Бунга молиявий тузилмалар аралашмайди, улар фақат нарх барқарорлигини таъминлаб туришга қаратилган воситаларни ишга туширади. Чунки бозордаги нарх-наво бевосита аҳоли даромади ҳамда харид қобилиятига мутаносиб бўлиши зарур. Акс ҳолда, жамиятда иқтисодий нотенглик ортиши хавфи юзага келади.

Бу иқтисодиётдаги инфляция даражаси би­лан ҳам боғлиқ. Инфляция қанча юқори бўл­са, ички ва ташқи бозордаги нархлар шунча кўтарилади. Шу боис, мамлакатимиз иқтисо­диётида инфляция даражасини доимий пасай­тириб бориш чоралари кўрилмоқда. Ўтган тўқ­қиз йилда амалга оширилган катта ислоҳотлар қаторида инфляция даражаси “бир хонали” сон­га туширилгани ва аҳолининг харид қобилияти икки баробар ошгани ижобий натижа сифатида тилга олинмоқда.

2025 йилда мамлакатимизда инфляция кўр­саткичи кутилганидан ҳам кўра пасайди ва йил 7,5 фоизли натижа билан якунланди. Давлати­миз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида бу борадаги ишлар фаол давом эттирилиши ҳамда жорий йил яку­нида инфляция даражасини 6-6,5 фоизга туши­риш мақсад қилингани таъкидланди. 2027 йил­да эса инфляция учун белгиланган таргет — 5 фоизли кўрсаткичга эришиш экани айтилмоқда.

Хўш, бу мамлакатимиз ҳаёти ва иқтисодий фаровонликка қанчалик таъсир кўрсатади? Умуман, инфляция даражасини пасайтириш нима учун муҳим? Биз тез-тез эшитишга одат­ланганимиз, аммо моҳиятини ҳар доим ҳам тушунавермайдиган “инфляция” атамаси ўзи қандай маънога эга ва нима учун у салбий ҳи­собланади? Марказий банкнинг Пул-кредит сиёсати департаменти директори Самиғжон ИНОҒОМОВ билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

— Оддий қилиб айтганда, инфляция — товар ва хизматлар умумий нархининг ўсишини англа­тадиган атама. Кўп одамлар буни нархларнинг ошиши ва уларнинг ойликка мутаносиб эмасли­ги сифатида тушунади. Яъни нарх-наво баланд бўлиб, одамларнинг харид қобилияти унга мос бўлмаслиги бевосита инфляция даражаси юқо­рилиги билан боғлиқ. Шунинг учун инфляция салбий характерга эга ва у нархларнинг ошиб бориши билан изоҳланади. Бу ўз-ўзидан иқти­содиётдаги пул қийматининг пасайишига олиб келади. Миллий валютанинг харид қобилияти­ни камайтириб, кундалик ҳаётимизга сезиларли таъсир кўрсатади.

Инфляция, биринчи навбатда, аҳолининг кам даромадга эга қатламига сезиларли таъсир кўр­сатади. Чунки бундай қатлам асосий даромадини истеъмолга йўналтиради ва жамғариш имкония­ти кам. Жамғариш ёки маблағини сармоя сифа­тида киритиш эса инфляциядан ҳимояланиш воситасидир. Лекин аҳолининг кам даромадга эга қатламида бундай имконият йўқ. Юқори инф­ляция жараёнида ушбу таъсир янада яққол юзага чиқа бошлайди. Масалан, кам даромадли аҳоли­нинг харид қобилияти пасайиб боради ва бу мам­лакатда ижтимоий нотенгликни кучайтиради.

Иккинчи жиҳат шуки, нархлар барқарор бўлмаган шароитда оддий одамлар учун ҳам, бизнес учун ҳам келажак бўйича иқтисодий қа­рорлар қабул қилиш қийинлашади. Натижада инвестиция оқими камаяди. Қолаверса, нархлар юқори бўлса, фоиз ставкалари ҳам ошиб бора­ди. Бозорда эса нарх-навони оширмаслик учун сифат ёки миқдордан воз кечиш ҳолатлари куза­тилиши мумкин. Ишлаб чиқарувчилар рақобат муҳитида шу орқали нархни ушлаб туришга ҳаракат қилади. Лекин бундан истеъмолчилар зарар кўради.

Баъзи давлатларда эса нарх-наво барқарор­лигини ушлаб туришда давлат аралашуви ор­тади. Бу ҳам ижобий натижа бермайди. Чунки нархлар талаб ва таклиф асосида бозор ша­роитида шаклланиши жуда муҳим. Акс ҳолда, бу истеъмолчилар харидида нотенглик, ишлаб чиқарувчиларда эса пассивликни келтириб чи­қаради. Яъни инфляциянинг юқори бўлиши ҳар қандай ҳолатда ҳам иқтисодиёт учун салбий ху­сусиятга эга. Иқтисодий ўсишга эришиш учун нархлар барқарор, инфляция даражаси паст бў­лиши керак.

Паст даражадаги инфляция инвестиция му­ҳитини қўллаб-қувватлаб туриш, одамларнинг истеъмол қилиш даражасини оширишни рағ­батлантиришга ёрдам беради. Марказий банк пул-кредит сиёсатининг асосий вазифаларидан бири инфляция даражасини доимий пасайти­риб бориш орқали нарх-наво барқарорлигини таъминлашга қаратилган. Бу борада 2026-2028 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлар ишлаб чиқилган. Мамлакатимиз иқтисодиё­тининг келгуси йиллардаги ривожланиш ис­тиқболлари, кутилаётган хатарлар ва ушбу шароитда нархлар барқарорлигини таъминлаш чоралари белгиланган.

— Давлатимиз раҳбарининг 2019 йилдаги тегишли фармонида юртимизда инфляция бўйича доимий мақсад (таргет) 5 фоиз бўли­ши, бунга 2023 йилда эришилиши белгилан­ганди. Бироқ айрим сабабларга кўра инф­ляция бўйича қўйилган таргетга эришиш муддати бир неча маротаба ортга сурилди. Охирги маълумотларга кўра, белгиланган кўрсаткичга 2027 йилда эришилиши айтил­моқда. Бу қандай омиллар билан боғлиқ?

— Мамлакатимизда инфляцион таргетлаш режимига 2019 йил ноябрда ўтилган. Тегишли фармон билан инфляция даражаси бўйича ўрта муддатли мақсад 5 фоиз этиб белгиланган. Шу билан бирга, оралиқ мақсад ҳам қўйилган. Бунда 2021 йилда инфляция даражасини “бир хонали” сонга тушириш, яъни 10 фоиздан паст кўрсат­кичга эришиш белгиланган. Бу мақсадга эришиш учун фаол ҳаракатлар ҳам бошланганди.

Аммо қатор омиллар, хусусан, 2020 йили пандемия даврида давлатлар томонидан кири­тилган турли чекловлар ва 2022 йилда халқаро майдонда юзага келган геосиёсий вазиятдан сўнг бутун дунёда инфляциянинг юқорила­ши кузатилди. Бу ҳолатлар Ўзбекистонга ҳам таъсирини ўтказди ва инфляциянинг аввалги прогноз кўрсаткичларидан юқори шакллани­шига сабаб бўлди. 2021-2022 йилларда жаҳон миқёсида кескин инфляция муҳити кучайди. Ҳатто АҚШ, Европа давлатларида инфляция таргети пандемиядан кейин 10 фоиздан ошиб кетди. Ваҳоланки, бу мамлакатларда охирги 30 йилда инфляция даражаси “икки хонали” сон­га деярли чиқмаган, 2 фоиз атрофида барқарор сақланган.

Қолаверса, пандемиядан кейин давлатлар иқтисодиёти тикланиши осон кечмади. Дунё бўйича етказиб бериш занжирлари қайта тик­ланиши учун ҳам вақт керак бўлди. Шунга қа­рамай, юртимизда қатъий пул-кредит сиёсати давом эттирилди ва 2021 йил якунида инфляция даражаси 9,9 фоизга етиб, “бир хонали” сонга туширилди. Аммо юқоридаги омиллар, қола­верса, халқаро бозорда ёнилғи нархлари кескин ошиши сабаб инфляциянинг яна ошиши куза­тилди ва 2022 йил охирида 12,3 фоизга чиқди. Шундан сўнг белгиланган таргетга эришиш чоралари янада қатъийлаштирилди. Натижада 2023 йил охирида 4 фоиздан кўпроқ пастлашга эришилиб, инфляция даражаси 8,8 фоизга ту­ширилди. 2025 йил эса 7,5 фоизли натижа билан якунланди.

Тўғри, 5 фоизли таргетга белгиланган вақт­да етилмади. Аммо биз мақсадга аста-секин яқинлашяпмиз. Турли товарлар бозорини эр­кинлаштириш, айрим товарлар бўйича рақо­батни кучайтириш, ишлаб чиқариш ва импорт концентрациясини камайтириш бўйича аниқ ишлар қилиняпти. Натижада ўтган йили юр­тимизда кўп йўналиш бўйича инфляция кўр­саткичи пасайгани яққол сезилди. Асосийси, буни одамлар ҳам ўз турмушида ҳис қилмоқда. Авваллари бозордаги нарх-навога фақат ўсувчи рақам сифатида қаралган бўлса, бугун одамлар турли иқтисодий таъсирлар орқали нархларни прогноз қилиб, пасайишини бемалол тахмин қила оляпти. Айрим маҳсулотлар нархи кескин пасайиши, бозорда талабга яраша таклиф ортга­ни, ўтган йили юртимизда валюта курси сўмга нисбатан арзонлашиб, бу узоқ вақт давом этга­ни ҳам бу борадаги катта ислоҳотлар самараси.

Яна бир жиҳатни тушуниш керак: 5 фоизли таргет — белгиланган мақсад. Аммо инфляция 5 фоизга туширилди дегани уни доим шундай сақлаб қолиш мумкинлигини англатмайди. Чун­ки инфляция доимий ўзгариб турадиган кўрсат­кич. Одатда у билан боғлиқ прогнозлар нафақат ички, балки ташқи омилларга ҳам асосланади. Биргина мисол: 2024 йил юртимизда инфляция даражаси 9,8 фоиз билан якунланган бўлса, 2025 йил бошидаёқ қўшни давлатлардан им­порт қилинадиган қорамол ва гўшт экспортига чекловлар сабаб гўшт маҳсулотлари нархида кескин ошиш кузатилди. Натижада ўтган йил февралда умумий инфляция 10,1 фоизгача кў­тарилди.

Бу — табиий иқтисодий жараён. Мамлакати­миз иқтисодиёти йилдан йилга глобал иқтисо­диётга мослашиб бораётган шароитда инфляция даражасига ҳам бевосита ташқи омиллар таъ­сири сезиларли даражада ортиб боради. Уларни доим барқарор ушлаб туриш қийин. Аммо Мар­казий банк бу борада ўз сиёсатини юритиш ва тегишли инструментлар орқали белгиланган тар­гетга етиш ҳамда уни мустаҳкамлаш чораларини кўриб боради.

— 2027 йилда белгиланган 5 фоизли тар­гетга эришмаслик эҳтимоли ҳам мавжудми? Кутилмаган сценарийларга қандай тайёр­гарлик кўрилган?

— Албатта, инфляция даражасига эришиш муддатларини белгилашда келгусидаги кутил­малар чуқур таҳлил қилинади. 5 фоизли кўрсат­кичга эришиш бўйича кутилмаларда ҳам юзага келиши мумкин бўлган ички ва ташқи хатарлар ўрганилиб, таҳлиллар асосида сценарийлар ишлаб чиқилди. Уларга қарши чоралар ҳам бел­гиланган. Масалан, ташқи омилларга келсак, глобал иқтисодиётдаги ноаниқликлар сақланиб қолиши, савдо ҳамкорларимиз валютасида кес­кин ўзгаришлар бўлмаслиги, ички шароитларда кредитлар мўътадиллашиб бориши, фиксал тақ­чиллик 3 фоиздан ошмаслиги, пул ўтказмалари 10 фоиз атрофида ўсиши каби ўнга яқин хатар ҳисобга олинган. Шулар асосида инфляция да­ражаси жорий йил охирида 6-6,5 фоиз атрофида шаклланиши, 2027 йилда эса 5 фоизли таргетга етиши кутилмоқда.

Ҳар бир хатарнинг инфляция ва иқтисодий барқарорликка алоҳида таъсирларини баҳола­ганмиз ва уларга қандай жавоб чоралари кўрили­ши ҳам ҳисобга олинган. Масалан, олтин нархи 2500 долларгача пасайса ёки 5500 долларгача ошиб кетса нима қилиш мумкинлиги бўйича ҳам таҳлиллар ўтказилган. Бунда ўсиш прогнози эҳ­тимоли юқори. Яъни олтин нархи жаҳон бозори­да ошиб боряпти. Биржа савдоси маълумотлари­га кўра, шу йил 25 январь куни кечқурун олтин нархи бир троя унция учун 5017 долларлик янги рекорд даражага етди. Агар олтин нархи шу та­риқа ошишда давом этса, бу ижобий шок ҳолати ҳисобланади. Бунинг ҳисобига 5 фоизли таргет­га 2027 йил охирида эмас, ўрталарида етиш ҳам мумкин. Чунки биргина шу омил иқтисодий ўсишнинг тезлашишига ҳисса қўшади.

Қолаверса, мамлакатимиз дунё бўйича ол­тин ишлаб чиқарувчи энг йирик давлатлардан бири бўлиб, экспорт ҳисобига тушумлар ҳам, талаб ҳам ошиб бормоқда. Натижада юртимиз­да ўтган йилдан миллий валюта курси мустаҳ­камланиб, қадри ошиб бораётгани ҳам бевосита инфляция даражасини пасайтиришга таъсир кўрсатади. Бироқ бу одамлар ўйлаганидек алма­шув курсини Марказий банк белгилайди дегани эмас. Шу масалада ҳам кўп саволлар берилади. Бир жиҳатни аниқ тушуниш керак: Марказий банк алмашув курси бўйича мақсадли кўрсат­кич белгиламайди ва курс шаклланишига ара­лашмайди. Юртимизда 2017 йилдан бошлаб валюта курси эркинлаштирилган ва уни бозор тамойиллари белгилайди. Курс ички валюта бо­зорида шу жойнинг талаб ва таклифи асосида шаклланади. Ўтган йилги таҳлилларга кўра, қу­лай макроиқтисодий шароитлар таъсирида хо­рижий валюта бозорида талабдан кўра таклиф юқори бўлди. Бу олтин нархининг кескин ошиб бораётгани билан ҳам боғлиқ.

— Инфляция ҳақида гап борса, Марказий банк белгилайдиган асосий ставка масаласи ҳам ўртага чиқади. 2027 йилда белгиланган 5 фоизли таргетга етилса, Марказий банк асосий ставкани қанчалик пасайтириши мумкин? Бу бевосита кредитлар фоизи би­лан ҳам боғлиқ бўлгани ҳолда одамлар учун қизиқ.

— Инфляция тушиши деганда одамлар, ав­вало, асосий ставка ва унга боғлиқ ҳолда кре­дитлар фоизининг тушишини кутади. Аслида ҳам улар ўзаро боғлиқ. Бу борадаги кутилма­ларни айтишдан олдин асосий ставканинг ўзига тўхталсак. Чунки кўпчилик унинг моҳиятини тушунмайди.

Гап шундаки, мамлакатимиз молия тизимида Марказий банк асосий ставкаси деган тушунча бор. Марказий банк уни ва пул бозорида қисқа муддатли пулнинг нархини белгилайди. Оддий қилиб айтганда, асосий ставка — сўмнинг нар­хи. Агар инфляция юқори бўлса, сўм кўп ва қадри паст бўлади дегани. Масалан, юқори инфляция хавфи туғилса, Марказий банк асо­сий ставкани оширади ёки аксинча, инфляция таргетдан пасайса, асосий ставкани туширади. Бозор ставкасини Марказий банк белгиланган даражага яқинлаштириш учун ўз операциялари­ни асосий ставкага боғлайди. Масалан, тижорат банклари ажратадиган имтиёзли кредитларнинг фоиз ставкаси бевосита асосий ставкага боғлиқ. Яъни ставка тушиши ёки кўтарилиши имтиёзли кредитлар фоизининг пасайиши ёки ошишига таъсир қилади. Шунингдек, тижорий кредитлар фоизи ҳам Марказий банкнинг фоиз ставкаси­дан келиб чиқиб белгиланади.

Асосий ставка даражаси муайян вақтда қатор омиллар ҳисобига ўзгариб туради ҳам­да Марказий банк йил давомида 8 марта асо­сий ставкани кўриб чиқади. Жараёнда барча омил ҳисобга олинади ва чуқур таҳлил қили­нади. Хусусан, асосий ставка 2017 йил июнь охирида — валюта либераллашувига тайёр­гарлик доирасида 9 фоиздан 14 фоизгача кў­тарилган ва 2024 йил июлигача 14-17 фоиз оралиғида шаклланган. 2024 йил июлида ушбу ставка 0,5 фоиз пасайтирилиб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгиланди. Кейинроқ яна 14 фоизга кўтарилди. 2025 йилда асосий ставка 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақ­лаб қолинди. Тўғри, 2025 йилда инфляция даражаси 7,5 фоизгача пасайди. Лекин Мар­казий банк асосий ставкани пасайтиришга шошилмаяпти. Чунки жорий инфляция да­ражаси ҳали белгиланган 5 фоизли таргетга етиб келгани йўқ. Бундан ташқари, миллий иқтисодиётда инфляцияни оширувчи хатар­лар ҳали ҳам сақланиб турибди.

Бугун аҳоли ва бизнес учун банклар ажра­таётган кредитлар фоизи ҳақиқатан юқори — 20 фоиз. Бунинг асосий сабаби, ресурс нархи, яъни ушбу кредитларнинг манбаи бўлган депо­зитларнинг қимматлигида. Инфляцион таргет­га эришилгач, Марказий банк фоиз ставкала­рини нейтрал даражага олиб келиши мумкин. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти учун нейтрал реал фоиз ставкаси бугун 4-5 фоиз атрофида баҳоланган. Бунда 5 фоизли таргетга нейтрал 4-5 фоизни қўшсак, 9-10 фоиз номинал ставка ҳосил бўлади. Бу асосий став­кани 9-10 фоизгача тушириш имкони пайдо бўлади дегани.

Аммо инфляция кутилмаларининг пасайи­ши муайян муддат талаб этади. Яъни бошқа фоизларнинг бирдан тушиши кузатилмайди, улар инфляция билан бирга аста-секин па­саяди. Ўтган йили аҳоли буни амалиётда сеза бошлади. Нарх-наво барқарорлиги реал ша­роитда кузатилаётгани ҳисобига аҳоли кутил­малари ҳам пасайиб бораётгани ижобий ҳол.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.