Ҳозир мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлаш, рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш учун инновацион иқтисодиётни жорий қилиш энг муҳим омиллардан бўлиб қолмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг шу йил 26 апрелдаги “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 17 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 декабрдаги “Иқтисодиёт тармоқлари учун муҳандис кадрларни тайёрлаш тизимини инновация ва рақамлаштириш асосида тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-42-сон қарорига қўшимча ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Ушбу меъёрий ҳужжатларда инсон капиталини, интеллектуал салоҳиятини такомиллаштириш орқали мамлакатимизда инноваторларни тайёрлаш бўйича тегишли вазифалар белгиланган. Мазкур вазифаларни Янги Ўзбекистон тараққиётига мос ҳолда бажариш ва иқтисодий-ижтимоий ҳаётимизга инновация жорий қилинишига алоҳида эътибор қаратилган. 

Инновацион иқтисодиётга эришиш учун инноваторларни камолга етказиш, бунинг учун эса инсон тафаккурини ривожлантириш лозимлиги таъкидланган. Шунингдек, аҳолининг ўсиши билан ресурслар тежамкорлигига эришиш ҳамда ишлаб чиқаришни миқдор ва сифат жиҳатидан ошириш зарурлиги ҳам кўрсатилган. Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари, инновацияга қаратган эътибори туфайли 2017 йили илмий-тадқиқот ишларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 0,1 фоиздан 0,5 фоизга оширилди.

Бир қарашда ушбу кўрсаткич анча яхши. Чунки илмий изланишларга ажратилган маблағ ЯИМ таркибида 5 баробар оширилган. Бироқ бу имкониятдан, мавжуд салоҳиятдан тўлақонли фойдаланиляпти, деб айтолмаймиз. Сабаби ажратилган маблағнинг аксарият қисми бинолар қуриш ва таъмирлашга ишлатилмоқда. Бу эса сармоя сарфлашдаги пассивликдан далолат беради. Мамлакатимизда тизимли равишда инноваторларни тайёрлаш йўлга қўйилди, лекин улар ҳозирча самара бера олган эмас.

Натижада ҳар йили 1 миллион аҳоли сонига тўғри келадиган янгидан яратилган, хорижий патент идораларида тан олинган инновациялар сони бўйича жуда орқадамиз. Буни қуйидаги маълумотлардан ҳам кўриш мумкин. Ушбу кўрсаткич АҚШда 261,7 тани, Японияда 213, Германияда 206,3, Францияда 171,9, Россияда 1,3 тани ташкил этади. Ўзбекистонда ҳали бирга ҳам етгани йўқ. Бугун дунёда аҳоли сони 8 миллиардга етди. Ривожланиш илм-фан асосида барқарор давом этмоқда.

Ҳозир биргина гидропоника усулида тупроқсиз, кам сув сарфлаган ҳолда аҳолининг салмоқли қисмига етгулик сабзавот етиштирилмоқда. Бу, шубҳасиз, инновация ҳосиласидир. Чунки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, муттасил кўпаяётган аҳоли эҳтиёжларини қоплаш учун инноватор инсонлар жамиятга жуда зарур. Бу тоифанинг саъй-ҳаракати туфайли қишлоқ хўжалигида самарадорлик мисли кўрилмаган чўққига кўтарилмоқда.

Жумладан, инновацион ғояларнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида Нидерландияда сигирлар 80-90 литрдан сут беради. АҚШ фермаларидаги буқалар 3 тоннадан зиёд гўшт қилади. Польшада ўстириладиган пакана мевали дарахт лар катта ҳосил беради. Яна бир муҳим жиҳат: серсут ва сергўшт жониворлар оддий ҳайвонларга нисбатан жуда тез етилади. Серҳосил дарахт ва ўсимликлар ҳам тез етилувчан ва камхаражат бўлади.

Халқаро ташкилотлар ва экспертлар 2050 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 45–50 миллионга етишини тахмин қилган. Дунё миқёсида ҳам одамлар кўпайишда давом этади. Бироқ ер усти ва ер ости ресурслари, чучук сув, ҳаво, озиқовқат, энергия кабилар бугунги суръатда ишлатилса, неча йилга етиши ноаниқ. Экологиянинг бузилиши ва исрофгарчилик ҳисобига озиқ-овқат маҳсулотлари сифати кескин пасайиб, ҳажми камайиши ҳамда озиқ-овқат танқислиги хавфи пайдо бўлиши мумкин. Агар иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш кечиктирилса, аҳолининг ўртача умр кўриш муддати қисқариши ва турмуш даражасида ҳам пасайиш рўй бериши тахмин қилинмоқда.

Ривожланган мамлакатларда турли неъматларнинг исрофгарчилигига йўл қўйилмоқда. Хусусан, айрим юртдошларимиз ҳам бундан мустасно эмас. Бу эса, ўз навбатида, бир қанча маҳсулотлар танқислиги билан бирга, экологиянинг бузилишига олиб келиши мумкин. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар шаҳару қишлоқларимизда сув танқислиги ошишига сабаб бўлади. Боз устига, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ҳам, асосан, қўшни давлатлар ҳудудида шаклланадиган сув захиралари ҳисобига обод. Сув танқислиги ошиши қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархига таъсир этиши муқаррар.

Шу боис, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун қишлоқ хўжалигида гидропоника усулидан кўпроқ фойдаланиш билан бирга, шаҳарларда сувни, айниқса, ичимлик сувни тозалаш ва қайта ишлатиш технологияларини фаол жорий этиш зарур. Бугун эҳтиёжларимизни қондириш билан бирга, авлодларимизга табиий, моддий ва маънавий ресурсларни етарлича қолдириш, уларни илм-фан, инновация ҳамда интеллектуал таълим асосида аҳоли ўсишига мос тарзда табиат неъматларини мунтазам кўпайтириб боришга ўргатишимиз керак.

Ота-боболаримиздан қолган ақлий меросни кўпайтириш, манбаларни батафсил ўрганиб, бугунги тараққиётга мос йўналиш ва имкониятлардан самарали фойдаланиш жоиз. Зотан, ҳозир аҳоли, айниқса, ёшларнинг янги инновацион ва рақамли технологияларга қизиқиши катта. Чунки бусиз муваффақиятга эришиш мумкин эмаслиги тобора равшанлашмоқда. Мазкур чора-тадбирларнинг барчаси эътибор ва меҳнат талаб қилади.

Оддий қиёс шуки, мевали дарахтга ўғит, сув ва сифатли ишлов берсангиз, яхши ҳосил олганингиз каби мияни ҳам ривожлантириш бўйича тегишли тадбирларни қўллаш орқали инновацион ғояларни яратадиган шахслар шакл ланади. Одамнинг ақлий маҳсулдорлиги ошади. Бақувват илдизсиз дарахт мева бермаганидек, ривожланмаган миянинг ҳам инновацияларни яратишга қурби етмайди.

Кўриниб турибдики, келажагимиз бевосита инновацияларга боғлиқ. Буларсиз тараққиётни таъминлаш, мамлакат рақобатбардошлиги ва аҳоли фаровонлигини ошириш масаласи мураккаблашиб бораверади. Айни пайтда Ўзбекистонда ЯИМнинг ўсиш суръати 5-6 фоизни ташкил этмоқда. Бу АҚШ, Европа Иттифоқи ва Японияда 1-2 фоизга тенг. Чунки уларда, асосан, сифат кўрсаткичига катта эътибор берилади ва шу йўл билан бу давлатлар дунё бозорини эгалламоқда. Натижада аҳолисининг турмуш даражаси ҳам муттасил ошмоқда.

Ён-атрофдаги мамлакатлар билан таққослаганда юртимиздаги ўсиш кўрсаткичи ёмон эмас, бироқ фоизларнинг салмоғи ҳали жуда кам. Зеро, ҳозирги ривожланган давлатлар тараққиёти, асосан, инновациялардан фойдаланиш орқали табиий ва моддий ресурсларни тежаш, уларни келгуси авлодлар учун сақлаш, ишлаб чиқарилган маҳсулот сифати ва меҳнат унумдорлигини ошириш, дунё бозорида рақобатбардош бўлиш устига қурилмоқда.

Масалан, бугунги пишган ғишт билан бундан 500 йил олдинги квадрат шаклидаги ғишт орасида жуда катта фарқ бор. XIV-XV асрларда қадимги ғиштлардан қурилган тарихий обидалар, масжидлар ҳали-ҳамон шаклини деярли йўқотмай сақланмоқда. Демак, тафаккуримизни боболаримиз даражасида ишлатишимиз учун ҳам ҳар бир ишга инновацион ғоялар асосида ёндашмоғимиз лозим.

Зеро, инновация фақат янгилик яратиш эмас, балки унутилган яхши анъана ва тажрибаларни тиклаш ҳамдир. Европа меъморлигида қўлланаётган юқори маркали цемент бир неча ўн йиллар давомида олиб борилган изланишлар, инновацион ғоялар маҳсули. Барча ишни узоқни кўзлаб қилишнинг натижаси. Биз ҳеч бўлмаганда боболаримиз  XIV-XV асрларда фойдаланган қурилиш материалларини ишлаб чиқариш анъанасини тиклашимиз, шу тариқа ўзимизга хос инновацион йўл орқали тараққиётга эришишимиз мумкин.

Инновацион ғоя, ишланма ва технологиялар сонини кўпайтириш билан бирга, сифатга ҳам эътибор қаратилмоғи лозим. Бутун дунёда сифат менежменти шаклланган. Унинг замонавий моделлари ҳам яратилган. Булар асосида тўлиқ сифат тамойиллари ва жараёнлари ҳам бошқарилмоқда. Бундай ёндашувлар хорижий мамлакатларда инновацион ғоялардан самарали фойдаланиш имконини бермоқда. Буни юртимизда ҳам жорий қилиш вақти келди, назаримизда. Тараққиётнинг навбатдаги босқичида мамлакатимизни бевосита инновацион омиллар эвазига ривожлантириш кўзда тутилмоқда.

Зотан, ривож ланган давлатлар тажрибаси халқнинг интеллектуал имкониятларини рўёбга чиқариш узоқ муддатга мўлжалланган ҳамда самарали инвестиция эканини кўрсатмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 6 июлдаги “2022–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони шундан далолат беради. Шу куни давлатимиз раҳбари “2022–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни ҳам имзолади.

Фармонда мамлакатимизда инновацион ривожланишни жадаллаштириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида инновациялар ҳамда технологияларни амалиётга кенг татбиқ этиш, инсон капиталини, илм-фан ва инновация соҳаларини ривожлантириш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Кейинги йилларда бу борада кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганига гувоҳмиз. Биргина мисол: 2018 йили юртимизда ёш олимлар 6,5 минг нафарни ташкил этган бўлса, бу йил улар 10,8 минг нафарга етди, бир ярим баробар ўсиш кузатилди. Илмга юксак эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.

Чунки мамлакатимиз келажаги, эндиги тараққиёти бевосита инновацион омилларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Шу туфайли иқтидорли ёшларни кўпайтириш ҳаётий заруратдир. Бунинг учун ўзимизда мавжуд камчиликларни бартараф этиш чораларини кўришимиз, ечимини топиш учун тегиш ли “йўл харита”лари ишлаб чиқиб, ижросини кечиктирмаслигимиз лозим. Жумладан, фарзандларимизга, асосан, ақлий меҳнат билан шуғулланиб, инновацион ғояларни ишлаб чиқадиган, уларни ҳаётга татбиқ қилиб, бой бўладиган ишни ўргатишимизни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

Мамлакатимиз аҳолиси кескин кўпаймоқда. Шуни ҳисобга олиб, таълим сифати ва тадбиркорликни аҳоли ўсишига монанд ривожлантирмасак, тараққиётдан орқада қолиб кетишимиз, табиий ресурслар тақчиллигига дуч келишимиз мумкин. Ёшларимизни янгилик қилишга ўргатиш билан бирга, тежамкор технологияларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз жоиз. Чунки ақлий меҳнат, инновация, сифат ва ресурслар тежамкорлиги жамият тараққиётининг ҳамма соҳаларини қамраб оляпти. Ўзимиз орзу қилган буюк мақсадларга шу йўл орқали етиша оламиз.

Тадқиқотларга кўра, одамлар, айниқса, ёшларнинг интеллектуал қобилияти бугунги талаб даражасида эмас. Бу кўрсаткичнинг пастлигига, инсонлар ҳаётидаги ақлий фаол муддат қисқалигига таъсир қилувчи бир қанча омиллар мавжуд. Биринчидан, одамларда, айниқса, ёшларда асаб бузилиши ва ирсий касалликларнинг авлоддан-авлодга ўтиш жараёни кучаймоқда. Бунга оила қуриш пайтида ота-оналар, бўлғуси келин-куёвларнинг эътиборсизлиги ва лоқайдлиги, никоҳдан олдин даволанмагани сабаб бўлмоқда. Оқибатда носоғлом авлод ва оилалар пайдо бўлиши кузатилмоқда. Бу оилавий ажралишларга ҳам туртки бермоқда.

Иккинчидан, кўплаб келин-куёвларда наслий касалликлар тўғрисида умуман тушунча йўқ. Оила қуриш жараёнида ушбу масалага бутунлай эътиборсиз бўлиш, даволанмасдан зурриёд қолдириш ҳам ушбу касалликнинг наслдан-наслга ўтишини таъминлайди. Бугун никоҳдан ўтадиган ёшлар 5 та юқумли касаллик бўйича текширилиб, маълумотнома берилади. Лекин ирсий касалликлар (қандли диабет, юқори қон босими кабилар) кейинги авлодга ҳам ўтади.

Масалан, келиннинг еттинчи бобосида қон босими юқорилиги ёки куёвнинг яқин аждодида қанд касаллиги бўлиши мумкин. Бу хасталиклар иккаласидан ҳам ўтиб, фарзандда қўшалоқ ирсий касаллик юзага келади. Буларни даволамасдан дунёга келтирилган боланинг мияси яхши ишламайди, сурункали наслий касаллик асорати билан курашиб яшашига тўғри келади. Натижада буларнинг умри қисқароқ бўлиши ёки узоқ яшаса-да, ақли тўлақонли ишлайдиган одамлар қаторига кира олмаслиги мумкин.

Учинчидан, тўғри овқатланиш қоидаларини билмаслик оқибатида яширин очликнинг сақланиб қолиши кузатилади. Бундай ҳолатда одамнинг қорни овқатга тўйгани билан организмга керакли миқдорда макро ва микроэлементлар, витаминлар етиб бормайди. Бунинг учун ҳар бир инсонга аталган индивидуал ва манзилли минимал истеъмол саватчаси бўлиши шарт. Шунда аҳолининг иммунитети юқори бўлади, ҳар хил вируслар жиддий хавф туғдиролмайди.

Тўртинчидан, мия томири ёмон холестерин туфайли тораяди, бир маромда самарали ишлаши учун унга кислород ва озуқавий моддалар етишмайди. Бу эса инсоннинг тўлақонли, ҳаётдан рози бўлиб яшашига тўсқинлик қилади.

Бешинчидан, турли маиший омиллар сабаб одамларда асаб бузилиши ҳолати кўпайди.  Натижада безовталик, уйқусизлик ошди. Яхши дам олиш имконияти чегараланди. Шу боис, аҳоли орасида асабни ёшликдан асраш йўл-йўриқларини тарғиб қилиб бориш мақсадга мувофиқ.

Олтинчидан, инсон организмида қувватнинг етарли даражада тақсимланмаслиги юзага келмоқда. Одам вужудининг 80 фоизи сувдан иборат. Организмда энергия ва сув мувозанати тенг бўлмаслиги натижасида оғир жисмоний меҳнат ҳам катта зарар келтириши мумкин. Спорт турини ҳам ҳар бир боланинг бўйи, вазни ва бошқа ҳолатларига мос тарзда танлаш зурур. Жуда оғир жисмоний меҳнат ва профессионал спорт билан шуғулланган одамнинг егулик орқали ҳосил қилган қуввати, ичган суви ва олган кислороди тер орқали чиқиб кетади ва исроф бўлади. Мияга бу қувват етарли даражада етиб бормайди. Натижада мия билимни шакллантириб, янги инновациялар ярата олмайди! Ақлли тиббиёт бу масалаларни ҳам чуқур ўрганиши керак.

Еттинчидан, бадантарбия машғулотлари билан ҳар куни шуғулланиш имконияти бор. Аммо мия фаолиятини ривожлантириш бўйича 200 га яқин машқ бўлса-да, ўргатилмайди ҳам, айтилмайди ҳам. Оқибатда инсон ҳаётида мия ривожи билан боғлиқ ўта муҳим ишлар қолиб кетмоқда. Ақлий салоҳиятдан фойдаланиш йўлларини ўрганиш ва ўргатиш вақти келди, назаримизда.

Саккизинчидан, билимларни ўргатиш билан бирга, улардан самарали фойдаланмаслик анъанасига ҳам барҳам бериш керак. Билимларни шунчаки эгаллаш эмас, балки ундан фойдаланиш йўлларини ҳам ўргатиб бориш лозим. Боғчадан бошлаб болаларнинг қобилиятига ташхис қўйиш, қайси соҳага қизиқишини аниқлаб, шу йўналишга бошқариш зарур. Бири мусиқага, иккинчиси рассомликка, учинчиси математикага, навбатдагиси табиий фанларга қизиқиши мумкин. Мактаб давридаёқ уларнинг қобилиятидан самарали фойдаланиб, инновациялар яратишга қизиқтириш, эгаллаган билимини ишлатишга ўргатиш керак.

Тўққизинчидан, аҳолида алкоголь, тамаки ва наркотик таъсирига қарши мустаҳкам иммунитет шакллантириш лозим. Чунки бу моддалар инсоннинг наслига, ўқиши ва ақлий меҳнатига, умрнинг узайишига, болалар тарбиясига салбий таъсир қилади. Оқибатда зиёли ва бой оила бўлмайди. Бундай шароитда самарали ақлий меҳнат ҳам, барқарор жамият ҳам шаклланмайди. Ушбу омилларни чуқур таҳлил қилиб, ўрганиб, уларни бартараф қилишга киришилмаса, жамиятнинг тўлақонли тараққиётига эришиш мушкуллигича қолаверади.

Аҳоли турмуш даражасини ошириш, уни сифатли қилиш учун ҳам барча жабҳада инновацион ривожланишга эришиш мақсадга мувофиқ. Зеро, ҳозирги инновацион ва интеграцион ривожланиш шароитида сифатга эътибор қаратмасдан туриб, бунга эришиб бўлмайди. Фарзандларимизнинг қобилиятини ёшликдан аниқлаб, уларни танлаган соҳасига мос тарзда тарбияласак, шубҳасиз, мамлакатимиздан Маҳмуд Замахшарий, Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюклар яна чиқади.

Чунки Учинчи Ренессанс пойдевори осмондан тушмайди, уни ўзимизнинг фарзандларимиз бунёд этади. Айниқса, таълим занжирининг бирорта бўғинида сифатга эътибор сусаймаслиги лозим. Шундагина кўзланган мақсадга тўлиқ эришамиз. Бу саъй-ҳаракатлар Янги Ўзбекистоннинг ривожланган 50 мамлакат қаторидан жой эгаллашида асос бўлади. Мана, спортга эътиборни кучайтирдик, спортчиларга жуда катта рағбат бердик, натижасини дунё кўриб турибди. Болаларимиз жаҳон саҳнасида улкан ютуқларни қўлга киритаётир.

Улар ҳам ўзимизнинг болаларимиз, чет элдан келган эмас. Таълим муассасаларида ҳам ўзимизнинг қора кўзлар тарбияланмоқда, билим олмоқда, касб-ҳунар, мутахассисликни эгалламоқда. Бу ёшлар — келажагимиз, уларнинг тақдирига бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ. Кўриниб турибдики, инновацияларни ҳаётимизга татбиқ этиб, шунга мос инноваторларни тайёрлай олсак, инсоннинг камолоти, иқтисодиётнинг ривожи, ижтимоий ҳаётнинг ўнг ланиши, аҳоли фаровонлигининг ошиши ва  ниҳоят, жамият тараққиётига тез  орада эришамиз.