Тошкент вилояти юртимизнинг иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожланаётган ҳудудларидан. Бу ерда йирик ишлаб чиқариш корхоналари мавжудлиги, хусусий секторнинг нисбатан кенг ривожлангани вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Президентимиз шу йилнинг 18-19 март кунлари иқтисодий-ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида вилоятнинг қатор туман ва шаҳарларига ташриф буюрди. Тошкент вилоятига ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари “Менинг энг катта мақсадим ҳар бир туманнинг ўсиш нуқтасини топиш. Тошкентда кабинетда ўтириб эмас, пастда юриб буни амалга ошириш... Мақсадимиз Тошкент вилоятининг мутлақо бошқача йўл харитасини тузиш”, деди.
Президентимиз назарда тутган ҳар бир туманнинг ўсиш нуқтаси, пойтахт вилоятининг мутлақо бошқача йўл харитасида таълимга эътибор масаласи ҳам назарда тутилгани шубҳасиз. Чунки жамият равнақи, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши таълим-тарбияга бевосита боғлиқ. Бу соҳалар ҳар доим эътибор талаб қилади. Унинг ривожи учун сарфланган сармоя ўн, юз карра бўлиб қайтиши тараққий этган мамлакатлар тажрибасидан маълум.
Давлатимиз раҳбарининг соҳани ислоҳ қилиш, таълимни фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциялаш, илм-фан ютуқларини ҳаётга тезкорлик билан татбиқ этиш ва уни тижорийлаштириш борасидаги сиёсати замиридаги ана шундай эзгу мақсадларни ҳар биримиз сезиб, ҳис қилиб турибмиз.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда мактабгача таълимдан олий таълимдан кейинги таълимгача соҳани тубдан ислоҳ қилиш, замонавийлаштириш, илғор хорижий тажрибаларни ижодий ўзлаштириш масалалари ўз ифодасини топган.
Президентимизнинг Тошкент вилоятига ташрифи давомида ҳудудда ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, хусусан, таълим соҳасини замон талабларига мослаштириш билан боғлиқ қатор вазифалар белгилаб берилди.
Ҳақиқатан ҳам, вилоятда ижтимоий соҳалар, жумладан, таълим соҳасининг ривожи унинг иқтисодий салоҳиятига мос, деб айтолмаймиз. Ҳудудда мактабгача ва халқ таълими тизимида ҳал қилиниши зарур бўлган долзарб муаммолар мавжудлиги фикримизни тасдиқлайди. Хусусан, ўқитиш соҳасида ҳудудда педагог кадрларга бўлган талаб бўйича истиқбол режаларнинг мавжуд эмаслиги, малакали педагог кадрларга эҳтиёжнинг тўла қондирилмагани, ўқитувчиларга талабнинг таҳлилий ўрганилмагани, таълим турлари ўртасида узвийлик ва интеграция таъминланмагани, мавжуд мутахассисларнинг замон талабларига жавоб бера олмаслиги, муаллимлик касби борасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмагани, таълим-тарбия сифати пастлиги муаммолар мавжудлигини кўриш мумкин.
Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти олдига ана шу муаммонинг илмий-назарий ва амалий ечимини топиш, шунингдек, вилоятдаги мактабгача ва умумий ўрта таълим мактабларининг замонавий талабларга жавоб берадиган ўқитувчи ва тарбиячиларга эҳтиёжини сифатли таъминлаш вазифалари қўйилган. Бу борада институтда бугунги кунда тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Муассаса раҳбариятига 2021-2022 ўқув йилидан институтда туризм факультетини ташкил қилиш ва туризм, туризм соҳасида хизматлар технологияси ва уларни ташкил этиш, гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти, меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш ҳамда ижтимоий иш сингари бакалавр таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш вазифаси берилди.
Президентимизнинг Тошкент вилоятига ташрифи ва билдирган фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб институтимиз жамоаси ўз олдига янги вазифаларни белгилаб олди. Бу вазифалар қатор устувор йўналишларда ўз ифодасини топади. Жумладан, институтнинг асосий стратегик илмий тадқиқот йўналиши бўлган педагогик таълим инновацион кластери бўйича бажарилаётган ўқув-услубий, тарбиявий, илмий-амалий ишларни янада такомиллаштирилади. Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ўзига хослигидан келиб чиқиб институт битирувчилари ва вилоят аҳолисига тадбиркорлик кўникмалари ва қўшимча касб бериш бўйича таълим хизматлари йўлга қўйилади. Муассасада таълим-тарбия жараёни “Келажак ўқитувчиси концепцияси” асосида ташкил қилинади.
Бу йўналишларда бажарилаётган ишлар вилоятда мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим ўртасидаги узвийликни таъминлаш, улар ўртасида интеграция жараёнини кучайтириш, таълимдаги мавжуд муаммоларнинг ечимига нисбатан якдил ёндашувни шакллантириш, битирувчиларнинг ҳаётий вазият ва шароитларга тез касбий мослашувчанлигини таъминлаш, замонавий педагогик компетенцияларни пухта эгаллаш имкониятини беради.
Мамлакатимиз раҳбарининг ташрифи давомида тегишли вазирлик ва идораларга вилоятдаги 37 минг 295 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш вазифаси юклатилди. Шундан келиб чиқиб институт жамоаси янги лойиҳага қўл урди. Таълим жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигига эришиш, талабалар ва вилоят аҳолисида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, қўшимча касб-ҳунар ўргатиш орқали уларнинг ҳаётий вазият ва шароитларга мослашувчанлигини ошириш мақсадида Тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва қўшимча касб-ҳунарга ўқитиш маркази ташкил қилинди. Тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва қўшимча касб-ҳунар ўргатиш талабаларнинг (ва аҳолининг) ҳаётий вазият ҳамда шароитларга тез касбий мослашувчанлигини таъминлашга кўмаклашувчи, жараёнга илмий-амалий, услубий, таълимий ҳамда тажриба-инновацион ёндашувни талаб этади.
Марказнинг қатор вазифалари мавжуд. Талабаларнинг ўқишдан бўш вақтини ижтимоий фойдали меҳнат билан банд қилиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва қўшимча касб-ҳунар ўргатиш, назария ҳамда амалиёт уйғунлигини таъминлаш шулар жумласидан.
Ҳозир марказда дастурий таъминот ва информацион технологиялар муҳандис-дастурчилиги, туризм хизматлари, кичик касб-ҳунар курслари, қишлоқ хўжалиги ва саломатлик, мактабгача ва бошланғич таълим ҳамда уй хўжалиги хизматлари, гўзаллик индустрияси ва ошпазлик йўналишларнида ўқувлар ташкил этилган. Битирувчиларга белгиланган намунадаги сертификатлар берилади ва бу уларга келгусида шу соҳа билан профессионал даражада шуғулланиш имкониятини беради.
Президентимизнинг Тошкент вилоятига ташрифидан кейин Чирчиқ давлат педагогика институти вилоятда ижтимоий соҳаларни ривожлантириш бўйича ўзининг вазифаларини белгилаб олди. Улар ижроси бўйича муассасада бажарилаётган кенг кўламли илмий-амалий ва тарбиявий соҳадаги ишлар педагогик таълимда ўзининг ижобий самарасини беради.
Ғофур МУҲАМЕДОВ,
Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ректори