Гап тайёр фойдали қазилмаларни эски усулларда шунчаки қазиб олиш ҳақида бормаяпти. Ҳозир бу тармоқ анча ривожланган ва юртимизда геология соҳасига сўнгги йилларда катта эътибор қаратиляпти. Соҳада замонавий технологиялар жорий қилиниб, ер ости бойликларини аниқлаш, қазиб олиш ва қайта ишлаш тамоман янги босқичга кўтарилмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 1 август куни фойдали қазилмалар захираси ва ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга оид тақдимот билан танишар экан, юртимиз тоғ-кон саноатига илм-фан ва инновацияларнинг фаол жорий қилиниши ўз самарасини бераётганини таъкидлади. Хусусан, сўнгги олти йилда каолин ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баробар кўпайиб, экспорт 65 миллион долларга етган. Шу даврда кўмир қазиб чиқариш ҳажми 1,4 баробар ошиб, 5,4 миллион тоннани ташкил қилди. Натижаларнинг ошиб боришида инвестицион лойиҳаларнинг улуши ҳам юқори. Жумладан, охирги йилларда каолинни қайта ишлаш бўйича 148 миллион долларлик 15 та янги лойиҳа ишга тушгани бунинг исботи.

Маъданларга бой замин

Мамлакат иқтисодиётида геология-қидирув ишларини самарали ташкил этиш саноатнинг ривожланишида асосий роль ўйнайди. Бу кўплаб соҳаларда минерал хомашёларга бўлган талабнинг ўсиб бораётгани билан боғлиқ. Масалан, биргина қора металлни олайлик. Маълумотларга кўра, юртимизда бугунги кунда барча соҳаларда йилига 4 миллион тонна қора металл ишлатилаётир. 2026 йилга бориб ушбу турдаги маҳсулотга бўлган эҳтиёж 6 миллион тоннага етиши тахмин қилинган. Умумий металларга бўлган талабнинг ўсиши эса мамлакатимизда йилига 3–5 фоиз атрофида баҳоланмоқда.

Яъни, тоғ-кон саноати маҳсулотларига талаб ошиб бормоқда ва бу жараён шу тарзда давом этади. Бошқа томондан, мавжуд захиралар камайиб бораётгани ҳам соҳада жиддий ва замонавий ёндашувларни талаб этади. Масалан, минерал хомашё базасини ривожлантириш, маъданларни қазиб олиш ва ишлаб чиқаришда самарадорликни ошириш муҳим. Жаҳон экспертларининг фикрича, инсоният келажакда фойдали қазилмаларнинг кўплаб турлари, жумладан, стратегик захираларни тўлдириш муаммосининг жиддий кучайишига дуч келиши мумкин. Бу нафақат қайта тикланмайдиган фойдали қазилмаларнинг умумий камайиб кетиши, балки етишиш қийин бўлган ва унумдорлиги паст конлар, хусусан, уларнинг ноанъанавий турларини кўпроқ ўзлаштириш зарурати билан боғлиқ. Кўпгина мутахассислар ва ер қаъри тадқиқотчилари таъкидлаганидек, минерал ресурслар захирасини фақат чуқурликда яширинган конларни қазиб чиқариш орқали янада кенгайтириш мумкин. Бунинг учун эса соҳага илм-фан ва замонавий технологияларни фаол жалб этиш талаб қилинади.

Сўнгги йилларда соҳа олдида турган асосий мақсадлардан бири ҳам шу. Бу мамлакатимизнинг инвестиция фаоллигини ошириш тенденциясини сақлаб қолишнинг натижадорлигида ҳам намоён бўлмоқда. Гап шундаки, Ўзбекистон ноёб геосиёсий мавқеи, энг бой минерал ресурслари, юксак илмий, меҳнат ва маданий салоҳияти билан минтақада алоҳида сармоявий жозибадорликка эга. Она диёримизда рангли, нодир ва қимматбаҳо металлар, кўмир, темир рудалари, қурилиш саноати учун мўлжалланган норуда хомашёси конларида қидирув ишлари ўрганилганида, мавжуд ресурс салоҳиятимизга ижобий баҳо берилгани ҳам буни тасдиқлайди. Айни вақтдаги имкониятларимиз минерал хомашёни чуқур қайта ишлаш учун юқори рентабелли тоғ-кон саноати тармоқларини яратиш учун барча зарур шарт-шароитларни таъминлайди.

Агар охирги йилларга назар ташласак, юртимиз тоғ-кон саноатидаги жадал ўсишни кузатиш қийин эмас. Тармоқни замонавийлаштириб бориш ҳисобига минерал хомашёларни қазиб олиб, ишлаб чиқариш билан бирга, геология-қидирув ишлари ҳам кенгайиб бормоқда. Кон-металлургия саноати хомашё базасини кенгайтириш, янги қувватларни ишга тушириш ва мавжуд корхоналарни реконструкция қилиш фаоллашди. Натижада бу тармоқнинг мамлакат иқтисодиёти ривожидаги улуши ошиб боряпти. Хусусан, ҳозирги кунда ушбу соҳа юртимиз саноатидаги умумий ишлаб чиқаришнинг 10 фоиздан ортиғи, саноатда банд бўлганларнинг эса 8 фоиздан зиёдини ташкил этмоқда. Саноат ва ишлаб чиқариш фондларининг 10 фоизга яқини шу тармоқда жамланган.

Илмга асосланган ишлаб чиқариш

Юртимиз кон-металлургия мажмуаси қатор кончилик, бойитиш ва металлургия корхоналари билан ифодаланади. Улар орасида “Навоий кон-металлургия комбинати” AЖ ва “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” AЖ муҳим ўринни эгаллайди. Хусусан, Олмалиқ кон-металлургия комбинати мис-молибден, рух-қўрғошин, полиметалл ва олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича нафақат Ўзбекистонда, шунингдек Марказий Осиёда ҳам мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Йирик кон-металлургия корхонаси мис маҳсулотларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги 30 та энг йирик корхона сафидан жой олган. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи мазкур комбинат ҳиссасига тўғри келади.

Умуман, она диёримиз нодир металларни қазиб олиш ва ишлаб чиқариш бўйича ишончли хомашё базасига эга. Улардан баъзилари литий каби мустақил конларда тўпланган бўлса, бошқалари мис, полиметаллар, уран ва бошқа фойдали қазилма конларидан компонентлар сифатида олиниши мумкин. Маъданларнинг ҳар бири саноатда асқатади. Масалан, селен ва теллурдан асосан яримўтказгичлар, қуёш батареялари, термогенераторлар, пўлатнинг махсус навлари ва шиша ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Рений эса авиация ва космик техника учун иссиқликка чидамли қотишмалар, электрон қурилмалар ва нефтни крекинглаш учун катализаторлар ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади.

Бир сўз билан айтганда, юртимиз минерал хомашё базасининг ҳозирги ҳолати нафақат мавжуд тоғ-кон ва қайта ишлаш корхоналари қувватларидан фойдаланишни таъминлайди, балки олтин, кумуш, мис, каолин, шпати, фосфорли ҳамда калийли ўғитлар ва бошқаларни ишлаб чиқаришда янги қувватларни яратишга имкон беради.

Бу каби ишларни амалга ошириш, соҳани илмий ривожлантиришда салоҳиятли кадрларга бўлган талаб ортади, албатта. Биргина Тошкент давлат техника университети мисолида оладиган бўлсак, таълим даргоҳида ушбу соҳага йўналтирилган Геология-қидирув ва кон-металлургия факультетида 16 та йўналиш мавжуд. Уларда 3500 дан ортиқ талаба таҳсил олаяпти. Бўлажак геологларга 150 дан ошиқ илмий салоҳиятли профессор-ўқитувчилар сабоқ беради.

Замонавий билим бериш зарурати доимий янгиланишларни талаб этади. Геология-қидирув ва кон-металлургия соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Пухта билим эгаллаб, эртага ўз ишининг устаси бўладиган, бошқаларга ҳам касбини ўргата оладиган кадрлар тайёрлаш олдимиздаги асосий вазифалардан бири. Бунинг учун университетда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мавжуд ўқув дастурлари қайта кўриб чиқилиб, махсус фанларни бирмунча чуқурлаштириб ўқитиш йўлга қўйилди, улар турдош мутахассисликлар эҳтиёжлари билан бирлаштирилди. Мутахассисликларнинг ўзига хос хусусиятини умумлаштирувчи ягона ўзаро боғлиқ фанлар ишлаб чиқилиб, ўқув дастурларига жорий этилмоқда. Малакавий амалиётлар бўйича ўқув жараёни жадвалига ўзгартириш киритилди ва ҳоказо.

Соҳада амалиёт жуда муҳим экани аён. Университет ўқув хоналари ва амалиёт лабораториялари айни шу талабларга мослаштириляпти. Бу борада хорижий олий ўқув юртлари билан корпоратив алоқаларни йўлга қўйиш ишлари ҳам жадаллашган. Улар орасида Россия Федерациясининг Москва давлат геология-қидирув ҳамда Санкт-Петербург давлат кончилик университетлари каби етакчи олий таълим муассасаларини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ана шундай илмий ва замонавий ёндашувлар, илғор технологиялар юртимиз геология соҳасидаги катта, аввалгиларидан бир неча баробар кўп натижаларга замин яратяпти. Зеро, бугунги кундаги мақсадимиз ер ости бойликларимизни қазиб олишдангина иборат эмас. Уларнинг табиий захираларини яратиш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот экспортини ошириш ва, албатта, соҳада малакали кадрларни тайёрлаш ҳам олдимиздаги муҳим вазифалардан.

Суннатилла ҒОИБНАЗАРОВ,

техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.