Кўҳна тарих башарият тамаддунларига йўллар доялик қилганлигидан,  инсонларни у манзилдан бунисига етиб  боришида  эса чарм-пойабзаллар муҳим ўрин тутганлигидан сўзлайди.

Энг қадим даврларда  ҳайвонлар  териси одамзотга кийим-кечак, кўрпаю тўшак ўрнини босган бўлса, кейинги замонлардаги эврилишлар туфайли унинг онгу тафаккурини ифода этувчи  воситага ҳам айланди. Юртимизда яратилган башариятнинг муқаддас китобларидан бири “Авесто” нинг тилла суви билан 12 минг терига ёзилиши бунинг ёрқин далили. Соҳибқирон Амир Темур салтанати даврида эса, чармни қайта ишлаш, мўйначилик соҳаси ўша пайтда дунёдаги  энг мукаммал даражага етган...

 Хуллас, бу тармоқ тараққиётига аждодларимиз катта ҳисса қўшиб келган ва бугунги кунда бу меросни авлодлар муносиб давом эттиришлари учун кенг имкониятлар яратиб бериляпти. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 3 майдаги “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Ўзчармсаноат” уюшмаси янгидан ташкил этилди. Унинг зиммасига ички ва ташқи бозорларнинг маркетинг тадқиқотларини тизимли равишда олиб бориш,  моделлаштириш ва брендлаш бўйича энг янги инновацион ишланмалардан фойдаланган ҳолда, хомашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг замонавий услубларини, шунингдек, илғор ахборот технологиялари ва автоматлаштирилган бошқарув тизимларини кенг жорий этиш вазифаси юклатилди.

Ана шундан буён орадан қарийб уч йил ўтди. Соҳада юз берган ўзгаришлар, жорий этилаётган кластер тизими ва янги лойиҳалар ҳақида “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбари Фахриддин БОБОЕВ билан суҳбатда бўлдик.

— Чарм-пойабзал саноатининг ривожланиш тарихидан маълумки, бундан юз йиллар аввал фойданинг энг кўп қисми — товар сотувидан тушган даромаднинг ярмига хомашё тайёрловчилар эга чиқишар, яримфабрикат ёки тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга эса жуда кам улуш тегар эди. Бу — пировардида соҳани тараққиётига тўғаноқ бўларди. Мамлакатимизда бу жараён ХХI асрнинг дастлабки ўн беш йилигача давом этди. Мазкур анъанавий “тўсиқ”ни олиб ташлашда қандай замонавий омиллар қўл келиб, ривожланиш сари йўл очяпти?

Ҳозирги кунда “юқори қўшилган қиймат” тушунчаси ҳамма нарсани ўз ўрнига қўймоқда, десам муболаға бўлмайди. Яъни фойданинг 60 фоизи тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда уни сотиш жараёнларида шаклланади. Дастлабки хомашё ҳиссасига эса 10 фоиздан камроғи тўғри келади. Шу туфайли мамлакатимизда  мазкур соҳа барқарор суръатларда ривожланишига асос солинди.

Сўнгги тўрт йил мобайнида тайёр чарм-пойабзал, чарм-атторлик маҳ­сулотлари, мўйна ва қоракўл териси, маҳаллий корхоналар хомашёси асосида жундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада кўпайди. Миллий товарларимизнинг сифати кўтарилди. Янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бунинг натижасида 2016 йилда  512,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, 2020 йилда бу миқдор 3 триллион 647,8 миллиард сўмга етди. 2021 йил якунига кўра, бу борадаги умумий кўрсаткич беш йил аввалгига нисбатан 11,3 баробарга ортиши мўлжалланяпти. Ана шу даврда иш ўринлари 5,4 баробарга ортиб, ҳозирги кунда тармоқда 11,6 мингдан ортиқ ишчи-хизматчилар фаолият кўрсатаётгани энг муҳим ютуқларимиз сирасига киради.

Пойабзалнинг ўзига келганда, жорий йилда 115 миллион жуфтдан ортиқ ҳажмда ишлаб чиқариши режалаштириляпти. Таққослайдиган бўлсак, 2016 йилда бу кўрсаткич 10,2 миллион жуфтни ташкил қилган.

Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратмоқчи эдим. Бу, албатта, маҳаллийлаштириш даражаси. Кенг кўламли дастурлар ижроси  туфайли сунъий чарм ва полиуретан ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ишлар йўлга қўйилган бўлса, пойабзал таглиги тайёрлаш — 92 фоизга, спорт товарлари  — 84 фоизга, спорт сумкалари ва чамадонлари тайёрлаш — 68 фоизга етказилди. Шу ўринда такидлаш жоизки, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан желатин, коллаген, пойабзал қолиплари, елимлар (клей), полиуретан, сунъий чарм сингари янги маҳсулот турлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 

“Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ишлаб чиқилган стратегия тизимли равишда рўёбга чиқарилмоқда. Бу стратегия Ўзбекистонни тайёр чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйнали ва қоракўл териси маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича саноат марказига, яъни Марказий Осиёдаги хомашёни чуқур қайта ишловчи “драйвери”га айлантиришни, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотни наинки қўшни республикаларга, балки узоқ хориж мамлакатларига ҳам экспорт қилишни кўзда тутади.

— Табиийки, инновацион технологиялар, ишлаб чиқаришни бошқариш ва сифат менежменти, мутахассислар салоҳияти белгиланган устувор вазифаларни бажариш кафолати ҳисобланади. Улар, биринчи навбатда, катта миқдордаги инвестицияларни талаб этади, хорижий ҳамкорларлар билан бақамти иш юритиш, улар тажрибасини татбиқ этиб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш чет эл бозорларига йўл очади. Бу каби мақсадларга эришишда қандай илғор ишлаб чиқариш-технологик “занжир” воситалари ишга солиняпти?

Ўзбекистонда тери хом ашёси етарли. Фақат илгари уни чуқур қайта ишлаш орқада қолган. Чунки махсус технологик жиҳозлар етишмасди. Шу боис чармга бир мартагина ишлов берилиб, четга экспорт қилинарди. Табиийки, унинг сифатига ҳам эътирозлар бўларди. Демак, хомашёни чуқур қайта ишлаш жараёнига маҳаллий тадбиркорлик субъектларини қизиқтириб, янги технологияларни жалб этиш жуда муҳим эди. Айни шу мақсадда сўнгги пайтларда тизим корхоналари Италия, Германия, Туркия, Хитой каби саноати ривожланган давлатларнинг етакчи компанияларида ишлаб чиқарилган энг яхши дастгоҳлар билан жиҳозланди.  

Шунингдек, замонавий лабораториялар, тармоққа тегишли халқаро стандартларга уйғунлашган сертификатлаш тизими ҳамда илғор ишлаб чиқариш-технологик занжирнинг бошқа муҳим элементларини ташкил этиш зарур бўлди.

Соҳани ривожлантириш дастурларида ҳам ана шу жиҳатлар кўзда тутилган. Давлат кўмаги билан терини чуқур қайта ишлашга қаратилган ўнлаб инвестициявий лойиҳалар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилмоқда. Агар 2016 йилда соҳага атиги 15,7 миллион долларлик инвестиция жалб этилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда коронавирус пандемияси бўлишига қарамай, 187,6 миллион долларга етди, бу йил 202 миллион доллардан ошиши кутиляпти.

Бундай натижаларга эришишда соҳанинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, уни ривожлантириш бўйича мақсадли дастурларнинг аҳамияти катта. 2021–2022 йилларда умумий қиймати 421 миллион долларлик, шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестиция 186,8 миллион доллар бўлган 248 та лойиҳани амалга ошириши кўзда тутилган. Жорий йилнинг ўзида 112 та инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқарилмоқда. Уларнинг асосий қисми ишлаб чиқаришни кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналти­рилган, юқори қўшилган қийматга эга товарларга мўлжалланган қувватларни модернизация қилиш ҳамда техник қайта жиҳозлашни кўзда тутади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги хомашёни қайта ишлаш “хаб”ига айлантириш бўйича чора-тадбирлар тизимли равишда амалга ошириляпти. Пировардида қўшни республикалардан тери шу ерга келтирилади ва чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бу дегани — янги корхоналарда учинчи марта ишлов берилган тайёр чарм ҳосил бўлади. Ундан бичиб-тикиладиган маҳсулот эса, сифатлилиги ва тан нархи рақобатбардошлийлиги сабаб, албатта, эътирозсиз четэга экспорт қилинади. Ана шуни “финиш”, яъни “марра”, дейиш мумкин.

— Соҳада кластер усулини жорий этиш ўзига хос ёндашувни талаб этади. Бу жараёнлар қандай “занжир”ни қамраб олади ва қандай услубда йўлга қўйилади?  

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бизнинг соҳага ҳам “кластер” усули татбиқ этиляпти. Мазкур усул молни автоматлашган корхоналарда сўйиб, терисини ажратишдан то уни сифатли тайёр чармга айлантириш, тайёр маҳсулот — юқори қўшилган қийматли пойабзал ва чарм-атторлик буюмлари ишлаб чиқаришгача бўлган бутун бир жараён, яъни “занжир”ни ўз ичига олади. Айни пайтда чарм-пойабзал кластерларини ташкил этиш бўйича бир нечта йирик лойиҳа рўёбга чиқарилиш босқичида.

“Orient Technology” МЧЖ кластери — қиймати 14 миллион долларлик бу лойиҳа Қорақалпоғистонда италиялик мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Технологик линия Италияда ишлаб чиқарилган. У мавжуд қувватларни модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш, янгиларини яратиш бўйича катта дастур доирасида мамлакатимизга келтирилди. Кластер тўлиқ ишга туширилгач, йилига 180 млн. кв.дм тайёр чарм ва Италия технологияси асосида 500 минг жуфт пойабзал тайёрлаш имконияти пайдо бўлади ва унинг 70 фоизи ташқи бозорга чиқарилади.

 “Premium leather” МЧЖ кластери — Фарғона вилоятидаги мазкур лойиҳа беш босқичда амалга оширилади. Корхонанинг йиллик қуввати 80 мил­лион квадрат дециметр тайёр чарм ва 400 минг жуфт турли пойабзал ишлаб чиқаришга тенг бўлса, қиймати 12 миллион долларлик яна бир лойиҳа Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида ишга туширилиши мўлжалланган. Ишлаб чиқариш қуввати 50 миллион квадрат дециметр тайёр чарм ва 300 минг жуфт пойабзалга тенг. Шунингдек, Сурхондарё вилоятида умумий қиймати 23,4 млн. долларлик  “Top Quality” сармоявий лойиҳа ҳам ишга туширилган. Бу ерда тайёр чарм, пойабзал, мебель ва автомобиль  учун зарур тайёр чарм қопламалар ишлаб чиқарилади.

Ўнлаб янги ва йирик инвестициявий лойиҳалар орасида францияликлар капитали иштирокидаги “Vodiy-Shoes” МЧЖ алоҳида ўрин эгаллайди. У Ўзбекистондаги пойабзал ишлаб чиқаришнинг тўлиқ автоматлаштирилган тизимини ўз ичига олган биринчи завод бўлади. Бу ерда Германия, Чехия ва Италиядан келтирилган замонавий, робот­лаштирилган ускуналар ўрнатилган. Умумий лойиҳа қиймати 8,5 миллион долларга тенг бўлган корхонада  йилига табиий чармдан бир миллион жуфтдан ортиқ эркаклар, аёллар ва болалар пойабзаллари тайёрланади. Лойиҳа дастлаб Фарғона вилоятидан бошланди. Келгусида яна бир нечта шунга ўхшаш корхоналар очилади. Яъни, 2021 йилда Андижон вилоятининг Марҳамат туманида, 2022 йили Наманган вилоятининг Чуст туманида шундай корхоналар барпо этилади.

  Жаҳон чарм-пойабзал саноати кун сайин ўзгармоқда, янги хил ва дизайндаги маҳсулотларни мижозларга тақдим этмоқда. Бунинг устига дунёнинг энг номдор компаниялари ҳам янги бир моделни истеъмолчиларга тақдим этиб улгурмасдан туриб, бошқа бир қитъадаги фирманинг ундан-да жозибали ва арзон оёқ кийимини бозорга чиқариши оддий ҳолга айланиб қолди. Ана шундай рақобат муҳитида соҳа корхоналари қандай фаолият кўрсатяпти?

Шу ўринда мазкур рақамларни келтириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Агар 2016 йилда хорижий давлатларга сотилган тайёр чармнинг фақат бир фоизи иккинчи ва учинчи марта қайта ишланган чарм, қолгани яримтайёр маҳсулот бўлса, 2020 йил якунига келиб, юқори қўшилган қийматга эга Made in Uzbekistan ёрлиғи остидаги чарм-пойабзал ва мўйнали маҳсулотлар дунёнинг 25 дан ортиқ мамлакати бозорида ўз харидорини топиб улгурди.

Яқин 3-5 йил ичида улар қаторига Европа ва Жануби-Шарқий Осиё минтақаларидаги яна 15 та янги экспорт бозори келиб қўшилади. 2021 йил охирига келиб, тармоқдаги экспорт кўрсаткичи 2016 йилга нисбатан 4,1 баробарга ортади. Йил якуни билан экспорт хажми 420 миллион долларга тенг бўлиши кутилмоқда.

Экспорт кўрсаткичларининг ортишида халқаро кўргазмаларнинг ҳам алоҳида ўрни бор.  Ўзбек чарм тайёр маҳсулотлари “Мосшуз”, “БиОТ”, “Пюр Лондон”, “Шузстар Азия”, “Мягкая  золота  России” каби халқаро кўргазма ва ярмаркаларда ўз ўрни ва мавкеига эга. Чунки ҳар йилги кўргазмали тадбирларда, бизнинг маҳсулотлар жуда тез сотилади ва янгидан-янги экспорт бозорларини кашф этади. Ўзбекистонда чарм-пойабзал саноатининг барқарор ривожи ва инвестицион муҳит халқаро брендларни ҳам юртимизга кенг жалб этмоқда. Мисол учун дунёга машҳур “Kari” бренди Ўзбекистонда яқин бир йил ичида ўз бренди билан тўғридан-тўғри инвестиция киритиш ҳисобига пойабзал ишлаб чиқаришни бошлайди. Бугунги кунда 1500 та савдо тармоғига эга компания йилига 50-60 миллион жуфт пойабзални харидорларга етказиб беради. Айни вактда завод учун Жиззах эркин иқтисодий зонасида курилиш ишларини бошлаш режалаштирилган.

— Халқимизда кийимингга қараб кутиб олишади, деган азалий ибора бор. Жумладан, киши кийган пойафзал қанчалик бежирим ва ярашиқли бўлса, қадами қутлуғ, иши ҳам бароридан келар экан. Президентимизнинг 2021 йил 8 февралдаги “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида белгилаб берилган вазифаларда шу жиҳатлар ҳам назарда тутилган. Демак, маҳсулотлар сифати, дизайни ва уларни сотиш тизими янги босқичга чиқади.

Ҳақиқатан, шундай. Қарорда соҳани янги босқичга кўтарувчи қатор вазифа, рағбат, имтиёзлар белгиланган. Хусусан, тадбиркорлик субъектларига замонавий янги ускуна ва технологияларни харид қилиш учун 2 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, 7 йил муддатгача, йиллик 6 фоиз ставкасида кредитлар ажратилади. Шунингдек, юртимиз ҳудудларида ва хорижий давлатларда ҳамда “Ойбек-автойўл” ва “Сариосиё-автойўл” чегара ўтказиш пункатларида маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган чарм-пойабзал маҳсулотлари савдосига ихтисослаштирилган “Multibrand” дўконларини ташкил этиш ва унинг электрон савдо платформасини яратиш устида иш олиб бориляпти.

Таҳлилларимизга кўра, бугунги кунда юртимиздаги 95 фоиз эркаклар ўзимизда ишлаб чиқарилаётган оёқ кийимларни киймоқда. Аёлларимизни сифатли пойабзаллар билан таъминлаш даражаси эса, анча орқада қолиб келяпти. Бунинг сабаби замонавий оёқ кийимларни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган технологиялар етишмаслиги билан боғлиқ бўлиб келарди. Эндиликда тадбиркорлар бу борада катта имкониятга эга. Кейинги пайтда катта ўзгаришлар рўй берди. Лекин муаммо тўлалигича ҳал этилгани йўқ. Юқорида қайд этилган лойиҳаларда бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунги бозор талаби  наинки замон билан ҳамқадам ишлашни, балки ундан-да олдинроқда одимлашни талаб қилади. Айнан шу жиҳат, янги ғоялар,  юқори  сифатли маҳсулотлар чарм-пойабзал саноатининг кундалик  ва истиқбол мезонини белгилайди.

 Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи