2025 йил 8 август куни қабул қилинган ЎРҚ-1080-сон Қонун асосида Жиноят кодексига қатор ўзгариш ва қўшимчалар киритилди. Янги нормалар 2025 йил 10 ноябрдан кучга киради ва уларнинг асосий мақсади — муаллифлар, ихтирочилар, тадбиркорлар ҳамда инновация соҳаси вакилларининг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишдан иборат:

1) 149-модданинг таҳрири ўзгартирилмокда (Амалдаги тахрирдаги 149-модда (Муаллифлик ёки ихтирочилик ҳуқуқларини бузиш)да тафаккур мулки объектига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириб олиш, ҳаммуаллифликка мажбурлаш, шунингдек, тафаккур мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни улар расман рўйхатдан ўтказилгунга ёки эълон қилингунга қадар муаллифнинг розилигисиз ошкор қилиш жарима (БҲМ нинг 25 бараваридан 75 бараваригача миқдорда) ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш (5 йилгача) ёхуд мажбурий жамоат ишлари (360 соатгача) ёки ахлоқ тузатиш ишлари (3 йилгача) билан жазоланади).

2025 йил 10 ноябрдан бошлаб асарга, ихтирога, фойдали моделга, саноат намунасига, селекция ютуғига ва интеграл микросхема топологиясига нисбатан муаллифликни ўзлаштириб олиш, ҳаммуаллифликка мажбурлаш, шунингдек ушбу интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни улар расман эълон қилингунига қадар муаллифнинг розилигисиз ошкор этиш жарима(БҲМ нинг 50 бараваридан 70 беш бараваригача миқдорда) ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш(5 йилгача) ёхуд мажбурий жамоат ишлари (360 соатгача) ёки озодликни чеклаш (2 йилгача) билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, бир йилдан уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, БҲМ нинг 75 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Шунингдек, биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқларини бузиш оқибатларини бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

2) ЖКнинг VII боби 3-та модда билан тўлдирилмокда. 2025 йил 10 ноябрдан бошлаб:

1491-модда(Муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш)га кўра, асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, худди шунингдек асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини такрорлаш, тарқатиш, барчанинг эътиборига етказиш ёхуд асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг нусхаларида уларни тайёрловчилар ҳақида, уларни ишлаб чиқариш жойлари тўғрисида, шунингдек муаллифлик ҳуқуқининг ва турдош ҳуқуқларнинг эгалари ҳақида ёлғон ахборотни кўрсатиш кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМ нинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМ нинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у етказилган моддий зарарнинг ўрнини жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

1492-модда(Ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, географик кўрсаткичидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгилардан шу турдаги товарларга (хизматларга) нисбатан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ёхуд ўзганинг фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш)га кўра, ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, географик кўрсаткичидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгилардан шу турдаги товарларга (хизматларга) нисбатан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ёхуд ўзганинг фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган товар белгисига, хизмат кўрсатиш белгисига, географик кўрсаткичга ва товар келиб чиққан жой номига нисбатан огоҳлантирувчи тамғадан қонунга хилоф равишда фойдаланиш кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМ нинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМ нинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у етказилган моддий зарарнинг ўрнини жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

1493-модда (Ихтирога, фойдали моделга, саноат намунасига, интеграл микросхема топологиясига ва селекция ютуғига бўлган ҳуқуқларни бузиш)га кўра, тегишли патентланган ихтирони, фойдали моделни, саноат намунасини ўз ичига олган маҳсулотни ёки буюмни рухсатсиз тайёрлаш, қўллаш, импорт қилиш, сотишга таклиф қилиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқа йўсинда киритиш ёки шу мақсадда сақлаб туриш, шунингдек ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулни қўллаш ёхуд бевосита ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усул билан тайёрланган маҳсулотни фуқаролик муомаласига киритиш ёки шу мақсадда сақлаб туриш, муҳофаза қилинадиган интеграл микросхема топологиясини, шу топологияли интеграл микросхемани ёки шундай интеграл микросхемани ўз ичига олган буюмни рухсатсиз қўллаш, Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, сотувга қўйиш, сотиш, такрорлаш ва бошқача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш, патентланган селекция ютуғини рухсатсиз етиштириш ва такрор етиштириш (кўпайтириш), нав ёки насллилик кондицияларига етказиш, селекция ютуғидан рухсатсиз фойдаланган ҳолда яратилган маҳсулотни сотишга таклиф этиш, сотиш, Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш ва бошқача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш ёки сақлаш кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМ нинг 50 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМ нинг 75 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у етказилган моддий зарарнинг ўрнини жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

3) 2025 йил 10 ноябрдан бошлаб 661-модда (Ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш)нинг биринчи қисмига кўра, муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқларини бузиш, муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш, ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, географик кўрсаткичидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгилардан шу турдаги товарларга (хизматларга) нисбатан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ёхуд ўзганинг фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, ихтирога, фойдали моделга, саноат намунасига, интеграл микросхема топологиясига ва селекция ютуғига бўлган ҳуқуқларни бузиш жиноятларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

2025 йил 10 ноябрдан кучга кирадиган ўзгаришлар интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши қатъий жавобгарлик белгилайди. Бу қонун ижодкорлар, тадбиркорлар ва илмий изланувчилар учун янги имкониятлар эшигини очади. Чунки ҳуқуқий ҳимоя — ижод ва инновация ривожининг асосий шартларидан биридир.

Зайниддин Шамсидинов,

Тошкент давлат юридик университети,

Жиноят ҳуқуқи, криминология ва корпупциягақарши курашиш доценти в.б.,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори(PhD)