Ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам саналади. Улар ногиронлик нафақаси олиш ёки керакли имтиёзларга эга бўлиш учун соғлиғи ҳолати қайд этилган маълумотларни тўплаб, тегишли жойларга тақдим этиши талаб этилади. Аммо бу жараён кўпгина оворагарчиликларни келтириб чиқаради. Тиббиёт муассасалари эшиги олдида навбат кутиб туриш, у идорадан бунисига қатнаш имконияти чекланган инсонларнинг руҳияти ва соғлиғига салбий таъсир қилиши ҳеч гап эмас. Бу каби оворагарчиликларга барҳам бериш мақсадида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида имконияти чекланган фуқароларга ногиронлиги бўлган шахс мақомини бериш жараёнини оптималлаштирувчи электрон маълумотлар тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси белгиланган. Бу бўйича Инновацион ривожланиш, Соғлиқни сақлаш, Адлия вазирликлари ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида қатор ишлар бажарилди.
Имконияти чекланганлар учун электрон платформа яратилгани шундай хайрли ишлардан бири бўлди. Платформанинг қулайлиги ва афзалликлари хусусида батафсил маълумот олиш учун Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси бошлиғи Умарали НАЗАРМАТОВ билан суҳбатлашдик.
— Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амбулатор карта тизими ташкил қилинган бўлиб, ногиронлиги бор шахснинг ҳаёти давомида ўтказган касаллиги, олган муолажалари, қандай текширувлардан ўтгани бўйича маълумотлар тўплами шакллантирилади. Бу жараён тиббий-ижтимоий экспертиза ходимлари ва эксперт шифокор томонидан электрон тизим орқали платформадан олиб ўрганилади. Шундан сўнг фуқаронинг ногиронлиги белгиланади, — дейди У.Назарматов. — Илгари фуқаронинг ногиронлиги ҳақида маълумотлар текширилганда, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси маълумотномаси А ва Б қисмга бўлинарди. А қисми Пенсия жамғармасига юборилса, Б қисми ногиронлиги бўлган шахснинг қўлига бериларди.
Бироқ инсон омили деган тушунча бор. Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг ногиронликни кўрсатадиган маълумотномаси ўз вақтида тегишли жойга етказилмаслиги ёки фуқаронинг ёдидан чиқиши каби ҳолатлар ҳам учраб турган. Оқибатда керакли муддатда нафақа тайинланмагани сабабли қатор норозиликлар, сарсонгарчиликлар келиб чиққан.
— Электрон автоматлаштирилган тизимдан нималар кутилмоқда?
— Ногиронлиги белгиланган шахснинг маълумоти узоғи билан 3 иш куни давомида электрон базага киритилиши талаб этилади. Нега 3 кун? Бу ҳам техник ҳолатларга боғлиқ. Ногиронлик белгиланган кун тасдиқлангач, бу маълумот электрон платформага интеграллашган барча вазирлик ва идоралар компьютерида кўринади. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳам базага киритилган маълумот орқали ногиронлик нафақаси тайинлайди.
— Мониторинг қандай олиб борилади?
— Агар фуқаронинг ногиронлик муддати бир йил деб белгиланса, қайд этилган вақт келгандан сўнг маълумот автоматик равишда базадан ўчади. Илгари белгиланган муддат тугагандан кейин ҳам ногиронлик ҳақидаги маълумот сақланиб қоларди. Натижада ҳужжатдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кузатилган. Инсон вафот этгандан кейин ҳам нафақа олиш ҳолатлари кўп учраган. Энди электрон тизим орқали бу каби бетартибликка барҳам берилади. Ногиронлиги бор шахс ҳужжат учун сарсон бўлмайди. Барча иши автоматлаштирилган платформа орқали ҳал этилади.
Ҳозир 11 та хизматимизни интеграция қилишга эришдик. Тўққизта вазирлик ва идорага боғланганмиз. Базага ногиронлиги бўлган, 16 ёшдан катта 640 минг нафардан ошиқ шахс ва ногиронлиги бўлган, 16 ёшгача 107 минг нафардан ортиқ бола тўғрисидаги маълумотлар киритилган. Базанинг модернизация қилинганига бир йилдан ошди. Шу кунга қадар эса уни такомиллаштиришга ҳаракат қилиб келяпмиз. Электрон платформа тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси дастури сифатида ишга туширилган.
— Платформада ногиронларнинг қандай маълумотлари сақланади?
— Базада ногиронлиги бўлган шахснинг исм-фамилияси, туғилган санаси, яшаш жойи, миллати, жинси, паспорт рақами ва серияси, ногиронлик гуруҳи, ногиронлик белгиланган сана ва амал қилиш муддати, ногиронлиги бўлган шахснинг маълумоти, касби, оилавий аҳволи, ишлаш ёки ишламаслиги, нечта фарзанди борлиги, қайси маҳаллада туриши тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Ногиронлиги бўлган шахснинг бошқа манзилдан кўчиб келгани ёки кўчиб кетгани, қолаверса, Пенсия жамғармаси билан интеграциядан ўтгани борасидаги саволларга жавоб бериладиган жой мавжуд. Имконияти чекланган фуқарога нафақа тайинлангани ҳақида ҳам хабардор бўлиб туриш мумкин.
Электрон платформага махсус логин ва парол орқали кирилади. Чунки ундан ўрин олган маълумотлар ногиронлиги бўлган инсонларнинг шахсига тегишли. Ногиронлиги бўлган кишининг рухсатисиз маълумотларни тарқатишга ҳаққимиз йўқ. Фақат электрон ҳукумат орқали интеграциялашган бошқа вазирлик ва идоралар ўзаро ҳамкорлик қилиши мумкин.
Инновацияларни ҳаётга татбиқ этиш ва уларнинг амалиётда қай даражада самара беришини ўрганиш борасида чет эл тажрибасидан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Кўплаб давлатларда шу соҳада бажарилаётган ишлар билан яқиндан танишиб чиқдик. Жумладан, Европанинг айрим давлатларида ногиронлиги белгиланган фуқаронинг маълумотномаси компьютерга тўлиқ киритилгандан кейин махсус мослама орқали расми қўйилган ID картага ўхшаш пластик карта берилади. Ногиронлиги бўлган шахс шу карта орқали ўз имтиёзларидан бемалол фойдаланади.
Ушбу замонавий ва қулай усулни юртимизда ҳам жорий этишга ҳаракат қиляпмиз. Чунки пластик карталар кўплаб қулайликларга эга. Биргина метрога кириб-чиқиш учун мўлжалланган карталарни бунга мисол келтириш мумкин ёки ID паспортларни олайлик.
Яна бошқа қулайликлар яратиш борасида Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда кўплаб режаларни амалга оширишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Муҳими, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг оворачиликларига чек қўйилади.
Бундан ташқари, электрон платформамизни Олий ва ўрта махсус таълим, Мактабгача таълим ҳамда Халқ таълими вазирликлари билан ҳам интеграция қилиш режалаштирилмоқда. Хўш, бундай интеграциялашув нима беради?
Табиийки, мазкур вазирликлар тизимида имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар (болалар, ўқувчилар, талабалар) ҳам таҳсил олади. Ҳар йили бундай муассасаларга ногиронлиги бўлган ўғил-қизлар ўқишга ҳужжат топшириши ёки боғчага бориши табиий. Бундай болалар ҳақида керакли маълумотга эга бўлиш ниҳоятда муҳим. Бу ўқув муассасаларида керакли шароитлар яратиш, зарур педагог-кадрлар, дефектолог-педагоглар билан таъминлаш, ўқув-тарбия ишларини имкониятига чекланган тарбияланувчи, ўқувчи ва талабаларга мослаштириш, инклюзив таълим учун харажатларни олдиндан прогноз қилиш имкониятини беради.
Севара АБДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.