бўйича махсус тайёргарликка эга бир педагогдан иборат гуруҳ фаолият кўрсатади.
Қирғизистонда инклюзив таълим танлаб олинган давлат мактаблари ва хусусий ўқув муассасаларида олиб борилади. Мутахассислар гуруҳи оммавий мактабларда таълим олиш учун имконияти чекланган болаларни саралаб олади. Хитойда интеграциялашув жараёни барча умуммиллий маълумотларни йиғиш, тажриба ва фикр алмашиш, мулоқот, кадрларни тайёрлаш, мактабдаги ўқув жараёнини ислоҳ қилиш, таълим ходимлари билан учрашув ва савол-жавоблар ўтказиш ҳамда барча ахборотларни йиғиб, таҳлил қилишдан бошланади.
Мамлакатимиз таълим муассасаларида ҳам бу борада муайян тажрибалар йўлга қўйилган. Жумладан, Андижон давлат педагогика институтида ногиронлиги бор йигит-қизларнинг сифатли билим олиш билан бирга, жамият ҳаётига қўшилиш кўникмасини эгаллашига алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу мақсадда махсус тиббий кўрик, коррекцион педагогик кўмаклашув хизматлари жорий этилган. Келгусида шундай талабалар учун институтнинг мактабгача таълим кафедраси негизида реабилитация маркази ташкил этилиши кўзда тутилган. Унда жисмоний имконияти чекланган талабалар учун логопед, сурдопедагог ҳамда тифлопедагог хизмати йўлга қўйилади. Лўнда қилиб айтганда, инклюзив ёндашувли олий таълим шаклланади.
Институтда ҳозир қарийб 50 нафар ногиронлиги бор талаба таҳсил олмоқда. Дарслар уларнинг индивидуал хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, шахсга йўналтирилган таълим тамойилларига асосан ўтилишига қатъий эътибор қаратилаётир. Ногирон талабалар ҳамда соғлом ёшлар ўртасидаги ижобий психологик муҳитни мустаҳкамлаш мақсадида турли спорт машғулотлари, кўнгилочар тадбирлар мунтазам ўтказилаётгани эътиборга молик. Натижада талабалар ўртасида ўзаро инсоний туйғулар, меҳр-шафқат ҳислари камол топмоқда, бир-бирига хайрихоҳлик кучаймоқда.
Брайль алифбосида тактил сезиш учун мослаштирилган дарсликлар кўриш имконияти чекланган талабаларга ниҳоятда муҳим. Чунки кўриш қобилиятидан маҳрум ёшлар математикага оид формулалар, доскада чизилган графиклар, чизмаларни фақат эшитиш орқали тўлиқ қабул қила олмайди. Уларни сўз орқали тушунтириш ҳам қийин. Шуни инобатга олиб, институт ахборот-ресурс маркази кўришда нуқсони мавжуд талабалар учун брайль алифбосидаги элликдан ортиқ бадиий адабиёт билан бойитилди. Келгусида махсус дарсликларни ҳам шу алифбода чоп эттириш мақсад қилинди.
Инклюзив таълим бир ёқлама бўлмаслиги лозим. Имконияти чекланган талабада ўзига ишончни ошириш, кўникма ва қобилиятини ривожлантириш, ёшлигидан билим олишга руҳлантиришда оиланинг иштироки муҳим. Шу боис, алоҳида эҳтиёжли фарзандлари жамиятнинг бир бўлагига айланиш ҳуқуқига эга эканини тушунтириш, бу ишончни уларнинг онгига сингдириш мақсадида талабаларнинг ота-оналари ҳамда институт ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган. Хусусан, имконияти чекланган талабаларнинг ота-оналари билан биргаликда бажарган амалий ишлар кўргазмалари ташкил этилган.
Таълим жараёнида талабаларнинг индивидуал хусусиятлари сабабли пайдо бўлган муаммоларни бартараф этишда барча профессор-ўқитувчилар, тьюторлар бирдек ёрдам беради. Мисол учун, ўқитувчиларнинг кўмаги туфайли заиф кўрувчи бир талабамиз брайль алифбосида ёзишдан бошқа курсдошлари қатори одатий ёзишга ўтди.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга ҳар томонлама шароит яратилмоқда. Инклюзив таълимни бутун мамлакат бўйлаб ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар бунга амалий мисол бўлади. Андижон давлат педагогика институти ҳам мазкур ташаббусга ҳисса қўшишга интилмоқда. Ота-оналар (ёки қонуний вакиллар) билан ҳамкорликда талабаларни интеллектуал ривожлантириш, касбий йўналтириш, олий ўқув юртини тугатгач, ишга жойлаштириш, кейинчалик касбий фаолиятга мослаштиришда амалий ёрдам ва маслаҳат бериш педагогик жамоа аъзоларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган. Шунингдек, имконияти чекланган талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига кўмаклашиш ва тадбирлардаги иштирокини таъминлаш институтда тўсиқсиз муҳитни ривожлантиришдаги муҳим мақсадлардан.
Турғуной ҚОЗИЕВА,
Андижон давлат педагогика институти
мактабгача таълим кафедраси мудири