Айниқса, ўтган йилнинг декабрь ойи дунё олимлари учун қийин давр бўлди. Бу пайтда COVID-19 инфекциясининг иккинчи тўлқини, айрим давлатларда эса учинчи тўлқини бошланди. Шунингдек, ўзининг генетик шаклини ўзгартирган, жуда тез юқувчи ва тарқалувчи, айниқса ёшларга кўпроқ юқадиган COVID-19 вирусининг британча штамми пайдо бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаев бу ҳақда шундай фикрлайди:

— 2019 йил охирида Хитойнинг Ухан шаҳрида янги COVID-19 вируси аниқланган эди. Ўтган давр мобайнида бутун дунё олимлари уни текшириш, аниқлаш ва даволаш йўлида илмий изланишлар олиб борди ва бу ишлар ҳанузгача давом этяпти.

Аммо ўтган фурсат ичида вирус ҳам ўзгариб, мутацияга учраб, янгидан янги шаклларга ўтиб борди. Айни пайтдаги вирус аввалгисидан 20 та жиҳати билан ажралиб туради. «Британча» штамм икки ой мобайнида 17 та жиҳати ўзгариб, тез мутацияга учраяпти. Шунингдек, у ўта юқувчан ва ёшларни ҳам зарарлай олиши мумкин бўлганлиги билан ҳам хавфлидир.

Коронавируснинг янги B.1.1.7 шакли тез суръатларда тарқалиши билан дунё олимлари эътиборини тортди ва янги штамм тариқасида ифода этилди.

Вирус мутациясини узоқ вақт онкологик касалликка чалинган ва иммунитетни босувчи дори воситаларни қабул қилган инсон организмида узоқ муддат мутацияга учраши натижасида юзага келгани қайд этиляпти.

Шу боис ҳам, янги штаммни полимераза занжир реакцияси ёрдамида аниқлаш мушкул эканлиги айтиляпти. Сабаби мутацияга учраган вирус ПЗР текширувидаги иммун жавобни айланиб ўтишга қодирлиги, уни тўғри диагностика қилиш бир оз мушкул экани билан ҳам ажралиб туради.

COVID-19 вирусининг B.1.1.7 шакли - британча штамми ўз таркибидаги иккита аминокислотани йўқотиб, организмнинг иммун жавоби, яъни, антитаначаларини айланиб ўтишга муваффақ бўлади. Бу эса вирусни тез тарқалишига имкон яратяпти. Шу боис ҳам, янгича штаммни кенг тарқалиб кетишининг олдини олишимиз керак. Бунинг учун эса, карантин талаб-қоидаларига сўзсиз риоя қилишимиз зарурлиги шубҳасиз.

Эъзозбек Ризаев билан бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати суҳбат олиб борди.