Маърифатпарвар бобомиз Чўлпоннинг “Адабиёт яшаса, миллат яшайди”, деган пурмаъно ўгитлари бугунги Ўзбекистон шароитида теран ифодасини топмоқда. Зеро, ҳар қандай халқнинг ўзлиги, тарихий илдизлари ва порлоқ келажакка интилишлари, аввало, унинг бебаҳо бадиий меросида намоён бўлади. Инсоният тамаддуни тарихида ҳеч қайси адабиёт ўз қобиғида якка ҳолда ривожланмаган, аксинча, жаҳон сўз санъати дурдоналари билан уйғунлашиб, умуминсоний қадриятларни юксалтиришга хизмат қилган. Шу маънода, мамлакатимизда адабиётга, хусусан, бадиий таржима санъатига қаратилаётган юксак эътибор маънавий ҳаётимизда янги саҳифа очди десак айни ҳақиқатдир.

 “Адабий дўстлик — абадий дўстлик” тамойилига асосланган кенг кўламли ҳаракатлар халқимизни жаҳон маданиятидан баҳраманд этиш ҳамда миллий адабиётимизни дунёга танитишда муҳим омил саналади. Сўнгги йилларда “Туркий адабиёт дурдоналари”, “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” каби 100 жилдли муҳташам лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши фикримизнинг ёрқин далили бўлади. Айниқса, беш қитъа ижодкорлари меросини қамраб олувчи таржима асарлар ёш авлод қалбида эзгулик, инсонпарварлик ва юксак фазилатларни камол топтиришда беқиёс аҳамият касб этади.

Мазкур жараёнда Президентимизнинг тегишли қарори асосида бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилиши тарихий воқеа сифатида эътироф этилмоқда. Ушбу нуфузли мукофот нафақат заҳматкаш таржимонлар меҳнатини муносиб қадрлаш, балки ўзбек тили ва адабиётининг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилувчи муҳим восита вазифасини ўтайди.

Пойтахтимиздаги “Ренессанс” кино уйи­да мазкур мукофот совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Мукофот танловига жами 60 таржимондан ижодий ишлар қабул қилинди. Бу танлов номинациясининг ҳар бирига ўрта ҳисобда 10 нафардан номзод тўғри келди деганидир.

Президентимизнинг тегишли қарорида белгиланган 6 та асосий номинациядан ташқари қўшимча 3 та рағбатлантирувчи мукофот ажратилди. Булар — “Бадиий таржима ривожига қўшган ҳиссаси учун” ­(Ўзбекистон фуқароларига), “Ўзбек адабиётини хорижда фаол тарғиб қилганлиги учун” (хорижлик таржимонга), “Умидли таржимон” (ёш таржимонларга).

Адабиёт ва дўстлик байрами сифатида ташкил этилган тақдирлаш маросимида халқаро мукофот ғолибларининг ҳар бири махсус диплом, кўкрак нишони ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари, рағбатлантирувчи мукофот эгалари эса фахрий ёрлиқ ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 55 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланди.

 

Саид Маҳмуд Саид Мубашир (Саудия Арабистони),

таржимон, ўзбек адабиётининг насрий асарларидан хорижий тилларга таржима йўналиши ғолиби:

— Ҳозирги ҳаяжонимни сўз билан таърифлаш жуда қийин. Бу ғоят ҳаяжонли ва қувонарли жараёндир. Боиси, мен биринчи маротаба халқаро мукофот совриндори бўлмоқдаман. Ўйлайманки, Абдулла Қодирий­нинг “Меҳробдан чаён” асари араб мамлакатларида Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятини чуқур кўрсатиб беради. Ушбу асарни таржима қилишимга, биринчи нав­батда, араб дунёсида ўзбек адабиёти тўғрисида маълумотлар жуда камлиги, йўқ десак ҳам бўлиши сабаб бўлди. Уларда асосан, тарих ҳақида маълумотлар бор, лекин эскирган. Яъни XIX-XX асрларда Ўзбекистонда ёки Марказий Осиёда бўлган тарихий воқеалар ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Шунинг учун араб мамлакатларини ўзбек адабиёти билан таништириш мен учун бир вазифага айланди. Бу мукофот бизни келажакда янада катта таржималарга ундайди ва куч бағишлайди. Айни кунларда Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асари таржимасининг охирги босқичига етиб келдим. Шу билан бирга, Абдурауф Фитратнинг “Ҳинд сайёҳининг баёноти”ни ҳам таржима қилиб бўлдик. Ўйлайманки, 2026 йилда бутун араб дунёси ушбу асарларни мутолаа қилиш имконига эга бўлади.

 

Михаил Синельников (Россия),

таржимон, ўзбек шеърий асарларидан хорижий тилларга таржима йўналиши ғолиби:

— Болалик йилларим Қирғизистонда ўтган, Ўш давлат педагогика институти тарих факультетини тамомлаганман. Мени Ўзбекистон билан ёруғ туйғулар ва ўзбек мумтоз шеъриятидан ҳайратланиш ҳислари боғлаб туради. Ўш, Жалолобод, Андижон шаҳарлари мен учун қадрдон. Мен дунёнинг кўп шаҳарларини кўрганман, узоқ йиллардан бери Москвада яшайман, лекин хаёлан ҳамиша қадрдон маконларимни кўриб тураман.

Болалигимда турли миллат вакиллари бўлган тенгдошларим билан ўйнаганман, ўзбек ва қирғиз хонадонларида меҳмон бўлганман, шу тилларда қўшиқлар тинглаганман ва шеърлар ёдлаганман. Ёшим улғайгач, турли тарихий даврларда яшаб ижод қилган ўзбек шоирларининг шеърларини таржима қила бошладим, турли тўпламлар тайёрладим. Яқин уч йил ичида 2 жилдли “Ўзбек шеърияти антологияси” ва алоҳида “Замонавий ўзбек шеърияти антологияси”ни туздим.

Мен Алишер Навоий ижодидан ҳамиша ҳайратдаман. Огаҳий шеърияти билан танишганимда эса 13 ёшда эдим. Унинг ғазалларидан ҳайратга тушганим ҳамон эсимда. Кейинроқ Огаҳий серқирра ва улуғ ижодкор эканига амин бўлдим. У мироб, тарихчи, давлат арбоби, шоир ва таржимон сифатида фаолият кўрсатган. Мана, бугун Огаҳий номидаги хал­қаро мукофотга сазовор бўлиб турибман. ­Ҳозир бир гуруҳ ­мутахассислар ­биргаликда ғоят ҳаяжонли иш билан машғулмиз — ­Алишер Навоий шеърияти таржимаси билан бандмиз. Келгуси йилнинг ёзида ­Навоий ғазалларидан иборат катта девонни нашр қиламиз. Унга кирган шеърларнинг аксарияти ҳали рус тилига таржима қилинмаган.

 

Шаменаз Бано (Ҳиндистон),

таржимон, ўзбек болалар адабиёти намуналаридан хорижий тилларга таржима йўналиши ғолиби:

— Бу мукофотни олганимдан жудаям хурсандман. Таржимон сифатида биринчи марта тақдирланишим. Олдин ўқитувчи сифатида, шоир сифатида тақдирланганман. Ўзбек адабиётини ўқувчи сифатида жуда ҳам севиб ўқийман. Масалан, Алишер Навоий ва Анвар Обиджон асарларини таржима қилдим. Энди 2026 йилнинг июнь ойигача қатор ўзбек адиблари асарларини таржима қилиш ҳаракатидаман. Айниқса, Анвар Обиджоннинг “Мешполвон” асарини таржима қилиш менга жудаям ёқди. Асарнинг болалар тилида ёзилгани менда катта таассурот қолдирди.

 

Абдулла ШЕР,

Ўзбекистон халқ шоири, хорижий тилларда яратилган шеърий асарлардан ўзбек тилига таржима йўналиши ғолиби:

— Инсон ҳар бир нарсани — қамчини ҳам, силашни ҳам ўз танасида, руҳан ҳис қилади. Мана шу фарқ ижобий бир ҳодисаки, руҳиятни кўтариш яна янгидан янги таржималарга йўл очади, бу — биринчидан. Иккинчидан, Ўзбекистоннинг жаҳонга чиқиши ва айни пайт­да жаҳоннинг Ўзбекис­тонга кириб келишидир. Мана шу иккита ҳодиса ушбу тадбирда бир-бири билан уйғунлашиб кетган. Бу Ўзбекистоннинг янада юксалиш йўлида давом этаётган ўзига хос янги босқичдир.

Айни тадбир, назаримда, таржимонлар ижодида катта из қолдиради. Мен ҳам буни кўп йиллик меҳнатимнинг ўзига хос қадрланиши деб биламан. Президентимизга мазкур қарорни қабул қилгани учун ташаккур билдираман. Шунингдек, айни асарларни таржима қилишга ундаган устозларга, ҳамкасбларга ҳам раҳмат айтмоқчиман.

 

Тоҳир ҚАҲҲОР (Ўзбекистон),

таржимон, хорижий тилларда яратилган шеърий асарлардан ўзбек тилига таржима йўналиши ғолиби:

— Таржимонлар узоқ йиллар эринмай меҳнат қилиб турса, ҳақиқий маънода шоир-­таржимон, ёзувчи-таржимон бўлса ҳамда адабиётимизга янги руҳ олиб кирадиган асарларни таржима қилса, бундай меҳнат, албатта, эъзоз топишини мазкур тадбирда кўриб, гувоҳи бўлдим.

Мана, биргина мисол, Абдулла Шер бир умр рус, инглиз ва немис тилларидан моҳирона таржима қилган. Шунинг учун ҳам унинг ижоди эъзоз топиб келмоқда. Бу мукофот таржимонларга катта руҳ беради, қаламини чархлашга йўл кўрсатади.

 

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

(Ўзбекистон),

таржимон, хорижий тилларда яратилган болалар адабиёти намуналаридан ўзбек тилига таржима йўналиши ғолиби:

— Ҳозир жудаям ҳаяжондаман. Таржимага 15 ёшимдан киришганман. Сарҳисоб қилсам, 20 йилдан ошибди. Лекин ўзимни ҳали ҳам ёш таржимондай, ўрганувчидай ҳис қиламан. Чунки устозларимиз Иброҳим Ғафуров, Вафо Файзуллоҳ, Олим Отахонга издош, муносиб бўлишга ҳаракат қилганмиз. Бугун арзимас меҳнатимизни Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотга лойиқ кўришганидан беҳад хурсандман.

Таржимани халқлар ўртасидаги олтин кўп­рик дейиш мумкин. Мана шу кўприкнинг мустаҳкам бўлишига озгина бўлса ҳам ҳисса қўшаётганимиздан ўзимда фахр ҳиссини туйдим. Бу мен учун бошланишдир. Чунки ҳали олдинда жаҳон адабиётининг сара намуналарини таржима қилишни режалаштириб қўйганман. Токи кучим, қалбимда таржимага меҳрим бор экан, бу машъала ҳеч қачон сўнмайди деб ният қиламан.

 

Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ (Ўзбекистон),

таржимон, рағбатлантирувчи мукофот соҳиби:

— Мазкур мукофотни мен учун фақат шахсий ютуқ эмас, балки таржимонлик қадрланаётгани, бадиий таржиманинг жамият маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутаётгани эътирофи деб биламан. Муҳаммад Ризо Огаҳий номини олган мукофот масъ­улиятни ҳам оширади, чунки у зот миллий маданиятимиз ва маърифатимиз тарихида алоҳида ўринга эга.

Бадиий таржимага қизиқишим китоб мутолааси орқали пайдо бўлган. Турли халқлар адабиётини ўқир эканман, асарларни она тилимизда ҳам шундай таъсирчан ва равон ўқиш мумкин бўлса керак деган фикр тинч­лик бермас эди. Шу эҳтиёж мени таржимонлик йўлига бошлади. Пушкиннинг “Боқчасарой фонтани” достонини Усмон Носир таржимасида, Сергей Есениннинг “Форс тароналари”ни Эркин Воҳидов таржимасида ўқиганман, шоир ва таржимон сифатида Миртемир, Абдулла Орипов ижодий меросини ўрганганман. Жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш устида ишладим. Франц Кафканинг икки йирик асари — “Жараён” ва “Қалъа” романларини, Морис Метерлинк (Бельгия), Рюноске ­Акутагава (Япония), Кнут Ҳамсун (Норвегия), Хорхе Луис Борхес ­(Аргентина), Чингиз Айтматов (Қирғизистон) ҳикоя­ларини, Ўлжас Сулаймонов (Қозоғистон), Шарль Бодлер, Пол Верлен ва Артьюр Рембо (Франция), Иван Бунин, Николай Гумилёв, Сергей Есенин, Марина Цветаева ва Иосиф Бродский (Россия) шеърларини ўзбек тилига ўгирдим.

 

Вали Саваш Елок (Туркия),

таржимон, рағбатлантирувчи мукофот соҳиби:

— Ушбу мукофотга сазовор бўлганимдан жуда хурсандман. Шунинг учун Ўзбекистон Президентига таржимонларни қўллаб-қувватлагани, таржима ишларига алоҳида ­эътибор қаратгани учун катта раҳмат дейман. Ушбу мукофотни ўзимга халқлар ўртасидаги дўстликни, адабий алоқаларни мустаҳкамлашдаги бир вазифа деб биламан. Бу йўлда меҳнат қилишда давом этаман. 2004 йилдан бери ўзбек адабиётидаги асарларни таржима қилиш билан шуғулланаман. Докторлик диссертациямда ҳам Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов шеърларини турк тилига таржима қилиб, унинг услублари, хусусиятлари бўйича ишладим. Ундан кейин ёзувчи Хайриддин Султоннинг ҳикояларини турк тилига таржима қилиб, Туркияда чоп эттирдим. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романини турк тилига таржима қилдим. У яқинда китоб ҳолида сотувга чиқиш арафасида. Ҳозир Назар Эшонқул ҳикоялари таржимаси устида ишлаяпман.

Саиджалол САИДМУРОДОВ (Ўзбекистон),

таржимон, рағбатлантирувчи мукофот соҳиби:

— Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот кенг китобхонлар аудиториясида жаҳон адабиётининг инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилгувчи энг сара намуналарини миллий адабиётимизга олиб кираётган, қолаверса, адабиётимизнинг сара асарларини чет элларда фаол тарғиб қилаётган фидойи таржимонлар меҳнатига олий эътироф бўлди, десак адашмаймиз.

Ўзбек тилига таржима бўлаётган бугунги асарлар орасида ўқтин-ўқтин ғализ ва тушунарсиз жумлалар учраб қолади. Шундай ҳолларда матн ўзбек тилига мосланмаса, китобхонни “майиб” қилиши турган гап. Аммо дунё адабиётининг Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари — устоз таржимонлар ўзбекчалаштирган асарлари аллақачон адабиётимизда туп қў­йиб, палак отган, китобхонларнинг кўнглию жавонидан мустаҳкам ўрин эгаллаган. Зотан, улар ўгирган таржима асарлар халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллек­туал салоҳияти, онг-тафаккури, дунёқарашини янги босқичга олиб чиқиш, ватанга, элга муҳаббат, садоқат туйғусини шакллантиришда айрича аҳамият касб этади.

Мен устоз таржимонларимиз қаторида турганим, уларга издош сифатида ­Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро танловнинг рағбатлантирувчи мукофотига сазовор бўлганимдан хурсандман.

 

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Жонибек Алижонов тайёрлади.