Бу бир томондан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдаги қийинчиликлар билан боғлиқ бўлса, бошқа томондан, жаҳондаги қатор давлатларда озиқ-овқат танқислиги юзага келган. Муаммо дунё бозоридаги умумий ҳолатга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Бундай шароитда давлатлар, аввало, қишлоқ хўжалигини илғор технологиялар асосида ривожлантириб, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондиришга интиляпти.

Яъни бугун қишлоқ хўжалигини ривож­лантириш ҳар қачонгидан долзарб масалага айланган. Юртимизда бу борада олиб борилаётган фаол ислоҳотлардан кўзланган мақсад шу. Соҳани барқарор ривожлантириш, чекланган ерлардан самарали фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини яхшилаш орқали ҳосилдорликни оширишга халқимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашнинг муҳим шарти сифатида қаралмоқда. Асосийси, бу борада ўзимизгагина хос бўлган усул ва тажрибалар қўлланиляпти. Аҳолига фойдаланиш учун ер майдонларини бўлиб бериш, пахта майдонларини қисқартириб, боғдорчиликни ривож­лантириш, жаҳонда муқобили йўқ кластер тизими жорий этилиб, даладан экспортгача тамойилининг йўлга қўйилиши шулар жумласидан.

Натижада бугунги кундаги иқлим муаммолари, дунё бозорларидаги нархларнинг беқарорлигига қарамай, мамлакатимиз аграр тармоғи барқарорликни намойиш этмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги прог­нозларига кўра, юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида иқтисодий ўсиш суръатлари 4 фоиз атрофида бўлиши, маҳсулотлар ҳажми 186,4 триллион сўмдан ошиши кутиляпти. Хусусан, мева-сабзавот, полиз экинлари, узум ва бошқа деҳқончилик маҳсулотларини етиштириш ҳажм­лари 4,1 фоизга, чорвачилик маҳсулотлари ўсиш суръатлари эса 3,6 фоизни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинган.

Шу ўринда, мева етиштириш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,2 фоизга ўсган. Бу боғдорчилик йўналишида, жумладан, интенсив боғларни кенгайтириш ва замонавий суғориш технологияларини жорий этиш орқали татбиқ этилаётган ишлар натижадорлигидан далолат беради. Бу шунчаки рақамлар эмас. Унинг ортида тупроққа мос экин танлаш, ҳосилдор уруғ, замонавий агротехнологиялар, сув тежовчи усуллар, касаллик ва зараркунандаларга қарши амалга оширилаётган ишлар ётибди.

Қишлоқ хўжалиги ҳақида гап борганида, ўзи соҳа миллий иқтисодиётда қандай ўрин тутади деган савол туғилиши мумкин. Аввало, бу тармоқ озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий манбаи саналади. Бу бевосита бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлашда ўрин тутади. Бошқа томондан, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг деярли 19 фоизи айнан қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келади. Қолаверса, юртимиз аҳолисининг деярли ярми қишлоқ жойларда истиқомат қилишини ҳисобга олсак, бандликни таъминлашда мазкур тармоқ муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис, соҳада белгиланган вазифалар катта. Аввало, ҳар бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 5 минг долларга етказиш белгиланган. Бунга амалга оширилаётган янгича ёндашувлар ҳисобига эришилади. Масалан, юртимизда йилдан йилга деҳқончилик маданияти ортиб бориши ҳисобига бир йилда 2-3 марта ҳосил олишга эришиляпти. Биргина жанубий вилоятларимиз — Сурхондарё, Қашқадарёни оладиган бўлсак, миришкорлар бир йилда тўлиқ уч марта ҳосил оляпти деб айта оламиз. Уста деҳқонлар тажрибаси ёшларга ўргатилиб, соҳада устоз-шогирд анъанаси кенг жорий этиляпти.

Умуман, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тармоғи бугун нафақат ички бозорга маҳсулот етказиб бериш, балки экспортда ҳам юқори кўрсаткичларни қайд этмоқда. Ҳатто айрим маҳсулотлар экспортида етакчилар сафидамиз. Масалан, Италиянинг “cherrytimes.it”

нашри эълон қилган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон дунё бўйича гилос етиштирувчи давлатлар ТОП-10 талигидан жой олди. ­Бошқа мева-сабзавотларни етиштириш ва экспорт қилиш кўрсаткичларимиз ҳам доимий ўсиб бормоқда.

Охирги 2-3 йилда мамлакатимизда деҳқон ва деҳқон хўжаликларига 300 минг гектарга яқин ер майдонлари ажратиб берилди. Ушбу ер майдонларида асосан, мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотлари экилиши ташкил этилмоқда. Биргина жорий йил ҳисобидан оладиган бўлсак, эрта баҳорда асосий майдонларимизга 225 минг гектар сабзавот, 74 минг гектар картошка ва 73 минг гектар полиз маҳсулотлари экилиб, жорий йилнинг олти ойлигида 3,5 миллион тонна сабзавот, 1,1 тонна мева ва 1,8 миллион тонна картошка маҳсулотлари ички бозорларга йўналтирилди.

Соҳада эришилаётган мазкур кўрсаткичларда инвестицион жозибадорликнинг ҳам аҳамияти катта. Таъкидлаш жоиз, “Ўзбекис­тон — 2030” стратегиясида аграр соҳага жами 15 миллиард доллар хорижий инвестицияларни жалб этиш белгиланган. Жорий йилда ҳудудларда қарийб 1600 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш натижасида 23 триллион сўм маблағ ўзлаштирилади. Мазкур лойиҳалар дои­расида 16 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Биринчи ярим йилликда 500 дан ортиқ лойиҳа ишга туширилиб, 5 триллионга яқин маблағ ўзлаштирилди, 5 мингта иш ўрни яратилди. Хорижий инвесторларга яратилган шарт-шароитлар натижасида йирик лойиҳалар яратилмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятида Миср компанияси билан шакар ишлаб чиқариш лойиҳаси, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида йирик паррандачилик лойиҳалари амалга ошириляпти. Агар мазкур тенденциялар йилнинг иккинчи ярмида ҳам давом этса, соҳадаги ўсиш кўрсаткичлари кутилганидан юқори бўлади.

Ҳасан ИБРОГИМОВ,

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи