Қайд этилганидек, юртимизда инфляциявий таргетлаш доирасида 2021 йилда инфляция даражасини 10 фоиздан оширмаслик ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, инфляцияга номонетар омиллар таъсирини қисқартириш мақсадида жорий йилда ҳам «нисбатан қатъий» пул-кредит шароитлари сақлаб қолиняпти. Бунда бугунги кунга қадар Марказий банк асосий ставкасини кўриб чиқиш бўйича 6 маротаба бошқарув йиғилиши ўтказилган бўлиб, асосий ставка йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

Жорий йил август ойида йиллик инфляция даражаси 11,1 фоизни ташкил этиб, январь ойидаги кўрсаткичдан 0,5 фоиз бандга пасайди. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг йиллик ўсиши 15,5 фоизни ташкил этиб, умумий инфляция даражасига таъсири юқорилигича (6,5 фоиз банд) сақланиб қоляпти. Шунингдек, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар нархлари ўсиши мос равишда 8,0 ва 7,6 фоизни ташкил этиб, ушбу гуруҳлар умумий инфляцияга пасайтирувчи таъсир кўрсатяпти.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, 2021 йилнинг январь-август ойларида иқтисодиётга ажратилган кредитлар қўйилмалари қолдиғи 11,5 фоизга ошган бўлиб, 2020 йилнинг мос давридаги кўрсаткичга нисбатан 12,9 фоиз бандга секинлашган. Шу йилнинг январь-август ойларида банклараро пул бозоридаги депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалар 13,1 фоизни ташкил этиб, Марказий банк асосий ставкасига яқин даражада фоиз коридори доирасида шаклланди. Ўз ўрнида, банк тизими ликвидлигини самарали тартибга солиш мақсадида жорий йил январь-август ойлари давомида Марказий банк томонидан жами 12,3 триллион сўмлик облигациялар муомалага чиқарилди.

Бундан ташқари, 14,6 триллион сўмлик депозит аукционлари ўтказилган бўлса, кунлик ўртача овернайт депозит операциялари ҳажми 518 миллиард сўмни ташкил этди.

Қайд этилишича, муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларининг 2020 йил декабрь ойидаги 14,8 фоиздан 2021 йил август ойида 17,5 фоизгача ўсиши, дастлабки 8 ойда муддатли депозитлар ҳажмининг 26,8 фоизга, жумладан жисмоний шахслар муддатли депозитларининг 45,1 фоизга ошишига хизмат қилди.

Кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалар август ойида 21,4 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,9 фоиз бандга юқори шаклланди.

Депутатлар жорий йил охиригача тартибга солинадиган нархларнинг оширилмаслиги, нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақланиб қолаётганлиги, ўтган йилнинг IV чорагидаги юқори база эффекти, 2020 йилнинг IV чораги ва 2021 йилнинг I ярим йиллигида сўм алмашув курсининг нисбатан барқарор шаклланганлиги келгуси чоракларда йиллик инфляция даражасини пасайтирувчи омиллардан бўлишини айтиб ўтди.

Давра суҳбатида депутатлар томонидан инфляция даражасининг ошмаслигини таъминлашга, инфляциянинг номонетар омиллари таъсирини камайтиришга қаратилган қатор таклифлар билдирилиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.