Шу ўринда мустақиллик йиллари жорий қилинган ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимизга ёрдам кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг кўп қиррали ташкилий-ҳуқуқий механизмлари самараси юқори бўлмаганини тан олиш керак. Президентимиз мамлакатимизда камбағаллик мавжудлигини эътироф этгани ҳолда уни камайтиришни давлатнинг устувор вазифаси сифатида биринчи марта ўтган йили 24 январда парламентга тақдим этган Мурожаатномасида белгилаб қўйди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда қашшоқликни камайтириш бўйича асосий йўналиш ва устувор вазифаларни кўрсатар экан, аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш ва молиявий саводхонлигини ошириш, фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, инфратузилмани яхшилаш, таълим ва тиббий хизмат сифатини ошириш, нафақаларни аниқ йўналтирган ҳолда мақсадли тақсимлаш зарурлигини таъкидлаган.

Ижтимоий заиф ва кам таъминланган оилаларни самарали қўллаб-қувватлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Ушбу соҳада вертикал тизим ўрнатилди ҳамда маҳалла, туман (шаҳар), вилоят ва мамлакат даражасида тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни камайтириш учун масъул лавозимлар жорий этилди. Ҳукумат таркибига молия-иқтисодиёт ва камбағалликни камайтириш масалалари бўйича Бош вазир ўринбосари лавозими киритилди.

Шундай қилиб, аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича ўқитиш, аёллар ва ёшларни иш билан таъминлаш, шу жумладан, тадбиркорликка жалб қилишни назарда тутувчи янги механизмларни жорий этиш мамлакатда камбағалликни камайтиришнинг асосий шартлари этиб белгиланди.

Ўтган йили 8 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу масалага жиддий эътибор қаратилди. Биринчи маротаба ижтимоий шартнома механизмидан кенг фойдаланишнинг вазифалари ва йўналишлари аниқ белгилаб берилди. Айнан молиявий қийинчиликлар одамларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши йўлида асосий тўсиқ эканини ҳисобга олган ҳолда, дастлаб давлат томонидан ёшлар ва аёлларни моддий қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди. Aжратилган маблағлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган кўникмаларни шакллантиришга қаратилган бўлиб, мазкур фаолият билан шуғулланадиган минглаб нодавлат касб-ҳунар таълим марказлари фаолиятини изчил йўлга қўйишга ёрдам беради.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун молиялаштирувчи манбалар аниқ белгиланган. Жумладан, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилган бўлиб, ундан 10 миллион доллари ёшлар ва аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш, 90 миллион доллари малака ошириш курсларини тамомлаб сертификатга эга бўлганлар учун имтиёзли кредитлар ажратишга мўлжалланган. Ижтимоий шартнома доирасида нодавлат касб-ҳунар таълими марказларида, шунингдек, малака ошириш курсларида ўқиш истагини билдирган ёшлар ва аёлларнинг ўқиш харажатини қоплаш учун бир миллион сўмгача субсидиялар олишлари мумкин.

Ижтимоий шартномалар тизимини жорий этиш вазифаси беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг сўнгги — “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурида ўз ифодасини топган. Унда ижтимоий контракт тизими доирасида давлат маблағлари ҳисобидан ишсиз фуқаролар, камбағал оилалар аъзоларининг нафақат бандлигини таъминлаш, балки уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун ҳам бериладиган моддий ёрдам ва субсидиялар назарда тутилган. Мазкур тизимни жорий этиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тартибга солиниши белгиланган. Қарорда ижтимоий контракт бўйича ўз мажбуриятларини бажарган фуқароларни рағбатлантириш, бажарилмаган ҳолатларда эса фуқароларнинг ижтимоий масъулиятини белгилаш, ижтимоий контракт тизимини дастлаб айрим туман (шаҳар)ларда тажриба тариқасида жорий этиш, тажриба натижаларига кўра қолган туман (шаҳар)ларда татбиқ этиш каби масалалар тартибга солиниши кўзда тутилган.

Бошқача айтганда, ижтимоий контракт доирасида унинг иштирокчилари, яъни кам таъминланган оила ёки фуқаро ўзининг қийин ҳаётий шароитини (моддий аҳволини) ўзгартириш учун қандай мажбуриятларни ўз зиммасига олиши, молиявий ҳолатини яхшилаш ва ўзини ўзи иш билан банд қилишга босқичма-босқич ўтиш тартиби белгиланади.

Ижтимоий контракт тизими жорий этилиши Президентимиз яқинда имзолаган “2021–2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишида ҳам алоҳида қайд этилган. Мазкур фармойиш билан тасдиқланган 2021–2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси концепцияси нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТнинг Тараққиёт дастури, Болалар фонди (ЮНИСЕФ), Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилгани ижтимоий шартнома институти юртдошларимизни боқимандалик кайфиятидан халос қилиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишнинг истиқболли механизми эканидан далолат беради.

Шундай қилиб, ижтимоий контракт асосида манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш, тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш тизимини ижтимоий боқимандаликни бартараф этишга қаратилган ва камбағал фуқароларга “бошланғич капитал” ва давлат кўмаги ёрдамида ўзининг моддий аҳволини мустақил равишда яхшилаш имкониятини берадиган самарали технологиялардан бири сифатида эътироф этиш мумкин.

Гулноза САТТОРОВА,

Қонунчилик муаммолари ва

парламент тадқиқотлари институти

бўлим бошлиғи

Ойбек ҒАНИБОЕВ,

бош илмий ходим