Шу йилнинг 5 апрель куни давлатимиз раҳбари раислигида мактаб таълимини ислоҳ этишга бағишланган видеоселектор йиғилишида фикри теран, дунёқараши кенг, мустақил тафаккурли авлодни тарбиялаш, бу жараёнда умумтаълим муассасаларининг аҳамиятини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда мактаб таълимини ривожлантириш борасида кўтарилган масалалар бугуннинг долзарб муаммоларини қамраб олган. Сабаби, мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг самараси айнан дунёқараши кенг, мустақил нуқтаи назарига эга, билимдон ва ахлоқли шахсларни тарбиялашга боғлиқ.

Энг муҳими, Президентимизнинг мактаб таълимини тараққий эттириш билан боғлиқ ғоя ва фикрлари дунё илмий жамоатчилигининг бугунги ғоялари билан бевосита уйғун. Зеро, ҳар қандай давлат ва жамиятни юксалтиришда сифатли таълимни кафолатлаш ва амалда таъминлаш, инсон капиталига алоҳида эътибор қаратиш ҳар томонлама ўзини оқлайди.

Буни Япония, Жанубий Корея, Малайзия каби мамлакатлар мисолида яққол кўриш мумкин. Улар айнан сифатли таълим ва инсон капиталига етарли эътибор қаратгани боис, нафақат танг вазиятдан чиқишни уддалади, балки дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллади.

Ҳар қандай давлат ва жамият ривожланиши, учун куч­қувватни тарбияли, юксак ахлоқли, масъулиятли, ростгўй, иродали, меҳнаткаш, ватанпарвар ҳамда эркин фикрли, билимли, интеллектуал салоҳиятли фуқаролар, аниқроғи, ёшлардан олади. Янги Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас.

Президентимиз мактаб таълимини ривожлантириш фақат Халқ таълими вазирлигининг эмас, бутун жамиятнинг иши экани ва унга ҳамма бирдек масъуллигини куюнчаклик билан таъкидлагани бежиз эмас. Ушбу масала бўйича алоҳида комиссия тузилиб, унга давлат раҳбарининг ўзи раис бўлиши ёхуд жойларда ҳокимлар масъул этиб белгиланиши таклиф этилганида ҳам катта мантиқ бор.

Мактаб таълимини ривожлантириш нафақат моддий хусусиятга, балки истиқболли маънавий-­маърифий характерга эга йирик ва салмоқли лойиҳадир. Чунки ҳар қандай тараққиётнинг натижаси барибир айланиб келиб, инсоннинг давлат ва жамият олдидаги хулқи, одоби, сабри, шукри, нияти, садоқати, фидойилиги, ақл­-фаросати, онгу тафаккури, билими, ижодий салоҳиятига тақалаверади. Бу педагогика фанида ижтимоий компетентлик, деб аталади.

Бироқ мактаб таълимини ривожлантириш жараёнида ўқувчиларнинг ижтимоий компетентлиги ўз-­ўзидан пайдо бўлмайди. У жамият ривожининг барча босқичидаги сифатли таълим, самарали тарбия ва тўғри йўналтирилган ижтимоийлашув маҳсулидир. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбарининг ғоялари илмий-­назарий ва амалий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки мактаблар моддий-­техник базасини талаб даражасига келтириш, уларга олий ўқув юртларининг бириктирилгани, таълим жараёнига профессор-­ўқитувчилар жалб этилиши, умумтаълим муассасалари муаллимларига илмий-­услубий ёрдам берилиши сифатли таълимнинг ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатдан самарали йўлга қўйилишига замин бўлади.

Ҳозир бу ғоя интенсив амалий ҳаракатга айланмоқда. Агар ўқувчиларнинг таълим­тарбия олишга киришган дастлабки палласи сифатли ташкил этилиб, узлуксизлик касб этмаса ёки болалар назарий ҳамда ҳаётий билим ва кўникмаларни эгаллай олмаса, шахс сифатида етарлича эркин фикр юритолмайди. Табиийки, ижтимоий компетентлик даражаси ҳам паст бўлади.

Ривожланган мамлакатларда давлат ижтимоий компетентлик даражасининг яхлит жамият, ижтимоий гуруҳ миқёсида ва индивидуал тарзда юксалишидан манфаатдорлиги эътироф этилади. Чунки ижтимоий компетентлиги юксак шахс ёлғон гапирмайди, ўрнатилган тартиб ва қоидаларни бузмайди, маданиятсизлик ёки ахлоқсизликдан ўзини тияди, Ватанга хиёнат қилмайди, бефарқ бўлмайди, бировнинг етовида юрмайди.

Табиийки, бундай фазилатлар шахсларда ёшлигидан, мактаб давридан бошлаб шакллантириб борилади. Шунинг учун ўқувчиларда ижтимоий компетентликни юксалтириш ҳар томонлама ўзини оқлайди. Янги Ўзбекистонда ҳам ана шу эҳтиёжлардан келиб чиқиб мактаб таълимида ислоҳотларнинг кейинги босқичи бошланди.

Сабаби, инсон қадри улуғланаётган мамлакат халқи амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг кейинги давомчилари тимсолида ўз фарзандларини кўради. Бунга ёшларни ҳар томонлама тайёрлашдан манфаатдорлигини эътироф этади. Аслида мактаб таълимини ривожлантириш ислоҳотларини бугундан бошланди, дейиш унчалик ҳам ўринли эмас.

Бу йўналишдаги ишларга Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилиши билан киришилган эди, десак мантиқан тўғри бўлади. Демак, мактаб таълимини ривожлантиришнинг бугунги босқичини ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳамда сифат босқичи деб эътироф этиш мақсадга мувофиқ. Президентимиз ўқувчиларнинг ижтимоий компетентлигини оширишга қаратилган ушбу салмоқли умуммиллий саъй­ҳаракатлар нафақат педагогика соҳаси, балки ўз аҳамиятига кўра, давлат ва жамият бошқаруви билан чамбарчас боғлиқлигини алоҳида таъкидлади.

Демак, шахснинг таълим­-тарбиясига қаратилган бу залворли ислоҳотнинг натижаси қуйидагиларда намоён бўлиши билан аҳамиятлидир. Биринчидан, юртимиз мактабларининг моддий­техник базаси талаб даражасига келтирилиб, уларда мавжуд камчиликлар бартараф этилишига эришилади. Сифатли таълим ва таъсирчан тарбияни амалга оширишга кенг имконият яратилади.

Иккинчидан, мактаблардаги ўқув-­услубий ишлар соҳанинг етук мутахассислари ва олимлар томонидан мониторинг қилиниб, замон талаблари даражасида бугунги инновацион воситалар асосида ўтилади. Дарсларда ўқувчиларнинг иштирокига кўпроқ эътибор қаратиб, турли қизиқарли педагогик усуллардан фойдаланиш учун ўқитувчиларда тегишли кўникма ва тажриба шакллантирилади ҳамда доимий назорат механизми йўлга қўйилади.

Учинчидан, умумий ўрта таълим мактабларида таълим ва тарбиянинг уйғунлигига эътибор қаратилиб, бу жараёнда ўқувчиларнинг мустақил фикрлаш ва ўз фикрини мантиқан асослаш кўникмасини назарда тутувчи замонавий, таъсирчан воситалар асосида амалга ошириш тизими яратилади.

Тўртинчидан, барча мактабларда ўқитувчилар, мутахассисларнинг соҳага тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун­-моҳиятини тушуниш ва улардан ўз фаолиятида тўлақонли фойдалана олиш кўникмаси шакллантирилади.

Бешинчидан, мактаблардаги барча раҳбар, ўқитувчи ва мутахассисларнинг ўз фаолиятига юзаки қарашига йўл қўйилмайди. Аксинча, “мен — таълим-­тарбия соҳаси вакилиман ва ёш авлод келажагига масъулман”, деган ғояни қалбига сингдириб, фидойилик билан фаолият юритадиган педагоглар қўллаб-­қувватланади.

Хулоса қилиб айтганда, инсон том маънода қадр топиб, манфаатлари устувор аҳамият касб этаётган ва бу янгиланишлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилаётган янги Ўзбекистонда билимли, ахлоқли, маданиятли, юксак ижтимоий компетенцияли инсонларни тарбиялаш ҳаёт­мамот масаласидир.

Мактаб таълимини ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга сафарбар этилган ҳар бир ўзбекистонлик давлат, халқ ва масъул шахслар билдирган ишончни оқлаши лозим. Бугун дунёга ҳайрат кўзи билан боқаётган болаларимиз эртага бизнинг ўрнимизга келадиган мутахассислар бўлишини унутмайлик. Зеро, фарзандларимизга хиёнат Ватанга, миллатга хиёнат билан баробар.