Мазкур Декларация инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг муҳим халқаро ҳужжатдир. Демократик давлат, инсон ҳуқуқларига асосланган жамият барпо этиш йўлидан бораётган барча мамлакатлар ўз конституцияларини, миллий қонунларини ушбу ҳужжатга мослашга интилади. Шу маънода, Декларацияда белгиланган қоидаларнинг мамлакатимиз Конституцияси ва миллий қонунчилигимизда ҳам уйғунлашгани давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсатининг муҳим кўзгусидир.

Бугунги кунда мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш давлат ва жамият фаолиятининг устувор мезони этиб белгиланди. Фуқароларга давлат идораларига мурожаат қилишда қулайликлар яратилди. Президентнинг Халқ қабулхоналари ишга тушди,  ҳар бир ташкилот фуқароларни қабул қилиш ва уларга қулоқ солишни ўрганди. Муаммолар таҳлил қилингач, амалий чораларга ўтилаяпти. Қонунлар, қарор ва фармонлар, йўл хариталари тасдиқланиб, ижроси назорат қилинмоқда. 

БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари, инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачилар институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Мамлакатимизга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги ҳамда Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачилари ташриф буюрди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида Ўзбекистоннинг ташаббуси билан “Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюция қабул қилинди.  Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича  форум бўлиб ўтди ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди, бу борада парламентда алоҳида “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Афв этиш ва жамоат бирлашмаларининг кафиллиги остида шахсларни жазодан озод қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилиши, Жаслиқ қўрғонида жойлашган жазони ижро этиш колониясининг ёпилиши, озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган маҳкумлар сонининг 2,5 бараварга камайиши инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш соҳасида муҳим қадам бўлди.

Мамлакатимизда болалар меҳнати тўлиқ бартараф этилиб, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил лавозими жорий этилди. Шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш борасида ҳам муҳим қадамлар қўйилди.Эллик  мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролиги ҳал этилиб, прописка тизимидан хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизими жорий этилди.

Энг муҳими, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг энг асосий кўрсаткичи бўлган сўз эркинлиги қарор топди. Биз иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларга тўхталмадик, уларни санаб адоғига етолмайсиз. Ваҳоланки, бу соҳалардаги ўзгаришлар ҳам инсон манфаатлари ҳамда ҳуқуқлари билан узвий боғлиқ.

Яна бир муҳим янгилик, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси” тасдиқланиши мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди. Мазкур ҳужжат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва унинг “Йўл харитаси”, қолаверса, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ҳамда шартномавий қўмиталари хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Фармонга кўра, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормалари талабларини бажариш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда.

Миллий стратегияда 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ­инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга ­мувофиқлаштириш каби  устувор вазифалар белгиланган.

Хусусан, Стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да бир қатор кодекслар ва қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Фармонга асосан, Олий Мажлис ҳузурида Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссияси тузилди ва ўз фаолиятини бошлади.

Жорий йилнинг октябрь ойида эса мамлакатимиз миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий органларидан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайланди. Бу ҳам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланаётганлигининг халқаро эътирофидир.

Энг муҳими, ушбу ижобий ўзгаришлар нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юқори баҳоланаётир. Куни кеча АҚШ Давлат департаменти расмий баёнот бериб, Ўзбекистон диний эркинлик бўйича “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан (Special Watch List) чиқарилганини эълон қилди. Хусусан, АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео мамлакатимиз эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида улкан ўсишга эришганини эътироф этди. Ўзбекистон эндиликда дин эркинлиги тўлиқ таъминланадиган мамлакат сифатида баҳоланади. Албатта, халқаро кўламдаги бундай ютуқлар сўнгги йилларда юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган муҳим ишларнинг самарасидир.

Маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистон экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишдаги ёндашувларни концептуал  жиҳатдан қайта кўриб чиқди. Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳларга адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиби тасдиқланди. Тўғри йўлдан адашган ва қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган фуқароларга ўз оилаларига қайтиш имконияти берилди.

Диний экстремистик оқимларга алоқадор шахсларни реабилитация қилишнинг муҳим қадамларидан бири, бу уларга нисбатан афв этиш актларининг қўллангани бўлди. Куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Унга мувофиқ, 104 нафар шахс озодликка чиқарилди. Уларнинг  21 нафари тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар эди.

Яна бир муҳим ташаббус — Ўзбекистон “Меҳр” номли инсонпарварлик тадбирининг учинчи босқичини амалга оширди. Куни кеча Суриянинг жанговар ҳаракатлар давом этаётган қисмидан жами 98 юртдошимиз — 25 аёл ва 73 бола (уларнинг 14 нафари чин етим) Ватанимизга қайтарилди.  2019 йилда ҳам ушбу операция доирасида Сурия ва Ироқ давлатларидан жами 220 юртдошимиз — аёллар ва болалар олиб келинган эди. Мусофирликдан қайтганларнинг барчаси, соғлом, тинч ҳаётга қайтарилиб, тўлақонли мослашуви учун зарур шарт-шароит яратилмоқда.

Якунланиб бораётган 2020 йилни сарҳисоб қилар эканмиз, пандемия сабаб кўплаб оилалар иқтисодий инқирозни бошдан кечирганини айтиб ўтиш жоиз. Тўғри, бундай синовли пайтларда ҳеч кимга осон бўлмади, лекин шунга қарамай халқимиз бирлаша олди, ўзидан орттириб муҳтож инсонларга ҳам ёрдам қўлини чўзди. Албатта, ҳукумат томонидан кўрилган COVID-19 пандемияси таъсирига қарши тезкор  чора-тадбирлар  халқимизнинг оғирини енгил қилди.

Жорий йилнинг 11 ойи давомида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсман) 13 мингдан ортиқ мурожаат бўлди. Фуқаролар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда йилдан-йилга фаоллашиб боряпти. Мурожаатларни ўрганиш жараёнида бино-иншооти бузилиб, ер участкаси олиб қўйилган, вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун алимент ундира олмаётган кўплаб фуқароларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилди.

Омбудсман ҳузурида ташкил этилган Миллий превентив механизм доирасида фаолият олиб борувчи қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича эксперт гуруҳи томонидан жазони ижро этиш муассасаларига 70 дан ортиқ  мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Мониторинглар давомида 4 мингга яқин маҳкум билан жамоавий ва 534 маҳкум билан якка тартибда суҳбат ўтказилди. Албатта, бу чора-тадбирлар, аввало, инсон ҳуқуқи ва эркинликларини ҳимоялаш, ҳар бир инсоннинг қонунларимиз билан кафолатланган ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш, инсон қадр-қимматини эъзозлашга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган бундай хайрли ишларни амалга ошириш ҳар жабҳада давом этмоқда. Табиийки, эзгуликка йўғрилган бу саъй-ҳаракатлар олдимизга қўйган улкан мақсадларга эришишда, мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимизнинг розилигини олишда  кутилган натижаларни беради.

Зеро, Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллигига бағишланган байрам табригида таъкидлаганидек, “Бир ҳақиқат ҳаммамизга аён бўлиши керак: барча соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз қатори жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик, ўзини ўзи танқид ва демократик янгиланиш жараёнлари энди ҳеч қачон ортга қайтмайди ва биз бу йўлни қатъий давом эттирамиз”.

Улуғбек МУҲАММАДИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)