Интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилиш, интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда контрафакт маҳсулотларга самарали қарши курашиш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 26 апрелдаги “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори  эълон қилинди.

Мазкур қарорга асосан Давлат божхона қўмитаси Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритилган товар белгилари бўйича қонунчилик талаблари бузилиши ҳақида хабар беради.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги маҳсулотларни сертификатлаштириш, мувофиқлик сертификатлари ва белгиларини бериш жараёнида, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги эса дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш ва соҳадаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини назорат қилади.

2022 йил 1 сентябрдан “Ягона дарча” божхона тизими орқали интеллектуал мулк объектларини Реестрга киритиш тўғрисидаги аризаларни электрон юбориш ва ариза ҳолатини онлайн кузатиб бориш ҳамда натижаси бўйича аризачиларни хабардор қилиш тартиби йўлга қўйилади.

2023 йил 1 январгача интеллектуал мулк объектларининг аукцион савдосини ўтказадиган “Интеллектуал мулк — барча учун” махсус интернет-аукцион савдо платформаси ишлаб чиқилади.

2022 йил 1 октябргача Интернетда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузган веб-сайтлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонунбузилишлар реестри” ахборот тизими ишга туширилади. Бундан ташқари, мазкур қарор билан 2022 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди.

Интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, давлат органлари ва ташкилотларининг ушбу йўналишдаги ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятини замон талабларига мослаштириш, интеллектуал мулк объектлари қўлланган маҳсулотлар ҳажмини ошириш ҳамда ички ва ташқи бозорларда ўз номига (брендига) эга бўлган рақобатбардош маҳсулот турларини кенгайтиради.

Мамлакатимизда интеллектуал мулкни жамият ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини ривожлантирувчи асосий драйверга айлантириш орқали Ўзбекистонни илмий-техникавий ва ихтирочилик жиҳатдан тараққий этган давлатлар қаторига киритиш энг муҳим вазифамиздир.

Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳалари шиддат билан ривожланаётган бугунги кунда мамлакатимизнинг жаҳон бозорида мустаҳкам ўрин эгаллаши ва ривожланган давлатлар даражасига эришиши йўлида Президентимизнинг “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Абдувакил Содиқов,

Тошкент вилоят адлия бошқармаси

Интеллектуал мулк ҳуқуқларини

 ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи