Ушбу асрий тамойил, айниқса, 2016 йилдан кейин, яъни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс асосларини барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар шиддат билан амалга оширилаётган ҳозирги даврда яққол намоён бўла бошлади.
Бугунги кунда жамиятимизнинг кундалик лексиконидан мустаҳкам жой эгаллаган “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” тушунчалари юртимиз тараққиётининг бугунини белгилаб бераётган ва халқимизнинг асрий орзу-интилишларини ифодалайдиган эзгу сўзларга, ҳаётимизнинг таянч атамаларига айланди.
Тасодифан дунёга келмаган...
Муқаддас китоблардан бирида “Барчаси сўздан бошланади”, “Яратган “Бўл” деди, барча нарсалар пайдо бўлди”, деб бежиз айтилмаган. Бу жиҳатдан “Янги Ўзбекистон”, “Учинчи Ренессанс”, “Ҳаракатлар стратегияси”, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” ва ҳозирги кунда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси” каби атамалар ҳам 2016 йилдан кейинги даврнинг эзгу фикрга таянадиган ва эзгу амалларга асос бўлаётган эзгу сўзлардир дейиш учун далиллар ва исботлар етарли.
Бу ўринда Ўзбекистон тараққиётининг ушбу эзгу сўзлар устувор бўлаётган янги босқичида Президентимиз томонидан асослаб берилган ва пухта ишлаб чиқилган Тараққиёт стратегияси назарияси шаклланиши ва такомили, унинг амалиёт даврлари тўғрисидаги масалага ойдинлик киритиш лозим.
Баъзилар уни 2017 йилдан, яъни Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлган илк йилларда ишлаб чиқила бошланди ва у дастлаб 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси сифатида намоён бўлди деб ҳисоблайди.
Формал жиҳатдан, яъни шаклан шунга ўхшайди. Аммо бундай фикрлар ушбу назариянинг генезиси, яъни Президентимиз томонидан унинг яратилиш тарихи, ижтимоий-фалсафий асослари ва илмий билиш тамойиллари жиҳатидан ҳаёт ҳақиқатига тўғри келмайди.
Агар биз давлатимиз раҳбарининг мазкур таълимот тўла-тўкис намоён бўла бошлаган 2016 йилдан олдинги ва кейинги фикрлари динамикаси ҳамда илмий-назарий ва амалий такомилини “Назариялар қонуни” деб аталадиган фалсафий парадигма асосида таҳлил қилсак, бунинг яққол исботини кўрамиз.
Яъни ҳар қандай назария тўла-тўкис шаклланиши ва амалиётда бирор шаклда намоён бўлишидан олдин унинг муаллифи онги ва тафаккурида бу ҳақдаги фикрлар, хулоса ва амалий талқинлар жамланади, унинг амалиётига доир муҳим гипотезалар ишлаб чиқилади.
Назариялар шаклланиши қонуниятларига кўра, аксарият ҳолларда муаллиф тафаккурида дастлаб муайян фикрнинг туғилиши ва унинг ғояга айланиш жараёни рўй беради. Яъни бўлажак назария муайян вақт давомида шаклланади, камолга етади ва сайқалланиб боради.
Бугунги кунгача мамлакатимизнинг “Ҳаракатлар стратегияси”, “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” ва ҳозирги кунда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси” каби номлар билан аталиб келинаётган ривожланиш дастури аслида ана шундай қонуният асосида, Президентимиз тафаккурида 2000-йиллар бошларидаёқ аниқ-тиниқ шаклланган яхлит назария экани яққол намоён бўлади. Айни шу маънода, “Янги Ўзбекистон”, “Учинчи Ренессанс”, “Янги маънавий макон” каби эзгу сўзлар ҳам кейинги даврда шаклланган ва унинг муҳим натижалари бўлиб ҳисобланади.
Бу жиҳатдан алоҳида таъкидлаш жоизки, кейинги ўн йил давомида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига айланган ушбу яхлит назария асослари, унинг таянч тушунчалари, Президентимизнинг бу борадаги эзгу фикрлари ва эзгу сўзлари ибтидоси 2016-2017 йилларда эмас, балки анча олдин, бугунги асримиз бўсағасида шаклланган ва 2000-йиллардан бошлаб тўла-тўкис камолга етгани шубҳасиз.
Ўз-ўзидан амалга ошмайдиган жараён
Ҳар қандай эзгу фикр ўз-ўзидан амалга ошавермайди. У, аввало, эзгу сўзда ифодаланиши, уни амалга оширувчиларнинг қалби ва онгига етказилиши керак.
Шу муносабат билан бир мисолни, яъни 2005 йил 7 февралда Вазирлар Маҳкамаси мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилиш ва унда ўша пайтда Бош вазир бўлган Президентимизнинг қатор топшириқлари ва кўрсатмаларини эслаш жоиз деб ўйлайман. Мажлис ўша йилги давлат дастурини шакллантириш, унинг биринчи бошланғич қисми давлат бошқаруви ва жамият ҳаётини либераллаштириш ва модернизациялашга қаратилган чора-тадбирлар режасини тузишга доир масалаларга бағишланган эди.
Кечагидек эсимда, давлат дастури бир неча қисмда бўлиши кўзда тутилган бўлиб, унинг биринчи қисмини тузиш бўйича шакллантирилган ишчи гуруҳ раҳбари Бош вазир, биз — бир неча киши эса унинг аъзолари эдик. Мажлис аввалида Бош вазир йил дастури ва унинг биринчи қисмига доир умумий мақсад ва вазифалар, ҳар бир йўналишнинг моҳияти ҳамда ундан кутилаётган натижалар қандай бўлиши тўғрисида фикр юритди.
Дастурнинг раҳбар кадрлар тайёрлаш ва компетентлик даражасини ошириш ҳақидаги бандига келганда эса бу борада қуйидаги уч йўналишда ишлаш кераклигини уқтирди.
Биринчи йўналиш — жаҳоннинг илғор мамлакатларида қўлланилаётган стратегемалар назарияси ва ривожланиш стратегиялари амалиётига доир тажрибаларни ва уни Ўзбекистонга татбиқ этиш йўллари, имкониятини чуқур ўрганиш, бу борада амалий таклифлар ва тавсиялар тайёрлаш.
Иккинчи йўналиш — Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг кадрлар тайёрлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан ўзгартириш, ушбу муассасани стратегик бошқарув йўналишига ўтказиш, бу борада янги концепция ва дастур ишлаб чиқиш, уларни академия фаолиятига тизимли татбиқ этиш.
Учинчи йўналиш — стратегик тафаккурга эга бўлган ва стратегик бошқарув кўникмаларини эгаллаган янги авлод кадрларини тайёрлаш, бу борада академиядаги ўқув жараёнини интерактив усул ва модуль тизимига ўтказиш, “Миллий ғоя ва тараққиёт стратегияси” таянч ўқув-методик марказ ташкил қилиш, “Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” ўқув модулини ишлаб чиқиш ва уни 2005 йил сентябрь-октябрь ойларидан бошлаб академия таълим тизимига жорий этиш.
Тўғрисини айтсам, куни кеча академияга ишга келганим учун ҳали калаванинг учини топа олмаётган ва ишни нимадан бошлашни билмай турган эдим. Бош вазирнинг ўша мажлисдаги фикр-мулоҳазалари, кўрсатма ва топшириқлари менга ниҳоятда катта ёрдам, кейинги фаолиятим учун муҳим асос ва дастуриламал бўлганини тан олишим керак.
Шу билан бирга, ҳали стратегема нима, стратегия, стратегик тафаккур ва стратегик бошқарув нималигини ўзим ҳам яхши билмас эдим ва улар ҳақида тасаввурларим ниҳоятда саёз эди.
Шунинг учун Бош вазир “Бу борада саволлар ёки тушунмайдиган масалаларингиз борми?” деб сўраганида “Ҳа бор, қайси мамлакатларнинг тажрибасини ўрганишдан ишни бошлайлик?” деб мурожаат қилдим.
Бош вазир қисқагина қилиб “Аввал қадимги Хитой ва Юнонистонни, кейин ҳозирги Германияни ўрганинглар. Ўзимизнинг тарихимизда ҳам ибратли мисоллар бор. Шуларни ўрганиш асосида бир ойда концепция, йўл харитаси, ўқув дастурлари, илмий-амалий лойиҳалар ва бошқа керакли ҳужжатларни тайёрланглар. Барчасини ўзимга кўрсатасизлар, кейин маслаҳатлашамиз”, деди.
Хориж тажрибаси нима учун муҳим?
Ўша даврда Бош вазир топшириғига кўра йўлга қўйилган ўрганишлар кўрсатдики, хорижий Шарқ ва Ғарб мамлакатларида замонавий стратегемалар назарияси ва стратегик тараққиёт тамойиллари асосларини таҳлил қилиш учун муайян илмий манбалар яратилган. Ҳар қандай стратегиянинг ўқилдизи бугунги кунда “Стратегемалар назарияси” деб аталаётган, аслида эса қадимги Хитойда ва Юнонистонда алоҳида илмий-амалий тарбия йўналиши сифатида мавжуд бўлган маърифий омилларга асосланади.
Хусусан, ушбу соҳанинг илдизлари қадимги Хитойда бундан қарийб 25 аср илгари ишлаб чиқилган ва “Моулюесюе” деб ном олган алоҳида фан сифатида ўрганиб келинган. Маълумотларга кўра, Хитойда 2500 йиллар аввал ҳарбий ва сиёсий донишмандлар томонидан стратегия илми асосида ётадиган умумий қонунлар ва қатор қоидаларни ишлаб чиқишга уринишлар бошланган. Натижада ўша даврларда “Жанг санъати”, “Дао де Цзин” ва “36 стратегема” асарлари пайдо бўлди. Ушбу даврда Хитой заифлашган ва бир қанча мустақил давлатларга бўлинган, уни бирлаштириш ва янги тараққиёт босқичига олиб чиқиш биринчи даражали вазифага айланган эди. Бу вазифани бажариш жараёни минг йилдан ортиқ вақтни ўз ичига олди ва унда юзлаб сиёсий арбоблар, саркардалар ва оддий халқ иштирок этган.
Натижада бутун Хитой учун ниҳоятда муҳим, дунё мамлакатлари учун ўрнак ва ибрат мисоли бўлган стратегик жараён амалга ошган. Яъни асрлар давомида стратегемаларни онги ва қалбига жо қилган ягона хитойликлар, ислоҳотчи халқ шаклланган. Асрлар ўтаверган, авлодлар келиб кетаверган, аммо юз йилларга чўзилган ислоҳотлар давом этаверган ва шу тариқа Хитой халқининг бирлашувчанлик ва ислоҳотчилик руҳи сақланиб, мустаҳкамланиб бораверган. Бундай ижтимоий воқелик ҳозиргача ҳам Хитойда ўз таъсирини сақлаб қолмоқда.
Бу борада қадимги Хитойнинг атоқли файласуфи, эрамиздан аввал 604-531 йилларда яшаган аллома, “Дао де Цзин” номли фалсафий ва ҳарбий асар муаллифи, даосизм таълимоти асосчиси Лао Цзи, эрамиздан аввалги 544-496 йилларда яшаган хитой донишманди ва саркардаси, ҳарбий стратегия тўғрисидаги машҳур “Жанг санъати” китоби муаллифи Сун Цзи, конфуцийчиликнинг эрамиздан аввалги 551-479 йилларда яшаган асосчиси Конфуцийнинг стратегемаларга доир назария ва таълимотлари муҳим аҳамият касб этган. Масалан, унинг “Фаровонликка эришиш — мақсад, барқарорлик — бунинг учун зарур шарт-шароит, ислоҳотлар эса мақсадга етишнинг энг маъқул усулидир”, деган стратегемаси нафақат Хитой, балки ҳозиргача ҳам трансформация жараёнида бўлган ҳар қандай мамлакат, жумладан, юртимиз учун ҳам умумий тамойил сифатидаги аҳамиятини йўқотмаган.
Ғарб мамлакатларида “стратегия” ва “стратегема” каби тушунчалар учун асос, негиз бўлган “стратег” атамаси юнончада “стратос” — лашкар, қўшин, “аго” — етаклайман, бошқараман, эргаштираман деган маъноларни англатади. Қадимги Юнонистонда у юқори даражадаги ҳуқуқларга эга бўлган ҳарбий раҳбар, лашкарбошиларнинг мансаби ва мартабасини англатган. Ҳозирги даврда унинг мазмуни анча кенгайган ва нафақат ҳарбий, балки давлат бошлиқлари ва жамоат арбобларига нисбатан ҳам қўлланилади.
“Стратегема” тушунчаси эса қадимги грек тилидаги “стратагемата” сўзига бориб тақалади. Ушбу тушунча Ғарбда биринчи марта қадимги Рим давлат арбоби Секст Юлий Фронтин томонидан ёзилган “Стратегематон” асарида қўлланилган ва илмий муомалага киритилган. Асрлар давомидаги трансформациялар туфайли мазкур тушунча бугунги Ғарб мамлакатларида давлат ёки жамиятнинг муайян мақсадларга эришиш учун қўллайдиган мураккаб, пухта ўйланган сиёсати, уни амалга оширишнинг тактик ва стратегик усуллари мажмуасини англатади.
“Стратегия” сўзи ҳам шу асосда шаклланган ва қадимда айни шу этимологик маъно-мазмунда қўлланилган. Аммо қадимги даврга хос ушбу дастлабки маъно-мазмун ҳозирги замонга келиб трансформацияга учраган ва янгиланган. Яъни стратегияга инсон ақлу идроки, фаолияти билан боғлиқ барча соҳаларга тааллуқли ижтимоий фаолият шакли, маънавий воқелик усули сифатида қаралмоқда.
Шунинг учун иқтисодиёт, савдо-сотиқ, бизнес, спорт, ижтимоий бошқарув, таълим-тарбияга оид стратегемалар тўпламлари Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам юз минглаб нусхаларда чоп этилмоқда. Улар асосида кўплаб Шарқ ва Ғарб мамлакатлари ўз стратегияларини ишлаб чиққан ва амалиётда самарали қўлламоқда.
Аждодлар ўгити ва бугунги амалиёт
Бундан 21 йил бурун Бош вазир топшириғига кўра юртимизда шаклланган стратегемик тафаккур ва бу борадаги миллий тажрибаларни ўрганар эканмиз, жуда қизиқарли, ҳатто мутахассислар ҳам унчалик эътибор бермаган, аммо нафақат тарихий онгимиз, балки бугунги кунимиз учун ҳам ниҳоятда зарур далиллар ва мисолларга дуч келдик.
Бу жиҳатдан Амударё ва Сирдарё ҳавзаси халқлари учун умумий илдиз бўлган Зардушт таълимоти ва “Авесто” китобининг асрлардан асрларга етиб келаётган таъсирини таъкидлаш лозим. “Авесто”да қадим аждодларимизнинг “Эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амал” шаклида ифодаланган стратегемаси ва унга асосланган фалсафий концепция ўз аксини топган. Шу сабабдан ушбу асарнинг “Ҳаёт йўриқномаси” деб аталиши асло бежиз эмас.
Аллома бобомиз Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”и, салжуқийларнинг доно вазири Низомулмулкнинг 1091 йилда ёзилган “Сиёсатнома”си ҳам бу борадаги умуминсоний ва миллий тажрибалар тўпланган йирик асарлардир.
Амир Темурга нисбат бериладиган ва халқимизга хос кўплаб маънавий тамойиллар акс этган тарихий-сиёсий рисола бўлмиш “Темур тузуклари” асари ҳам замонавий стратегеологиянинг муҳим манбаларидан биридир.
Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”, Алишер Навоийнинг “Хамса”, Мирзо Бобурнинг “Бобурнома”, Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажараи турк”, Аҳмад Донишнинг “Нодир воқеалар” каби асарлари ўзбек стратегеологияси тарихидан муносиб жой эгаллаган.
Бу жиҳатдан Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” асари ёзилиши ва 2020 йилда, янги даврнинг дастуриламали сифатида чоп этилиши ниҳоятда муҳим аҳамиятга моликдир. Ушбу асар, бир томондан, халқимиз тарихида мавжуд бўлган стратегемаларга доир халқаро ва миллий тажрибаларни умумлаштирган, иккинчи томондан, инсоният ривожининг ҳозирги даври учун муҳим стратегиялардан бири ишлаб чиқилган нодир манбалар сирасига киради.
Шунинг учун унинг нафақат халқимиз, балки жаҳон жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан ўрганилаётгани ва турли тилларга таржима қилинаётгани бежиз эмас.
Хуллас, зукко газетхонларимиз 2005 йил 7 февралда Бош вазирнинг стратегиялар масаласида Хитойни ва Юнонистонни ўрганиш, ўзимизнинг тарихимизда ҳам ибратли мисоллар борлиги ҳақидаги фикри ва топшириғи бежиз бўлмаганини тарихий тажрибаларга доир ушбу маълумотлардан теран англаб олаётган бўлсалар керак деб ўйлайман.
Қизиғи шундаки, Бош вазир ўша топшириқни берган ва бу борадаги фикр ҳамда кўрсатмаларини баён қилган 2005 йилда Ғарбда стратегемалар ва стратегияларга доир янги давр назариялари эндигина шаклланаётган эди.
Бу борада воқеалар ривожи қонунларига таяниб айтиш мумкинки, ўша даврдаёқ Бош вазир онги ва қалбида “Бизда ҳам ана шундай тарихий стратегемалар бор-ку? Халқни фаровонликка бошлайдиган, уни бирлаштирадиган ва ислоҳотчи миллатга айлантирадиган тараққиёт стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мумкин-ку” деган ғоялар пайдо бўлгани ва улар 2016 йил охиригача сайқалланиб боргани шубҳасиз.
Ҳозирги даврда ушбу ғоя Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган ва амалиётга самарали татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегияси ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ҳамда бугунги кунда амалда бўлган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси мисолида яққол намоён бўлмоқда.
Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида ўтган кейинги йилларда бу борадаги эзгу фикрлар ва эзгу сўзлар эзгу амалларга айланаётганига гувоҳмиз. Бу борадаги ислоҳотларнинг асосий мезони сифатида инсон қадрини ошириш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган “Инсон — жамият — давлат” тамойилига таянилаётир.
Кейинги ўн йилликдаги туб ўзгаришлар ва ислоҳотлар туфайли иқтисодиётимизга 160 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилгани, бугунги кунга келиб мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси 81 миллиард долларни, экспорт эса 34 миллиард долларни ташкил қилгани бунинг яққол далилидир.
Минглаб замонавий корхоналар ишга туширилгани, тарихимизда илк бор миллий сунъий йўлдош фазога учирилгани, юртимизга биргина ўтган йили 11 миллион хорижлик сайёҳ келганини бундан ўн йил илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди.
Тадбиркорлик ва ишбилармонлик, бизнес ва якка тартибдаги иш юритиш, мулкий плюрализм ва мулкдорлар манфаатларини ҳимоя қилишга доир самарали дастурлар амалга оширилаётгани бу борадаги ислоҳотлар бардавомлигидан далолат беради.
Жамиятимизнинг тобора ижтимоий давлатга айланиб бораётгани, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига кенг миқёсда ёрдам берилаётгани, уларнинг мақсад-муддаолари ва орзу-умидларини юзага чиқаришнинг янги ва янги имкониятлари излаб топилаётгани ва амалиётга самарали жорий этилаётгани ҳам ана шундай мисоллар қаторини тўлдирмоқда.
Заррада қуёш акси
Буларни ёзар эканман, мақола бошланишида айтганимиз — 2005 йил 7 февралда Вазирлар Маҳкамаси мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилиш ва унда ўша пайтда Бош вазир бўлган Президентимизнинг топшириқлари ва кўрсатмаларининг битта муассаса, яъни Давлат ва жамият қурилиши академияси ҳаётида бамисоли заррада қуёш акс этганидек яққол намоён бўлганини эслаш жоиз деб ҳисоблайман.
Бугун барчамиз Президентимизнинг бундан бир неча ўн йиллар олдинги эзгу фикрлари рўёбга чиқаётганига, улар қаторига ҳозирги кунлардаги яна кўплаб эзгу ғоялар ва эзгу сўзлар қўшилаётганига, самарали амалга ошаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Кейинги йилларда ҳар бир соҳага мос стратегия ва ғоялар ишлаб чиқиш ва уларни босқичма-босқич амалга ошириш тажрибаси самарасини бермоқда. Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги, 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги, 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармонлари ҳамда мазкур фаолиятга оид бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ушбу жабҳадаги белгиланган вазифаларни амалга оширишнинг методологик асосини ташкил қилади.
Бугунги кунда Тараққиёт стратегияси ва стратегик ислоҳотларнинг жамият учун аҳамияти шундаки, уларнинг фидокорона руҳи ва инновaцион хусусияти миллионлаб кишиларнинг дунёқарашини ўзгартирмоқда.
Бу, ўз навбатида, кўплаб истилолар натижасида ислоҳотчилик тафаккуридан мосуво бўлган халқимизнинг яна қайта ислоҳотчи миллатга, эзгу фикр ва эзгу сўзларнинг эзгу амалларга айланишига хизмат қилмоқда.
Қиёмиддин НАЗАРОВ,
фалсафа фанлари доктори,
профессор