Халқаро конференция Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар давлат агентлиги томонидан ташкиллаштирилган бўлиб, тадбир икки сессиядан иборат. Ушбу сессиялар давлат хизматлари соҳасида инновацияларни жорий этиш ва “smart” (ақлли) бошқарув тизимида келажак тенденциялари мавзуларига бағишланди.
Халқаро конференцияга Буюк Британия, Жанубий Корея, Грузия, БАА, Ўзбекистон, Тожикистон ва дунёнинг бошқа турли мамлакатларидан вакиллар таклиф қилиниб, ҳукумат вакиллари ва бошқа манфаатдор томонлар “ақлли бошқарув” соҳасидаги энг яхши тажрибаларини алмашишди.
Халқаро конференция давомида Озарбайжон Фуқароларга хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар давлат агентлиги ҳузуридаги инкубация ва акцелерация маркази “InnoLand” ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Яшнобод” инновацион технопарки ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Меморандум асосида бизнес-инкубаторларни жорий этиш ва ривожлантириш соҳасида стажировкалар ташкиллаштириш, қўшма инкубация дастурларини ўтказиш, технология, инновация ва тадбиркорлик соҳасида қўшма семинарлар, конференциялар, вебинарлар, конгресслар, курслар, маҳорат дарслари ва кўргазмалар ўтказиш режалаштирилган. Бу ҳақида Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар бермоқда.