Ушбу таълим масканида 2000-йилда икки ярим минг талаб таҳсил олган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич саккиз ярим мингга етди. Талабаларга 300дан зиёд малакали педагог таълим бериб келаяпти. Уларнинг 29 нафари фан доктори, 121 нафари фан номзоди илмий даражасига эга.
Университетнинг таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи, педагогика фанлари доктори, профессор Саодат Бозорова танлаган касби орқали ҳурмат қозонган ва ўзини бахтли олима аёллар сафида кўрадиган соҳа вакилларидан бири.
— Ушбу таълим даргоҳида 1982 йилда фаолият бошлаганман ва қирқ йилдан зиёд вақт давомида талабаларга дарс бериб келаман. Бу ерга келганимнинг дастлабки кунларида лаборатория жиҳозларининг эскилигини кўриб, гоҳида афсусланганман. Сабаби, ўша йиллари илмий тадқиқот юритиш учун ушбу таълим масканида етарли шароит йўқ эди. Илмий ишим учун зарур лаборатория жиҳозлари у вақтда фақат хорижда бўлиб, чет элга чиқиш мен учун деярли имконсиз бўлган. Шунинг учун ҳам илмий иш қилиш, тадқиқотлар ўтказиш жуда ҳам машаққат эди. Педагоглар жамоамиз аёлларидан бор-йўғи бир нафари илмий даражага эга бўлиб, қолганлари катта ўқитувчи сифатида фаолият олиб борарди. Орадан йиллар ўтди, табиийки, кўп нарса ўзгарди. Бугун у ҳолатлар туш каби ўтмишда қолди. Ўтган йиллар давомида таълим муассасаларига эътибор кучайди, моддий-техник базаси яхшиланиб, лабораториялар замонавий жиҳозланди. Шундай имкониятлардан фойдаланиб фан доктори, профессор илмий даражасини олишга эришдик, – дейди Саодат Бозорова.
Албатта, илмий изланишлар учун имкониятлар кенгайиши бевосита университетнинг моддий-техник базаси билан боғлиқ. Рақамлар мисолида таҳлил этадиган бўлсак, университетда 2018 йилда илмий ҳимоя ишлари сони 17 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда 26 та, ўтган йил эса 40 тага етди. Университет олимлари томонидан интеллектуал мулкка эгалик бўйича 12 та патент олинди. Халқаро илмий ҳамкорлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Олий ўқув юртида таҳсил олиш истагидаги ёшлар сони ортди, илмий тадқиқотлар бўйича изланаётган педагоглар сафи янада кенгаймоқда.
19 гектар ер майдонини эгаллаган университет ҳудудининг 60 фоизи лабораториялардан иборат. Бу эса нафақат эгалланган назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаш учун қулай, балки илмий-тадқиқот учун ҳам айни муддао. Янгилик яратишга қодир, кашфиётлар устида ишлаётган, мамлакатимиз тоғ-кон саноати ривожи учун муносиб ҳисса қўшиш мақсадида тинимсиз изланиш олиб бораётган талабалар, ёш олимларни ҳам айнан шу таълим даргоҳида кўриш мумкин. Ойбек Мустафоев соҳага бўлган қизиқиши, шижоати боис бугун кўплаб талабаларга ўрнак. Яратилган имкониятлардан оқилона фойдалана олган ёш мутахассис бугун техника фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасига эга.
— Университетимизда илмий-услубий ишлар ва тадқиқотлар учун барча имкониятлар етарли. Соҳадаги ўн йиллик фаолиятим давомида бу таълим масканида кўплаб ютуқларга эришдим, жумладан, яқинда докторлик диссертациясини ёқладим. Айни вақтда хорижда малака оширишни мақсад қилганман ва янги илмий ишларни бошлаш арафасидаман. Бунинг учун имкон ҳам, рағбат ҳам бор, — дейди ёш олим Ойбек Мустафоев.
Университетда устоз-шогирд анъанаси муваффақиятли йўлга қўйилгани ҳам ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Касб машаққатини бошдан кечирган, илмий даражага эга бўлиш учун йиллаб тинимсиз изланиб, эришиш мушкул натижани кутишга мажбур бўлган педагогларнинг ҳаёт йўли ёшларга ибрат аслида. Ҳаёт ҳақиқати бугунги имкониятлар қадрини англашга ўргатади. Замонавий жиҳозланган аудиторияларда фақат дарс ўтилмайди, балки ўтмиш, бугунги кун ва келажак ҳақида ҳам мулоҳазалар юритилади.
Соҳада ривожланиш учун аввало, илмий изланиш ва албатта, илмий манбалар зарур. Университет ахборот-ресурс марказидаги манбалар талаба ва ўқитувчилар учун бу борада ҳақиқий хазина. 180 мингдан зиёд номдаги электрон китоблар, 90 мингдан ортиқ босма адабиёт педагогик жамоанинг илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Илмий даражага эга бўлиш, шубҳасиз, соҳа вакилининг ҳурматини оширади. Ёш олимларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор, имконият ва имтиёзлар эса навбатдаги марраларни забт этишга куч бағишлайди. Албатта, инсон қайси соҳада фаолият юритмасин, меҳнати қадр топишини, касби чин маънода фахрига айланишини хоҳлайди. Бугун Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида фаолият юритаётган педагоглар илм йўлида ҳурматга сазовор бўлган, моддий манфаатдорлиги ошган мутахассислар сафида. Бу ҳам юртимизда инсон қадри учун тамойилининг яна бир ёрқин ифодасидир. Айни пайтда таълим муассасида яратилаётган янгидан янги имкониятлар, шарт-шароитлар устозларни янада фаол бўлишга ундаш билан бирга, ўз касбидан, ҳаётдан мамнунлигини намоён этмоқда.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири