Мамлакатимизда ҳам ушбу икки соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда ҳамда бу соҳаларга ажралаётган маблағлар давлат бюджетининг энг салмоқли қисмини ташкил қилади. Бу борада, энг аввало, ушбу соҳаларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, янги қонунлар қабул қилинди. Шунингдек, сўнгги саккиз йилда давлатимиз раҳбарининг

60 га яқин фармон ва қарорлари қабул қилиниб, ижрога қаратилдики, уларда мамлакатимиз илм-фанини янги юқори босқичга кўтариш, рақобатбардош кадрлар етиштириш ҳамда олий таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган.

Сир эмаски, ҳар қандай соҳанинг ривожланиши учун юқоридаги каби қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларни ижросини таъминланиши шу соҳада меҳнат қилаётган фидоий, жонкуяр инсонларнинг самарали меҳнатига боғлиқ.

Ана шундай, бутун умрини мамлакатимиз илм-фан ва таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришга бахшида этган фидоий инсонлардан бири – етук математик олим, физика-математика фанлари доктори, профессор Аҳмаджон Қўшақович Ўриновдир.

А.Қ.Ўринов Ўзбекистонда дифференциал тенгламалар соҳасидаги ҳозирги замон илмий мактабининг давомчиси ва Фарғонада дифференциал тенгламалар мактабининг яратилишига ҳамда ривожига улкан ҳисса қўшган етук олимдир.

А.Қ.Ўринов хусусий ҳосилали дифференциал тенгламалар учун чегаравий ва спектрал масалалар назарияси соҳасидаги чуқур фундаментал изланишларнинг муаллифи сифатида математиклар орасида катта обрўга эга. Ҳозирги кунда Фарғонада дифференциал тенгламалар соҳасидаги эришилган муваффақиятлар ва мутахассислар тайёрлаш иши унинг номи билан боғлиқдир.

Аҳмаджон Қўшақович Ўринов 1950 йил 19 январда Риштон туманида таваллуд топган. 1966 йили Фарғона давлат педагогика институти (ҳозирги Фарғона давлат университети)нинг математика факультетига ўқишга кириб, 1970 йилда математика мутахассислиги бўйича муваффақиятли тамомлади. Унинг илмий қобилиятини сезган устозлари, профессорлар Ж.Х.Каримов, К.Б.Бойқўзиев ҳамда физика-математика фанлари номзоди, доцент Т.Абдураҳмоновлар тавсияси билан у математик анализ кафедрасига ўқитувчи сифатида ўзининг меҳнат фаолиятини бошлади.

Жамиятда юксак мавқега эга бўлган ҳамда фаолиятида салмоқли муваффақиятларга эришган, эл-юрт олдида катта ҳурматга сазовор бўлган ҳар бир инсон ортида, шубҳасиз, албатта, улуғ устозлар туради. А.Қ.Ўриновнинг етук олим бўлиб етишиши ва илмий тадқиқот ишларини муваффақиятли олиб боришида ҳам Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, устоз М.С.Салоҳиддиновнинг ўрни беқиёсдир. Аҳмаджон Қўшақович устози М.С.Салоҳиддинов раҳбарлигида 1983 йилда номзодлик, 1993 йилда докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилдилар.

А.Қ.Ўринов фанга биринчи бўлиб, ядросида Бессел функцияси қатнашган махсус кўринишдаги алмаштириш операторларини киритди. Янги бу операторлар ва уларнинг хоссаларини ўрганиш бўйича олиб борилган илмий изланишларнинг натижалари алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, улар хусусий ҳосилали дифференциал тенгламалар учун янги кўринишдаги нолокал чегаравий масалаларни баён қилиш ва ўрганиш имконини берди. Шунингдек, Эйлер-Пуассон-Дарбу тенгламаси ва унинг умумлашмаси бўйича А.Қ.Ўринов томонидан қўлга киритилган илмий тадқиқот натижалари ҳозирги кунда кўплаб ёш тадқиқотчилар томонидан хусусий ҳосилали дифференциал тенгламалар учун турли масалаларни ўрганишда кенг фойдаланилмоқда.

Устознинг олиб борган илмий изланишлари натижасида 6 та монография, 10 та ўқув қўлланма ва 20 дан ортиқ услубий кўрсатмалар, 340 га яқин илмий асарлар яратилиб, улар республикамиздаги ва дунёнинг нуфузли илмий журнал ҳамда тўпламларида нашр қилинган.

Эътироф этиш жоизки, мамлакатимиздаги илм-фаннинг ривожланиши, ушбу соҳада оламшумул илмий натижаларнинг қўлга киритилиши ҳамда ушбу ютуқлардан дунё давлатлари олимларининг хабардор бўлиши, нафақат мамлакатимиз шон-шуҳратини оширибгина қолмасдан, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан тезроқ ўрин олишида ҳам беқиёс аҳамиятга эга.

Мамлакатимиз илм-фани нуфузини халқаро миқёсида эътироф этилишида ҳам устознинг алоҳида ўрни бўлиб, турли йилларда республиканинг махсус делегациялари раҳбари ва аъзоси сифатида Германиянинг Гамбург, АҚШнинг Вашингтон ва Нью-Йорк, Япониянинг Токио ва Киото, Хитой давлатининг Пекин ва Шанхай, Жанубий Кореянинг Сеул, Туркиянинг Анқара ва Истанбул, Украинанинг Тернопол шаҳарларида хизмат сафарларида бўлиб, халқаро алоқаларнинг кенгайишига, мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшганлар.

Устознинг олиб борган халқаро илмий алоқаларини уларнинг шогирдлари томонидан ҳам давом эттирилмоқда. Жумладан, шогирдлари томонидан бугунги кунда дунё рейтингида юқори ўринлардаги хорижий олийгоҳлар ҳисобланган Бельгиянинг Гент университети, Германиянинг Озодлик университети, Уммон давлатининг Султон Қобус университети билан мустаҳкам халқаро илмий алоқалар йўлга қўйилган.

Бу каби ижобий ишлар мамлакатимиз илм-фанининг халқаро миқёсда ҳам тан олинишига хизмат қилади, албатта. Устознинг номи Англияда чоп этилган жаҳоннинг ХХИ асрдаги 2000 нафар интеллектуал олимлари рўйхатига киритилгани ҳам бежиз эмас.

Шунингдек, профессор Ўринов юртимиздаги ва хориждаги бир қатор таниқли олимлар билан ҳам ҳамкорликда илмий фаолият олиб бордилар. Бу каби илмий ҳамкорликдаги фаолият вақтлар синовидан ўтиб, дўстона муносабатларга айланди. Бунинг натижасида, Аҳмаджон Ўриновнинг ташаббуслари билан Фарғона давлат университетидаги талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони, академик Ш.А.Аюпов, академиклар М.С.Салоҳиддинов, Ш.Қ.Фармонов, А.А.Аъзамов ва юртимиздаги ҳамда хориждаги бошқа таниқли олимлар иштирокида кўплаб илмий маърузалар, дарс машғулотлари ташкил этилди. Бу эса, ёш илмий тадқиқотчиларга юқорида номлари санаб ўтилган йирик олимларнинг яратган илмий мактаблари билан ҳам яқиндан танишиш имкониятини яратди.

Мамлакатимизда илм-фанни ҳамда олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш каби мақсадларда давлатимиз раҳбарининг

2019 йил 8 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» ПФ-5847-сонли ва 2020 йил 29 октябрдаги «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-6097-сонли фармонлари қабул қилинди. Уларда, жумладан, халқаро илмий маълумотлар базасида индексация қилинадиган халқаро илмий журналларда чоп этиладиган мақолалар сонини кўпайтириш, илмий тадқиқотчиларнинг ўртача ёшини 40 ёшдан ёшартириш, шунингдек, 2025 йилгача олий таълим муассасаларида илмий салоҳиятни 60 фоиздан ошириш каби мақсадли кўрсаткичларга эришиш назарда тутилган.

Бу каби натижаларни қўлга киритиш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бунинг учун узоқ йиллар давомида тизимли олиб борилган машаққатли меҳнатларнинг самараси даркор. Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, Аҳмаджон Ўриновнинг сай-ҳаракати ва ташаббуси билан Фарғона давлат университетида 1993 йилда «Дифференциал тенгламалар ва унга турдош математик соҳаларнинг долзарб муаммолари» номли илмий семинар, 2019 йилда эса «Фарғона водийси математикларининг бирлашган илмий семинари» ҳамда илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш ташкил этилди ва уларнинг раҳбарлигида самарали фаолият олиб борди. Устоз бошчилигида амалга ошириб келинган шу ва шу каби тизимли ишлар натижасида улар фаолият олиб борган физика-математика факультетининг илмий салоҳияти 65 фоизни, математик анализ ва дифференциал тенгламалар кафедрасининг илмий салоҳияти 75 фоизни, ундаги илмий тадқиқотчиларнинг ўртача ёши эса 35ни ташкил этиб, университет миқёсида етакчи ўринларни эгаллаб турибди. Бундан ташқари, устоз ва уларнинг шогирдлари томонидан «Сcопус», «СcиэнcэДиреcт», «Wэб оф Сcиэнcэ» базасида индексланувчи журналларда ҳар йили йигирмага яқин мақолалар эълон қилиниб келинмоқда.

Аҳмаджон Қўшақович Ўринов ёшларга таълим бериш билан бирга, ўқув адабиётлар яратиш, иқтидорли ёшларни танлаш, уларни илмга йўналтириш ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўйича кўплаб ижобий ишларни ҳам амалга оширдилар. Унинг тавсияси билан илм йўлига кирган кўплаб ёшлар салмоқли илмий муваффақиятларга эришдилар. Устознинг бевосита ўзининг раҳбарлигида йигирмага яқин фан номзоди, фалсафа доктори ва фан докторлари, ўнга яқин Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Давлат стипендиялари совриндорлари етишиб чиқди.

Устознинг шогирдлари орасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари, олий ўқув юртларининг проректорлари, факультет деканлари, кафедра мудирлари каби етук мутахассис кадрлар етишиб чиқди ва мамлакатимиз ривожига муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Бундан ташқари республикамизнинг турли соҳаларида меҳнат қилиб келаётган кўплаб мутахассислар Аҳмаджон Қўшақовични ўзларининг устози деб биладилар ва ҳурмат қиладилар.

Профессор Ўринов ҳаётининг сўнгги йилларида ҳам дифференциал тенгламаларнинг замонавий йўналишларидан бири бўлган каср тартибли дифференциал тенгламаларга оид муҳим илмий натижани қўлга киритганликлари ҳам унинг бутун умрини илм фанга бағишлаб ўтганига ёрқин мисолдир.

Ўринов Аҳмаджон Қўшақович Фарғона давлат университетида оддий талабаликдан раҳбар, яни университет ректори лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди. У қайси лавозимда ишламасин, ўз вазифасига масъулият билан ёндашиб, жамоадошларига намуна бўлиб келди. Устоз раҳбарлик лавозимида ишлаган кезларида Фарғона давлат университетида янги таълим йўналишлари ва мутахассисликларини очиш, халқаро алоқаларни кенгайтириш, жамоа аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш, ёшлар маънавиятини юксалтириш ва миллий маданиятни ривожлантириш, олийгоҳга замонавий кўриниш бериш каби масалаларга жиддий эътибор бердилар, бу борада университетда салмоқли ишларни амалга оширдилар.

Шу билан бирга, А.Қ.Ўринов Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Математика институти қошидаги Д.015.17.21 рақамли ихтисослашган кенгаш аъзоси, «Фан ва турмуш» журнали маслаҳат кенгаши аъзоси, бир неча халқаро ва республика илмий конференциялари ташкилий қўмиталарида ҳамраис, раис ўринбосари ва аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Фарғона илмий маркази Илмий Мувофиқлаштирувчи Кенгаш раиси, «ФарДУ.Илмий хабарлар» журнали бош муҳаррири, Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутати бўлганлар. Давлат илмий-техника дастурлари доирасидаги 2002-2007, 2012-2016 йилларда бажарилган фундаментал лойиҳаларга ҳам раҳбарлик қилганлар.

Ўзбекистонда математика фанини ва олий таълимни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси, сермаҳсул педагогик фаолияти ва юқори малакали илмий мутахассисларни тайёрлашдаги хизматлари учун А.Қ.Ўринов «Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллиги» эсдалик нишони, «Ўзбекистон Республикаси Олий таълим аълочиси» кўкрак нишони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, Касаба уюшмалари Республика Кенгаши Фарғона вилояти ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.

Устоз бугун ҳаёт бўлганларида 75 ёшни қаршилаган бўлар эдилар. Ўзининг бутун умри давомида у ватан математикаси учун жуда кўплаб ижобий ишларни амалга оширди. Аҳмаджон Қўшақович Ўринов жуда ёрқин, кўп қиррали, ғайратли, кўнгли очиқ ва камтарин устоз бўлишлари билан бирга, беш фарзанднинг оилапарвар отаси, 15 нафар набираларнинг бағрикенг бобоси ҳам эдилар. Фарзандлар таълим-тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратганликлари сабабли улар юртимиз тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Аждодлар ва авлодлар ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаган ва ўтаётган қанчадан қанча ибратли инсонлар бизни доимо тараққиётга ҳисса қўшишга ундайди. Улар қаторида профессор Аҳмаджон Қўшақович Ўриновдек камтар олимнинг номи борлигидан ва у кишининг ёди билан яшаётганимиздан биз шогирдлар фахрланамиз. Демак, ҳаёт давом этади: ҳамкасблар, издошлар, фарзандлар, миннатдор шогирдлар устозни доимо хотирлаб, бугунги фаолиятида устозга муносиб бўлишга ҳаракат қиладилар.

Биз шогирдлар учун Устознинг бутун умри ибрат, ҳар бир насиҳати ҳикматдан иборат эди. Бизга шундай ажойиб, қалби кенг, чинакам олийжаноб инсон Устоз бўлганликлари учун ўз тақдиримиздан чексиз миннатдормиз!

Гарчи, чин маънода жонкуяр устоз Аҳмаджон Қўшақович Ўринов бугунги кунда орамизда жисман йўқ бўлсада, улардан бебаҳо илмий мерос, монографиялар ва ўқув қўлланмалар, кўп сонли шогирдлар, вояга етказган диёнатли фарзандлар қолди. Бу эса юртимиз илм-фани ва таълим-тарбия соҳасининг янада ривожланишига хизмат қилади ҳамда Устознинг руҳларини шод этади, албатта.


Фарғона давлат университети профессори,

физика-математика фанлари доктори (ДСc) Ш.Т.Каримов



Фарғона давлат университети доценти,

физика-математика фанлари номзоди А.Абдуқодиров