Илғор халқаро амалиёт асосида доцент ва профессор илмий унвонлари, фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколатини ўз йўналиши бўйича нуфузли бўлган олий таълим муассасаларининг илмий кенгашларига ўтказишни таклиф этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 3 февралдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида бу таклиф жорий йилда бажарилиши зарур вазифалар қаторида алоҳида қайд этилди. Унга кўра, илмий унвон ва илмий даражаларни бериш ваколати 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг нуфузли олий таълим муассасаларининг илмий кенгашларига босқичма-босқич ўтказилади.
Чунки таълим ва илм-фан соҳаларида амалга оширилаётган сифат ўзгаришларига монанд олий таълимдан кейинги таълимни янада ривожлантириш ва жаҳоннинг илғор амалиётига мослаштириб бориш, бу соҳада таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар ваколатини босқичма-босқич кенгайтириш зарурати мавжуд эди. Шу боис бу хушхабарни илм аҳли, академик жамоатчилик катта мамнуният билан кутиб олди.
— Мамлакатимизда илм-фан, таълим соҳаларини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, жаҳон андозаларига кўтариш борасида сезиларли янгиланишлар кузатиляпти. Жумладан, илмий унвон ва илмий даражаларни бериш ваколатининг нуфузли олий таълим муассасалари илмий кенгашларига босқичма-босқич ўтказилиши ҳам шундай саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир. Дунё тажрибасида, хусусан, ривожланган давлатлар тажрибасида бу амалиёт мавжуд. Германия, Швейцария сингари илм-фан ва техника тараққий этган мамлакатларда илмий сафарларда бўлган чоғимизда кўриб, гувоҳи бўлганмиз. Бу янгиликнинг рўёбга чиқиши илм-фан фидойилари учун кўп қулайликлар яратади. Биринчидан, илмий ишни расмийлаштириш, ҳимояга тайёрлаш ва ҳимоя жараёни билан боғлиқ бюрократик тўсиқлар, ноўрин талаблар анча камаяди. Иккинчидан, вақт омилидан самарали фойдаланиш имкони пайдо бўлади. Учинчидан, академик мустақиллик олий таълим муассасалари илмий кенгашларининг профессионал фаолият олиб бориши учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтайди, — дейди Тошкент давлат техника университети профессори, техника фанлари доктори Мақсуд Бобожонов. — Бироқ бу имкониятни суиистеъмол қилмаслик билан боғлиқ масалалар ҳам борки, уларнинг ижроси илмий кенгашлар зиммасидаги масъулият залворини оширади. Илмий кенгаш раиси ва аъзолари ўзларига талабчанлик руҳида фаолият олиб бориши, илмий ишларнинг мазмунига ва савиясига алоҳида эътибор билан ёндашуви жуда муҳим. Ҳар битта кенгаш илмий ишни ёқлаш бўйича ўзининг низоми ва қатъий талабларини ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этиши лозим. Айниқса, илмий кенгашда демократик тамойиллар устуворлигини таъминлаш, кенгаш аъзоларидан ҳар бирининг нуқтаи назарини ва фикрини инобатга олиш ҳамда ҳамжиҳат бўлиб, овоз бериш асосида қарор қабул қилиш масъулияти мавжуд. Акс ҳолда берилган имкониятдан ноўрин фойдаланиш илмий салоҳиятни кўтариш ўрнига оммавий савиясизликка олиб келиши мумкин.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, илмий-методик фаолиятини кучайтиришга қаратилган кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилинди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 октябрдаги фармонига биноан тасдиқланган Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида илмий тадқиқотчиликнинг фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилди. Илм-фанни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган улкан вазифалар белгиланди. Тизимдаги педагоглар, илмий изланувчилар ва олимларни рағбатлантиришнинг янги тизими жорий этилди. Моддий рағбатлантириш механизмларининг кучайтирилиши ёшларни илмий тадқиқотчилик фаолиятига қайтариб, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти ошишига ва илмий даражали контингентнинг яшаришига пухта замин ҳозирлади.
Академик мустақиллик бериш жараёнида, аввало, синов тариқасида республиканинг рейтинги бўйича биринчи 10 та ўрнидан бирини эгаллаган таълим муассасалари кенгашларига ҳукумат қарорларида назарда тутилган таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар кенгашларига талабгорларни доцент, катта илмий ходим ҳамда профессор илмий унвонида тасдиқлаш ҳуқуқини бериш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий аттестация комиссияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қўшма қарори билан рўйхати ҳар йили тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг рейтинги бўйича биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим муассасаларида олинган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатларни тўғридан-тўғри тан олиш режалаштирилмоқда.
Илм йўлини танлаш кишидан улкан жасорат ва иродани талаб этади. Чунки бир марта яшаш имконияти берилган умрни фаннинг сир-асрорларини очиш, халқ, Ватан, умуман, инсоният учун манфаатли қирраларини кашф қилишга бағишлаш инсоннинг матонатидан, қатъиятидан дарак беради. Шу боис бу заҳматли ва машаққатли йўлни танлаш бахти фақат хос кишиларгагина насиб этади. Уларнинг кўп йиллик оғир ақлий меҳнати самарасини рўёбга чиқариш эса илмпарвар давлат ва жамиятнинг ўтмиш, бугун ва келажак олдидаги бурчидир.