«Жаҳон миқёсида рақобат тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда фақат юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқарадиган давлатларгина дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлмоқда.
Шунинг учун иқтисодиётнинг барча соҳаларида юқори самарадорликка эришиш келгусида ислоҳотларимизнинг бош мезони бўлиши шарт», – деди Президентимиз.

Масалан, саноатда юқори технологик ва кам энергия истеъмол қиладиган тармоқлар ривожлантирилгани ҳисобига жорий йилда 1 доллар маҳсулот учун сарфланадиган ёқилғи-энергия миқдорини 13 фоизга камайтиришга эришилди.

Шу боис, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш учун энг тўғри йўл – барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш экани таъкидланди.

Бу келгуси йилларда иқтисодий тараққиёт стратегиясининг асосий йўналиши бўлиши белгиланди.

Юртимиздаги қулай бизнес муҳити, демографик ўсиш, инсон капиталига берилаётган эътибор Ўзбекистонни инвесторлар учун энг жозибадор мамлакатлардан бирига айлантирмоқда.

Жорий йилнинг ўзида чет эллик ҳамкорлар билан 140 миллиард долларлик янги инвестиция келишувларига эришилди. Келгуси йилда 50 миллиард доллар хорижий инвестицияни жалб қилиш мўлжалланган.

Бундан буён ҳар бир доллар инвестиция, энг аввало, илғор технологиялар трансфери, ташқарида бозори аниқ, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, энергия, сув, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишда самарадорликни оширишга, маҳаллий ишчиларни янги технологиялар билан ишлашга ўқитиш ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши кераклиги таъкидланди.

«Яъни юқори технология ва янги компетенцияларни олиб кирган, экспортга ишлаган инвестор энг ишончли ҳамкоримиз бўлади», – деди давлатимиз раҳбари.

Бундай стратегик инвесторларга лойиҳа учун ерлар бозор қийматида тўғридан-тўғри берилади. Ер тоифаси ўзгарганида нобудгарчилик учун тўловни 10 йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади.

Ерни расмийлаштириш, тоифасини ўзгартириш, қурилиш ва инфратузилмага уланишга рухсатнома олиш учун инвесторлар идорама-идора юрмайди. Уларга «ягона дарча» тамойили асосида комплекс хизмат кўрсатадиган электрон платформа ишга туширилади ва барча вазирликлар унга уланади.