Ҳозирги вақтда дунёнинг барча ривожланган мамлакатлари у ёки бу даражада де-факто ижтимоий давлатлар ҳисобланади.

Ўзбекистон Конституциясида ҳам ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат принципларини амалда таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган беш йилликдаги Ҳаракатлар стратегияси барча ислоҳотлар бўйича устувор йўналишларни бажаришга асос бўлган ҳужжат сифатида тарихдан жой олди. Парламентимиз томонидан сўнгги беш йилда айнан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, унинг ижтимоий эҳтиёжларига дахлдор 158 та қонун қабул қилинди, 14 та халқаро ҳужжат ратификация қилиниб, 5 та халқаро ҳужжатга қўшилди.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб кам таъминланганларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг ягона реестри ахборот тизимига киритиш орқали болалар нафақаси, моддий ёрдам бериш бўйича рўйхатга олишнинг янги механизми жорий этилди. Овворагарчиликлар, қоғозбозликлар олди олинди.

Юртимизда очиқ сиёсат олиб борилиб, илк бор аҳолининг камбағаллик даражаси тан олинди. Айтиш керакки, бу муаммони ечиш учун шахсан Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда тизимли чоралар кўрилмоқда.

Муҳим жиҳати, ижтимоий ҳимоя бўйича давлат бошқаруви тизимида ҳам институционал ўзгаришлар юз берди. Жумладан, алоҳида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги шунингдек, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси каби ижтимоий ҳимоя тизимида алоҳида махсус ваколатли давлат органлари ташкил этилди.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда Асосий қонунимизни такомиллаштириш бўйича таклифлар бидирилиб, муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик масаласи алоҳида акс эттириш ушбу вазифалардан бири сифатида таклиф этилди.

Албатта Конституциямизнинг 37-моддасида мажбурий меҳнат тақиқланиши тўғрисидаги қоида белгиланган. Ушбу қоидани ривожлантирган ҳолда болалар меҳнатига йўл қўйилмаслигини Конституция даражасида белгилаш зарурияти мавжуд. Бунинг учун Ўзбекистон охирги беш йил давомида қонунчилигини ривожлантириб, қўйилган мақсадга эришишнинг ҳуқуқий замини яратиши билан бир вақтда, мамлакатимиз болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни тугатиш бўйича салмоқли ютуқларга ҳам эришди.

Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли барча жабҳаларда бўлгани каби болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида аниқ натижаларга эришилди.

Хусусан, бу борада қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий база мустаҳкамланиб, халқаро стандартлар имплементация қилинди, институционал тизим ривожлантирилди ҳамда фуқаролик жамияти ва ихтисослашган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик фаоллашди.

Яна бир масала, ногиронлиги бўлган шахсларга жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиш учун кенг ва тенг имкониятлар яратилди. Давлатимизда қарийиб 1 миллионга яқин ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини бевосита таъминлашга қаратилган 35 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида” қонун қабул қилинди, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Конвенцияси ратификация қилинди.

Нуроний ва фахрийларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилди. Ўзбекистонда аҳолининг қарийб 9 фоизини кексалар ташкил этади. Уларни моддий қўллаб-қувватлаш ва ғамхўрлик кўрсатиш учун маҳалла даражасида тизим яратилмоқда.

Мамлакатимизда 376 та давлат ижтимоий муассасаси, шундан 52 таси катталар ижтимоий муассасаси фаолият юритаётганини таъкидлаш лозим.

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимининг асосий ва кучли томони инсоннинг барча фаолиятини қамраб олувчи турли хил дастурларнинг кенг доираси мавжудлигидир.

Бугунги ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Асосийси бошланган кенг қамровли ишларни, эришилган натижаларни янада юқори суръатда давом эттиришдир. Президентимиз таъкидлаганидек, “Инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш – давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишидир”.

Шуҳрат Бегматов,

"Адолат" СДП Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати