Президент қарори ва фармони билан пойтахтдаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти Андижоннинг Марҳамат туманига кўчирилмоқда. Институтнинг ҳозирги жойлашган ҳудуди — Шайхонтоҳур туманидаги “Ипакчи” МФЙ аҳолиси эса муассаса атрофидаги 18 мингга яқин дарахтнинг кейинги тақдиридан хавотирда, деб ёзмоқда вазиятни ўрганган Газета.уз.

— Институт кўчганидан кейин бу ердаги тутзорларнинг тақдири нима бўлишидан биз бехабармиз. Ўйлайманки, мутасадди ташкилотлар, биз кўчганимиздан кейин бу ерга келадиганлар ҳаммасини сақлаб қолиб, табиий кислород берадиган ҳолатни асраш чораларини кўради, — дейди Ипакчилик илмий-тадқиқот институти директори Шуҳрат Абдулазизов.

Маълум бўлишича, Экология, атроф-муҳитни мухофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъуллари томонидан Тошкент шаҳридаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ҳудуди ва плантациясидаги дарахтлар ҳолати ўрганилган. Эндиликда, дарахтларни сақлаб қолиш ва мухофаза қилиш мақсадида Институт ҳудудидаги барча дарахтлар қайта хатловдан ўтказилиши айтилмоқда.