Бироқ шу масалада тўғри англамга келишнинг ўзи ҳам алоҳида мавзу. Мазкур тушунча моҳиятини кимдир миллий либослар акс этган лавҳаларда, кимдир ўзбек тилида тайёрланган материалларда, яна кимдир миллий таомларда деб биляпти. Айрим санъаткорлар миллийликни улуғлаяпман деб ерга ураётгани ҳам асл моҳиятни билмасликдан келиб чиқяпти. Миллий контент дейишга арзигулик иш қилаётганлар эса халқнинг маданияти, урф-одати, анъаналари, тили, тарихи ва қадриятларини акс эттирадиган материалларгина миллий контент бўла олади, деган фикрда. Зиёли қатлам вакиллари ҳам бу турдаги контентлар миллий ўзликни сақлаш, ёш авлодга сингдириш, дунёга ўзлигимиз билан танилишимизда муҳим аҳамиятга эгалигини эътироф этади.
Аслида-чи, миллий контент ўзи қанақа бўлиши керак? Хўп, уни ярата оляпмиз ҳам дейлик. Биз миллий контент деяётган чиқишлар нима учун оммалашмаяпти? Улар ҳам кўпнинг эътиборига тушиши, муҳокамалар майдонида бўлиши, бошқа контентлар оқимига қўшилиб кетиши учун қандай йўл тутсак тўғри бўлади?
Очиқ айтиш керак, бу саволларга аниқ ечим йўқ. Бироқ қарашлар, таклифлардан келиб чиқиб муайян мақсад сари бориш мумкин. Шу маънода, миллий контент яратиш жараёнида қатнашаётган ижодкорлар, зиёлилар ва холис кузатувчиларнинг бир гуруҳи билан суҳбатлашдик. Ўзаро фикр алмашилди, таклифлар билдирилди.
Миллат сифатида яшаб қолишнинг муҳим шартларидан бири
Воҳид ЛУҚМОНОВ, “Маданият ва маърифат” телеканали раҳбари:
— Дарҳақиқат, сўнгги йилларда “миллий контент” деган жумла урфга кирган истилоҳлардан бирига айланди. Уни яратиш истагида жидду жаҳд қилаётганлар кўплигини айтмайсизми? Мамлакатимизда икки мингдан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият юритаётган, уларнинг 700 дан ошиғини интернет нашрлари ташкил этаётган, ушбу оммавий ахборот воситаларининг асосий қисми ўз медиамаҳсулотларини, замонавийроқ айтганда, медиаконтентини ўзбек тилида тайёрлаётган бўлса, унда миллий контент яратиш эҳтиёжи қаердан пайдо бўлди? Ўзбек тилли оммавий ахборот воситаларининг сиёсий, маънавий-маърифий, ижтимоий, таълимга оид ёки кўнгилочар мавзулардаги контентлари миллий эмасми?
Президентимиз 2024 йил 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берган миллий контент яратиш вазифаси ва бугун биз тушунаётган миллий контент ўртасида қандай фарқ бор? Миллий контент нима, у қандай бўлиши керак?
Давлатимиз раҳбари “миллий контент” деганда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини кўзлаган ҳолда дунё ва мамлакат ичидаги воқеа-ҳодисаларга соф миллий нуқтаи назардан баҳо бера оладиган ахборот майдонини назарда тутгани шубҳасиз. Яъни миллий контент миллатнинг маданияти, урф-одатлари, тили, тарихи, дини, қадриятлари ва маънавий меросини акс эттирувчи медиамакондир.
Шўроларнинг “шаклан миллий, мазмунан социалистик” деган мафкуравий шиори оқибатида миллий санъатимиз, адабиётимизни бой беришимизга бир баҳя қолди. Бироқ ҳануз шаклга зўр бериб, мазмунни унутиб қўяётгандекмиз. Йўқса, давлатимиз раҳбари Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг 2023 йил 22 декабрдаги йиғилишида “Ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: биз ҳозирги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими? Мана, бугун маънавий-маърифий соҳада масала қандай ўткир ва кўндаланг бўлиб турибди. Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”, демас эди.
Миллий контент яратиш бугунги глобал дунёда миллат сифатида яшаб қолишнинг энг муҳим шартларидан биридир. Афсуски, ҳозир биз “миллий” деб атаётган жуда кўплаб медиамаҳсулотлар ижтимоий тармоқларда бемаза қовуннинг уруғидек кўпайиб кетган. Бемаза видеоматериаллар, телеканалларнинг эфир вақтини тўлдираётган телесериал ва теленовеллаларнинг айтилишигина миллий, холос.
Мана, мен ҳам мисолни айнан шу нуқтадан келтиряпман. Негадир биз “миллий контент” деганда асосан, бадиий фильмлар, телесериал ва теленовеллаларни тушуняпмиз. Аслида, чуқур ижтимоий, иқтисодий, сиёсий таҳлилларга ихтисослашган ахборот майдонларига эҳтиёж катта. Бугун ижтимоий тармоқларга жойланаётган иқтисодий контентлар йўқ эмас. Лекин кам. Аксарият нашрлар жаҳонда рўй берадиган сиёсий жараёнлар ҳақида глобал медиамакондаги ахборотни тарқатиш билангина шуғулланмоқда. Ваҳоланки, миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан таҳлил қилинган сиёсий ахборотларга талаб ошиб бормоқда.
Қисқаси, миллий ахборот маконида ягона — миллий манфаатларимизга хизмат қиладиган ахборот муҳитини яратиш вақти аллақачон келган.
Миллий контент яратиш мавсумий тадбир эмас
Муҳтарама УЛУҒОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:
— Ўзбекистон ҳаётнинг барча жабҳасида ривожланаётган мамлакатлар қаторига чиқиб бораётгани халқаро миқёсда далиллар билан эътироф этилмоқда. Демак, жаҳоннинг турли минбарларида кўҳна ва навқирон диёримиз рамзи бўлган байроғимиз ҳилпираб тургани каби жаҳон медиамайдонида ҳаётимиз кўзгуси бўлган ўзбек медиаси вакилларининг сўзи, овози миллий қадриятларимиз, халқ донолиги, урф-одатларимиз, тилимизнинг кенг имкониятию жозибадорлиги, табиат ва турмуш уйғунлигининг замон билан ҳамнафас кўзгуси сифатида намоён бўлиши керак.
Тўғри, Алишер Навоий ҳазратлари айтганидек, халқаро сўз майдони усталари билан юзма-юз турмоқ осон эмас. Шу сабабли олдимизда турган ўта муҳим жиҳатни унутмаслик керак: биз, биринчи навбатда, бошқалар билан беллашиш, баҳслашиш учун эмас, ўз халқимиз, айниқса, улғайиб келаётган ёш авлодга неча асрлардан буён аждодларимиз илму урфонда, одамийликда, санъату ижодда, ҳунармандчиликда дунё афкор оммасига ибрат бўлишининг воситаси — бебаҳо маънавий бойликларимизни англатиш, уларга муҳаббат уйғотиш ва ҳаёт тарзига айлантириш учун миллий контентни яратишимиз керак. Акс ҳолда, китоблар хонадонлар жавонининг безаклари сифатида қайд этиладиган, миллий либосларимиз айрим тадбирлардагина кийиладиган, халқ қўшиқларимиздан “Алла” билан “Ёр-ёр”гина анъанавий танловларда ижро этиладиган, Самарқанд обидалари каби бетакрор мақомларимиз ҳам бемалол қайта ишланиб замонавийлаштириладиган, ҳатто ўзбек аёлининг пазандалик санъати кўчадан ташиб келинадиган таомларнинг бир марта ишлатишга мослашган идиши каби қадрсизлик “қутиси”га ташланадиган, андишаю ҳаё, каттага ҳурмату кичикка иззат тезкор замондан орқада қолиш сифатида қабул қилинадиган даражага етиб, жамият қалби қашшоқлашиб бораверади. Шу сабабли, миллий контент, аввало, халқимиз асрлар давомида зарралаб тўплаган, тажрибадан ўтказган фазилатли ўзлик турмуш тарзи меъёрларини кундалик ҳаётимизда барқарор этишга хизмат қилиши керак.
Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним “Саодат” журналида бош муҳаррир бўлган пайтларида бизни хизмат сафарига юборишдан олдин: “Мақола учун танланган қаҳрамон ҳақида иложи борича кўпроқ маълумот олинг. У билан бирга юринг, ишларини, муомаласини кузатинг”, дер эди. Онлайн алоқалар бу қадар ривожланиб кетган бугунги кунда устозимизнинг юқоридаги талаби аҳамиятини чуқурроқ англаётгандекман. Журналист ҳаётга қанчалар яқин бўлса, одамлар ҳаётини нечоғлиқ яқиндан ва теран ўрганса, унинг ижодида миллий контент бўёғи шунчалар қуюқ, ишонарли бўлади. Ҳозир телефон, ижтимоий тармоқлар орқали олинган маълумотларга асосланиб ёзиладиган мақолалар, тайёрланадиган аудио ва видео дастурлар оз эмас. Уларнинг аксариятидаги миллий менталитет, қадриятлар, урф-одатлар билан боғлиқ мулоҳазаларни қадоқланган маҳсулот ҳақида унинг қутиси (халтаси)даги расмларга қиёслаш мумкин: сурат бор-у, моҳият йўқ.
Миллий контент яратиш вазифаси долзарб мавсумий тадбир эмас. Замон ва авлод янгиланаверади. Биз, журналистлар ҳар бир тайёрлаётган медиа маҳсулотимиз орқали халқимиз онгига, қалбларга ҳаётнинг барча жабҳаларидаги ўзлигимиз фалсафаси, фазилатларини нур зарраларидек сингдиришга, уларнинг турмушда барқарор бўлишига ҳисса қўшишга доим масъулмиз.
Ишни анимациядан бошласак...
Шоҳрух НОРҚУЛОВ, режиссёр:
— Бугун “миллий контент” тушунчаси ҳар хил тушуниляпти. Очиғини айтиш керак, чарчаган киши енгилроқ, осон ҳазм бўладиган, шов-шувли контентларни кўргиси келади. Ҳозир ёшлар орасида энг оммалашган тармоқ — инстаграмни миллий контент билан тўлдиришда, аввало, қисқаликка эътибор берилиши лозим. Ёшларни маҳлиё этаётган лавҳалардан ўзиш учун янгилик қилишимиз зарур.
Фаолиятимдан келиб чиқиб гапирсам, миллий контентни фақат лаҳзалик лавҳалардагина эмас, кино, веб сериалларда ҳам акс эттириш мумкин деб биламан. Чунки кинода, веб сериалда эркинроқ бўласиз. Фақат бу масала ечими маблағга бориб тақалади. Ҳозир ўсмирларга мос фильмлар деярли йўқ. Шундай экан, ёшларимиз бошқа контентларни қидиради. Ўзига керакли жиҳатларни ёт манбалардан олади. Демак, бу йўналишда ижод қилганлар бугун ўз аудиториясини топа олади. Менга ҳам кўп мавзуларда таклифлар бўлади. Қай бири оғриқли, долзарб бўлса, ўшанинг устида тезкор ишлашга ҳаракат қиламан. Масалан, тўй мавзуси. Бу борада қийналмай миллий контент яратиш мумкин. Чунки реал воқелик. Ҳамманинг эътиборини тортадиган мавзу. Шунинг учун ҳам тўй ҳақидаги контентларимиз кўп кўрилади.
Юқорида ўсмирлар мавзусини тилга олдик. Бироқ бундан ҳам муҳим жиҳат — болалар мавзуси. Йиллар давомида юртимизда анимация соҳаси оқсаб келади. Аслида, миллий контентни тарбиялайдиган восита — мультфильм. Боғча ёшидаги ҳар қайси болада мультфильмга ташналик бўлади. Ана шу ташналикни қондирадиган миллий контент бўлмаса, энди эсини таниётган болалар онгини бошқа мультфильмлар эгаллаб олади.
Болалигимизда иккитагина телеканал бўлар эди. Уларда намойиш этилган эски мультфильмларнинг ҳаммасини кўрганмиз. “Сеними, шошмай тур”, “Том ва Жерри” каби анимацион фильмлар жуда яхши қабул қилинган. Бугунги замонавий мультфильмларда эса усталик билан ўша давлатларнинг миллийлиги сингдириб кетиляпти. Бу бир қарашда сезилмайди. Масалан, “Маша ва айиқ” мультфильмида халқнинг урф-одати, уй қуриш услуби, миллий кийимлари шундоқ акс этиб туради. У орқали бутун дунё ўша маданият билан танишяпти. Биз ҳам шу йўлдан боришимиз керак. Миллийликни мультфильм, киноларга сингдириб юбориш зарур. Анимацияга эътиборни кучайтирсак, 5-7 ёшли болалар онгини тоза ғоя билан эгаллаймиз. Улар 10 йиллардан кейин давлатга керакли, биз истаётган кадрлар бўлиб етишади. Яхшиям Болалар контентини ривожлантириш маркази тузилди. Марказ мана шу жиҳатларга эътибор қаратса, самарадорлик тез кўринади.
Бугун ижобий таъсирга эга контентлар ишлаётган блогер, вайнерларимиз ҳам бор. Тўғри, улар очиқ ва эркин ишлайди. Бироқ миллий контент борасида фаолликни ошириш керак. Обуначилар ҳар куни янги контент кутади. Бугун ҳафтада бир ёки икки марта чиқиш билан аудиторияни кенгайтириб бўлмайди. Шу маънода, биз ҳам фаолликни ошириш устида изланяпмиз. Жамоадошларим билан янги-янги ғоялар устида бош қотирамиз. Зеро, кўпчилик билан фикр алмашилганда ғоялар хилма-хиллиги ортади. Кимдир ёшларнинг кўнглига йўл топаётган вайнерларни ҳамкорликка чақириш кераклиги, улар орқали кенг сонли обуначилар ичига кириб бориш осонроқ бўлишини айтади.
Яна кимдир тегишли идора ва ташкилотларга қандайдир талаблар қўйилиши, масалан, ўйинларда, сунъий интеллект ёрдамида миллий контентни жонлантириб бериш болаларнинг руҳиятига ижобий таъсир қилишини таъкидлайди. Бошқаси миллий контент ҳамма жойда акс этиши, ҳатто таомда ҳам сезилиши кераклиги ҳақида гапиради. Шулардан келиб чиққан ҳолда мавзулар танлаймиз. Қаҳрамонларни шакллантиришда имкон қадар профессионал ва таниқлиларни жалб этамиз. Чунки томошабин учун бу жуда аҳамиятли.
Тақлиддан чекиниш керак
Бобур МАНСУРОВ, блогер:
— Миллий контент деганда миллийлигимиз, қадриятларимизни тарғиб қилиш, айниқса, унутилиб кетаётган қадриятларни тиклашни тушунаман. Миллий контент тайёрламоқчи бўлганлар, аввало, бу борада тажриба, маҳорат орттириши керак. Замон нимани талаб қиляпти, нима оммалашяпти, ҳаммасини чуқур ўрганмагунча контент сифатли бўлмайди. Ижод намуналаримизда халққа ҳам таниш ҳолатлар бўлсагина кенг тарқалади. Агар миллий руҳдаги, тарбиявий контентлар тўғридан тўғри мурожаат услубида тайёрланса, томошабин кўргиси келмайди. Томошабинни нима биландир ушлаб қолиш керак. Бунинг учун халқнинг характерини яхши ўрганиш зарур. Бу борада кимнидир тимсол қилиб олиш қўл келади. Кўплаб миллий контентларни кўраман, тўғридан тўғри мурожаат қилинган бўлади. Бу контент тайёрлашнинг энг осон йўли. Бу йўлдан юрмаслик керак. Бугунги обуначилар реалликни ёқтиради. Ҳавойи нарсалар уларни зериктириб қўяди. Бу йўл нафақат миллий контентда, балки кинода ҳам, мусиқа ва қўшиқда ҳам ўзини оқламайди. Аниқроқ айтсак, хаёлотга берилиш томошабинни йўқотишга олиб келади. Шунинг учун ҳаётий воқеаларга таяниб ижод қилинса, муваффақиятга эришиш мумкин.
Аслида, авваллари ҳам шунга эътибор берилган. Масалан, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Суюнчи” фильмларини олайлик. Ҳалигича томошабинни ўзига тортади, ҳеч қачон бездирмайди. Чунки одам ўзининг қадриятини улуғлайди ва буни фарзандига ҳам ўргатади.
Биз ҳам шу пайтгача кўплаб миллий контентлар ишладик. Кузатувчиларимиз нимадандир ибрат, тарбия олса, урф-одатларимиз тикланишига оз бўлса-да, ҳисса қўша олсак хурсанд бўламиз. Аудитория кўламига келсак, кўп сонли обуначиларни йиғиш осон эмас. Мавзуларимизни асосан халқнинг ўзидан олганимиз учун мухлисларимиз кўп деб ўйлайман.
Реал воқеалар деб гапиряпман-у, мисол келтирмабман. Бизни кузатувчилар яхши билади: ижодий жамоамиз билан бирга сайлов, гиёҳвандликка қарши кураш, турли фирибгарликлар ҳақида ҳам контентлар тайёрлаганмиз. Воқеликка ёндашувда реалликка асосланганимиз учун кўп кўрилган. Менимча, шу тарзда ёндашилса, контентларда самимият бўлади. Фақат кимгадир тақлид қилиб эмас, янгилик қидириб ишлаганлар муваффақият қозонади. Афсуски, бугун контентларда тақлид кўп. Тўғри, ўз йўли, услубига эга блогерлар бор, уларни инкор этиб бўлмайди. Шу ўринда миллий контент яратаётган блогерлар, ижодкорларнинг энг яхшиларини, албатта, тақдирлашни таклиф қиламан. Зеро, рақобат бор жойда ўсиш бўлади. “Энг яхши миллий контент”, “Энг яхши ёндашув” каби номинациялар ижодкорларни руҳлантиради, ижодий қувват беради. Бундай танловларни кўпайтириш керак. Ҳақиқий миллий контент эгалари намуна сифатида рағбатлантириб турилса, албатта, улар сафи кенгаяди.
Миллий либос кийган билан миллий контент бўлиб қолмайди
Беруний АЛИМОВ, “Янги медиа таълим маркази” ННТ директори, филология фанлари доктори:
— Ҳақиқатан, бу жуда жиддий масала. Аксарият ўқувчилар ижтимоий тармоқлардан ахборот оляпти. Ҳатто етакчи ОАВ ҳам айнан ижтимоий тармоқ платформалари орқали аудиторияси билан гаплашяпти. Чунки ўқувчи, томошабин қаерда бўлса, ана шу платформадан унумли фойдаланиш керак.
Умумий контент яратиш маъносида қарасак, албатта, оддий ўқувчи жуда кўп. Улар профессионал эмас. Шу нуқтаи назардан улар орасида миллий контентнинг асл моҳияти, мазмунини билмайдиганлар анча-мунча. Бироқ шундай контентлар тайёрлашимиз керакки, моҳият, мазмун аниқ англашилиб турсин. Яъни оддий ўқувчи ҳам ўша контент учун юракдан меҳнат қилинганини пайқасин. Бунинг учун ижтимоий тармоқ фаоллари, блогерлар, фрилансерлар учун қайсидир маънода махсус курслар, ўқув семинарлари, тренинглар ташкил этилишини таклиф қилган бўлардим.
Миллий контент халқимизга қизиқ ва фойдали бўлиши керак. Миллий либос кийган билан миллий контент бўлиб қолмайди. Профессионал нуқтаи назардан қандай ахборот кераклигини аниқлаб туриб иш кўрсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Фақат шов-шув кўтариш журналистиканинг вазифаси эмас. Бугун, афсуски, шунга оғиб кетяпмиз. Кўпроқ эътибор қозониш, аудитория, рейтинг йиғиш журналистиканинг сифатига путур етказяпти. Ҳар бир ижодкор, журналист фаолияти давомида чинакам миллий контент яратишга ҳисса қўшиши керак. Кейинги пайтда бу борада интилишлар, изланишлар жадаллашди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббусидан кейин миллий контент яратишга алоҳида эътибор бериляпти. Бироқ ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп. Шу маънода, кўпроқ ўқиб-ўрганиб, ижод қилишимиз керак. Ана шунда халқимиз, миллатимиз манфаати учун хизмат қиладиган ажойиб мавзуларни олиб чиқа биламиз.
Миллий контент ҳақида кенг жамоатчилик, зиёли қатламнинг турфа фикрлари мубоҳаса майдонига чиқяпти. Улар орасида сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Суҳроб Бўроновнинг “Бугунги ахборот майдонида миллий контент йўқлиги миллий ўзликнинг йўқотилиши сифатида баҳоланиши шарт ва лозим. Шу боис, ахборот хуружи кенг авж олаётган майдонда нафақат рақобатбардош миллий контентни яратиш ва у орқали ахборот хавфсизлигини таъминлаш зарур, балки уни хорижий ахборот ресурсларида ҳам доимий акс эттириш вазифаси давримизнинг кечиктириб бўлмайдиган талаби” деган фикрлари эътиборни тортади. Зеро, виртуал олам — чегарасиз. Ёт контентларни тўсиб қола олмаймиз. Шундай экан, яхши ғоя, ёшларга таъсирчан усулларни топиш зарур. Хорижий чорловларга эса миллий, замонавий қарашларимиз билан жавоб берайлик. Ижтимоий тармоқ — гўё кўзга кўринмас катта армия. Қўшинларнинг кучи аскари, техникаси билан ўлчанса, ижтимоий тармоқлар кучи контентлар салоҳияти билан ўлчанади.
Саҳифани “Янги Ўзбекистон” мухбири
Муножат МЎМИНОВА тайёрлади