У киши нафақат инсон анатомияси соҳасидаги билимдон олим, балки ўз даврида илмий салоҳиятни сақлаб қолган, замонавий тиббий билимларни бирлаштиришда беқиёс тажриба тўплаган педагог сифатида ҳам танилган. Унинг илмий йўли Ўзбекистон морфология мактаби асосчилари — профессор Комилжон Зуфаров ва профессор Носир Аҳмедов исмлари билан чамбарчас боғлиқ.
Ўткир Миршарапов болалигиданоқ инсон организмининг мураккаб тузилиши ва ҳаёт қонуниятларига қизиқди. Бу қизиқиш уни тиббиёт йўлига етаклади ва кейинчалик умрбод илмий изланишларига сабаб бўлди. У ўқишни давом эттирар экан, машҳур анатом Носир Аҳмедов раҳбарлигида илмий изланишларни бошлади. Ана шу устознинг илмий мактабида унда анатомияни нафақат органик тузилиш, балки тирик организмнинг функционал тизими сифатида кўриш қобилияти шаклланди.
Таълим жараёнида устозлардан олган сабоқлари унда чуқур таҳлил қилиш, тажрибани назария билан уйғунлаштириш, инсон морфологиясига инновацион ёндашиш малакасини мустаҳкамлади. Ўткир Миршарапов ўз даврининг ҳар бир илмий кашфиётини синчиклаб ўрганиб, уни амалий тиббий билимлар билан боғлай олган олим сифатида танилди.
Илмий изланишлар ва тадқиқот натижалари
Профессорнинг илмий фаолияти асосан қон томир ва асаб тизими морфологияси, айниқса, уларнинг шикастланиш ва тикланиш жараёнларига бағишланган. Унинг номзодлик диссертацияси — “Артерия ва нерв биргаликда шикастланганда қон айланиш йўлларининг морфологик тикланиши” мавзусидаги изланишлар — морфология фанининг янги йўналишига асос солди. У тажрибаларида биоморфологик усуллардан фойдаланиб, коллатерал қон айланиш тизимининг ривожланиш қонуниятларини илмий жиҳатдан асослади. У докторлик дицертациясида ўпканинг веноз қон томирларининг шакилланиши ва турли ёшдаги одамларда унинг морфологик хусусиятларини асослаб берди. Бу натижалар нафақат анатомия, балки жарроҳлик ва нейрохирургик соҳалари учун ҳам муҳим аҳамият касб этди. Унинг ишлари қон айланиш тизимидаги қайта тикланиш механизмларини амалиётда баҳолашга ёрдам берди ва кейинчалик тиббий таълимда интеграцияланган ёндашувнинг асосларидан бири сифатида танилди.
Профессор Миршарапов томонидан 200дан ортиқ илмий мақолалар, 6 та дарслик, 5 та монография ва 30 дан ортиқ ўқув қўлланмалар яратилган. Унинг илмий мероси Тошкент давлат тиббиёт университетидаги морфология кафедралари фаолиятига самарали татбиқ этилган. У раҳбарлик қилган илмий йўналишлардан бир нечта фан номзодлари ва докторлар етишиб чиққан — бу эса унинг устозлик фаолиятининг ёрқин ифодасидир.
Устозлик ва инсоний фазилатлар
Профессор Миршарапов шогирдлари учун ҳақиқий маънавий йўлбошчи бўлган. У ҳар бир ёш тадқиқотчида қизиқиш уйғотиш, уларни мустақил фикрлашга ундаш, илмий натижаларни ҳаёт билан боғлашни ўргатишга катта аҳамият берган. Унинг аудиториясида илм фақат назария эмас, балки руҳий камолот мактаби ҳам эди.
Камтарлик, масъулият, ҳалоллик — унинг ҳаёт шиори. Шогирдлар уни “ҳар бир фикрида илмий қатъият ва инсонпарварлик уйғун бўлган устоз” деб эслайдилар. Илмий анжуманларда, диссертация ҳимояларида ёки кафедра йиғилишларида унинг таҳлилларидан доимо янги илмий ғоялар туғиларди.
Тиббий билимларни интеграция қилишдаги ҳиссаси
XX аср охири — XXI аср бошларида тиббий фанлар тез ривожланаётган бир даврда Ўткир Миршарапов турли йўналишлар — анатомия, физиология, биокимё ва клиник фанлар ўртасидаги интеграцияга катта эътибор берди. Унинг фикрича, замонавий шифокор нафақат ўз соҳасини, балки организмнинг тузилиш ва функциясини бир бутун тизим сифатида англаши лозим.
Унинг ташаббуси билан бир қатор илмий-амалий курслар, кафедралараро семинарлар ташкил этилди. У бу жараёнда илмий анъаналарни замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштиришга муваффақ бўлди. Шу сабабли, Миршарапов фаолияти Тошкент давлат тиббиёт университетида интеграцияланган таълим модели ривожига пойдевор бўлди.
Профессор Ўткир Миршарапов ўз илмий салоҳияти, инсонпарварлиги ва фидойилиги билан замондошларининг ҳурматини қозонди. Унинг исми анатомия фанининг янги босқичига қадам қўйиш билан боғлиқ. Ҳар бир илмий натижа, ҳар бир шогирднинг муваффақиятида устознинг меҳри, меҳнати ва меҳрбонийлиги намоён бўлади.
Бугунги кунда Тошкент давлат тиббиёт университетида унинг илмий мактабини давом эттираётган шогирдлар бисёр. Улар устозларидан мерос анъанани — илмий таҳлил ва инсонпарварлик уйғунлигини — янги авлодга етказмоқда. Октябрь ойида университет миқиёсида эълон қилинган “Профессор Носир Аҳмедов ҳафталиги” ана шу инсонпарварликнинг ёрқин тимсолидир.
Гулчеҳра МИРЗАЕВА,
журналист