Дунёда иқлим ўзгараётгани, кўп жойларда қурғоқчилик юз бергани оқибатида озиқ-овқат етишмовчилиги кузатилмоқда. Боз устига, халқаро майдондаги зиддиятлар туфайли маҳсулот ишлаб чиқариш ва етказиб бериш мураккаблашиб боряпти. Пандемия ҳам логистика занжирлари ва ишлаб чиқарувчилар фаолиятига қаттиқ зарба берди. Табиий газ баҳосининг кескин ошиши туфайли мамлакатлар етарли миқдорда ўғитлар ишлаб чиқара олмаяпти, ўнлаб йиллар давомида шаклланган халқаро алоқаларда эса узилишлар рўй беряпти.

Шу боис жаҳонда охирги икки йилда озиқ-овқат инфляцияси йилига 15-20 фоиздан пасаймаяпти. Ўсимлик ёғи, сут ва гўштнинг нархи сўнгги 30 йилдаги энг юқори даражага кўтарилди. Транспортда ташиш, ўғит ва ёқилғи харажатлари ошиб кетгани ҳам озиқ-овқат нархларига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг баҳосича, озиқ-овқатлар нархлари индекси ўртача кўрсаткичи 2022 йилда 143,7 фоизни ташкил этган.

Таҳлилларга кўра, бу ҳолат жорий йилда ҳам, яқин истиқболда ҳам давом этади. Шунинг учун озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, одамларни банд қилиш бўйича қўшимча имкониятларни ишга солиш ҳар бир мамлакат, шу жумладан, Ўзбекистон олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади. Бинобарин, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг 1 долларга ўсиши иқтисодиётнинг бошқа соҳа ва тармоқларида ҳам маҳсулот ишлаб чиқаришнинг 1 долларга ошишига олиб келади, айни пайтда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида маҳсулот ишлаб чиқаришнинг 1 долларга кўтарилиши қишлоқ хўжалигида 0,18 долларлик ўсишни таъминлайди.

Президентимиз раислигида шу йил 23 март куни озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўнгги йилларда озиқбоп маҳсулотлар етиштиришга 200 минг гектар ер ажратилгани ҳамда 500 минг гектар қўшимча майдонлар фойдаланишга киритилгани ички бозорда нарх-навони барқарор сақлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Статистик маълумотларга қараганда, мамлакатимизда 2022 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари индекси 115,6 фоизга тенг бўлган. Мевалар нархларида кузатилган пасайиш инфляцияни тутиб турувчи омил бўлиб хизмат қилди. Гўшт, балиқ, ёғ-мой маҳсулотлари ҳамда сабзавотлар нархларининг ўсиш суръати 2021 йилдагига нисбатан паст даражада қайд этилди.

Халқ дастурхони тўкин бўлиши учун давлатимиз раҳбарининг23 март куни имзолаган “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2024 йил 1 январгача 32 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг (36 турдаги озиқ-овқат ва товарлар) импорт божлари ноль ставкада белгиланди. Бундан ташқари, 1 майдан ижтимоий реестрга кирган аҳолига мол, қўй, парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилса, қўшилган қиймат солиғи қайтарилади. Бу орқали 2 миллиондан ортиқ оилага енгиллик бўлади.

Божлардан имтиёзлар, улардан кутилмалар

Кейинги пайтда мамлакатимизда аҳоли кундалик истеъмолида энг кўп ишлатиладиган ун, гўшт, пишлоқ, макарон, шакар, чой, балиқ каби маҳсулотлар импортига алоҳида эътибор қаратиб келиняпти. Хусусан, 2022 йилда республикамизга қарийб 900 миллион долларлик маҳсулотлар чет элдан харид қилинган. Бунинг учун 500 миллиард сўмдан ортиқ божхона божлари тўланган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовнинг қайд этишича, истеъмол товарларининг айрим турлари бўйича божхона божларини ноллаштириш иккита йўналиш бўйича ўз таъсирини кўрсатади.

Биринчидан, божхона божлари тушганда импорт қилинадиган маҳсулотлар арзонлашади ва натижада уларнинг истеъмоли ошади. Бу савдонинг ҳосил қилиш самараси, деб айтилади

Иккинчидан, бир мамлакатдан импорт қилинаётган маҳсулот қимматроқ бўлгани учун савдо йўналиши янгиланади. Яъни, импорт географияси ўзгаради.

Энг муҳими, кундалик истеъмол товарларига божхона божларининг ноль ставкага туширилиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини мақсадли қўллаб-қувватлаш ва кам таъминланган уй хўжаликлари томонидан истеъмолни рағбатлантириш имконини беради.

— Мисол сифатида уй хўжаликларини оладиган бўлсак, — дейди эксперт, — таҳлилллар шуни кўрсатадики, асосан бу озиқ-овқатлар кам ёки ўрта даромадли оилалар маблағларининг катта қисмини сарфлаётган маҳсулотлар ҳисобланади. Макарон, тухум, сариёғ, гўшт, пишлоқ, мева ва бошқалар ана шндай маҳсулотлар шулар жумласига киради. Агар аҳолининг энг заиф қатламлари фақат кефир сотиб олишга уй хўжалиги харажатларининг 5,6 фоизини сарфлаётган бўлса, энг юқори даромадли оилаларнинг ушбу товар учун кетадиган харажатлари атиги 0,7 фоизни ташкил қилади.

Демак, яқин пайтгача озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланган харажатлар энг юқори даромадли уй хўжаликларига қараганда кам таъминланганлар томонидан 8-10 баравар юқори сарфларга сабаб бўлиб келаётган, янада содда қилиб айтганда, имтиёздан бойлар кўпроқ фойда кўаётган эди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг ҳисоб-китобларига кўра, фармонда имтиёз кўзда тутилган товарларга божхона божларини ноллаштириш гўшт ва гўшт маҳсулотларини 4,8 миллион, пишлоқни қарийб 900 минг, ёнғоқни 1,3 миллион, олма ва нокни 1,9 миллион, янги меваларни 1,6 миллион, шоколадни 4,7 миллион, қандолат маҳсулотларини 1,2 миллион долларга импортини оширади.

Макроиқтисодий нуқтаи назардан, импортнинг ўсиши натижасида аҳолининг истеъмоли ошиши кутилмоқда ва ушбу турдаги маҳсулотлар учун импорт нархлари 1 фоиздан ортиқроққа пасаяди, фуқароларларга 600 миллиард сўм миқдорида қўшимча маблағларни тежашга имкон беради.

24 турдаги маҳсулот нархи пасайган, ноқонуний товар айланиши қисқарган

Мутахассисларнинг фикрича, озиқ-овқат маҳсулотлари танқис бўлган мамлакатларда иқтисодий ўсиш секинлашганлиги ва аксинча, фуқаролари етарли рационда овқатланган давлатларда ривожланиш тезлашгани кузатилган. 1 фоиз миқдордан кўпроқ оқсил моддасини истъмол қилиш ялпи ички маҳсулотнинг йилига 0,49 фоиз ўсишини таъминлайди. ЯИМ йилига 1 фоизга ўсиб борса, аҳоли даромади 72 йилда 2 бараварга, агар у 2 фоизга кўпайса, одамларнинг пул маблағлари 36 йилда 4 баробарга ошади ва ҳоказо. Шу сабабли аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражаси мамлакат иқтисодиётининг ривожланишини белгилаб берувчи муҳим омиллардан бири саналади.

Ўтган ҳафта якунида Халқаро бизнес марказида бир қатор вазирлик ва идоралар, улгуржи ҳамда чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда Президентимизнинг “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросининг аҳамияти ва ички бозордаги нархларга таъсири муҳокама қилинди. Бу ҳақда “Kun uz” веб сайти давра суҳбати иштирокчиларининг фикрларига таянган ҳолда хабар берар экан, имтиёзли асосда импорт қилинаётган товарларнинг учдан икки қисми бўйича нархлар арзонлашгани, ноқонуний товар айланмалари қисқарганига алоҳида урғу беради.

Таҳлилларимизга кўра, дастлабки 10 кун давомида божхона имтиёзлари асосида импорт қилинган 36 турдаги товарларнинг 24 тури бўйича нархлар пасайган, дейди Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов. — Айниқса, озиқ-овқат товарлари ичида хурмо – 16 фоизга, олма, беҳи ва нок – 42 фоизга, консерваланган балиқлар – 50 фоизга, минерал сувлар – 40 фоизга, таркибида какао бўлган конфетлар – 24 фоизга арзонлашди. Бу улгуржи нархларнинг пасайиши. Ноозиқ-овқат товарлари йўналишида болалар кийимлари нархининг ўсиши кузатилмаган бўлса,  пойабзалининг баҳоси 61 фоизга пасайган.

Божхона имтиёзи берилган товарларнинг ўтган йилги ҳолати билан таққослайдиган бўлсак, 2022 йилда 1233 тадбиркор томонидан қиймати қарийб 700 миллион долларлик товарлар импорт қилиниб, 1,6 триллион сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилган, дейди Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов. — Бу борада яна бир  жиҳатга эътибор қаратмоқчиман, ўтган йили ушбу турдаги товарларнинг ноқонуний импорти бўйича 856 та ҳуқуқбузарлик содир этилган, 26 млиллиард сўм қийматидаги товарлар божхона идоралари томонидан олиб қўйилган.

Президентимиз фармони билан ушбу товарларга ноль ставка қўлланиши уларнинг хуфиёна иқтисодиётдаги улушини камайтиришга олиб келмоқда. Бу ўз вақтида қабул қилинган энг маъқул фармоннинг дастлабки самараси бўлди. Чунки ноқонуний товар айланиши сабаблари бож ставкаларининг юқорилиги билан боғлиқ бўлган. Айнан мана шу турдаги товарларга 20-30 фоизлик ставкалар қўлланган. Бу, ўз навбатида, божхона чегаралари орқали айланаётган товарларни ноқонуний декларациялашга, тўловлардан қочишга, божхона қийматини пасайтириш каби кўплаб салбий омилларга сабабчи бўлган. Бож ставкаларининг ноль фоизга туширилиши шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олишга ҳам хизмат қиляпти.

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиевнинг қайд этишича, бугунги кунда имтиёзли товарларни ҳисоботларда акс эттиришда электрон платформа жорий қилинган. Ушбу платформа мазкур товарларнинг чакана савдо нуқталарида 10 фоиздан 26 фоизгача нархлари пасайганлигини кўрсатяпти. Давлатимиз раҳбарининг фармони қисқа вақт ичида ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиб, аҳоли дастурхонини тўкин қилишга хизмат қиляпти.

Озиқ-овқат инфляцияси қандай йўллар билан

10 фоиз чегарасида жиловланади?

2022 йил якуни билан юртимизда инфляция 12,3 фоизни ташкил этди. Барча иқтисодий механизмларни қўллаб, жорий йилда бу кўрсаткични 10 фоиздан пастга тушириш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбари ҳузурида 2023 йил 7 февраль куни жорий йилда инфляция даражасини пасайтириш чоралари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда бунинг учун истеъмол товарлари, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уларни “даладан дастурхонгача” етказиб беришдаги харажатларни қисқартириб, арзон бўлишини таъминлашга қаратилган вазифалар белгилаб олинди. Бунда ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб, ҳар бир туман ва шаҳар бўйича алоҳида “йўл хариталари” ишлаб чиқиш, аҳоли учун жозибадор молиявий хизматлар турларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Юқорида қайд этганимиздек, Президентимиз раислигида шу йил 23 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш масалалари ҳар томонлама таҳлил қилинди.

Ўтган йили озиқ-овқат етиштиришга имтиёзли кредитлар ажратиш, уруғ, кўчат, ўғит ва маҳсулот сотиб олишни тўғридан-тўғри молиялаштириш йўлга қўйилгани яхши самара берган эди. Жорий йилда ҳам бу мақсадларга 6 триллион 200 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 130 миллион доллар маблағни тадбиркорларга тўғридан-тўғри ажратади. Бунинг учун тадбиркорлар ўз лойиҳаларини вазирликнинг шаффоф электрон платформаси орқали тақдим қилади. Ажратилган кредитнинг 20 фоизи олдиндан, қолган 80 фоизи 10 йил давомида бўлиб-бўлиб тўланади. Бунда “банк устамаси” бўлмагани туфайли кредит фоизи ҳам арзон бўлади.

Бундан ташқари, жорий йилда аҳолига бўлиб берилган 200 минг гектар, дала четларидаги 50 минг гектар ҳисобидан 5 миллион тонна қўшимча маҳсулот етиштириш, иқтисодий воситаларларни кўпайтириш, ҳоким ёрдамчилари тизими орқали ушбу ерларда кооперацияни ривожлантирилади ва аҳоли бандлиги таъминланади. Деҳқон ва фермерларга қулай бўлган 250 миллион долларлик кредит, лизинг ва суғуртанинг янги турларини йўлга қўйилади.

Яна бир муҳим йўналиш мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш ҳисобланади. Лекин, ҳозирча бу борадаги кўрсаткич паст бўлиб, боғ ва узумзорларнинг 20 фоизида, сабзавот майдонларининг атиги 7 фоизида интенсив усул жорий қилинган. Шу боис айни кезда озиқ-овқат саноатида 2 минг ортиқ лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг ижроси натижасида 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импортини қисқаришга, экспортни кенгайтиришга имконияти яратилади. 37 мингдан зиёд киши иш билан таъминланади. Қолаверса, мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш орқали қўшилган қийматни бемалол 3-4 бараварга ошириш мумкин.

Маълумки, Марказий банк бошқарувининг жорий йил 16 март куни бўлиб ўтган йиғилишда асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражада белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Унда қайд этилишича, асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилиши ўтган йил март ойида хатарлар учун фоиз ставкани ошириш орқали қўйилган қўшимча юкламани тўлиқ олиб ташлаш имконини беради. Бунда, йиллик 14 фоиз даражасидаги асосий ставка инфляция прогнозининг пасаювчи динамикасида (8,5-9,5 фоиз) нисбатан қатъий пул-кредит шароитлар сақланиб қолинишини таъминлаши таъкидланади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертларининг таҳлилича, асосий ставканинг 1 фоиз бандга тушиши натижасида базавий сценарийга нисбатан мамлакат ялпи ички маҳсулоти 0,55 фоизга ошади, аҳолига берилаётган кредитлар миқдорини 2,6 фоизга кўпайтиради. Натижада базавий сценарийга нисбатан аҳоли ялпи истеъмоли 0,2 фоизга кўтарилади.

Демак, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Эндиликда илм, меҳнат, изланиш ва самарали технологияларга таянган ҳолда, ундан самарали фойдаланиш зарур бўлади. Белгаланган кенг кўламли чора-тадбирларнинг ўз муддатида сифатли бажарилиши эса, маҳсулдорликни ошириш, импортни камайтириш, экспортни  кенгайтиргани ҳолда, озиқ-овқат инфляциясини 10 фоиз чегарасида қатъий жиловдаш имконини беради.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ шарҳи